10. МУСО ПАЙҒАМБАР
10.а.МУСО ПАЙҒАМБАР АДОЛАТ РАШКЧИСИ
Муқаддас Руҳ маъносини очишини сўраб, ўқиб, саволларга жавоб беринг.
- Мусо қандай қилиб фиръавннинг хонадонига келиб қолди?(Олдинги боблардан тарихни эслаб айтинг).
2)Мусо зўравонликни кўрганида нима қилар эди?
Ибодат: Худойим борлигинг учун раҳмат. Дуо қилгин, ҳозир ўқиётганимда МУқаддас Руҳ Ёзувнинг маъносини очсин ва қўллашимда ёрдам берсин. Имон билан сўрадим: Омин.
Чиқиш 2-боб.
11 Орадан анча вақт ўтиб, Мусо улғайгач, бир куни қабиладошларининг олдига борди ва уларнинг оғир меҳнатларини кўрди. Шунингдек, бир мисрлик одам унинг биродарларидан бири яҳудий одамни ураётганини кўриб қолди.
12 Мусо атрофга кўз ташлаб, ҳеч ким йўқлигини кўргач, мисрлик одамни ўлдириб, қумга кўмиб қўйди.
13 Кейинги куни Мусо яна ўша ерга борганида, мана, иккита яҳудий ўзаро жанжаллашар эди. Мусо зулм қилаётганига: –Нимага биродарингни уряпсан? – деди.
14 Шунда у одам: –Ким сени бизга ҳукмдор ва судья қилиб қўйди? Мисрликни ўлдирганингдай, мени ҳам ўлдирмоқчимисан? – деди. Мусо қўрқиб кетиб: “Бу иш ошкор бўлгани аниқ”, – деди.
15 Фиръавн ҳам бу воқеани эшитиб, Мусони ўлдирмоқчи бўлди. Лекин Мусо фиръавндан қочиб кетди ва Мидиан ерида тўхтаб, қудуқ ёнида ўтирди.
16 Мидиан юрти руҳонийининг еттита қизи бор эди. Қизлар оталарининг қўй-эчкиларини суғориш учун охурларга сув тўлдиргани келиб қолдилар.
17 Аммо бир неча чўпонлар келиб, қизларни ҳайдаб юбордилар. Шунда Мусо ўрнидан туриб, қизларни ҳимоя қилди ва уларнинг қўйларини суғорди.
Жавоблар:
- Мусо яҳудий чақалоқлари ўлдирилаётган даврда дунёга келди. Уни ўлдирмасликлари учун онаси саватга солиб сувга ташлаб юборди. Саватни фиръавннинг қизи топиб олди ва Мусони ўғил қилиб олди. Мусонинг онаси унга энагалик қилди, улғайгач фиръавннинг қизига қайтариб берди.
- Жабрдийдаларни ҳимоя қилар эди.
Хулоса: Мусо мисрлик исроилликни ураётганини кўриб, уни ўлдирди. Агар Мусода мисрлик одам дунёқараши бўлганида бу ҳолатни нормал деб ўйлаган, аралашмаган бўлар эди. Унда зўравонликка нафрат уйғонди ва адолат ўрнатмоқчи бўлди. Буни 2яҳудий уришаётганида: “Нега биродарингни уряпсан?”-деганидан билса бўлади. Кейин эса қочиб кетган жойида қизларни ҳимоя қилиб, уларнинг қўйларини суғорди. Бундан хулоса қилиш мумкинки, Мусо ўз халқига ғамхўр, адолатсевар, ҳимоячи одам бўлган. Биз ҳам шундай бўлишимиз, фарзандларимизни ҳам шундай тарбиялашимиз керак.
Саҳна сценарийсини ёзиб, саҳна қўйиш.
Ибодат: Раббий, борлигинг, Сўзинг учун раҳмат. Дуо қилгин, мен ҳам Мусодек адолатсевар бўлай, жабрдийдаларни ҳимоя қилай. Исо Масиҳ номи билан: Омин.
Ххх
10.б. МУСО ПАЙҒАМБАРНИНГ ХИЗМАТГА ЧОРЛАНИШИ
Муқаддас Руҳ маъносини очишини сўраб, ўқиб, саволларга жавоб беринг.
1)Бута нима учун Мусонинг диққатини тортди?
2)Худо Ўзини қандай таништирди?
3) Худо нима топшириқ берди?
Ибодат: Худойим борлигинг учун раҳмат. Дуо қилгин, ҳозир ўқиётганимда МУқаддас Руҳ Ёзувнинг маъносини очсин ва қўллашимда ёрдам берсин. Исо Масиҳ номи билан: Омин.
Чиқиш 3-боб. 1. Мусонинг қайнатаси Йитро – Мидиан юртининг руҳонийи эди. Мусо унинг подасини боқар эди. У подани саҳронинг орқа томонига ҳайдаб, Худонинг тоғи Хоребга келди.
2. Бирдан бутадаги алангада Раббийнинг фариштаси Мусога зоҳир бўлди. Мусо ҳайрон бўлди: бута ёнарди-ю, аммо ёниб битмас эди.
3. Мусо: “Бориб, бу буюк аломатни кўрай-чи, нима учун бута ёниб битмаяпти?” – деди.
4. Раббий унинг қараш учун келаётганини кўриб, бутанинг орасидан: –Мусо! Мусо! – деб чақирди. У: –Лаббай, шу ердаман, – деб жавоб берди.
5. Худо: –Бошқа яқинлашмагин. Оёғингдаги пойафзалингни ечгин, зеро сен турган жой муқаддас ердир,–деди.
6. У яна: –Мен сенинг отангнинг Худоси, Иброҳимнинг Худоси, Исҳоқнинг Худоси ва Ёқубнинг Худосиман, – деди. Мусо Худога қарашдан қўрқиб, дарров юзини беркитди.
7. Раббий деди: –Мен халқимнинг Мисрдаги азобларини кўрдим ва уларнинг назоратчилар дастидан чеккан фарёдларини эшитдим. Мен халқимнинг азобларини биламан.
8. Шунинг учун Мен халқимни мисрликларнинг зулмидан қутқариш учун ва уларни Мисрдан олиб чиқиб, яхши ҳамда кенг ерга, сут ва асал оқаётган ерга, канъонликлар, хиттийлар, аморийлар, перизийлар, хивийлар ва ябусийларнинг ерларига олиб кетгани келдим.
9. Мана, Исроил ўғилларининг фарёди Менга етиб келди ва Мен Мисрликлар уларга қанчалик зулм ўтказаётганларини кўриб турибман.
10. Шунинг учун боргин, Мен сени Миср фиръавнининг ҳузурига юбораман. Сен Исроил ўғилларини Мисрдан олиб чиққин.
Жавоблар:
1)БУта ёнар эди, лекин куйиб кетмас эди.
2)Оталаринг Иброҳимнинг, Исҳоқнинг, Ёқубнинг Худосиман деб таништирди.
3)Халқини қулликдан олиб чиқишни буюрди.
Хулоса: Мусо меҳнат қилар эди, Раббий уни мўъжиза орқали жалб қилди. Худо Мусодан Ўз ерига эҳтиром сўради. Худога Унга тегишли нарсаларда эҳтиром қилишимиз ёқади. Худо Ўзини таништирди. Мусо эҳтиром билан юзини беркитди. Раббий азобларни кўради, У қутқариш режасини тузади ва қутқаради. Биз ўзимизни ишлатиши учун топширишимиз мумкин.
Ибодат: Раббий, борлигинг, Сўзинг учун раҳмат. Мени ҳам жалб қилгин, Ўзингни очгин ва хизматингга чорлагин. Ортингдан юришимга ёрдам бергин. Исо Масиҳ номи билан: Омин.
Саҳна кўриниши қилиш ва чизиш.
10.в. МУСО ПАЙҒАМБАРНИНГ ХАЛҚНИ ҚУЛЛИКДАН ОЛИБ ЧИҚИШИ
Муқаддас Руҳ маъносини очишини сўраб, ўқиб, саволларга жавоб беринг.
- Нима учун эшик ёндорига қон суртиш керак эди?
- Эшигига қон суртилмаганларга нима бўлди?
Чиқиш 12-боб.
1. Раббий Мусо билан Аҳаронга Миср ерида деди:
2. “Бу ой сизлар учун илк ой, йилнинг биринчи ойи бўлсин.
3. Исроил халқининг бутун жамоасига айтинглар: “Шу ойнинг ўнинчи куни ҳар бир киши оила учун қўзи: бир оилага бир қўзи ҳисобидан олсин.
4. Агар оила жуда кичик бўлиб, бир қўзини ея олмайдиган бўлса, жон бошига ҳисоблаб, уйига яқин жойлашган қўшниси билан олсин. Ҳар бир киши қанча ейишига қараб қўзини тақсимланглар.
5. Олган қўзингиз нуқсонсиз, бир яшар эркак қўзи бўлиши керак; уни қўй ёки эчкилардан олинглар.
6. Биринчи ойнинг ўн тўртинчи кунигача уни сақланглар. Сўнгра Исроил халқининг бутун жамоаси уни кечқурун сўйсин.
