Бу мақолада биз чўпон атамасининг маъноси ҳақида суҳбатлашамиз, Масиҳнинг чўпоннинг тимсоли сифатида ҳамда замонавий чўпон суратини кўздан кечирамиз; шунингдек, чўпоннинг хулқ-атвори қандай бўлиши лозимлиги ҳамда вазифаларига тўхталиб ўтамиз.
1.ЧЎПОН АТАМАСИНИНГ КЕЛИБ ЧИҚИШИ
Чўпон атамасини – халқини бошқарувчиларни номлаш учун Худонинг Ўзи Сўзи орқали берган. Чўпон бу қўйларга ғамхўрлик қилувчи, уларни ҳимоя қилувчи, яхши яйловларга етакловчи одамдир. Худонинг Ўзи Чўпонлик вазифасини олган(Йез.34:15-16) ва халқини бошқарадиганлар ҳам айнан уларга ғамхўрлик қилувчилар бўлишлари лозимлигига урғу бериб, бу вазифани бажарувчиларни чўпон деб атаган(Йеремияҳ 3:15. Мен сизларга кўнглимдагидек чўпонларни бераман, улар сизларни билим ва идрок билан боқадилар). Эфесликларга 4:11.У баъзиларни ҳаворийлар, баъзиларни пайғамбарлар, баъзиларни хушхабарчилар, баъзиларни чўпонлар ва муаллимлар қилиб тайинлади,
12токи Масиҳнинг танасини барпо этишга хизмат қилишлари учун муқаддасларни камолотга эриштирсинлар (Яна қаранг: 2Шом.5:2; Йер.3:15; Йер.23:4; Йез.34:23).
Чўпон бўлишга ҳаракат қилган хизматчи яхши нарсани истаган бўлади(1Тимотий3:1), ХУдога севгисини амалда кўрсатишга бел боғлаган(Юҳанно 21:15-17) ва Худонинг чўпонлик қиррасини намоён қилиб(Сан.22-боб), ҳаёти ва хизмати орқали Худони улуғлашни истаган бўлади(Юҳ.17:4). Фақат ҳар жиддий иш каби чўпонлик ҳам маълум фазилатлар ва уқувларни ривожлантиришни талаб қилади. Шунда Худойимиз биносининг қурувчиси сифатида ҳаётимизни абадий ишга бағишлаган бўламиз ва Отамиздан мукофот оламиз!
2.ЧЎПОННИНГ СУРАТИ
Чўпон сифатида бизларга Масиҳ асосий намунадир. Қуйида биз Масиҳнинг чўпонлиги намунасини кўриб чиқамиз. Масиҳ қандай чўпонлик қилган?
- У аввало шогирдларни У билан бирга бўлишлари ва Ўзи бормоқчи бўлган жойларга юбориш учун йиғди(Марк 3:14, шогирдчилик),
- кейин Худонинг Шоҳлигини воизлик қилиб, муҳтожларни боқди, шифолади, озод қилди ва ҳок(Ҳав.10:38, хушхабарчилик, чўпонлик),
- кейин шогирдларини хизматга юборди(Мат.10:1, хизматчилик).
Бизнинг хизматимиз ҳам асосан шундан иборат бўлиши, қолган ишлар ёрдамчи бўлиши лозим.
Замонавий чўпон қандай бўлиши керак деганда, менинг кўз олдимга шундай одам келади:
- У руҳи билан Худога хизмат қилади: ҳаётини Худога, Буюк Амр ва Буюк Топшириқни бажариб яшашга бағишлаган; ҳар куни Худони, Унинг иродасини изловчи, иродасини бажариш пайидан бўлган одам; руҳий машғулотларга: Худонинг Сўзини ўқиб бажариш, ибодат, ҳамду-сано, хизматга вақт ва куч ажратадиган, руҳ изми билан яшайдиган одам. У ўзининг ХУдонинг идиши эканини билади ва бу идиш ўз вазифасини муваффақиятли бажара олиши учун МУқаддас Руҳга ва Сўзга тўла бўлиши лозимлигини билади.
