2.ЯНГИ ИЖОД
Бу мавзуда биз янги ижод тушунчаси нима эканлиги, бизга қандай аҳамияти борлиги, эски табиат ва янги ижод каби дунёқарашимиз ва ҳаётимиз ўзгартирадиган ҳақиқат ҳақида суҳбатлашамиз.
1.ЯНГИ ИЖОД КИМ?
2. ЯНГИ ИЖОДГА АЙЛАНГУНИМИЗЧА ҚАНДАЙ ҲОЛАТДА ЭДИК?
3. ҚАНДАЙ ҚИЛИБ ЯНГИ ИЖОДГА АЙЛАНАМИЗ?
4. ЯНГИ ИЖОД ҲАҚИДА БИЛИШИМИЗНИНГ НИМА АҲАМИЯТИ БОР?
5. ЭСКИ ТАБИАТ ВА ЯНГИ ИЖОД
6. ЯНГИ ИЖОДНИНГ ҲАЁТ МАҚСАДИ
1.ЯНГИ ИЖОД КИМ?
1) Янги ижод – биз тавба қилганимизда, ичимизда туғилган янги, руҳий, ички инсонимиздир.
2-Кор.5:17 Бинобарин, ким Масиҳга тегишли бўлса, у янги ижоддир. Қадимги ҳолат ўтиб кетди, энди (ҳаммаси) янги бўлди.
2)Янги ижод – Худонинг фарзанди.
Юҳ.1:12-13 Уни қабул қилганларга эса, барча Унинг номига имон келтирганларга У Худонинг фарзанди бўлиш иқтидорини берди. Улар на қондан, на тана хоҳишидан, на эр хоҳишидан балки Худодан туғилдилар.
Рим.8:14-17 Зеро Худонинг Руҳи билан бошқариладиганларнинг ҳаммаси Худонинг ўғилларидир. Чунки сизлар яна қўрқиш учун қуллик руҳини қабул қилмадингизлар, лекин ўғиллик Руҳини олдингизлар. У билан эса биз Худони Абба, Ота деб чақирамиз. Ана шу Руҳнинг Ўзи бизнинг руҳимизга, биз Худонинг фарзандлари эканлигимиз ҳақида гувоҳлик бермоқда. Агарда фарзандлари бўлсак, унда биз меросхўрларимиз, яъни Худонинг меросхўрларимиз ва Масиҳнинг ворисдошларимиз – агар фақатгина Масиҳнинг азоб–уқубатларига шерик бўлсак, токи У билан улуғлана олайлик.
Гал.4:4-7 Лекин замона охирлаб қолганда, Худо Ўз Ўғлини юборди. У хотиндан туғилиб, Қонунга бўйсуниб юрди, токи бизни Қонунга қул бўлишдан қутқарсин ва ўғилликка қабул қилсин. Энди сизлар Худога ўғил бўлгандан кейин, Худо Ўз Ўғли Исонинг Руҳини юракларингизга юборди. Бу Руҳдан руҳланиб, биз Худони азиз Ота деб чақирамиз. Демак, сен бошқа қул эмассан, балки ўғилсан. Ўғил бўлганинг учун, Худо Исо Масиҳ шарофати билан сени ворис деб ҳам қабул қилган.
3) Янги ижод – Худонинг Сўзидаги барча ваъдаларнинг эгаси.
4) Янги ижод – Худонинг Шоҳлигининг меросхўри.
Рим8:17 Агарда фарзандлари бўлсак, унда биз меросхўрларимиз, яъни Худонинг меросхўрларимиз ва Масиҳнинг ворисдошларимиз – фақатгина Масиҳнинг азоб-уқубатларига шерик бўлсак, шундагина У билан улуғлана оламиз.
5)Янги ижод – Ернинг шоҳи ва руҳонийси.
1-Пет.2:9 Аммо сизлар – танланган бир авлод, шоҳаншоҳ руҳонийлар, муқаддас халқ, Худонинг шахсий одамларисизлар. Сизлар Худонинг баркамоллиги ҳақидаги хабарни етказишингиз учун қоронғиликдан Унинг ажойиб нурига даъват қилингансизлар.
6) Янги ижод –Шайтоннинг ишларини барбод қилувчи.
Эф.6:11-12 Иблиснинг ҳийларига қарши тура олишингиз учун, Худонинг ҳамма қурол-аслаҳаларига бурканинглар, чунки бизнинг жангимиз кону танага қарши эмас, балки бу дунёдаги зулматни бошқарадиган бошлиқларга, ҳокимлару ҳокимиятларга ва самовий оламдаги ёвузлик руҳларига қаршидир.
7) Янги ижод – ҳақ инсон.
Рим.3:21-24 Аммо энди Қонунга боғлиқ бўлмаган Худонинг ҳаклиги намоён бўлди −(бунга Қонун ва пайғамбарлар ҳам гувоҳлик берганлар) −яъни Худонинг ҳақлиги Исо Масиҳга бўлган имон орқали ҳамманинг ичида ва ҳамма имонлиларнинг устида намоён бўлди, зеро ҳеч қандай фарқ йўқдир. Чунки ҳамма гуноҳ қилган ва Худонинг шон-шуҳратидан маҳрум бўлган, энди эса Исо Масиҳдаги қайта сотиб олиниш орқали Худонинг инояти билан текин оқланмоқдамиз.
8) Янги ижод – муқаддас инсон.
Эф. 1:4 Ўзининг ҳузурида муқаддас ва бенуқсон бўлишимиз учун Худо дунё яратилишидан аввал бизни севги билан Масиҳда танлади.
2.ЯНГИ ИЖОДГА АЙЛАНГУНИМИЗЧА ҚАНДАЙ ҲОЛАТДА ЭДИК?
Янги ижодга айлангунимизча, руҳимиз Худонинг ҳаётидан маҳрум, яъни руҳан ўлик, фақат жон ва танадан иборат эдик. Гуноҳларимиз туфайли шайтонга қул, Худога эса душман эдик.