7. Сўнг унинг қонидан олиб, қурбонлик гўштини тановул қиладиган уйларининг эшиги иккала ёндорига ва тепасига суртишсин.
8. Гўштни ўша куни кечқурун оловда пишириб тановул қилишсин. Уни ачитқисиз нон ва тахир ўтлар қўшиб тановул қилишсин.
9. Қурбонлик гўштининг хомини ёки сувда қайнатилганини еманглар, оловда пиширилганини калла-туёқларию ичак-човоқлари билан енглар.
10. Бу гўштдан эрталабгача қолдирманглар, эрталабгача қолганини эса оловда куйдиринглар.
11. Гўштни шундай тановул қилинглар: Белларингиз боғланган бўлсин, пойафзалингиз оёғингизда ва таёғингиз қўлингизда бўлсин; уни шошиб енглар: бу Раббийнинг Песаҳидир.
12. Ўша тунда Мен Миср еридан ўтиб, Миср еридаги ҳар бир тўнғични: одамнинг тўнғичидан чорванинг тўнғичигача ўлдираман ва Миср ерининг ҳамма худолари устидан ҳукмни ижро этаман. Мен Раббийман.
13. Қон сизлар турган уйларда аломат бўлади. Қонни кўриб, сизларни четлаб ўтаман ва Мен Миср ерини жазолаётганимда ҳалокатли ўлат сизларнинг устиларингга келмайди.
14. Бу кунни сизлар ёдда тутинглар ва бу байрамни авлодлар оша Раббийга байрам қилиб нишонланглар, уни абадий тайинланган байрам сифатида нишонланглар.
15. Етти кун давомида ачитқисиз нон енглар; биринчи куниёқ уйларингиздаги ачитқини йўқотинглар. Кимки биринчи кундан еттинчи кунгача ачитқи қўшилган нон еса, бу жон Исроил орасидан қириб ташланади.
16. Биринчи куни муқаддас йиғин бўлсин, шунингдек, еттинчи куни ҳам муқаддас йиғин бўлсин. Бу кунлари ҳеч қандай иш қилиш мумкин эмас, қилишларинг мумкин бўлган биргина иш ― бу ҳар бир киши овқат тановул қилишидир.
17. Ачитқисиз нон байрамини ҳар йили нишонланглар, чунки айнан шу куни Мен сизларнинг қўшинларингизни Миср еридан олиб чиқдим. Бу кунни авлодлар оша абадий тайинланган байрам сифатида нишонланглар.
18. Биринчи ойнинг ўн тўртинчи куни кечқурундан бошлаб то шу ойнинг йигирма биринчи куни кечқурунгача ачитқисиз нон енглар.
19. Уйларингизда етти кун давомида ачитқи асло бўлмасин. Кимки ачитқи қўшилган нон еса, бу жон мусофирми ёки ўша ернинг маҳаллий аҳолисиданми, барибир, Исроил жамоасидан қириб ташланади.
20. Ачитқи қўшилган ҳеч нима еманглар. Ҳар бир яшаш жойингизда ачитқисиз нон енглар”.
21. Шундан кейин Мусо Исроилнинг ҳамма оқсоқолларини чақиртириб, уларга шундай деди: “Оилангиз учун қўзи танлаб олиб, Песаҳ байрамига қурбонликни сўйинглар.
22. Кейин ҳиссоп ўтидан бир тутам олиб, идишдаги қонга ботириб олинглар. Шундай қилиб, уйларингиз эшикларининг иккала ёндорига ва тепасига идишдаги қондан суртинглар. Тонггача бирортангиз уйингиздан чиқманглар.
23. Чунки Раббий Мисрни шикастлаш учун чиқади ва эшикларингизнинг тепасидаги ҳамда иккала ёндоридаги қонни кўриб, уйларингизни четлаб ўтади, ҳалок қилувчи шикастлаш учун сизларнинг уйларингизга киришига йўл қўймайди.
24. Бунга ўзларингиз учун ва авлодларингиз учун абадий қонун деб риоя қилишингиз лозим.
25. Раббий сизларга беришни ваъда қилган ерга кирганларингиздан кейин ҳам бу хизматга риоя қилаверинглар.
26. Болаларингиз сизлардан: “Бу хизматнинг маъноси нима?” – деб сўраганларида, шундай жавоб беринглар:
27. “Бу Раббийга бағишланган Песаҳ қурбонлигидир. Раббий мисрликларни шикастлаётганида, Мисрдаги Исроил ўғилларининг уйларини четлаб ўтди ва бизнинг хонадонларимизни омон сақлаб қолди”. Шунда Исроил халқи таъзим қилиб, тиз чўкдилар.
28. Сўнгра Исроил ўғиллари бориб, Раббий Мусо билан Аҳаронга берган амр бўйича иш тутдилар.
Жавоблар:
1)Ўлим фариштаси четлаб ўтиши учун.
2)Қон суртилмаган уйларда тўнғичлар ўлди.
Ибодат: Раббий, борлигинг, Сўзинг учун раҳмат. Дуо қилгин, ўлим четлаб ўтиши учун қурбонликнинг қонининг аҳамиятини тушунайлик. ИСо Масиҳ қони юрагимга суртилсин ва ўлим мени четлаб ўтсин. Исо Масиҳ номи билан: Омин.
11. НУН ЎҒЛИ ЙЕШУА
11.а. Йешуанинг ибодатгўй бўлиши
Муқаддас Руҳ маъносини очишини сўраб, ўқиб, саволларга жавоб беринг.
1) Худо нима учун халқ билан ваъда қилинган ерга боришни истамади?
2) Мусо йиғин чодирини нима учун қурди?
3)Йиғин чодирида Мусо нима қилар эди?
4)Йешуа қаерни тарк этмас эди?
Чиқиш 33-боб.
1. Раббий Мусога деди: “Сен ҳам, сен Мисрдан олиб чиққан халқ ҳам бу жойдан кетиб, Мен Иброҳим, Исҳоқ ва Ёқубга: «Сизларнинг наслингизга бераман», – деб қасам ичган ерга боринглар.
2. Сенинг олдингдан фариштани юбориб, канъонликларни, аморийларни, хиттийларни, перизийларни, хивийларни ва ябусийларни ҳайдаб юбораман.
3. У сизларни сут ва асал оқиб ётган ерга олиб киради. Зеро Менинг Ўзим сизларнинг орангизда бормайман, токи Мен сизларни йўлда қириб ташламайин, чунки сизлар ўжар халқсиз”.
4. Халқ бу таҳдидли сўзни эшитганида йиғлаб юборди ва ҳеч ким ўз зеб-зийнатларини тақмади.
5. Зеро Раббий Мусога: “Исроил ўғилларига айтгин: Сизлар ўжар халқсиз. Агар Мен сизларнинг орангизда борсам, сизларни бир лаҳзада қириб ташлайман. Шунинг учун зеб-зийнатларингизни ечиб қўйинглар. Мен сизларни нима қилишим тўғрисида бир қарорга келаман”, – деди.
6. Исроил ўғиллари Хореб тоғи ёнида зеб-зийнатларини ечиб қўйдилар.
7. Мусо эса бир чодирни олиб, уни қароргоҳнинг ташқарисига – қароргоҳдан узоқроққа олиб бориб ўрнатди. Бу чодирни: “Йиғин чодири”, деб атади. Раббийни излаётган ҳар бир одам қароргоҳдан ташқарида бўлган ўша чодирга келар эди.
8. Мусо бу чодирга чиқиб бораётганида, бутун халқ туриб, ўз чодирининг эшиги ёнига чиқиб турар ва Мусо чодирга кириб кетгунича унинг ортидан қараб турар эди.
9. Мусо чодирга кирганида, булут устуни пастга тушиб, чодирнинг эшиги ёнида турар эди ва Раббий Мусо билан гаплашар эди.
10. Бутун халқ чодирнинг эшиги ёнида турган булут устунини кўриб, бутун халқ ўрнидан турар ва ҳар бир киши ўз чодирининг эшиги ёнида сажда қилар эди.
11. Раббий Мусо билан биров ўз дўсти билан гаплашгандай, юзма-юз гаплашар эди. Кейин Мусо қароргоҳга қайтиб келар, унинг хизматчиси, ёш йигит Нун ўғли Йешуа эса чодирни тарк этмас эди.
Жавоблар:
1)Ўжарлиги учун қириб ташламаслик учун.
2)Ҳар бир ХУдони излаган одам келиб ибодат қилиши учун.
3)Худо билан юзма -юз гаплашар эди.
4) Йешуа йиғин чодирини тарк этмас эди.
Хулоса: Халқ саҳрода ўжар эди. Худонинг Сўзига қулоқ солмас эди. Барибир Худо уларни ваъда қилинган ерга киритмоқчи бўлди. Фақат ўжарликлари учун йўлда қириб ташламаслик учун фариштасини қўшиб юбормоқчи бўлди. Мусо эса қароргоҳдан ташқарида ибодат чодири қурди. Бу дунё ташвишларидан узоқлашиш тимсолидир. Ўша ерга бориб, Худо билан суҳбатлашар эди. Шогирди ундан ҳам ўтиб тушди. Йешуа чодирдан кетмай Худо билан гаплашар эди. Айнан шунинг учун Худо кейин уни халқининг етакчиси қилиб тайинлади.