- У ақли билан Худога хизмат қилади: мақсад қўйиш, режалаштиришнинг муҳимлигини билади, чунки йўналишсиз кема ҳеч қаерга бора олмаганидек, мақсадсиз жамоат ҳам бир жойда туриб қолишини билади; сонлар, чизмалар, жадваллардан қўрқмайди-чунки булар қаерда эканимизни аниқлаш, қаерга интилаётганимиз, ўсиш бор йўқлигини аниқлашга ёрдам беришини тушунади; ўрганиш, ўйлашдан эринмайди, чунки одам ўзи ўссагина бошқаларни ўстира олишини тушунади.
- У жисми билан Худога хизмат қилади. У ҳам ибодат қилади, ҳам одамларни нажотга келтириш учун боради, ҳам уларни шогирд қилади, ҳам хизматчи бўлиб кўтарилишларига ёрдам беради; ҳам қайғуларида юпатади, ҳам қийинчиликларида ёрдам беради; фақат уларни суст, боқиманда қилиб қўймайди, балки ҳаётда ўз ўринларини топишларига, моддий эркинликкка интилишларига йўналтиради ва ёрдам беради.
3.ЧЎПОННИНГ ХУЛҚ-АТВОРИ
Масъул хизматчиларнинг хулқ атвори қандай бўлиши лозимлиги ҳақида 1-Тимотий 3бобда батафсил баён этилган. (Шунингдек Титус 1-бобни қаранг).
№ | ҚАНДАЙ БЎЛИШЛАРИ КЕРАК? | |
1 | Бенуқсон (2) | |
2 | Битта хотиннинг эри(2,12) | |
3 | Ҳушёр (2) | |
4 | Ақли соғлом(2) | |
5 | Одобли(2) | |
6 | Меҳмондўст(2) | |
7 | Таълим беришга қобилиятли(2) | |
8 | Мулойим(3) | |
9 | Ўз хонадонини яхши бошқарадиган(4,12) | |
10 | Фарзандларини бутун обрўйи билан итоатда сақлайдиган киши(4) | |
11 | Ташқаридагилардан ҳам яхши гувоҳликка эга(7). | |
12 | Обрўли(8). | |
13 | Беғараз(8). | |
14 | Имон сирини пок виждонда сақлай оладиган(9). | |
Хотинлари ҳам: | ||
15 | Обрўли(11). | |
16 | Ҳамма нарсада садоқатли(11). | |
17 | Туҳмат қилмайдиган(11). | |
ҚАНДАЙ БЎЛМАСЛИКЛАРИ КЕРАК? | ||
18 | Майхўр эмас(3) | |
19 | Урушқоқ эмас(3) | |
20 | Ғаразгўй эмас(3) | |
21 | Жанжалкаш эмас(3) | |
22 | Пулпараст бўлмаган(3) | |
23 | Эндигина имонга келганлардан бўлмаслиги керак(6) | |
24 | Иккиюзламачи бўлмаган(8). |
Ҳозир сиз шу рўйхатни олиб, ўзингизни таҳлил қилинг. Қандай фазилатлар сизда бор, қайсиларини ривожлантириш керак? Борлари қаршисига плюс белгисини қўйинг, йўқларига минус қўйиб, шунинг устида ишлай бошланг.
Бу аввало, Худо белгилаган хизматчи стандартига тўғри келишингизга ёрдам берса, бошқа жиҳатдан, ҳар кучли жиҳатимиз хизматга ёрдам берганидек, заиф жиҳатимиз бир куни қайсидир соҳада панд беради. Шу учун хизмат йўлига киришдек жиддий ишга қарор қилдикми, аввало хулқ-атвор устида Муқаддас РУҳ кучи билан ишлаш лозим.