Рим.3:23да бизлар гуноҳларимизга тавба қилгунимизча қандай ҳолатда бўлганимиз тасвирланган: Чунки ҳамма гуноҳ қилган ва Худонинг шуҳратидан маҳрумдир.
Ишаъё китобининг 59-боби инсониятнинг нақадар гуноҳ остида яшаётганлигини тасвирлаган. Гуноҳ – Худо томонидан вақт ўтиши билан шунчаки унутиладиган нарса эмас, балки инсоннинг ҳар бир гуноҳи ҳисобли бўлиб, ҳар бир киши, ҳар бир гуноҳи учун жавоб беради: Рим.6:23 Чунки гуноҳнинг эвази – ўлим, Худонинг инъоми эса – Раббимиз Исо Масиҳдаги абадий ҳаётдир.
Худо Одам Атога “тегма ўлсан,” – деганида, Худонинг Сўзларини жиддий қабул қилмади ва ўлди.
Нуҳ Худо номидан одамларга: “Тавба қилинглар, акс ҳолда, сув тошқинида ўласизлар,”- деганида жиддий қабул қилмадилар ва тошқинда ҳалок бўлдилар.
Ҳозир ҳам Худо инсониятга: “Гуноҳларинг учун аллақачон ўлимга маҳкумсизлар. Лекин сизларни севишим туфайли, сизларнинг ўрнингизга бегуноҳ Шахсни -Исо Масиҳни қурбон қилдим. Энди сизлар гуноҳларингизга тавба қилиб, Менинг инъомимни- яъни Исо Масиҳнинг қонидаги кечиримни қабул қилинглар”,- деяпти. Жиддий қабул қилмасак, биз ҳам дўзахга кетамиз.
Одам Ато гуноҳ қилганида руҳан ўлиб, танасига гуноҳкор табиат кирган эди. Ҳар бир инсон шу гуноҳкор табиатга қул ва ўз кучи билан ҳақ яшай олмайди.
Рим.7:17-20 …Шунинг учун буни мен эмас, балки менинг ичимда яшаётган гуноҳ ққилмоқда. Зеро менда, яъни менинг танамда яхши нарса яшамаётганини биламан. Чунки менда яхшилик қилиш нияти бор бўлса–да, бунга амал қилишнинг имконини топмаяпман. Зеро мен хоҳлаган яхшиликни қилмаяпман, хоҳламаган ёмонликни эса қиляпман. Агар хоҳламаганимни қилаётган бўлсам, унда буни мен эмас, балки менинг ичимда яшаётган гуноҳ қилмоқда.
Жаннатга эса фақат ҳақ инсонлар кирадилар. Инсон ўз кучи билан гуноҳларидан озод бўла олмаслигини Худо яхши билади, шунинг учун Ўз шафқати ва севгиси ҳақи одамларни иноят билан оқлайди. Одамлар гуноҳларини тан олиб тавба қилсалар ва Худонинг севгисига ишонсалар бас.
Бизлар биламизки, дунёдаги ҳар бир одам ким бўлишидан қатъий назар, руҳонийми, шоҳми, пайғамбарми, Худо томонидан яратилган. Лекин бу дунёга инсон шаклида келган ягонагина шахс бор, У Худо томонидан яратилган эмас, балки туғилгандир. Яъни У Худонинг Ўғли.
Кол.1:15–17 Исо Масиҳ бутун мавжудотнинг тўнғичи бўлиб, кўринмас Худонинг тасвиридир. Чунки самодаги ва ер юзидаги, кўринадиган ва кўринмайдиган ҳамма нарса У орқали яратилган. Тож-тахтлар, ҳукмронликлар, бошлиқлар, ҳокимиятларнинг ҳаммаси У орқали ва У учун яратилган. Масиҳ ҳамма нарсадан аввал бўлган ва ҳамма нарса У билан турибди.
Унинг ерга келишидан мақсади, руҳан ўлган одамларнинг гуноҳи учун ўлиб, уларни қайта сотиб олиш ва уларга Худо билан мулоқот қилиш учун уларга Руҳ бериш эди. Чунки “Худо Руҳдир ва Унга сажда қилувчилар Руҳда ва ҳақиқатда сажда қилишлари керак.”
Юҳ.4:23 Бироқ вақт-соати билан ҳақиқий саждакорлар, Худога Руҳда ва ҳақиқатда сажда қиладилар, ана ўша вақт-соат келди! Ота шу йўсинда Ўзига сажда қилувчиларни излайди.
Эф.2:1-10Сизлар ҳам жиноятлару гуноҳларингиз туфайли ўлик бўлиб, бир вақтлар бу дунёнинг одати бўйича ўша гуноҳларда юриб, ҳаводаги ҳукмдорнинг, яъни ҳозир бўйсунмаслик ўғилларида амал қилаётган руҳнинг иродаси бўйича яшар эдингизлар.
Бизларнинг ҳаммамиз ҳам бир вақтлар уларнинг орасида ўз танамизнинг эҳтиросларида яшаб, тана измининг хоҳишлари ва фикрларини бажариб, бошқалар сингари табиатан ғазаб фарзандлари эдик. Аммо раҳм-шафқатга бой бўлган Худо бизларни Ўзининг буяк севгиси билан севди ва жиноятларимиз туфайли ўлик бўлсакда бизларни Масиҳ билан бирга жонлантирди, (сизлар иноят орқали нажот топгансизлар), ҳамда У билан бирга тирилтириб, бизларни Исо Масиҳда самога ўтирғизди, токи келажак асрларда Худо бизларга нисбатан бўлган Ўзининг эзгулигида Ўз иноятининг беҳад бойлигиниИсо Масииҳда намоён қилсин. Чунки сизлар имонингиз орқали иноят билан нажот топдингизлар. Бу эса сизлардан эмас, Балки Худонинг инъомидир; бу – савоб ишларингиз туфайли эмас, токи ҳеч ким мақтанмасин. Чунки биз Худо азалданоқ тайёрлаган яхши ишларни бажаришимиз учун Исо Масиҳда яратилган Унинг ижодимиз.