Ибодат: Раббий, борлигинг, Сўзинг учун раҳмат. ДУо қил, бизнинг халқимиз ўжар бўлмасин. Дуо қил, биз ҳам ибодат чодири қурайлик ва куну тун тинмай ибодатда бўлайлик. Йешуадек Сени севайлик, суҳбатлашайлик ва хизматчинг бўлайлик. Исо Масиҳ номи билан: Омин.
11.б. ЙЕШУА НУН ЎҒЛИНИНГ ХАЛҚ ЕТАКЧИЛИГИГА ТАНЛАНИШИ
Муқаддас Руҳ маъносини очишини сўраб, ўқиб, саволларга жавоб беринг.
1)Худо Йешуа Нун ўғлига қайси жойни бераман деди?
2)Худо Йешуага қандай бўлгин деди?
3)Худо Йешуага Қонун китобини ўқиб, бажарса нималарни ваъда қилди?
Йешуа Нун ўғли 1-боб
1. Раббийнинг қули Мусонинг ўлимидан сўнг, Раббий Мусонинг хизматкори Нун ўғли Йешуага деди:
2. “Менинг қулим Мусо вафот этди. Шундай қилиб, ўрнингдан тургин, сен ва ушбу бутун халқ Йордан дарёсидан ўтиб, Мен уларга, яъни Исроил ўғилларига бераётган ерга боринглар.
3. Мен Мусога айтганимдек, оёқларингизнинг кафти теккан ҳар қандай жойни сизларга бераман.
4. Саҳродан ва ушбу Лебанондан буюк дарё― Эфрат дарёсигача, хиттийларнинг бутун ери ҳамда қуёш ботиш томонидаги буюк денгизгача сизларнинг ҳудудингиз бўлади.
5. Сенинг ҳаётингнинг барча кунларида ҳеч ким сенга қарши тура олмайди. Мен Мусо билан бўлганим каби сен билан бирга бўламан: сендан чекинмайман ва сени тарк этмайман.
6. Кучли ва жасур бўлгин, зеро сен ушбу халққа Мен уларнинг оталарига беришга қасам ичган ерни эгаликка топширасан.
7. Фақат кучли ва жуда ҳам жасур бўлгин ҳамда Менинг қулим Мусо сенга васият қилган бутун Қонунга амал қилгин ва уни бажаргин. Ундан ўнгга ҳам, чапга ҳам бурилмагин, токи барча ишларингда доно ҳаракат қилгин.
8. Ушбу Қонун китоби оғзингдан тушмасин; балки уни туну кун ўргангин, токи унда ёзилганларни аниқ бажаргин. Шунда ўз йўлларингда муваффақиятли бўласан ва доно ҳаракат қиласан.
9. Мана, Мен сенга буюраман: кучли ва жасур бўлгин, қўрқмагин ва даҳшатга тушмагин, зеро сенинг Раббий Худойинг сен қаерга борсанг сен билан биргадир”.
Жавоблар:
1)
Ибодат: Раббий, борлигинг учун раҳмат. ДУо қил, биз ҳам кучли ва жасур бўлайлик. Қадамимиз теккан жойни бизга бергин. Қайга борсак биз билан бирга бўл. Исо Масиҳ номи билан: омин.
12. КАЛЕБ ОТА
12.а Калеб отанинг имон билан сўзлаши
Муқаддас Руҳ маъносини очишини сўраб, ўқиб, саволларга жавоб беринг.
1)Тарихни эсланг: Қачон Мусо айғоқчиларни ерни кўриб келгани юбоорган эди?
2) Ҳамма айғоқчилар ер ҳақида нима дейишди?
3)Калеб нима деди?
Сонлар 13-боб.
18. Мусо уларни Канъон ерига айғоқчиликка юборди ва уларга деди: «Мана бу жануб томонга бориб, тоққа чиқинглар
19. ва ерни кўриб келинглар: у қанақа ер, унда яшовчи халқ кучлими ёки заифми, кам сонлими ёки кўп сонлими?
20. Улар яшаётган ер қанақа: у яхшими ёки ёмонми? Улар яшаётган шаҳарлар қанақа: улар чодирларда яшайдиларми ёки қалъаларда яшайдиларми?
21. Ернинг ўзи қанақа: серҳосилми ёки камҳосилми? Унда дарахтлар борми ёки йўқми? Дадил бўлинглар ва ернинг ҳосилларидан олинглар». Бу вақт узумларнинг пишиш вақти эди.
22. Улар бориб, ерни Зин саҳросидан Ҳамат яқинидаги Реҳобгача кўриб чиқдилар.
23. Улар жануб томонга кўтарилиб, Анакнинг болалари Аҳиман, Шешай, Талмайлар яшайдиган Ҳебронгача етиб бордилар. Ҳеброн Мисрдаги шаҳар Зоандан етти йил олдин қурилган эди.
24. Сўнг улар Эшкол водийсига келдилар ва ўша ерда бир шингил мевали узум шохини уздилар ҳамда уни икки киши ходада кўтариб кетди. Шунингдек, анор ва анжирлар ҳам олдилар.
25. Бу жойни Исроил ўғиллари кесиб олган узум шингили сабабли Эшкол водийси деб атадилар.
26. Улар ерни кўриб чиқиб, қирқ кундан кейин қайтиб келдилар.
27. Улар юриб, Мусо, Аҳарон ва Исроил ўғилларининг бутун жамоасининг олдига, Қадешдаги Паран саҳросига келдилар. Уларга ва бутун жамоага жавоб олиб келдилар ва уларга ернинг ҳосилларини кўрсатдилар.
28. Улар унга сўзлаб дедилар: «Сен бизларни юборган ерга бордик, ҳақиқатан ҳам унда сут ва асал оқмоқда, мана булар ― унинг ҳосиллари.
29. Бироқ у ерда яшайдиган халқ кучли ва шаҳарлари мустаҳкамланган, ўта катта шаҳарлар. Боз устига, биз у ерда Анак ўғилларини кўрдик.
30. Амолеқ ернинг жанубий қисмида яшар экан; хиттийлар, ябусийлар ва аморийлар тоғда яшар экан; канъонликлар эса денгиз бўйида ва Йорданнинг қирғоғида яшар экан.
31. Лекин Калеб халқни Мусонинг олдида тинчлантириб: «Бориб, уни босиб оламиз, чунки биз уларни енга оламиз», – деди.
32. У билан бирга борган кишилар эса: «Биз бу халққа қарши бора олмаймиз, зеро улар биздан кучлироқ», – дер эдилар.
Жавоблар:
Ибодат: Раббий, борлигинг, Сўзинг учун раҳмат. Дуо қил, биз ҳам Калеб каби имон кўзи билан қарайлик, Худо айтдими, қила оламан дейлик. Имонимизнинг ҳосилини кўрайлик. Исо Масиҳ номи билан: Омин.
12.б КАЛЕБ ОТА ЕРНИ МЕРОС ҚИЛИБ ОЛАДИ
Муқаддас Руҳ маъносини очишини сўраб, ўқиб, саволларга жавоб беринг.
1)Худо ким ваъда қилган еримга кирмайди деди?
2)Нима учун халқ ваъда қилинган ерга кирмади?
3)Калеб нима учун ваъда қилинган ерга киради деди?
Сонлар 14:20-24.
20. Шунда Раббий Мусога деди: ―Сенинг сўзингга биноан уларни кечираман,
21. лекин Мен тирикман ва Раббийнинг шарафи билан бутун замин тўлган.
22. Менинг шарафимни ва Мен Мисрда ҳамда саҳрода амалга оширган аломатларимни кўрган, Мени мана ўн марта синаган ва овозимга қулоқ солмаганларнинг барчаси,
23. Мен оталарига беришга қасам ичган ерни кўрмайдилар. Мени аччиқлантирганларнинг барчаси уни кўрмайдилар.
24. Лекин Менинг хизматчим Калебни, унда ўзга руҳ бўлганлиги ва у Менга буткул бўйсунгани учун у кўргани борган ерга олиб кираман ва унинг уруғи унга эгалик қилади.
Жавоблар:
Ибодат: РАббий, борлигинг, Сўзинг учун раҳмат. Дуо қил, Сенга бўйсунайлик ва илтифотингни қозонайлик. Ваъда қилган ерингга кирайлик. Исо Масиҳ номи билан: Омин.
11.В. КАЛЕБ ОТА ЕРНИ МУЛК ҚИЛИБ ОЛИШИ
Муқаддас Руҳ маъносини очишини сўраб, ўқиб, саволларга жавоб беринг.
1)Нима учун Мусо ерни Калебга мулк қилиб берган эди?
2) Ерга эгалик қилиш учун душманларни нима қилиши керак эди?
Йешуа Нун Ўғли 14-боб.
1. Мана шулар – Канъон ерида Исроил ўғиллари улушга олган, руҳоний Элеазар, Нун ўғли Йешуа ва Исроил ўғиллари авлодларининг қабилабошилари Исроил ўғилларига улуш қилиб бўлиб берган ерлардир.
