Кириш: Бу мавзуда руҳий уйғониш нима, унинг белгилари қанақа, у қандай келади каби саволларга жавоб топишга ҳаракат қиламиз.
Руҳий уйғониш нима?
Дунёда руҳий уйғониш деган тушунча бор. Бу қалбларнинг ХУдо учун уйғонишидир.
Бунинг яққол намунасини Савл мисолида кўришимиз мумкин. Ҳаворийлар фаолияти 9:5-6. 5.У: –Сен кимсан, ё, Раббий? – деди. Раббий эса: –Мен – сен қувғин қилаётган Исоман. Нишга қарши тепишинг қийин, – деди.
6.Шунда Шоул даҳшатга тушиб ва титраб: –Ё, Раббий, нима қилишимни буюрасан? –деди. Раббий унга: –Ўрнингдан туриб, шаҳарга бор ва сенга нима қилишинг кераклиги айтилади, – деди.
Демак, руҳий уйғонишда қалбда пайдо бўладиган саволлар:
1)Сен кимсан Раббий?
2)Нима қилишимни истайсан?
Руҳий уйғонишнинг натижаси сифатида инсонда қуйидаги ҳолатлар юзага келади:
1)Худони билишга, Унга яқинлашишга чанқоқлик.
2)Руҳий машғулотлар: Сўз ўрганиш ва қўллаш, ибодат, ҳамду-сано, рўзаларга чанқоқлик.
3)МУқаддас ҳаётга чанқоқлик.
4)Муқаддас Руҳ ишларига, қудратига, инъомларига чанқоқлик.
5)Худонинг Шоҳлиги кенгайиши учун хизмат қилишга бағишланганлик.
Биз шундай имонли бўлишга ҳаракат қилишимиз ва шогирдларимизни ҳам бунга руҳлантиришимиз лозим, шунда ҳар биримиз рухий уйғониш бошида туришимиз мумкин.
Руҳий уйғониш қандай келади?
Бу Ҳаворийлар 9-бобда баён этилган, Повулнинг ҳаётида бўлганидек, имонсизнинг ҳаётига Худонинг бирдан кириб келиши туфайли кутилмаганда содир бўлиши мумкин.
Бу Ҳаворийлар 2-бобда баён этилганидек, имонлилар ўзларини итоат билан ибодатга бағишлаганларида кутилган ҳолда режалаштирилгандек содир бўлиши мумкин.
Асосийси, имонлилар руҳий уйғониш ҳақида билишса ва у учун ибодат, рўзаларда нарх тўлашса ҳар бир имонли, жамоат ҳаётида содир бўлиши мумкин.
Руҳий уйғонишнинг ҳосили
Руҳий уйғониш – МУқаддас Руҳ қуйилишининг ҳосилидир. Аввало, Ҳаворийлар китобида Муқаддас Руҳ қуйилиши ва бунинг ҳосилини таҳлил қилишдан бошлаймиз:
Ҳаворийлар 2:1-4, 38-42. 1 “Элликлик” куни келганида, уларнинг ҳаммалари якдиллик билан бирга эдилар.
2 Тўсатдан осмондан худди кучли шамол бўлгандек шовқин келди ва улар ўтирган уйни бутунлай тўлдирди.
3 Уларга олов каби бўлинаётган тиллар зоҳир бўлиб, уларнинг ҳар бирининг устига биттадан қўнди.
4 Шунда уларнинг ҳаммалари Муқаддас Руҳга тўлдилар ва Руҳ уларга бераётган иборалар билан бошқа тилларда гапира бошладилар.
38 Петъор эса уларга деди: –Тавба қилинглар ва гуноҳларингиз кечирилиши учун ҳар бирингиз Исо Масиҳ номига чўмдирилинглар ва Муқаддас Руҳ инъомини оласизлар.
39 Чунки бу ваъда сизларга, фарзандларингизга ва бизнинг Раббий Худойимиз даъват этган барча узоқдагиларга тегишлидир .
40 У яна бошқа кўп сўзлар билан гувоҳлик берар ва огоҳлантириб: –Бу бузуқ авлоддан қутулинглар! – дер эди.
41 Шунда унинг сўзини қувонч билан қабул қилганлар чўмдирилдилар. Ўша куни ҳаворийларга уч мингга яқин жон қўшилди.
42 Шундай қилиб, улар доимо ҳаворийларнинг таълимотида, мулоқотда, нон синдиришда ва ибодатларда бўлар эдилар.
Парчадан хулоса:
1)Якдилликда, бир жойда ибодатда эдилар(1).
2) Муқаддас РУҳ шамолдек келди, уйни тўлдирди, уларнинг ҳар бирига оловли тиллар қўнди(2,3).
3)Муқаддас РУҳга тўлдилар ва Руҳ берганидек номаълум тилларда сўзлай бошладилар(4).
4)Петьор гуноҳларга тавба қилишга чорлади, шунда Муқаддас Руҳни олишларини айтди(38).
5)Бир кунда уч мингга яқин киши тавба қилиб сувга чўмди(41).
6)Янги имонлилар ҳар куни таълимотда, мулоқотда, нон синдириш ва ибодатларга қатнаша бошладилар(42).
Мана, МУқаддас Руҳ қуйилишига чанқоқлик билан якдилликда қилган ибодатнинг ҳосили!!!
Биз ҳам рашк қилиб, ўзимизни ибодатлар ва рўзаларга бағишлайлик ва шундай натижаларни кўрамиз!!!
БОШҚА РУҲИЙ УЙҒОНИШЛАР
Тарих кўпдан кўп яна руҳий уйғонишларнинг гувоҳи бўлган. Уларнинг баъзилари ёзиб қолдирилган, баъзилари йўқ. Ҳар бир руҳий уйғонишнинг жамоатнинг одатий ҳаётидаги ҳосилларидан фарқи қуйидагилардан иборат бўлган:
1)Кўплаб одамларнинг бирдан имонга келиши.
2)Кўплаб имонлилар ўзларини Худога, руҳий машғулотларга, хизматга бағишлашлари.
3)Муқаддаслик ошиши.
4)Кўплаб янги шогирдлар ва жамоатлар кўтарилиши.
5)Муқаддас Руҳ қудрати, инъомлари ишлаши, кўплаб шифолар, мўъжизалар, аломатлар содир бўлиши.
Агар биз ҳам шундай натижаларни истасак, жамоатимиз, қишлоғимиз, шаҳримиз, еримиз ва халқимизга руҳий уйғониш келишини сўраб, ўзимизни ибодат ва рўзаларга бағишлашимиз керак.
Ҳар бир руҳий уйғонишдан олдин ибодатга мойланиш ва бағишлашин тушган, ибодат ва шафоат руҳи имонлиларни қамраган ва улар соатлаб халқлари, ерлари учун сидқидилдан шафоат қилишган.
Уйғоқ одам уйғоқлигини билади, ухлаётган ухлаётганини билмайди. Ҳатто, туш кўраётганида у ўзини бедор деб ўйлайди.
Бу рукнда биз шу давргача содир бўлган руҳий уйғонишларни ўрганиб, уларнинг тажрибасини ҳаётимизда қўллашга ҳаракат қиламиз.
Рухшона Иноят.
02.07.21.