3. ҚАНДАЙ ҚИЛИБ ЯНГИ ИЖОДГА АЙЛАНАМИЗ?
Никодим Мусо пайғамбарнинг қонунига биноан яшайдиган, Яҳудий бошлиқларидан бири эди. Лекин Исо келганида у Худонинг ўзи билмайдиган ҳақиқати борлигини тушунди ва Исонинг олдига келди.
Юҳ.3:2-3 Бу одам бир куни кечаси Исониннг олдига келиб, Унга деди: “Устоз! Сен Худодан келган бир муаллим эканингни биз биламиз, чунки ҳеч ким, агар Худо у билан бўлмаса, Сен қилаётган мўъжизаларни қилолмайди. Исо унга шундай жавоб берди: “Сенга ростини айтай: агар ким юқоридан туғилмаса, Худо салтанатини кўролмайди.”
Юҳ.3:6 Танадан туғилган танадир, Руҳдан туғилган эса Руҳдир.
Ҳар бир инсон тана ва жон бўлиб, Худодан ва руҳий дунёдан ажралган шахсдир.Чунки Одам Ато илк бора гуноҳ қилганида бизнинг руҳимиз Худонинг ҳаёти, мулоқотидан маҳрум бўлган. Одам Исо Масиҳни Раббим ва Нажоткорим деб қабул қилганида, унинг ичига Худонинг Руҳи киради ва ичидаги ўлик руҳига ҳаёт беради. Шунда инсон ичида янги руҳий одам дунёга келади, инсон янги ижодга айланади. Шу вақтгача у фақат жон ва танадан иборат ва шу аъзоларнинг истаги билан яшайдиган шахс эди. Энди унинг ичига Худонинг Руҳи кирди, шунинг учун Исони қабул қилган инсон Худонинг фарзанди деб аталади.
Юҳ.1:12-13 Уни қабул қилганларга эса, барча Унинг номига имон келтирганларга У Худонинг фарзанди бўлиш иқтидорини берди. Улар на қондан, на тана хоҳишидан, на эр хоҳишидан, балки Худодан туғилдилар.
Демак, биз, янги ижодмиз. 2Кор.5:17 Бинобарин, ким Мсиҳга тегишли бўлса, у янги ижоддир. Қадимга ҳолат ўтиб кетди, энди ҳаммаси янги бўлди.
Юқоридан туғилган, янги ижодни эса фаҳмли болага қиёсласа бўлади. У эс-ҳушли, нима унга ёмонлик келтиришини тушунтирса тушунади. Ўз фаросати билан ёмонликни қилмасликка, яхшиликни қилишга интилади. Ота Худосини севади, Унга маъқул бўлишга ҳаракат қилади. Ўз кучига эмас, Худосининг севгиси ва шафқати кучига ишонади, ва билиб гуноҳ қиладиган бўлса – Ҳақ Худонинг одил жазо беришидан қўрқиб ўзини гуноҳдан тияди. Гал.6:15 Зеро Исо Масиҳда хатна ёки хатнасизлик эмас, балки янги ижод кучга эгадир.
Қисқаси, ўз-ўзини Худонинг Сўзига биноан бошқаради. Гуноҳ қилишга ундовчи фикрлар, шароитлар келганида – улар ҳақида ўйламай, ўзидан қувади ва шунда шайтон ундан қочади.
1Юҳ.5:18 Худодан туғилган ҳар бир киши гуноҳ қилиб юрмаслигини биламиз. Лекин Худодан туғилган ўзини сақлайди ва ёвуз шайтон унга тегмайди.
4.ЯНГИ ИЖОД ҲАҚИДА БИЛИШИМИЗНИНГ НИМА АҲАМИЯТИ БОР?
1)Бу дунё ва инсоният шунчаки тасодифан пайдо бўлгани йўқ. Худо ҳар бир ишни буюк мақсад билан қилади. Ҳар бир инсонни Худо маълум мақсад билан яратган. Лекин Худонинг режаларини фақат янги ижод била олади ва бажара олади.
Эзек.36:25-27 Сизларга тоза сув пуркайман, ва сизлар барча нопокликларингдан покланасизлар. Сизларни барча бутларингдан поклайман, сизларга янги юрак ва янги руҳ бераман, Вужудларингдан тош юракни оламан – унинг ўрнига жисмий юрак бераман. Ичларингга Руҳимни соламан ва шундай қиламанки – Менинг аҳдларимда юрасизлар, буйруқларимга риоя қилиб, бажарасизлар.
2)Худонинг Сўзидаги барча ваъдалар янги ижодгагини тааллуқли.
3)Фақат янги ижод шайтоннинг васвасаларига, гуноҳга қарши тура олади.
1Юҳ.3:9 Худодан туғилган ҳар бир киши гуноҳ қилмайди, чунки Унинг уруғи унинг ичида жо бўлган. У Худодан туғилгани учун гуноҳ қила олмайди.
4)Худонинг Руҳи бизнинг янги ижодимиз орқали ҳаракат қилади.
Юҳ.7:38-39 Муқаддас Ёзувда айтилганидек, Менга ишонганнинг вужудидан ҳаётбахш сув дарё бўлиб оқади. Исо бундай деб, Муқаддас Руҳни назарда тутган эди.
Рим.8:13-14 Агар тана изми бўйича яшасангизлар, ўласизлар. Агарда Руҳ билан аъзойи бадан ишларини ўлдирсангизлар, яшайсизлар. Зеро Худонинг Руҳи билан бошқариладиганларнинг ҳаммаси Худонинг ўғилларидир.
5.ЭСКИ ТАБИАТ ВА ЯНГИ ИЖОД
1).Табиат.
Ҳар нарсанинг табиати бор. Табиат борлиқнинг хусусиятидир. Масалан: сув ҳўл, бемак унинг табиати ҳўллик.
Худонинг табиати – ҳақлик,
Шайтонники эса ноҳақлик.