2. Раббий Мусога буюрганидек, улар тўққизта қабилага ва Манассеҳнинг ярим қабиласига қуръага кўра тақсимлаб бердилар.
3. Зеро Мусо иккита қабилага ва Манассеҳ қабиласининг ярмига Йорданнинг нариги томонида улуш берди, бироқ у левитларга уларнинг орасида улуш бермади.
4. Зеро Юсуф ўғилларидан иккита қабила – Манассеҳ ва Эфрайим қабилалари келиб чиқди. Шунинг учун улар левитларга ерда қисм бермадилар, фақат яшаш учун уларнинг чорвалари ва бошқа эҳтиёжлари учун шаҳарларни ва уларнинг атрофидаги жойларни бердилар.
5. Раббий Мусога қандай буюрган бўлса, Исроил ўғиллари шундай қилдилар ва ерни улушларга тақсимлаб бердилар.
6. Шунда Яҳудонинг ўғиллари Гилгалга, Йешуанинг олдилар келдилар. Йефуннеҳнинг ўғли кенизий Калеб унга деди: “Худонинг одами Мусога Раббий Кадеш-Барнеада мен ва сен ҳақингда нима деганини сен биласан.
7. Раббийнинг қули Мусо мени Кадеш – Барнеадан ерни кўздан кечириб келиш учун юборганида, мен қирқ ёшда эдим ва мен унга юрагимда бўлган сўзни келтирдим.
8. Мен билан бирга борган биродарларим эса, халқнинг юрагига журъатсизлик солдилар, аммо мен ўз Раббий Худойимга тўлиқ эргашдим.
9. Ўша куни Мусо қасам ичиб: “Сенинг оёғинг юрган ер сенинг ва сенинг болаларингнинг абадий улуши бўлади, зеро сен менинг Раббий Худойимга тўлиқ эргашдинг”, – деган эди.
10. Шундай қилиб, мана, Раббий айтганидек, У мени тирик қолдирди. Раббий Мусога ушбу сўзни айтган ва Исроил саҳрода дарбадар юрган ўша пайтдан буён қирқ беш йил ўтди. Энди мана, мен саксон беш ёшдаман.
11. Бироқ Мусо мени юборган ўша пайтда қандай бўлган бўлсам, ҳозир ҳам худди шундай тетикман. Ўшанда менинг кучим қанча бўлган бўлса, ҳозир ҳам жанг қилиш, чиқиш ва кириш учун ўшанча кучим бор.
12. Шундай қилиб, Раббий менга ўша куни айтган ушбу тоғни бергин. Зеро сен ўша куни у ерда Анаким ўғиллари яшашини, уларнинг шаҳарлари катта ва мустаҳкам эканлигини эшитган эдинг. Агар Раббий мен билан бирга бўлса, Раббий айтганидек, мен уларни қувиб юбора оламан”.
13. Йешуа уни дуо қилди ва Йефуннеҳнинг ўғли Калебга Ҳебронни улуш қилиб берди.
14. Шу тарзда, Йефуннеҳнинг ўғли Калеб Исроилнинг Раббий Худосининг амрига тўлиқ эргашгани учун Ҳеброн ҳозирги кунгача унинг улуши бўлиб қолди.
15. Ҳеброннинг аввалги номи Кирят-Арба бўлиб, Анак ўғилларининг орасида бир буюк одам шундай аталган эди. Сўнг ер урушдан тинди.
Жавоблар:
1)
2)
Хулоса: Калеб ота Худога чин юракдан эргашгани учун Худо унга ерни мерос қилиб берди, биз ҳам шундай бўлишимиз керак. Калеб ота душманларини қувиб ерга эгалик қилиши керак эди. Биз ҳам маҳаллий ёвуз руҳларни қувиб ерга эгалик қилишимиз керак. Агар Худога кучли ишонсак ҳеч қандай душман қўрқинчли эмас, чунки Худо ҳаммадан кучли.
Ибодат: Раббий борлигинг, Сўзинг учун раҳмат. Дуо қил, Калеб бобомиздек ерни рашк қиладиган бўлайлик. Еримизга киргунча кучимизни асрайлик ва қўлга киритиб Сени улуғлайлик. ИСо Масиҳ номи билан: Омин.
Ххх
12.ДЕБОРАҲ
Муқаддас Руҳ маъносини очишини сўраб, ўқиб, саволларга жавоб беринг.
1)Нима учун Худо ўз халқини Канъон подшоҳи Йабиннинг қўлига топширди?
2)Нима учун Исроил ўғиллари РАббийга фарёд қилдилар?
3)Исроил ўғиллари Худога фарёд қилганида Раббий нима қилди?
4)Раббий Баракка Дебораҳ орқали нимани буюрди?
5)Барак Дебораҳга нима деб жавоб берди?
6)Дебораҳ Баракка Ким сендан олдинда боради?-деди.
7)Душманни нима қилишди?
Судялар 4-боб
1. Эҳуд ўлганидан сўнг Исроил ўғиллари яна Раббий нигоҳида ёвуз бўлган ишларни қила бошладилар.
2. Шунда Раббий уларни Ҳазорда ҳукмронлик қиладиган Канъон подшоҳи Йабиннинг қўлига топширди. Унинг лашкарбошиси Ҳарошет-Ҳагойимда яшайдиган Сисара эди.
3. Исроил ўғиллари Раббийга фарёд қилдилар, зеро унинг тўққиз юзта темир араваси бор эди ва у Исроил ўғилларини йигирма йил қаттиқ эзди.
4. Ўша вақтда Лапидотнинг хотини, пайғамбар Дебораҳ Исроилда судья эди.
5. У Эфрайим тоғидаги, Рамаҳ ва Бетел оралиғидаги Дебораҳнинг палмаси остида яшар эди, Исроил ўғиллари унинг олдига ҳукмга келар эдилар.
6. Дебораҳ одам юбориб, Нафталига тегишли Кедешдан Абиноам ўғли Баракни чақиртирди ва унга деди: –Сенга Раббий, Исроилнинг Худоси амр қилмоқда: «Боргин, Табор тоғига чиққин, Ўзинг билан бирга Нафтали ўғилларидан ва Зебулун ўғилларидан ўн минг кишини олгин.
7. Мен эса, сенинг олдингга, Кишон дарёсига Йабиннинг лашкарбошиси Сисарани, унинг араваларини ҳамда кўп сонли қўшинини олиб келаман ва уни сенинг қўлларингга топшираман».
8. Барак унга: –Агар сен мен билан бирга борсанг, бораман; агар мен билан бормасанг, бормайман, – деди.
9. У: –Боришга, мен сен билан бирга бораман. Фақат унда сен бораётган бу йўлда шараф сенга бўлмайди, Раббий Сисарани аёлнинг қўлига топширади. Дебораҳ туриб Барак билан бирга Кедесга борди.
10. Барак Зебулун ва Нафтали қабиласини Кедешга чақирди ва унинг ортидан ўн минг киши борди, Дебораҳ ҳам у билан бирга борди.
11. Кений Ҳебер Мусонинг қайнатаси Ҳобаб ўғилларидан, кенийлардан ажралди ва Кедеш яқинидаги Заананим эманзорида чодир ёйди.
12. Сисарага эса Абиноамнинг ўғли Барак Табор тоғига кўтарилганини етказдилар.
13. Сисара ўзининг барча араваларини, тўққиз юзта темир араваларини, ўзида бўлган бор халқни Ҳарошет-Ҳагойимдан Кишонга чақиртирди.
14. Дебораҳ Баракка: «Тургин, зеро бу –Раббий Сисарани сенинг қўлларингга топширадиган кундир. Раббийнинг Ўзи сендан олдинда боради», – деди. Барак ва унинг ортидан ўн минг киши Табор тоғидан тушди.
15. Шунда Раббий Сисарани, унинг барча араваларини, унинг бор қўшинини Баракнинг қиличидан саросимага солди ва Сисара аравасидан тушиб, пиёда қочиб кетди.
16. Барак унинг араваларини ва қўшинини Ҳарошет-Нагойимгача таъқиб қилди ва Сисаранинг бор қўшини қилич тиғидан қулади, ҳеч ким қолмади.
Жавоблар:
1)
2)
3)
4)
5)
6)
7)
Хулоса: Халқ гуноҳ қилганида, Худо халқини душманининг қўлига топширди. Душмани уни эзди. Шунда улар фарёд қилдилар, Худо нажот юборди. Дебораҳ пайғамбар эди, Худо билан гаплашар эди. Унда шундай мойланиш сезилар эдики, эркак киши агар шу аёл биз билан борса биз ғалаба қозонамиз дейишди. Худо олдиларидан боргани учун улар ғалаба қозонишди. Биз ҳам гуноҳ қилмаслигимиз керак, акс ҳолда ёвуз руҳлар азоблай бошлайди. Ўшанда тавба қилиб, ўзгармагунча озод бўла олмаймиз.
Ибодат: Раббий, борлигинг, Сўзинг учун раҳмат. Дуо қил, муқаддас яшайлик. Душман ҳужум қилганида олдимизда бор, токи ғалаба қозониб, номингни улуғлайлик. Исо Масиҳ номи билан: Омин.
