08.07. 2Тимотий 2-боб. Ўқидим. 1.Шундай қилиб, ўғлим, Исо Масиҳдаги иноятда кучли бўлгин. 2.Кўп гувоҳлар олдида сен мендан нималарни эшитган бўлсанг, буларни бошқаларга ҳам таълим беришга қобилиятли бўлган ишончли одамларга топширгин. 3.Шундай қилиб, Исо Масиҳнинг яхши бир аскари сифатида қийинчиликларга бардош бергин. 4.Ҳарбий хизматдаги ҳеч қандай аскар ўз қўмондонини мамнун қилиш учун ўзини тирикчилик ишлари билан боғламайди. 5.Шунингдек, мусобақада қатнашаётган ҳам агар қоидага риоя қилмасдан интилса ғалаба тожини киймайди. 6.Меҳнат қилаётган деҳқон ҳосилдан биринчи бўлиб улуш олиши керак.
Нима билдим? ХУдо ҳақида: 1)Исо Масиҳдаги иноятда кучли бўлгин(1). 2)Исо Масиҳнинг яхши аскари сифатида қийинчиликларга бардош бер(3). 3)ҲЕч қандай аскар қўмондонини мамнун қилиш учун ўзини тирикчилик ишлари билан боғламайди(4).
Одамлар ҳақида: 1)Эшитганларимизни бошқаларга ўргатишга қодир бўлган ишончлиларга топширишимиз керак(2).
Хулоса: Иноятда кучли бўлиш одамнинг ўзига боғлиқ экан. Демак қайси соҳада Худонинг кўмаги керак бўлса, ўша соҳада иноят сўраб, иноятга таянишимиз мумкин ва у қуйилади. Раббий эшитганларимизни бошқаларга ўргатишга қодир бўлган ишончлиларга етказишимизни истаяптими, бунга амрдек қарашимиз керак. эрта олдига борганимизда У биздан итоат қилдикми, йўқми, талаб қилади. Бажариш учун шундайлар учун ибодат қилишимиз, уларни излашимиз, топиб топширишимиз керак. бизга Исо Масиҳнинг аскари бўлиш имтиёзи берилган. Аскар сифатида Муқаддас Руҳ кучи, фаришталар кўмаги билан таъминланганмиз. Шунда ҳам масъулият олишимизга қараб яхши ё ёмон аскар бўлишимиз мумкин. Яхши аскар қийинчиликлардан қўрқмайдиган, Раббийга таяниб руҳий жанг қилиб, ғалабага эришишни кўзлайдиган аскардир. Жасурлар – жангдан, қийинчиликлардан қўрқмайдилар, балки бу ғалаба орқали Ўз Раббийлари номини улуғлаш имкони деб қарайдилар! Аксинча, жангдан қочадиганлар, қўрқадиганлар қулликда, йўқотишларда яшайдилар. Чунки шайтон ҳамма нарсаларини тортиб олиб яшайди. Орамизда кўплар оиласини мамнун қилиш ортидан юрганига кўра қўмондонидан қўрқмаслиги ва уялмаслигини кўришимиз мумкин. Ҳақиқий аскарнинг эса кўз олдида биринчи ўринда Қўмондони туради ва У учун ўзини дунёвий ишлар билан боғламайди. Ҳақиқий аскарлар сафимизда кўпайсин. Спортда ўйин қоидаси бўлганидек, Масиҳийликда ҳаёт ва хизмат қоидаси бор: бу муқаддас, имонли ва итоатли бўлиш. Агар шу нарсалар одамда бўлмаса имонлилиги ҳам, хизмати ҳам бир тийин. У ғалаба тожини киймайди. Шу учун ўзимизда шу фазилатларни ривожлантиришимиз керак. Раббийга хизмат ҳам тақдимотсиз эмас. Раббий хизматчиларини Ўзи тақдирлайди. Кўпчиликда бунга имон етишмайди, шу учун хизматни менсимай ўзларини кўпроқ дунёвий ишга урадилар. Албатта, хизматга масъулият олиб, дунёвий ишларини ҳам қилсалар ҳеч қандай эътироз йўқ. Лекин хизматга масъулият олмаслик Худо тақдирлашига имон етишмаслиги натижасидир. Раббий эса Унга хизмат қилувчиларни тақдирлайди. Шу учун сидқидилдан Унга хизмат қилиб яшашни бўйин олишимиз ва хизмат учун тобора кўпроқ масъулиятлар олишимиз икки дунёда бизга барака келтиради.
2қарор: 1)Ўзимни Масиҳ аскари деб биламан ва қийинчиликлардан қўрқмайман. 2)Бу ҳақида фарзандларимга айтиб бераман.
Ибодат: Раббий, борлигингиз, Сўзингиз учун раҳмат. Дуо қилинг, Исо Масиҳдаги иноятда кучли бўлайлик. Эшитганларимизни бошқаларга ўргатишга қодир бўлган ишончлиларга етказишга масъулият олайлик. Масиҳнинг яхши аскари бўлайлик ва қийинчиликларга бардош берайлик. ўз қўмондонимизни мамнун қилиш учун ўзимизни тирикчилик ишлари билан боғламайлик. Қоидага риоя қилиб яшаб ва хизмат қилиб ғалаба тожини олайлик. Деҳқондек меҳнат қилайлик ва ҳосилини ейлик. Исо Масиҳ номи билан: Омин.
Сиз қандай қўллайсиз ва ким билан бўлишасиз?