Аммо юқоридан туғилган Масиҳийларнинг борлиғида иккита табиат яшайди:
- эски яъни гуноҳкор табиат;
- Янги яъни руҳий табиат.
2).Табиатимиз қаердан келган?
Гуноҳкор табиат Одам Ато илк гуноҳ қилганида шайтондан кирган.
Шунинг учун Исо Фарзийларга: «Сизларнинг оталаринг шайтон»,-деган.
Юҳ.8:44 Сизларнинг отангиз шайтон ва сизлар отангизнинг ҳирсини қондирмоқчисиз; у азалдан инсон қотили эди ва ҳақиқатда тура олмади, зеро унда ҳақиқат йўқдир;у ёлғон сўзлаганида ўзиникини сўзлайди, зеро у ёлғончи ва ёлғоннинг отасидир.
Гуноҳкор табиат шайтоннинг табиати. Шайтоннинг табиатига эга бўлганлар шайтоннинг ишларини қиладилар.
1Юҳ.3:8-10. 8.Ким гуноҳ қилиб юрса, бундай киши иблисдандир, чунки азалдан иблис гуноҳ қилган. Ана шунинг учун ҳам Худонинг Ўғли иблиснинг ишларини барбод қилиш учун зоҳир бўлди. 9.Худодан туғилган ҳар бир киши гуноҳ қилмайди, чунки Унинг уруғи унинг ичида жо бўлган. У Худодан туғилгани учун гуноҳ қила олмайди.
10.Худонинг фарзандлари ҳам, иблиснинг фарзандлари ҳам шундан маълум бўладики: ҳақ иш қилмаган ҳамда биродарини севмаган ҳар кимса Худодан эмасдир.
Янги табиат эса одам гуноҳларига тавба қилганида Худонинг Руҳи билан киради.
Юҳ.1:12 Уни қабул қилганларга эса, Унинг исмига имон келтирганларга Худонинг фарзандлари бўлиш ҳокимиятини берди.
Руҳий табиат бу Худонинг табиати.
Рим.8:15-16 15.Чунки сизлар яна қўрқиш учун қуллик руҳини қабул қилмадингизлар, лекин ўғиллик Руҳини олдингизлар. У билан биз Худони – Абба, Ота, деб чақирамиз. 16.Ана шу Руҳнинг Ўзи бизнинг руҳимизга, биз Худонинг фарзандлари эканлигимиз ҳақида гувоҳлик бермоқда.
Худонинг табиатига эга бўлганлар Худонинг ишларини қиладилар.
Бизлар юқоридан туғилганимизгача бизларни фақат гуноҳкор табиат бошқаради. Юрагимизда эса Худонинг қаршисида “нима ёмон, нима яхши эканлигини” билдирувчи виждонимиз бор.
Рим.2:14-15 …зеро Қонунга эга бўлмаган мажусийлар табиатан қонунли иш қилганларида, улар Қонунга эга бўлмай, ўз ўзларига қонундирлар: улар ўз юракларида Қонун иши ёзилганини кўрсатмоқдалар, уларнинг виждони ҳамда бир- бирини гоҳ айбловчи, гоҳ оқловчи фикрлари бунга гувоҳдир…
Виждон орқали бизлар қандай яшашимиз кераклиги ҳақида тахминан, нисбий тушунчага эга бўламиз, лекин доим ҳам истаганимиздек ҳаракат қила олмаймиз. Чунки танамизда бизни гуноҳ қилишга ундайдиган гуноҳкор табиат бизни ўзига бўйсундириб истаган ишини қилдиради. Бунинг натижасида йиллар оша бизларни Худодан тобора узоқлаштиради.
Рим.7:15-24 …чунки нима қилаётганимни ўзим тушунмаяпман, негаки мен хоҳлаганимни эмас, балки нимадан нафратлансам ўшани қиляпман. Агар мен хоҳламаганимни қилаётган бўлсам, унда Қонун яхши эканлигини маъқуллаяпман. Шунинг учун буни мен эмас, балки менинг ичимда яшаётган гуноҳ қилмоқда. Зеро менда, яъни менинг танамда яхши нарса яшамаётганини биламан. Чунки менда яхшилик қилиш нияти бор бўлса-да, бунга амал қилишнинг имконини топмаяпман. Зеро мен хоҳлаган яхшиликни қилмаяпман, хоҳламаган ёмонликни эса қиляпман. Агар хоҳламаганимни қилаётган бўлсам, унда буни мен эмас, балки менинг ичимда яшаётган гуноҳ қилмоқда. Шундай қилиб, мен шу қонунни топяпман: яхшилик қилмоқчи бўлганимда, менинг ёнимда ёмонлик турибди. Чунки ички одам бўйича мен Худонинг Қонунидан роҳатланяпман, лекин менинг аъзоларимда бошқа қонунни кўряпман. У менинг онгим қонунига қарши курашмоқда ва аъзоларимда жойлашган гуноҳ қонунига мени асир этмоқда. Ох, мен бечора одамман! Ким мени шу ўлим танасидан халос қилар экан?
3).Гуноҳкор ва руҳий табиатларнинг хусусиятлари:
Гуноҳкор ёки эски табиат измидаги одамнинг хусусиятлари:
1)Гуноҳни, ўзини севади –худбин. Шунинг учун ўз манфаати учун бошқаларнинг зиёнига иш қилиши мумкин.
2)Худо, одамларни севмайди.
3)Ўзи истаганидек яшашни севади, Худонинг истагига бўйсунмайди. Шунинг учун руҳий фаолиятларга: Худонинг Сўзини ўқиш, бўйсуниш, ибодат қилиш, хизмат қилишга пассив.
Гуноҳкор, эски табиатнинг истакларига биноан яшаш бизларни ўлимга, дўзахга маҳкум қилади. Рим.8:13 Агар тана изми бўйича яшасангизлар, ўласизлар. Агарда Руҳ билан аъзойи бадан ишларини ўлдирсангизлар, яшайсизлар.