13.ГИДЕОН
13.а.Гидеоннинг танланиши
Муқаддас Руҳ маъносини очишини сўраб, ўқиб, саволларга жавоб беринг.
1)Нима учун Худо ўз халқини мидианликларнинг қўлларига топширди?
2)Худонинг фариштаси Гидеонни қандай атади?
3)Раббий Гидеонга нимани бузиб, нимани қуришни буюрди?
Судьялар 6-боб
1. Исроил ўғиллари яна Раббий нигоҳида ёвуз бўлган ишларни қила бошладилар ва Раббий уларни етти йилга мидианликларнинг қўлларига топширди.
2. Исроилнинг устида мидианликларнинг қўли оғир эди ва Исроил ўғиллари мидианликлардан ҳимояланиш учун тоғларда даралар, ғорлар ҳамда мустаҳкамланган жойлар қилдилар.
3. Исроил экин экканида, мидианликлар, амалеқликлар ва шарқнинг аҳолиси келар эди ва уларнинг ерларида юрар эдилар.
4. Уларнинг ерларида чодирлари билан турар, Газагача ернинг ҳосилларини битирар ва Исроилда озиқланиш учун қўйни ҳам, ҳўкизни ҳам, эшакни ҳам қолдирмас эдилар.
5. Зеро улар ўзларининг чорвалари билан ва чодирлари билан келар эдилар, чигиртка каби кўп сонли бўлиб келар эдилар; уларнинг ва уларнинг туяларининг сон-саноғи йўқ эди ҳамда Исроил ерида, уни бўм-бўш қилиш учун юрар эдилар.
6. Исроил мидианликлар туфайли жуда қашшоқлашди ва Исроил ўғиллари Раббийга фарёд қилдилар.
7. Исроил ўғиллари Раббийга мидианликлардан фарёд қилганларида,
8. Раббий Исроил ўғилларига пайғамбарни юборди ва уларга деди: «Раббий, Исроилнинг Худоси шундай дейди: Мен сизларни Мисрдан олиб чиқдим, сизларни қуллик уйидан олиб чиқдим.
9. Сизларни мисрликларнинг қўлидан ва барча сизларни эзганларнинг қўлидан халос қилдим, уларни олдингиздан қувиб юбордим ҳамда ерларини сизларга бердим,
10. сизларга: «Мен –Раббий, сизларнинг Худойингизман. Сизлар ерларида яшаётган аморийларнинг худоларини эҳтиром қилманглар», – дедим. Лекин сизлар Менинг овозимга қулоқ солмадинглар».
11. Раббийнинг фариштаси келди ва Офраҳда Абиезрийнинг авлоди Йоашга тегишли бўлган эман остида ўтирди. Унинг ўғли Гидеон мидианликлардан яшириниш учун исканжада буғдойни уриб чиқараётган эди.
12. Унга Раббийнинг фариштаси намоён бўлди ва унга: –Раббий сен билан бирга, кучли паҳлавон! – деди.
13. Гидеон унга: –Эгам менинг! Агар Раббий бизлар билан бўлса, нима учун буларнинг ҳаммаси бизнинг бошимизга тушди? Бизнинг оталаримиз: «Раббий бизларни Мисрдан олиб чиқди», – деб айтиб берган Унинг барча мўъжизалари қани? Эндиликда Раббий бизларни тарк этди ва бизларни мидианликларнинг қўлларига топширди, – деди.
14. Раббий унга қараб деди: –Шу кучинг билан боргин ва Исроилни мидианликларнинг қўлларидан халос қилгин. Мен сени юборяпман.
15. У: –Раббий! Мен Исроилни қандай қилиб халос қиламан? Мана, менинг авлодим Манассеҳнинг қабиласида энг қашшоқ, мен ҳам отамнинг уйида энг кичигиман, – деди унга.
16. Раббий унга: –Мен сен билан бирга бўламан ва сен мидианликларни бир кишини енггандек енгасан.
17. Гидеон Унга деди: –Агар мен Сенинг нигоҳларингда иноят топган бўлсам, унда Сен мен билан суҳбатлашаётганинг ҳақида менга аломат бергин:
18. мен Сенинг олдингга келмагунимча ва ўз туҳфамни келтириб Сенга тақдим қилмагунимча шу ердан кетмагин. У: –Мен сен келгунингча тураман, – деди.
19. Гидеон борди ва улоқча ҳамда бир эфа ундан хамиртурушсиз нон тайёрлади. Гўштни саватга солди, шўрвани хумчага солди ва эман остига олиб келиб Унга тақдим этди.
20. Худонинг фариштаси унга: –Гўштни ва хамиртурушсиз нонни олиб, мана бу тошнинг устига қўйгин, сўнг шўрвани устига тўккин, – деди. У худди шундай қилди.
21. Раббийнинг фариштаси қўлида бўлган таёғининг учини чўзиб, гўштга ва хамиртурушсиз нонга текизди. Шунда тошдан олов чиқиб, гўштни ва хамиртурушсиз нонни еб юборди. Раббийнинг фариштаси эса унинг кўзидан ғойиб бўлди.
22. Гидеон бу Раббийнинг фариштаси эканини кўрди ва Гидеон: «Ҳолимга вой, Ё, Раббий Худо! Чунки мен Раббийнинг фариштаси билан юзма-юз кўришдим», – деди.
23. Раббий унга: «Сенга тинчлик бўлсин, қўрқмагин, ўлмайсан», – деди.
24. Ўша жойда Гидеон Раббийга қурбонгоҳ қурди ва уни «Йеҳоваҳ Шалом» деб атади. У ҳозирги кунгача Абиэзрий Офраҳдадир.
25. Ўша тунда Раббий унга деди: «Отангнинг подасидан бир бузоқ ва етти ёшли бошқа бир бузоқни олгин ва отангникида бўлган Баалнинг қурбонгоҳини бузиб ташлагин ҳамда унинг ёнидаги Ашераҳнинг эманини кесиб ташлагин.
26. Сўнг мана шу қоянинг чўққисида қоидаси бўйича ўз Худойинг Раббийга қурбонгоҳ қургин ва иккинчи бузоқни олгин ҳамда сен кесиб ташлайдиган Ашераҳнинг дарахти ўтинларида тамоман ёндириш қурбонлигига келтир».
27. Гидеон ўз қулларидан ўн кишини олди ва Раббий айтганидек қилди. Лекин буни кундузи қилишга отасининг хонадонидагилардан ва шаҳар аҳолисидан қўрққани туфайли тунда қилди.
28. Эрталаб шаҳар аҳолиси турди ва мана, Баалнинг қурбонгоҳи бузиб ташланган, унинг ёнидаги дарахт кесиб ташланган ва янги ўрнатилган қурбонгоҳда иккинчи бузоқ тамоман ёндириш қурбонлигига келтирилган эди.
29. Улар бир-бирларига: «Ким бу ишни қилди?» – дер эдилар. Изладилар, сўраб-суриштирдилар ва уларга: «Йоашнинг ўғли Гидеон буни қилди», – дедилар.
30. Шаҳар аҳолиси Йоашга: –Ўғлингни олиб чиққин. У Баалнинг қурбонгоҳини бузиб ташлагани ва унинг ёнидаги Ашераҳ эманини кесиб ташлагани учун ўлиши керак, – дедилар.
31. Йоаш унинг қаршисида турганларнинг барчасига: –Баал учун сизлар курашасизларми? Уни сизлар ҳимоя қиласизларми? Ким у учун курашса ўша одам шу тонгнинг ўзида ўлимга маҳкум қилинади. Агар у худо бўлса, ўзи учун ўзи курашсин, чунки у унинг қурбонгоҳини бузди, – деди.
32. Уни эса шу кундан бошлаб Йеруббаал деб атай бошлади, чунки: «У унинг қурбонгоҳини бузгани учун Баалнинг ўзи у билан курашсин», – деди.
33. Сўнгра ҳамма мидианликлар, амолеқликлар ва шарқ аҳолиси биргаликда йиғилиб, дарёни кечиб ўтдилар ва Изреел водийсида қароргоҳ қурдилар.
34. Гидеонни эса Раббийнинг Руҳи қамради. У карнай чалди ва Абиэзрийлар унинг ортидан боришга чорландилар.
35. У Манассеҳнинг барча қабиласига элчилар юборди ва унинг ортидан боришга улар ҳам чорландилар; шунингдек, Ашерга, Забулунга ва Нафталига элчилар юборди ва улар у билан учрашгани келдилар.
36. Гидеон Худога деди: «Агар Сен, Ўзинг айтганингдек Исроилни менинг қўлим билан халос қилсанг,
37. унда мана, қирқилган жунни хирмон саройида ёяман: агар шудринг фақат жунда бўлса ва бутун ер қуруқ бўлса, унда Сен айтганингдек, менинг қўлим билан Исроилни қутқаришингни билиб оламан».
38. Шундай бўлди ҳам. Эртаси куни, эрта тонгда туриб, у жунни сиқди ва жундан бир пиёла тўла шудрингни сиқиб олди.