4.ЧЎПОННИНГ ВАЗИФАЛАРИ
Масиҳ хизмати орқали чўпоннинг асосий вазифалари Худонинг халқига ғамхўрлик қилиш, бу учун хушхабарчилик, шогирдчилик, хизматчилик билан шуғулланиш ҳамда қўл остидагиларни шу хизматларни бажаришга ўргатиш эканини кўриб чиқдик. Қуйидаги фаолиятлар бу нарсаларда муваффақиятли бўлишда ёрдам беради.
1)Сўз ўрганиш, бажариш ва ибодат орқали Муқаддас Руҳга тўла бўлиб юриш. Чунки Раббийсиз ҳеч нима қила олмаймиз. Юҳ.15:5. Мен токман сизлар эса новдасизлар. Ким Менда жо бўлиб ва Мен унда жо бўлсам, у кўп ҳосил келтиради, чунки Менсиз ҳеч нарса қила олмайсизлар.
2)Ўзига нисбатан, жамоатга нисбатан Худонинг иродасини билиб, жамоатни шу мақсад сари етаклаш. Ҳикматлар 4:26-27.Оёқларинг юрадиган йўлни пухта ўйла ва барча йўлларинг мустаҳкам бўлсин, 27. ўнгга ҳам, чапга ҳам ўгирилмагин; оёқларингни ёвузликдан йироқ қилгин.
Фақат моҳир, мойланган чўпонларгина жамоат мақсадига эга бўлиб, уни ҳар бир жамоат аъзосига етказа олади ва уларни мақсад сари ҳаракат қилдира олади. Аксарият ҳолатларда, жамоат мақсадини чўпоннинг ўзи ва 4,5 фаол хизматчилар билишади ва бажаришга ҳаракат қилишади. Қолганлар шунчаки эшитувчи бўлишади. Лекин жамоат мақсадига эга бўлиш ва уни ҳар бир жамоа аъзосига етказа олиш, уларни шу йўналишда ҳаракат қилдириш – катта оқим келтириб чиқаради ва катта ижобий натижаларга олиб келади. Мусонинг одамлари унинг мақсадини билишсада, эргашмадилар, шу учун саҳрода қирилиб кетдилар. Йешуанинг одамлари эса мақсад атрофида бирлашдилар ва ваъда қилинган ерга кира олдилар. Масиҳнинг шогирдлари Унинг мақсадини қабул қилдилар ва Ёзувда айтилганидек Шоҳлик таълимоти билан ҳамма жойни тўлдирдилар.
Рик Воррен айтишича, жамоат мақсади ҳар бир киши тушуна оладидган даражада оддий, иложи бўлса кўргазмали бўлиши лозим. Масалан, бизнинг жамоатимиз мақсади: Буюк Амр ва БУюк Топшириқни бажариб яшаш. Унинг тимсоли: Учаётган бургут. Бунинг маъноси: бургутнинг танаси: Имонлининг руҳи, жони танаси. Бургут уча олиши учун ўсиши ва соғлом бўлиши лозим. Демак, имонли парвоз қила олиши учун руҳ, жон, танада ўсиши ва соғлом бўлиши лозим. Ўнг қаноти – Ёзув ўрганиш, бажариб яшаш, ибодат, ҳамду-сано орқали Худо билан муносабат қуриш. Чап қаноти – хушхабарчилик, шогирдчилик, етакчилик билан Худога хизмат қилиш. Имонли кўкларга кўтарилишни исташи мумкин, лекин ўсмаса ва соғлом бўлмаса кўтарила олмайди. Парвоз қилишни исташи мумкин, лекин Худо билан муносабати бўлмаса, ёки хизмат қилмаса бир қанотни қоқиб ердан кўтарила олмайди. Парвоз қилиш учун ҳаммасини қилиш лозим. Сиз ҳам ибодатда Худодан жамоатингиз учун мақсад олишингиз ва бу мақсадни ҳар бир жамоат аъзосига етказиб, ҳаракатга рағбатлантиришингиз лозим бўлади.