Эски табиат бошқарадиган одамнинг умумий характеристикаси:
Эски табиат изми остидаги одам – Худо ҳақида, руҳий олам ҳақида реал тасаввурга эга эмас, ёки тахминий тасаввурга эга ва уларга жиддий қарамайди. У фақат жисмоний дунёни кўра олиши учун руҳий дунё ва унда қадрли бўлган нарсалардан бехабар. Руҳий дунёдан жисмоний дунёнинг қадриятларини устун қўяди. Ўзининг борлигини ва атрофни ўраб турган моддий дунёни ҳақиқий реаллик деб қабул қилади.Руҳий дунёни, Худони бўлса “вақти келганда билиб оламан”,-қабилида яшайди. Фақат жисмоний дунёга ва ҳозирги ҳаётига ишонганлиги туфайли: “Фақат шу ҳаётимнинг эгасиман, шунинг учун истаганимдек яшаб қолай”,-деган фикр билан яшайди.
Хусусияти истеъмолчилик. Яъни бу одамга ҳамма нарсани ўзининг фойдаси учун қилиш хос.
Ҳаёт формуласи: мен, менга, меники (мен энг ақлли, мен энг…, менга бу керак…, булар меники…). Ҳар бир ишни унга фойдаси тексагина қилади.
Гуноҳнинг туғилиши, натижаси ва чораси.
Ўлимимиз нақадар ҳақ бўлса, ҳар бир гуноҳимиз учун жавоб беришимиз ҳам шу қадар ҳақдир. Маълумки, Исо хочда жон берганида, тана аъзоларимизда яшаётган гуноҳкор табиатнинг кучи йўқолди. Энди бизлар унга қул эмасмиз. Энди шайтон бизларни гуноҳ қилишга мажбур қила олмайди, балки гуноҳ қилишга васваса қилади. Яъни бизларга ёқадиган гуноҳ ҳақида фикр беради.
Рим.8:5-8 Зеро тана изми бўйича яшовчилар танавий нарсалар ҳақида, Руҳ изми бўйича яшовчилар эса руҳий нарсалар ҳақида фикр юритадилар. Тана изми бўйича фикр юритиш – ўлимдир, Руҳ бўйича фикр юритиш эса – ҳаёт ва тинчликдир. Тана изми бўйича фикр юритиш Худога душманликдир; чунки Худонинг Қонунига итоат қилмайди ва қила олмайди ҳам. Шунинг учун тана изми бўйича яшовчилар Худони рози кила олмайдилар.
Бизлар ўзимизга ёқадиган гуноҳ ҳақида ўйлай бошлаймиз ва сўнг уни қилишга ҳаракат қиламиз. Натижада ўзимизни гуноҳнинг натижаси бўлмиш ўлимга маҳкум қиламиз.
Ёқуб1:13-15 Васвасага тушганда ҳеч ким: “Худо мени васваса қиляпти,”-демасин. Чунки Худо ёвузлик билан васваса қилинмайди, Ўзи ҳам ҳеч кимни васваса қилмайди. Лекин ҳар бир киши ўзининг эҳтиросига қизиқиб ва алданиб васвасага тушади. Эҳтирос эса ҳомиладор бўлиб гуноҳни туғади, килинган гуноҳ эса ўлимни туғади.
Гуноҳ қилмасликнинг чораси онгимизга гуноҳ ҳақида фикр келганида, у ҳақида ўйламай фикримизни пок нарсаларга йўналтиришдир. Филипп.4:8 Ниҳоят, биродарларим, нима ҳақиқат, нима рост, нима адолатли, нима пок, нима ёқимли, нима шарафли, нима фазилатли ва нима мақтовли бўлса, шулар ҳақида фикр юритинглар.
Руҳий табиатли одамнинг хусусиятлари:
1)Гуноҳни севмайди, қурбонлиликни севади;
2)Худо ва одамларни севади.
3)Худонинг истагини билишга ҳаракат қилади, ўз истагини Худонинг иродасига бўйсундиради. Шунинг учун руҳий фаолиятларга актив.
Янги ижод
Юҳ.3:6да “Руҳдан туғилган руҳдир”,-дейилган. Демак, янги ижод бу руҳдан туғилган инсон. Борлиғимизга Худонинг Руҳи кириб руҳимизни туғилтиради.
Янги ижод -руҳ, жон ва танага эга бўлган баркамол инсондир. Энди бу одамда унинг руҳи Худонинг Руҳидан маълумот олиб инсонни бошқаради. Руҳдан маълумотни қабул қилган жон руҳ истагига биноан ҳаракат қилади ва танани бошқаради. Бу инсонда Худога бўйсунган ҳолда ўз танасида бирлик –уйғунлик пайдо бўлади. Энди унинг руҳи Худо томонидан бошқарилаётгани туфайли кундан-кунга ҳаёти ёриша бошлайди, чунки ХУдо Ўз чўққиларига олиб чиқа бошлайди.
Янги ижоднинг умумий характеристикаси: Инсонни Худо яратгани учун унинг руҳида ўзининг “муҳрини” босган. Инсоннинг ичига Муқаддас Руҳ кириб юқоридан туғилгач, у уйқудан уйғонгандек ўз Отасини танийди. Шундай қилиб, У – руҳий дунё, Худо борлигига, кўринар дунё кўринмас дунёдан келиб чиққанига, яъни моддий дунёни Худо яратганига имон келтиради.
Янги ижод –
üЯратувчи Худонинг кимлигини билиш;
üХудо уни нима учун яратганлигини билиш;
üЎз ҳаётида Худонинг иродасини бажариш учун яшайди.
Хусусияти: берувчилик. Ҳамма ҳаракатини Худога тақлидан бошқаларнинг фойдаси учун қилади.
Мат.5:45,48 Самовий Оталарингнинг ўғиллари бўлинглар, зеро У қуёшига ёвузлар ва яхшилар устидан чиқишга буюради, ва ҳақлар ҳамда ноҳақлар устидан ёмғирини ёғдиради.
Ҳаёт формуласи: Аввало Раббий Худойингни, сўнгра яқинингни ўзингни севгандек севгин.