39. Гидеон Худога яна: «Агар яна бир бора айтсам ва яна бир борагина жун билан синов ўтказсам мендан ғазабланмагин: фақат жуннинг усти қуруқ бўлсин, бутун ерда эса шудринг бўлсин», – деди.
40. Ўша тунда Худо худди шундай қилди: фақат жуннинг усти қуруқ эди, бутун ерда эса шудринг эди.
Жавоблар:
Ибодат: Раббий, борлигинг, Сўзинг учун раҳмат. Дуо қил, бизга ҳам қийинчилигимизда ташриф буюр. Биз билан бўл ва ёвуз руҳларни енгишимизга ёрдам бер. Сохта дин қурбонгоҳларини бузиб, Сенга қурбонгоҳ қуришимизга ёрдам бер. Халқингни душманларидан қутқар. Исо Масиҳ номи билан: Омин.
13.б КАМ СОНЛИ ОДАМ БИЛАН ГИДЕОНГА РАББИЙ ҒАЛАБА БЕРИШИ
Муқаддас Руҳ маъносини очишини сўраб, ўқиб, саволларга жавоб беринг.
1) Нима учун Худо Исроилга кам сонли одам билан ғалаба бермоқчи бўлди?
2)Раббий душманни қўлига топширгани ҳақида Гидеонга қандай аломат берди?
3)Душман қандай қилиб енгилди?
7-боб
1. Гидеон бўлмиш Йеруббаал ва у билан бирга бўлган халқ эрта тонгда турди ва Ҳарод қудуғи ёнида қароргоҳ қурдилар. Мидианнинг қароргоҳи эса ундан шимол томонда, водийдаги Мореҳ тепалигида эди.
2. Раббий Гидеонга деди: «Сен билан бирга бўлган халқ жуда кўп, Мен мидианликларни уларнинг қўлларига топшира олмайман, токи Исроил Менинг қаршимда мағрурланиб: «Менинг қўлим мени қутқарди», демасин.
3. Шундай қилиб, халқнинг қулоғига эшиттириб эълон қилгин ва дегин: «Ким қўрқоқ ва журъатсиз бўлса, ортга қайтсин ва Гилад тоғидан эрта тонгда кетсин». Шунда халқдан йигирма икки минг киши қайтди, ўн минг киши қолди.
4. Раббий Гидеонга деди: «Ҳали ҳам халқ кўп. Уларни сувга бошлаб боргин, Мен сенга уларни танлаб бераман. Мен ким ҳақида: «Сен билан бирга борсин», десам, ўша сен билан бирган борсин. Ким ҳақида: «Сен билан бирга бормасин», десам, ўша сен билан бирга бормасин».
5. У халқни сувнинг бўйига олиб келди. Раббий Гидеонга деди: «Ким сувни ит ялаб ичгани каби тили билан ялаб ичса, уни алоҳида қўйгин, шунингдек, тиззаларига чўк тушиб сув ичадиганларнинг ҳаммасини алоҳида қўйгин».
6. Қўлидан оғзи билан сувни ялаб ичганларнинг сони уч юз киши эди, қолган бутун халқ эса сув ичиш учун тиззаларига чўк тушган эдилар.
7. Сўнг Раббий Гидеонга деди: «Ялаб ичган уч юз киши билан Мен сизларни халос қиламан ва мидианликларни сизларнинг қўлларингизга топшираман, бутун халқ эса ҳаммаси ўз жойига борсин».
8. Улар халқдан ўзлари учун озуқа ва уларнинг карнайларини олдилар ва Гидеон ҳамма исроилликларни чодирларига қўйиб юбориб, ўзида уч юз кишини олиб қолди. Мидианликларнинг чодирлари эса ундан пастда, водийда эди.
9. Ўша тунда Раббий унга деди: «Тургин, қароргоҳга тушиб боргин, Мен уни сенинг қўлингга топшираяпман.
10. Агар бир ўзинг боришга қўрқсанг, унда қароргоҳга сен ва сенинг хизматкоринг Фураҳ боргин.
11. Улар нима деяётганларини эшитасан, ўшанда қўлларинг қувватланади ва қароргоҳга борасан». У ва унинг хизматкори Фураҳ қароргоҳда бўлган қуролланган кишиларнинг олдига бордилар.
12. Мидианликлар, амолеқликлар ва шарқнинг барча аҳолиси водийда чигиртка каби кўпчилик бўлиб жойлашган эдилар; уларнинг туяларининг сон-саноғи йўқ эди, улар дарё қирғоғидаги қум каби кўп эдилар.
13. Гидеон келди. Мана, бири бошқасига тушини айтиб берар эди ва дер эди: «Мен туш кўрдим, гўёки юмалоқ арпа нони Мидиан қўшини бўйлаб думалаб келар эди, у чодирга думалаб келиб, уни шундай урдики, у қулади, уни ағдариб юборди ва чодир бузилиб кетди».
14. Бошқаси унга жавобан деди: «Бу ―исроиллик Йоашнинг ўғли Гидеоннинг қиличидан бошқа нарса эмас. Худо мидианликларни ва бор қўшинни унинг қўлига топширди».
15. Гидеон тушнинг баёнини ва унинг талқинини эшитиб, Раббийга сажда қилди ва Исроилнинг қароргоҳига келиб: «Туринглар! Раббий мидианликларнинг қўшинини сизларнинг қўлингизга топширди», ― деди.
16. У уч юз одамни уч гуруҳга бўлди ва уларнинг ҳаммасининг қўлларига карнайлар, бўш кўзалар ҳамда бўш кўзаларнинг ичида чироқлар берди.
17. Уларга деди: «Менга қаранглар ва мен қилгандек қилинглар. Мана, мен қароргоҳга яқинлашаман ва мен нима қилсам, сизлар ҳам шуни қилинглар.
18. Мен ва мен билан бирга бўлганлар карнай чалганимизда, сизлар ҳам бутун қароргоҳ атрофида карнайларингизни чалинглар ва: «Раббийнинг ва Гидеоннинг қиличи!» –деб қичқиринглар».
19. Гидеон ва у билан бирга юз киши ўрта соқчиликнинг бошида қароргоҳга келишди, соқчиларни уйғотишди, карнайларни чалишди ва қўлларида бўлган кўзаларни синдиришди.
20. Уччала гуруҳ ҳам карнайлар чалишди, кўзаларни синдиришди; улар чап қўлларида чироқларини, ўнг қўлларида эса карнайларини тутиб турар эдилар, карнай чалиб: «Раббийнинг ва Гидеоннинг қиличи!» ― деб қичқирар эдилар.
21. Уларнинг ҳар бири қароргоҳнинг атрофида ўз жойида турар эди. Шунда бутун қароргоҳдагилар югура бошладилар, қичқирдилар ва қочиб қолдилар.
22. Уч юз киши карнай чалаётганида, Раббий бутун қароргоҳда уларнинг ҳар бирининг қиличини бошқасига қарши қилиб қўйди, шунда қўшин Зерератдаги Бетшиттаҳга, Таббат ёнидаги Абелмеҳолаҳнинг чегарасигача қочди.
23. Нафтали, Ашер ва Манассеҳнинг бутун қабиласидан исроилликлар чақирилдилар ва мидианликларни таъқиб қилдилар.
24. Гидеон эса бутун Эфрайим тоғига элчиларни юбориб деди: «Мидианликларнинг олдидан чиқинглар ва Бетбараҳ ва Йордангача бўлган сув кечувини улардан тортиб олинглар». Барча эфрайимликлар чақирилдилар ва Бетбараҳ ҳамда Йордангача бўлган сув кечувини қўлга олдилар.
25. Улар шунингдек, мидианликларнинг иккита ҳокимларини: Ореб ва Зибни қўлга олдилар. Оребни Ореб қоясида, Зибни эса Зиб исканжаси ёнида ўлдирдилар ва мидианликларни таъқиб қилдилар. Ореб билан Зибнинг бошини эса Йорданнинг у томонига, Гидеонга олиб келдилар.
Жавоблар:
1)
2)
3)
Ибодат: Раббий, борлигинг, Сўзинг учун раҳмат. Дуо қил, бизга ҳам руҳий душманларимизни бўйсундир. Бу ҳақида аломат бер, чиққанимизда эса ёвуз руҳлар қирилиб, халқингга озодлик келсин. Исо Масиҳ номи билан: Омин.
14. РУТ ОНА
14.А.РУТ ОНАНИНГ НАОМИ БИЛАН ХУДОНИНГ ХАЛҚИГА ҚАЙТИБ КЕЛИШИ
Муқаддас Руҳ маъносини очишини сўраб, ўқиб, саволларга жавоб беринг.
1)Элимелех ва Наомиларнинг оиласи нима учун Моаб ерига яшаш учун кетди?
2)Моаб ерида Наоми кимларни йўқотди?
3)Нима учун Наоми Моаб еридан қайтиб кетди?
4) Наоми келинларига онангизнинг уйига қайтинглар, деганида Рут нима деди?
Рут китоби 1‑боб
1. Судьялар ҳукмронлик қилган кунларда ерда очарчилик бошланди ва Яҳудиянинг Байтлаҳм шаҳридан бўлган бир киши хотини ҳамда икки ўғли билан бирга Моаб ерига яшаш учун кетди.