3)Иложи борича масиҳийликни содда тушунтириш.
Агар одамларга қийин нарсани содда тушунтирсак, улар бажарадилар ва муваффақиятли бўладилар; агар оддий нарсани қийин тушунтирсак одамлар тушунмайдилар ва бажармайдилар. Ҳамма нарсани: Масиҳийликни, хушхабарчиликни, шогирдчиликни, хизматчиликни, жамоат, чўпонликни содда ва мураккаб қилиб кўрсатиш мумкин. Масалан: Сизда минг кишилик жамоат кўтариш иқтидори бор. Сиздеклар кам. Шу учун одамларингизга 30кишилик жамоат кўтариш минимал талаблар: 1)Доимий сўз атрофида учрашувлар, 2)Хизматчилар командаси, 3)Жамоатнинг 10 вазифасини ривожлантириш, 4)Ўсиш ва кўпайишни истаган камида 10одам бўлиши деб тушунтирсангиз, 1000кишингиздан ҳеч қурса 10нафари мустақил жамоат кўтаришни орзу қилар ва сизнинг бошқарувингиз остида ўз жамоатини руҳий ўстириш ва ноҳиясини хушхабар билан қамрашни бўйин олар. Шунда сиз 10нафар хизматчи ўрнига яна ўн нафар шогирд олишингиз, улар эса сизга камида 100нафар янги шогирд келтиришлари мумкин.
АСОСИЙ ВАЗИФАЛАР:
1)ХУШХАБАРЧИЛИК. Марка 1:38. У эса уларга: –Яқин атрофдаги қишлоғу шаҳарларга борайлик, Мен у ерларда ҳам воизлик қилайин, чунки Мен ана шу учун келганман, – деди.
Чўпон ҳам ўзи хушхабарчилик қилиш, ҳам жамоати аъзоларига хушхабарчиликни ўргатиши лозим. Чўпон хушхабарчилик билан шуғулланмаган ё фақат жамоат аъзоларига хушхабарчиликни юклаган жамоатларда одатда жамоат аъзолари ҳам хушхабарчилик билан шуғулланишмайди. Биз ўзимиз нима истак билан ёнсак, шу истакнигина ўтказа оламиз!
ХУШХАБАРЧИЛИКДА ЁРДАМ БЕРАДИГАН ВОСИТАЛАР:
А)ИБОДАТ СТРАТЕГИЯСИ
Хушхабарчиликда кўпчилик қўллаётган йўл ҳозир Ибодат стратегияси юритиш ва одамларга Инсоният тарихини айтиб беришдир. Ибодат стратегиясида ибодат билан амалга ошириладиган бир неча қадам мавжуд:
1)Кимларга хушхабар айтишини исташини Худодан сўраш ва юрагига келган одамларнинг исмларини рўйхат қилиб ёзиш.
2)Улар учун 1ҳафта давомида ибодат қилиш ва рўза тутиш, Худодан қачон, нима дейиши лозимлигини очишини, йўналтиришини сўраш.
3)1ҳафтадан сўнг илк бора суҳбатлашишга бориш лозим ё қўнғироқ қилиш лозим.
4)Бу қадам қўйилгач, рўйхатга борилган одамлар қаршисига +белгиси қўйилади ва ибодат қилишда давом этилади.