Марк12:30-31 “…Раббийинг бўлган Худовандни бутун қалбинг билан, бутун жонинг билан, бутун онгинг билан ва бутун қувватинг билан севгин.” Мана бу энг муҳим амр. Иккинчиси эса ундан кам эмас, чунончи: “Ўзгани ўзинг каби севгин.” Булардан буюк амр йўқ.
1Кор.15:58 Шунинг учун, севикли биродарларим, мустаҳкам ва тебранмас бўлинглар. Сизларнинг Раббий олдидаги меҳнатингиз беҳуда эмаслигини билиб, Раббийга хизмат қилишда доимо энг юкори даражада бўлинглар.
Гал.5:16-17 Мен шуни айтяпманки: Руҳ билан юринглар, шунда сизлар тана эҳтиросларини бажармайдиган бўласизлар. Чунки тана изми Руҳга, Руҳ эса тана измига қарши бўлган нарсани хоҳламоқда. Улар бир-бирига қаршилик кўрсатади, шунинг учун ҳам сизлар хоҳламаганингизни қиласизлар.
4).Руҳ изми ва тана изми билан яшаш.
Гуноҳкор табиат истаклари билан яшовчилар – тана изми билан яшовчилар деб аталади.
Руҳий табиат билан яшовчилар руҳ изми билан яшовчилар деб аталадилар.
Танлов:
Бизнинг ичимиздаги иккита табиат – телевизорнинг иккита каналидек: Бири ёқилганида иккинчиси ўчирилган.
Қайси табиатга бўйсуниб яшашни ўзимиз қарор қиламиз.
Тана изми Билан яшасак, ўлим топамиз.
Руҳ изми Билан яшасак, ҳаёт, баракат топамиз.
Рим8:5-17 Зеро тана изми бўйича яшовчилар танавий нарсалар ҳақида, Руҳ изми бўйича яшовчилар эса руҳий нарсалар ҳақида фикр юритадилар. Тана изми бўйича фикр юритиш – ўлимдир, Руҳ бўйича фикр юритиш эса – ҳаёт ва тинчликдир. Тана изми бўйича фикр юритиш Худога душманликдир; чунки Худонинг Қонунига итоат қилмайди ва қила олмайди ҳам. Шунинг учун тана изми бўйича яшовчилар Худони рози қила олмайдилар. Агарда Худонинг Руҳи сизнинг ичингизда яшаётган бўлса, унда сизлар тана изми остида эмас, балки Руҳдасизлар. Кимки Масиҳнинг Руҳига эга бўлмаса, у Масиҳники эмасдир. Агарда Масиҳ ичингизда бўлса, аъзойи бадан гуноҳ учун ўликдир, аммо руҳ ҳақлик учун ҳаётдир. Агарда Исони ўликлардан тирилтирган Худонинг Руҳи сизларда жо бўлса, унда Масиҳни ўликлардан Тирилтирган, сизларда жо бўлган Ўз Руҳи билан сизларнинг ўлимли баданларингизни ҳам тирилтиради. Шунинг учун, биродарлар, биз тана изми бўйича яшаш учун танадан қарздор эмасмиз. Агар тана изми бўйича яшасангизлар, ўласизлар. Агарда Руҳ билан аъзойи бадан ишларини ўлдирсангизлар, яшайсизлар. Зеро Худонинг Руҳи билан бошқариладиганларнинг ҳаммаси Худонинг ўғилларидир. Чунки сизлар яна қўрқиш учун қуллик руҳини қабул қилмадингизлар, лекин ўғиллик Руҳини олдингизлар. У билан эса биз Худони Абба, Ота, деб чақирамиз. Ана шу Руҳнинг Ўзи бизнинг руҳимизга, биз Худонинг фарзандлари эканлигимиз ҳақида гувоҳлик бермоқда. Агарда фарзандлари бўлсак, унда биз меросхўрларимиз, яъни Худонинг меросхўрларимиз ва Масиҳнинг ворисдошларимиз – фақатгина Масиҳнинг азоб–уқубатларига шерик бўлсак, шундагина У билан улуғлана оламиз.
5).Ўзимизни машқ қилдириш
Руҳ изми Билан яшаш учун доимо ўзимизни машқ қилдиришимиз керак.
Эрталаб спортчиларда мушаклари, қўшиқчиларда овозлари «ухлаётган» бўлади. Шунинг учун улар 10-15минут ўзларини машқ қилдириб кейин кундалик фаолиятларини бошлайдилар.
Бизлар ҳам шундай, жонимиз «ухлашни» севади, шунинг учун руҳий ҳаракатлар қилишни севмаймиз. Бизлар ҳам спортчилардек эрталаб турганимиздан жонимизни уйғотишимиз керак.
А)Номаълум тилларда ибодат қилиш;
Б)Руҳий қўшиқлар куйлаш;
В)Раббийнинг ҳаётимизда қилган эзгуликларини эслаб Унга миннатдорчилик билдириш.
Кейин эса Худонинг ҳузурида Унга маълум вақт:
1)ибодат қилиш, У Билан суҳбатлашиш;
2)Ёзувни ўқиш ва фикрлаш;
3)Шу кун учун Худонинг иродасини били ш ва иродасини бажариш учун Худо шу кунни дуо қилишини сўраб кунни бошлашимиз мумкин.
4)Кейин кун давомида Муқаддас Руҳ ёнингизда эканини ҳис қилган ҳолда у билан суҳбатлашиш ва ҳар ишни у билан бирга қилиш лозим.
6)Ҳар куни Руҳ изми билан яшашга қарор қилинг
Ҳар куни Худонинг Сўзини қабул қилинг ва сўзга биноан яшанг.
Ҳар куни ибодатда Худо Билан суҳбатлашинг.
Ҳар ишни Худо учун қилгандек қилинг.
Ҳар куни Худога хизмат қилинг.
!Худонинг Сўзини ўқишда нимага диққат қилиш лозим?