2. Бу одамнинг исми Элимелех, унинг хотинининг исми Наоми ва унинг иккита ўғилларининг исмлари Махлон ва Хилион эди. Улар Яҳудиянинг Байтлаҳм деган жойидан бўлган эфратийлар эдилар. Улар Моаб ерига келдилар ва ўша жойда қолдилар.
3. Сўнгра Наомининг эри Элимелех вафот этди ва у ўзининг икки ўғли билан қолди.
4. Улар ўзларига моабликлардан хотин олдилар, бирининг исми Орпаҳ, бошқасининг исми эса Рут эди ва улар ўша жойда ўн йилга яқин яшадилар.
5. Кейин эса унинг иккала ўғли Махлон ва Хилион ҳам вафот этдилар. Бу аёл иккала ўғилларидан ва эридан жудо бўлди.
6. Шунда у ўзининг келинлари билан бирга ўрнидан туриб, Моаб еридан қайтиб кетди, чунки Раббий Ўз халқига ташриф буюрганини ва уларга нон берганини у Моаб ерида эшитди.
7. Шундай қилиб, у ўзи яшаган ўша жойдан чиқди ва унинг иккала келинлари у билан бирга чиқдилар. Улар Яҳудия ерига қайтаётиб, йўлда кетаётганларида,
8. Наоми ўзининг иккала келинларига деди: – Боринглар, ҳар бирингиз ўз онангизнинг уйига қайтинглар. Сизлар ўлган фарзандларимга ва менга қандай эзгулик қилган бўлсангизлар, Раббий ҳам сизларга шундай эзгулик қилсин.
9. Сизларнинг ҳар бирингиз ўз эрингизнинг уйида бошпана топишингизни Раббий ато қилсин. Сўнг у уларни ўпди ва улар фарёд кўтариб йиғладилар.
10. Улар унга: – Йўқ, бизлар сиз билан бирга сизнинг халқингизнинг олдига қайтамиз, – дейишди.
11. Лекин Наоми деди: – Қайтинглар, қизларим. Мен билан кетишнинг сизларга нима кераги бор? Ахир менинг қорнимда сизларга эр бўла оладиган ўғиллар борми?
12. Қизларим, қайтиб кетинглар, зеро эрга тегиш учун мен энди қариман. Агарда мен: “Менинг ҳали умидим бор”, деб айтсам ва ҳаттоки, бу кечанинг ўзида турмушга чиқиб, сўнгра ўғиллар туғсам ҳам,
13. сизлар улар улғайгунларига қадар кута оласизларми? Сизлар турмушга чиқмасдан уларни кутасизларми? Йўқ қизларим, мен сизлар учун ниҳоятда қайғурмоқдаман, зеро Раббийнинг қўли менга қарши кўтарилди.
14. Улар овозларини баланд кўтариб, яна йиғлай бошладилар. Сўнг Орпаҳ қайнонасини ўпиб хайрлашди, Рут эса у билан бирга қолди.
15. Сўнгра Наоми: – Мана, Орпаҳ ўзининг халқига ва худоларига қайтди, сен ҳам Орпаҳнинг ортидан кетгин, – деди.
16. Лекин Рут деди: – Сизни ташлаб кетишга ва сиздан қайтиб кетишга мени мажбур қилманг, лекин сиз қаерга борсангиз, мен ҳам ўша ерга бораман ва сиз қаерда яшасангиз, мен ҳам ўша ерда яшайман. Сизнинг халқингиз менинг халқим ва сизнинг Худойингиз менинг Худойим бўлади.
17. Сиз қаерда вафот этсангиз, мен ҳам ўша ерда вафот этаман ва дафн қилинаман; Раббий менга истаганини қилсин, бунданда ортиғини қилсин, мени сиздан фақатгина ўлим ажрата олади.
18. У Наоми билан кетишга қатъий қарор қилганини кўриб, у уни қайтишга мажбур қилишдан тўхтади.
Хулоса: Рут ғайритабиий келин эди. Эри ўлган келинчак тул қайнонасига ғайритабиий садоқат кўрсатди. Қайнона билан бирга яшаб, бирга ўлишни, халқини ва Худосини қабул қилишни қарор қилди. Раббий номи билан фақат ўлим уларни ажрата олишини эълон қилди, келажакда шу аёл ортидан барака топади. ХУдонинг халқи ваъда қилинган ерга келаётганида Моабликлар қарши чиққан эди. Шу учун Худо уларни: Моабликлар Худонинг халқига қўшила олмайди, деб лаънатлаган эди. Рут садоқати туфайли ўз халқининг лаънатидан қутулиб, Худонинг халқи баракасига кирди. Биз ҳам Худо бизларга берган одамларга содиқ бўлишимиз керак, шунда Раббий бизларни дуо қилади.
Жавоблар:
1)
2)
3)
4)
Ибодат: Раббий, борлигинг, Сўзинг учун раҳмат. Дуо қил, биз ҳам Рут каби содиқ бўлайлик, бизларга ҳам содиқ фарзандлар ва шогирдлар бер, улар садоқати орқали барака топсин. Исо Масиҳ номи билан: Омин.
14.б РУТ ОНАНИНГ МЕҲНАТСЕВАРЛИГИ ВА САДОҚАТИ ТУФАЙЛИ ДУО ОЛИШИ
Муқаддас Руҳ маъносини очишини сўраб, ўқиб, саволларга жавоб беринг.
1)Рут нима иш қила бошлади?
2)Нима учун Боаз Рутни қабул қилиб, унга ғамхўрик қилди?
3)Боаз Рутни нима деб дуо қилди?
4)Боаз Рутни дуо қилганида, РУт нима деб жавоб берди?
Рут 2‑боб
1. Наомининг эри томонидан қариндоши бўлмиш, Елимелеҳ оиласидан бўлган ниҳоятда бой, Боаз исмли бир киши бор эди.
2. Моаблик Рут Наомига: –Мен далага бораман ва кимнинг нигоҳида илтифот топсам, унинг ортидан бошоқларни тераман, – деди. У унга: –Боргин, қизим, – деди.
3. Шундай қилиб, у кетди ва бориб, далада ўроқчиларнинг ортидан бошоқларни тера бошлади. Шундай бўлдики, у келган даланинг бу қисми Елимелеҳ оиласидан бўлган Боазга тегишли эди.
4. Мана, Боаз Байтлаҳмдан келди ва ўроқчиларга: –Раббий сизлар билан! – деди. Улар унга: –Раббий сени дуо қилсин! – дедилар.
5. Шунда Боаз ўроқчилар устидан назоратчи бўлган ўз хизматкорига: –Бу ёш аёл кимнинг аёли? – деди.
6. Ўроқчилар устидан назоратчи бўлган хизматкор жавоб бериб: –Бу Моаб еридан Наоми билан бирга келган моаблик ёш аёл, – деди. –
7. Бу аёл: “Менга ўроқчиларнинг ортидан боғламлар орасидан тушган бошоқларни теришга рухсат бер”, деди. Шундай қилиб, у келиб, тонг саҳардан шу чоққача шу ерда қолди. У уйида кам вақт бўлади.
8. Шунда Боаз Рутга деди: –Қизим, диққат билан қулоқ солгин. Бошоқ териш учун бошқа далага бормагин ва бу ердан бошқасига ўтмагин, лекин бу ерда менинг чўриларим билан бирга бўлгин.
9. Сенинг кўзларинг улар ўраётган далада бўлсин ва уларнинг ортидан юргин. Мана, мен ўз хизматкорларимга сенга тегмасликни буюрдим. Чанқаганингда сув идишининг олдига бориб, менинг хизматкорларим тортиб чиқарган сувдан ичгин.
10. Шунда аёл юз тубан йиқилиб, ергача таъзим қилди ва унга: –Мен сизнинг нигоҳингизда қандай илтифот топдимки, гарчи мен ўзга ерлик бўлсам ҳам, сиз мени қабул қиляпсиз? – деди.
11. Боаз унга жавоб бериб, деди: –Сен ўз эрингнинг ўлимидан сўнг қайнонанг учун нималар қилганингдан, ўз ота‑онангни, туғилган ерингни қолдириб, ўзинг билмаган халқнинг олдига келганингдан мен хабардорман.
12. Раббий бу ишинг учун сени тақдирласин ва сен қанотлари остидан паноҳ излаб келган Исроилнинг Худоси Раббийдан сенга тўлиқ мукофот бўлсин!
13. Шунда у: –Мен сизнинг нигоҳингизда илтифот топайин, менинг ҳазратим, зеро сиз мени юпатдингиз ва гарчи мен сизнинг чўриларингизнинг биридек бўлмасам‑да, чўрингизнинг юрагидагини гапирдингиз, –деди.
14. Тушлик пайтида Боаз унга: –Бу ёққа келиб нон егин, ўз нон бўлагингни сиркага ботиргин, – деди. У ўроқчиларнинг ёнига ўтирди. У унга нон узатди, у еб тўйди ва яна ортиб қолди.
15. У бошоқ териш учун турганида, Боаз ўз хизматкорларига буюриб деди: “У боғламлар орасидан тераверсин ва уни хафа қилманглар.