5)Яна бир ҳафта уларнинг қалбларида Худо ишлашини сўраб ибодат қилингач, яна борилади ё қўнғироқ қилинади. БУ дафъа Худо ҳақида гапириб кўрилади. Бирор муҳтожлиги учун ибодат қилишни ва Ёзувдан маслаҳатни тавсия қилиш мумкин. Агар Худога очиқ бўлса Инсоният тарихини ўтиш таклиф қилинади. Бу одам Худони излаётган одам бўлса жон деб кўнади. Агар Худога ёпиқ бўлса, у учун ибодат қилиб, бошқа очиқларни топишга вақтни сарфлаш мумкин. Ҳар биримиз ўртача 30000-50000одам истиқомат қиладиган жойларда яшаймиз. Ҳар биримиз ўз жойимда ҳар бир киши хушхабарни эшитиши учун мен масъулман деган дунёқараш билан яшаб, хизмат қилсак, одамларнинг хушхабарга бефарқлиги бизларни тўхтата олмайди, ёпиқларга вақт сарфлаб ўтирмаймиз, балки сортировщик каби ўз ишимизни пухта бажариб, еримизда бирор киши Хушхабарни эшитмагани учунгина дўзахга кетишига йўл қўймаймиз.
Б)ИНСОНИЯТ ТАРИХИ
Албатта, бизлар Худо йўналтирган вақтда хушхабар айтишимиз мумкин. Лекин асосан одамларга инсоният тарихини айтиш билан бошласак 2устунликка эга бўламиз:
1)Одамлар Муқаддас Китоб орқали инсоният тарихини билиб, имонлари пойдеворига эга бўладилар.
2)Худонинг Сўзи уруғ бўлиб, юракларини тўлдиради ва пайти келганида юқоридан туғилади.
(Инсоният тарихи материали “Худони изловчилар учун” рукнида берилган. Ҳар учрашганда бир дарсдан ўтиш мумкин).
2)ШОГИРДЧИЛИК
Бир жиҳатдан шогирдчилик бутун ҳаётимизни қамраб олса-да Масиҳнинг шогирди бўлиш учун нималар қилиш кераклигини билиш ва бажариш қийин эмас. Бизнинг ўзимиз буни тушунтиришни қийинлаштирмасак бас.
1.Масиҳнинг шогирди – Буюк Амрни ва Буюк Топшириқни бажариб яшашга қарор қилган одамдир. Буни амалга оширишга ёрдам берадиган фаолиятлар шогирдчилик ДНКси деб аталган. ДНК – бу бирор мавжудотнинг ирсий маълумотларини ўзида сақловчи ва авлоддан авлодга ўтказувчи оқсил ҳисобланади. ДНК шарофати билан ўсимликдан ўсимлик, ҳайвондан ҳайвон, одамдан одам туғилади. Шунингдек, ДНК туфайли одамнинг қобилиятлари ва касалликлари наслига ўтади. Бизнинг вазифамиз – ўзимиз Масиҳнинг номига эмас, ҳақиқий шогирди бўлишимиз ва бу ДНКни шогирдларимизга ўтказишдир.
ШОГИРДЧИЛИКДА МУВАФФАҚИЯТЛИ БЎЛИШИМИЗГА ЁРДАМ БЕРАДИГАН ВОСИТАЛАР:
А)ШОГИРДЧИЛИК ДНКСИ
1.Ибодатга тўла ҳаёт.
2.Ёзувни мунтазам, мустақил ўрганиш.
3. Зудлик билан бажариш.
4.Доим шогирд орттиришга йўналганлик.
5.Ҳисобдорлик.
Шогирдчилик ДНКсининг аҳамияти:
1)Ибодатга тўла ҳаётга йўналтириб, одамни Худо билан боғлаб қўямиз. Бунга шахсий муносабатлар, шафоат, руҳий жанг ва б.ибодатлар киради.
2)Ёзувни мунтазам ва мустақил ўрганишга урғу бериб, одамни Худонинг Сўзига боғлаймиз, айнан Сўзни ҳар куни ўрганиб, бажарадиганларга Худо муваффақият, донолик(Йешуа 1:8), узоқ умр, ер, кўпайиш(Қонунлар 8:1) ваъда берган.
3)Урғу билим олишга эмас, бажаришга. Чунки бажарувчиларга ХУдонинг баракалари ваъда берилган.