1)Муқаддас Руҳ сизларга Сўзни очишини сўранг. Юҳ.16:13. У, ҳақиқат Руҳи келганида эса, сизларни бор ҳақиқатга етаклайди. Зеро У Ўзидан гапирмайди, лекин нимани эшитса ўшани гапиради ва сизларга келажакни маълум қилади.
2)Ёзувни ҳақиқатни англаш учун ўқинг, шунчаки маълумот олиш учун эмас. Юҳ.8:31-32 Шунда Исо Унга имон келтирган яҳудийларга деди:-Агар Менинг сўзимда бўлсангизлар, сизлар Менинг ҳаққиқий шогирдларимсизлар; сизлар ҳақиқатни билиб оласизлар, ҳақиқат эса сизларни озод қилади.
3)Ўқиганингизни бажаринг. Худо қил деган ишларни қилинг, қилма деганини қилманг. Ёқуб 1:22Ўз-ўзингизни алдаб, Сўзнинг фақат тингловчиларигина эмас, балки бажарувчилари бўлинглар.
Чунки Худо кузатиб турибди, сиз Унинг сўзига итоат қиласизми, ёки йўқми? 1Шоҳ.15:22-23 Шомуил шундай жавоб берди: Наҳотки Раббийга тамомила куйдирилиш ва қурбонликлар Унинг овозига итоат қилишдек ёқимли бўлса? Итоаткорлик қурбонликдан афзалдир ва бўйсуниш қуйларнинг мойидан афзалдир. Зеро итоатсизлик сеҳргарлик каби гуноҳдир, қаршилик эса бутпарастликдекдир. Сен Раббийнинг сўзини рад қилганинг учун, У ҳам сени рад қилди, токи сен подшоҳ бўлмагин.
!.Ибодатда нимага эътибор бериш лозим?
1.Имон билан ибодат қилиш. Ибр.11:1,6 Имон эса умид қилинган нарсаларнинг моҳиятидир ва кўринмайдиган нарсаларга амин бўлишдир. 6.Имонга эга бўлмасдан эса Худога маъқул бўлишнинг имкони йўқ. Чунки Худонинг олдига келадиган одам Унинг борлигига ва Уни изловчиларни У тақдирлашига ишониши керак.
2.Ибодатда Худонинг Ўзини излаш. Ҳав.17:26-27.
3.Раббийнинг ибодати билан ибодат қилинг. Мат.6:9-13 Шундай ибодат қилинглар: “Бизнинг самодаги Отамиз. Сенинг исминг муқаддаслансин! Сенинг Шоҳлигинг келсин; Самода бўлганидек, ерда ҳам Сенинг ироданг бажо бўлсин. Бизларга кундалик нонимизни бергин. Бизларга қарздор бўлганларни биз кечирганимиздек, Сен ҳам бизларнинг қарзларимизни кечиргин. Бизларни васвасага дучор қилма, аксинча ёвуздан асрагин. Зеро Шоҳлик, куч қудрат ва шуҳрат абадий Сеникидир. Омин.”
Сўнг жавобни кутинг.
!.Нимаики қилсангиз Худо учун қилгандек қилинг. Шунда мукофотни Худодан оласиз.
Кол.3:23-25Нимаки қилсангизлар барчасини инсонлар учун эмас, балки Раббий учун қилаётганингиздек, бутун қалбингиз билан қилинглар. Зеро биласизларки, сизлар мукофот сифатида Раббийдан мерос оласизлар. Раббий Масиҳга хизмат қилинглар. Кимки ноҳақлик қилса, у ўз ноҳақлигига ярашасини олади, чунки Худо юз-хотирчилик қилмайди.
!Ҳар куни Раббийга хизмат қилинг. Гал.6:9,10.Шу йўсинда яхшилик қилиб, тушкунликка тушмайлик; чунки агар заифлашмасак, ўз вақтида ўриб оламиз. Шундай қилиб, ҳали фурсат бор экан, ҳаммага, айниқса имондаги ўзимизникиларга яхшилик қилаверайлик.
6. ЯНГИ ИЖОДНИНГ ҲАЁТ МАҚСАДИ
1)Раббий Масиҳнинг фазилатларига эришиш, тобора Масиҳга бурканиш.
Эф.4:13 Шу тариқа, ҳаммамиз имоннинг ва Худонинг Ўғлини таниб билишнинг бирлигига келиб, мукаммал инсонга, яъни Масиҳнинг тўла-тўкислигининг етуклиги меъёрига эришайлик ….
Гал.4:19 Эй, менинг болаларим, Масиҳ сизларда шаклланмагунича, мен яна сизлар учун тўлғоқ азобидаман!
Кол.3:5-16 Шунинг учун ерга хос аъзоларингизни, яъни фоҳишабозлик, нопоклик, ёвуз ҳирсу нафслар ва бутпарастлик бўлган тамагирликни ўлдиринглар. Мана шулар учун Худонинг ғазаби бўйсунмаслик ўғилларининг бошига келмоқда. Сизлар ҳам бир вақтлар уларнинг орасида яшаганингизда, ўшандай юрар эдингизлар. Энди эса буларнинг ҳаммасини – ғазаб, қаҳр, адоват, ёмон сўзлар, оғзингиздаги сўкинишларни йиғиштириб қўйинглар. Бир-бирингизга ёлғон гапирманглар. Эски инсонни унинг ишлари билан бирга ўзингизда ечиб ташлаб, янги инсонга бурканинглар. Бу янги инсон Ўз Яратувчисини таниб билиш орқали Унинг сурати бўйича янгиланмоқда. Масиҳда на юнон, на яҳудий, на хатна бўлган, на хатнасиз, на варвар, на скиф, на қул, на озод бўлган аҳамиятга эгадир, лекин Масиҳ ҳамма нарса ва ҳамма нарсададир. Шундай қилиб, сизлар Худонинг танланган муқаддас ва севикли одамлари каби раҳмдиллик, эзгулик, мулойимлик, узоқ сабр-тоқат ва онгингизга камтарликка бурканинглар. Бир-бирингизга чиданглар ва бир-бирингизни кечиринглар. Агар бирортангиз кимдандир хафа бўлган бўлса, Масиҳ сизларни кечиргани каби, сизлар ҳам бир-бирингизни кечиринглар. Ҳамма нарсадан кўра кўпроқ баркамолликнинг бирлашуви бўлган севгига бурканинглар. Худонинг тинчлиги юракларингизда ҳукмронлик қилсин, чунки сизлар бир Танада бўлиб, шунга даъват этилгансизлар. Доимо миннатдор бўлинглар. Масиҳнинг Сўзи барча донолик билан юракларингизга мўл-кўл жойлашиб кираверсин. Раббийга юракларингиз билан иноятда ашулалар айтиб, ҳамду-санолар, мадҳиялар ва руҳий қўшиқлар билан бир-бирингизга насиҳат қилиб ўргатинглар.
