Муқаддас Руҳ Сўзнинг маъносини очишини сўраб ўқиб, қуйидаги саволларга жавоб беринг.
1)Одам Ато ва Момо Ҳаво қандай гуноҳ қилишди?
2) Одам Ато ва Момо Ҳаво яланғоч эканларини кўргач нима қилдилар? 3)Худонинг овозини эшитганида Одам Ато ва Момо Ҳаво нима қилишди?
4) Хотиннинг уруғи шайтонни нима қилишини Худо башорат қилди?
5) Итоатсизлик туфайли Одам Ато ва Момо Ҳаво нимани йўқотишди?
Ибтидо 3-боб
1. Раббий Худо яратган барча дала ҳайвонлари орасида илон энг айёри эди. Илон хотинга: –Ростдан ҳам Худо, боғдаги ҳеч бир дарахтдан еманглар, деб айтдими? – деди.
2. Хотин эса илонга деди: –Боғдаги дарахтларнинг мевасидан ея оламиз-у,
3. Худо: «Сизлар ўлмаслигингиз учун фақат боғнинг ўртасидаги дарахтнинг мевасидан еманглар ҳам, унга тегманглар ҳам»,– деди.
4. Илон эса хотинга деди: –Йўқ, аниқ ўлмайсизлар!
5. Зеро Худо биладики, ундан еган куниёқ кўзларингиз очилади, шунда сизлар худолар каби яхшилик ва ёмонликни биладиган бўласизлар.
6. Хотин дарахтнинг озиққа яхши, кўзга ёқимли ва донолик бериши учун ардоқли эканини кўриб, унинг мевасидан олиб еди. Кейин эрига ҳам берди, у ҳам еди.
7. Шунда иккаловларининг ҳам кўзлари очилиб, яланғоч эканликларини пайқадилар ва анжир баргларини бир-бирига тикиб, ўзларига белбоғлар ясадилар.
8. Сўнг улар куннинг салқинида боғда юрган Раббий Худонинг овозини эшитдилар. Шунда одам ва унинг хотини Раббийнинг юзидан қочиб, боғдаги дарахтларнинг орасида яшириндилар.
9. Раббий Худо эса одамни чақириб унга: –Қаердасан? – деди.
10. У эса: –Мен боғда овозингни эшитиб қўрқдим, чунки мен яланғочман. Шунинг учун яшириндим, – деди.
11. Худо: –Ким сенга яланғочсан, деб айтди? Мен сенга: «Ема», деб буюрган дарахтдан едингми? – деб сўради ундан.
12. Одам: –Сен менга берган хотин шу дарахт мевасидан менга берди, мен эса едим, – деди.
13. Раббий Худо хотинга: –Бу нима қилганинг? – деди. Хотин эса: –Илон мени авради ва мен едим, – деди.
14. Шунда Раббий Худо илонга деди: “Сен шундай қилганинг учун ҳамма чорвалар, барча дала ҳайвонлари орасида лаънатисан. Умринг бўйи қорнинг билан юриб тупроқ ейсан.
15. Сен билан хотин орасига, сенинг уруғинг билан унинг уруғи орасига душманлик соламан. У сенинг бошингни шикастлайди, сен эса унинг товонини чақасан”.
16. Хотинга эса: “Сенинг ҳомиладорлигингда азобларингни ўта кўпайтираман. Фарзандларингни азобда туғасан. Иштиёқинг эрингга бўлади, у эса сенинг устингдан ҳукмронлик қилади”, – деди.
17. Одамга эса деди: “Сен хотинингнинг сўзига қулоқ солганинг учун, Мен сенга: “Ема”, – деб буюрган дарахтдан еганинг учун ер юзи сен туфайли лаънатланди. Бутун умринг бўйи ундан азобланиб озиқланасан.
18. Ер сенга тикану янтоқ ўстиради, сен эса дала ўтлари билан озиқланасан.
19. Сен ўзинг олинган ерга қайтгунингча пешана теринг билан нон ейсан, чунки тупроқдирсан ва тупроққа қайтасан”.
20. Одам ўз хотинининг исмини Ҳавва қўйди, чунки у ҳамма яшовчиларнинг онаси бўлди.
21. Раббий Худо одамга ва унинг хотинига теридан кийим ясаб, уларни кийинтирди.
22. Сўнгра Раббий Худо: “Мана, одам яхшилик ва ёмонликни билиб, Бизларнинг биримиздек бўлди. Энди қўлини чўзиб, ҳаёт дарахтининг мевасидан ҳам олмасин ва уни еб, абадий яшамасин!” – деди.
23. Шундай қилиб, Раббий Худо, одамни ўзи олинган ерга ишлов бериши учун Адан боғидан чиқариб юборди.
24. У одамни ҳайдаб юборгач, ҳаёт дарахтига борадиган йўлни қўриқлаш учун Адан боғининг шарқ томонига карубни ва айланадиган алангали қилични қўйди.
Хулоса: Худонинг Сўзига шубҳаланмасдан итоат қилиш керак. Айб қилиб қўйганда тан олиш керак. Гуноҳнинг оқибати бўлишини билиб, гуноҳдан ўзини тийиш керак. Гуноҳ Худонинг шарафини, баракаси ва ҳимоясини ҳаётимиздан ўғирлайди. Шайтон одамлардан нафратланади ва гуноҳ қилдириб йўқ қилиб юборишни истайди, шу учун гуноҳ қилиб шайтонга йўл очмаслик керак. Билмай гуноҳ қилиб қўйганда, тавба қилиб, тикланиш йўлини излаш керак.
Ибодат: Раббий, борлигинг, Сўзинг учун раҳмат. Дуо қил, Сенга имон ва итоат билан яшайлик. Итоатсизлик қилиб, ҳузуринг, бараканг, ҳимоянгни йўқотмаслик. Исо Масиҳ номи билан: Омин.