4)Доим шогирд орттиришга йўналганлик – дунёда одамлар оила қуриб, насл қолдиришни исташининг сабаби оила орқали бу қадрият ўтказилишидир. Агар бизлар руҳий фарзандларимизга руҳий насл қолдириш муҳимлигини тушунтира ва ўтказа олсак – улар руҳий бепушт ва ҳосилсиз бўлмайдилар, аксинча, кўпайиб, серҳосил бўлиб ерни тўлдирадилар.
5)Ҳисобдорлик. Муваффақият учун бирга қувониб янада ҳаракат қилишга руҳлантиришга, заиф жойларини кўриб, ибодат қилишга, чиқиш йўли кўрсатишга ёрдам беради.
Б)ШАХСИЙ ШОГИРДЧИЛИК ДАСТУРИ
1)Масиҳийлик эътиқоди нима?
2)Шогирд қалбига эга бўлиш.
3)Ёзувни ўрганиш ва бажариб яшаш.
4)Худони излаш ибодати
5)Шогирдлар учрашувининг муҳимлиги
6)Руҳий жанг.
7)Шогирдчиликда кейинги қадам.
8)Хизматни нимадан бошлаш керак?
Шахсий шогирдчилик дастури – шогирддан амалий, руҳий машғулотларни бажарадиган шогирд кўтаришга йўналтирилган. Масиҳийлик эътиқоди нима мавзуида шогирд масиҳийлик асоси, талаблари ва б.билан танишади. Шогирд қалбига эга бўлиш мавзуида шогирд сифатида ўзида қандай фазилатларни ривожлантириш лозимлигини билиб олади. Ёзувни ўрганиш ва бажариб яшашда шуларни ва бундан оладиган баракаларни ўрганса, ХУдони излаш ибодатида Худо одамзодни яратишидан мақсади Худони излаши эканлигини билиб олади ва буни амалга ошириш намунаси билан танишади. Шогирдлар учрашуви муҳимлиги мавзуида бунинг камида тўрт сабабини ўрганади, руҳий жангда эса имонига ҳужум қиладиган шайтонга қарши туришни ўрганади. Сўнгги 2дарс хизматга йўналтирувчи дарслар ҳисобланади.
В) МАСИҲИЙЛИК ТАЪЛИМОТИ АСОСЛАРИ
Ҳар бир имонли Масиҳийлик таълимоти асосларини билиши мақсадга мувофиқдир. Бу унга имони пойдеворида мустаҳкаланишига ёрдам беради, бундай имонлини авраш осон бўлмайди. Шу учун ҳар бир чўпоннинг вазифаси ўз қарамоғидаги одамларга масиҳийлик таълимоти асосларини ўргатишдир . Бу 30мавзуни ўз ичига олган дастур бўлиб, сиз уни “Шогирдлар учун” рукнидан топишингиз мумкин.
3)ХИЗМАТЧИЛИК
Чўпоннинг қўл остидагиларига нисбатан қиладиган ишларидан бири – уларга ғамхўрлик, юпатиш, йўналтириш ва бошқалар билан хизмат қилиш билан бирга уларни ҳам хизматга тайёрлашдир. Бу ишда унга бошқа дастурлар билан биргаликда “Ким руҳий етакчи бўла олади”, дастури ёрдам бериши мумкин. “Ким руҳий етакчи бўла олади?” дастурини сиз сайтимизнинг “Хизматчилар учун” рукнидан олишингиз мумкин.
Хулоса: Чўпонлик хизмати ҳам имтиёз, ҳам масъулиятдир. Агар чўпон жамоатни ҳам боқиш, ҳам ўстириш ва кўпайтириш масъулиятини олса, одамлар ўсиб, даъватларига кириб муваффақиятли бўладилар. Бундан чўпон ҳам, имонлилар ҳам хурсанд бўладилар. Шу учун бизлар ХУдо истаганидек доно чўпонлар бўлишга ҳаракат қилишимиз лозим, токи бу орқали ХУдонинг Шоҳлиги кенгайсин ва ҳосиллари абадиятда қолсин.
РУХШОНА ИНОЯТ