Фикрни янгилаш.
Рим.12:2 Бу дунё билан тенглашманглар, балки онгингизни янгилаш орқали тубдан ўзгаринглар, токи сизлар Худонинг яхши, маъқул ва комил иродаси нима эканлигини фаҳмлаб олинглар.
2)Ота Худони таниб-билиш.
Ҳав.17:26-27 Худо барча одамзодни бир одамдан яратиб, ер юзига тарқалиб яшашига йўл қўйган. Инсониятнинг белгили даврларини, турли истиқомат жойларини Худо тайин этган. У ҳар биримизга жуда яқин бўлиб, пайпаслаб-пайпаслаб бўлса-да, Мени қидириб топнглар, деб буюрмоқда.
3)Ўз ҳаётидаги Худонинг иродасини билиш.
Эф.5:15-17 Шундай қилиб, қаранглар – нодонлар каби эмас, балки донолар каби эҳтиёткорлик билан юринглар ва вақтни ғанимат билинглар, чунки кунлар ёвуздир. Шунинг учун ақлсиз бўлманглар, аммо Раббийнинг иродаси нима эканини англаб олинглар.
4)Худонинг иродасини бажариш.
Мат.7:21-27 Мени “Ё Раббий, ё Раббий, деб чақиргани билан ҳар бир одам Осмон Шоҳлигига киравермайди. Бунга осмондаги Отамнинг иродасини бажо келтирувчигина эришади. Қиёмат кунида кўплар Менга: “Ё Раббий, ё Раббий, бизлар Сенинг номинг билан башорат қилмадикми? Сенинг номинг билан жинларни қувиб чиқармадикми? Сенинг номинг билан кўпгина мўъжизалар яратмадикми?- дейдилар. Ўша вақтда Мен уларнинг юзига қараб: Мен сизларни ҳеч қачон таниган эмасман. Эй бадкирдорлар, Менинг олдимдан кетинглар! –дейман.”
Ёқуб 1:21-25 Шунинг учун барча ифлосликни ва ҳаддан ортиқ ёвузликни бир четга йиғиштириб қўйинглар. Сизларнинг ичингизга экилаётган ва жонларингизга нажот беришга қодир бўлган Худонинг Сўзини мулойимлик билан қабул қилинглар. Ўз-ўзингизни алдаб, Сўзнинг фақат тингловчиларигина эмас, балки бажарувчилари бўлинглар. Чунки ким Сўзни тинглаб, уни бажармаса, у ўзининг асл юзини кўзгуда кўраётган одамга ўхшайди. У ўзига бир қараб, кетди ва дарҳол ўзининг қандай эканлигини унутди. Лекин ким эркинликнинг мукаммал Қонунига синчиклаб қараб, унда турадиган бўлса, у киши унутувчан тингловчи эмас, балки Сўзни бажарувчиси бўлиб, ўз ҳаракатларида бахтли бўлади.
Ёдлаш учун оят: 2Коринфликларга 5:17.
РУХШОНА ИНОЯТ
ТЕСТЛАР
1. Янги ижод ким?
1)…………..2)………….3)………..4)…………..5)………..6)…………….7)……………8)…………….
2. Янги ижодга айлангунимизча қандай ҳолатда эдик?
а)Савоб ишларимиз учун гуноҳларимиз ювилган, ҳақ одамлар эдик.
б)Диний қоидаларга риоя қилганимиз учун гуноҳларимиз ювилган, ҳақ одамлар эдик.
в)Худога ишонганмиз учун гуноҳларимиз ювилган, ҳақ одамлар эдик.
г)Гуноҳ остида бўлиб, ўлимга маҳкум эдик.
3. Қандай қилиб янги ижодга айланамиз?
а)Диний урф-одатларни бажарганда.
б)Юқоридан туғилганда.
в)Жамоатга қатнаганда.
г)Худонинг хизматчиси биз учун ибодат қилганида.
4. Юқоридан туғилиш нима?
а)Худонинг Руҳи бизларга кириб ўлик руҳимизни тирилтириши.
б)Онадан қайта туғилиш.
5. Худо учун энг аҳамиятлиси нима?
а)Қурбонликлар келтириш
б)Суннат қилинган бўлиш.
в)Янги ижод.
г)Ўз кучи билан гуноҳ қилмай яшашган интилиш.
6. Эски табиат измидаги одамнинг хусусиятлари –
1)…………………………..2)………………………..3)…………………
7. Руҳий табиатли одамнинг хусусиятлари –
1)…………………………..2)…………………………3)………………..
8. Тана изми билан яшашнинг натижаси қандай? Бу ҳақда қайси оятда ёзилган? Шу оятни ёддан ёзинг.
……………………………………………………………………….
9.Худонинг сўзини ўқишда нимага эътибор бериш керак?
1)…………………………………….2)…………………………………..3)……………………………
10.Ибодат қилишда нимага эътибор бериш керак?
1)……………………………………2)………………………………
11.Янги ижоднинг ҳаёт мақсади.
1)………………………………2)…………………………………3)………………………….4)……………………
12.2Коринфликларга 2:17ни ёддан ёзинг. ………………………………………………………………….