16. Шунингдек, ўзларинг ҳам унга атайлаб боғламлардан бошоқлар ташлаб кетинглар, у териб олсин ва уни койиманглар”.
17. Шундай қилиб, у кечгача далада бошоқ терди. Сўнгра, у йиғиб олганини янчганида, эфага яқин арпа чиқди.
18. У буни олиб, шаҳарга кетди ва қайнонаси у йиғиб олган донни кўрди. Рут ўзи еб тўйганидан қолган нонни ҳам қўйнидан чиқариб, унга берди.
19. Қайнонаси унга: –Бугун сен қаерда бошоқ тердинг ва ишладинг? Сени қабул қилган барака топсин! – деди. Шунда у кимникида ишлаганини ўз қайнонасига маълум қилиб: –Мен бугун Боаз исмли одамникида ишладим, – деди.
20. Наоми келинига: –Ўз илтифотини тириклардан ҳам, ўликлардан ҳам аямайдиган Раббийдан у барака топсин! – деди. Наоми яна унга: –Бу одам бизга қариндош, у бизнинг яқин қариндошларимиздан бири, –деди.
21. Шунда моаблик Рут деди: –Бундан ташқари, у менга: “Хизматкорларим менинг бутун ҳосилимни йиғиб тугатмагунича, улар билан бирга бўлгин”, деди.
22. Наоми ўз келини Рутга: –Қизим, сен унинг чўрилари билан юришинг яхшидир, чунки бошқа даладагилар сени хафа қилмайдилар, – деди.
23. Шундай қилиб, арпа ўрими ва буғдой ўрими тугамагунича, у Боазнинг чўрилари билан бирга бўлиб, бошоқ йиғди ва ўз қайнонаси билан бирга яшади.
Жавоблар:
1)
2)
3)
4)
Хулоса: Рут уйда қуруқ ўтирмади, оиласи учун ғамхўрлик қилиш учун дон тергани чиқди. Худо уни қайнонасига ғамхўрлик қилиш учун ўз халқи, ери, худосини қўйиб келгани учун шарафлади. Боаз бу шарафни кўриб, унга ғамхўрлик қилди. Боаз: Раббий сени тақдирласин ва мукофот берсин, деб дуо қилганида, Рут: юрагимдагидек гапирдингиз, деди. Демак, Рут ўзини қурбон қилиб ўзга юртга келганига мукофотни Раббийдан кутган ва Раббийдан олади. Биз ҳам мукофотни Раббийдан кутиб ўзимизникиларга садоқат кўрсатишимиз керак, шунда имонимизга яраша тақдирланамиз.
Ибодат: Раббий, борлининг, Сўзинг учун раҳмат. Дуо қил, биз ҳам РУт каби ҳамма ишни Сенга садоқат учун қилайлик ва мукофотни Сендан олайлик. Яқинларимизга содиқ ва меҳрибон бўлайлик. Исо Масиҳ номи билан: Омин.
14.В РУТ ОНАНИНГ ФАРЗАНДЛИ БЎЛИШИ
Муқаддас Руҳ маъносини очишини сўраб, ўқиб, саволларга жавоб беринг.
1)Аёллар Наомининг келинини қандай таърифладилар?
2)Рутнинг ўғли кимнинг бобоси бўлди?
Рут 4-боб.
13. Шундай қилиб, Боаз Рутни хотинликка олди ва у унинг хотини бўлди. Боаз у билан қовушди, Раббий унга ҳомиладор бўлишга қувват берди ва у ўғил туғди.
14. Шунда аёллар Наомига дедилар: “Эндиликда сени сотиб олувчисиз қолдирмаган Раббий муборакдир, Унинг номи Исроилда машҳур бўлсин!
15. У сен учун ҳаётингни тикловчи ва қариганингда боқувчинг бўлсин. Зеро уни сени севадиган ва сен учун етти ўғилдан аълороқ бўлган келининг туғди”.
16. Шунда Наоми гўдакни олиб, уни қўйнига солди ва унга энага бўлди.
17. Қўшни аёллар унга исм қўйиб: “Наомининг ўғли туғилди”, – дедилар. Шундай қилиб, улар унга Обед деб исм қўйдилар. У Довуднинг отаси бўлмиш Йессайнинг отасидир.
1)
2)
Хулоса: Раббий дуо қилиб, Рут фарзандли бўлди. Боланинг туғилиги Раббийга миннатдорчилик келтирди ва РАббий номини улуғлади. Рутнинг ўғли эрининг авлодини тиклади. Шу билан бирга Рутни Масиҳнинг шажарасига қўшди.
Ибодат: Раббий, борлигинг, Сўзинг учун раҳмат. Дуо қил, биз ҳам Рутдек имонли, қурбонли юракка эга бўлайлик ва Рутдек Худонинг халқи баракасини олайлик, мойланган фарзандларга эга бўлайлик. ИСо Масиҳ номи билан: Омин.
ххх
15.ШОМУИЛ
Муқаддас Руҳ маъносини очишини сўраб, ўқиб, саволларга жавоб беринг.
1)Олдинги боблардан Шомуилнинг туғилиши тарихини эслаб айтиб беринг.
2)Шомуилнинг маъбадга келиб қолиши, руҳонийнинг 2ўғли нима қилгани ва Шомуилнинг хизматини эслаб айтиб беринг.
3) Шомуилга ким гапирди?
4)Шомуилга ким Худонинг овозини таниб, жавоб беришни ўргатди?
5)Шомуил Раббийдан қандай хизматни қабул қилиб олди?
6)Худо руҳонийнинг ўғилларига гуноҳлари учун қандай жазони белгилади?
3-боб
1. Ўспирин Шомуил Элийнинг ёнида Раббийга хизмат қилиб юрар эди. Ўша кунлар Раббийнинг Сўзи кам келар, ваҳий ҳам кўп бўлмас эди.
2. Бир куни Элий ўз ётоғида ётганида, унинг кўзлари хиралаша бошлади ва у кўрмайдиган бўлиб қолди.
3. Худонинг чироғи ҳали ўчмаган эди. Шомуил эса Худонинг сандиғи жойлашган Раббийнинг маъбадида ётар эди.
4. Раббий Шомуилни чақирди. У эса: ― Мана, мен шу ердаман, ― деб жавоб бериб,
5. Элийнинг олдига югурди ва унга: ― Мени чақирдингизми, мен шу ердаман, ― деди. Лекин у: ― Йўқ, мен сени чақирмадим, жойингга бориб ёт, ― деди. У бориб ётди.
6. Раббий эса Шомуилни яна чақирди. У ўрнидан туриб, Элийнинг олдига келиб, унга: ― Мени чақирдингизми, мен шу ердаман! ― деди. ― Йўқ, ўғлим, мен сени чақирмадим, жойингга бориб ёт, ― деди у.
7. Шомуил ҳали Раббийни билмас эди, Раббийнинг Сўзи унга ҳали очилмаган эди.
8. Раббий эса учинчи марта Шомуилни чақирди. Шомуил ўрнидан туриб, Элийнинг олдига келиб, унга: ― Мени чақирдингизми, мен шу ердаман, ― деди. Шунда Элий ўспиринни Раббий чақираётганини англади.
9. Шунда Элий Шомуилга деди: ― Жойингга бориб ёт, У яна сени чақирса, сен: «Гапиравер, ё, Раббий, қулинг тинглаяпти», деб айтгин. Шомуил бориб, ўз жойига ётди.
10. Раббий яна зоҳир бўлди ва олдингидай: ― Шомуил, Шомуил! ― деб чақирди. ― Гапиравер, ё, Раббий! Қулинг тинглаяпти! ― деб жавоб берди Шомуил.
11. Шунда Раббий Шомуилга деди: ― Мана, Мен Исроилда шундай иш қиламанки, бу ҳақида эшитганнинг иккала қулоғи ҳам шанғиллайди.
12. Ўша куни, Мен Элийнинг хонадони тўғрисида айтганимнинг ҳаммасини бошидан охиригача амалга ошираман.
13. Элийга: “Сенинг айбинг учун хонадонингни тоабад жазолайман”, деб эълон қилдим, чунки у ўғиллари ўзларига лаънат орттирганларини била туриб, уларни тиймади.
14. Шунинг учун, Мен Элийнинг хонадонининг устига қасам ичаманки, Элий хонадонининг айбини қурбонликлар билан ҳам, нон бағишловлари билан ҳам тоабад ювиб бўлмайди.
15. Шомуил эрталабгача ухлаб ётди, эрталаб эса туриб, Раббий уйининг эшикларини очди. Аммо Шомуил бу ваҳийни Элийга айтишдан қўрқди.
16. Элий эса Шомуилни чақириб унга: ― Шомуил, ўғлим! ― деди. У эса жавоб берди: ― Мана, мен шу ердаман.
17. Элий унга: ― Раббий сенга нима деди? Мендан яширма. Сенга айтилганларнинг ҳаммасидан бирортасини мендан яширсанг, Худо сени ёмон кўйга солади, ҳатто бундан бадтарроғини қилади! ― деди.
18. Шунда Шомуил Элийга ҳаммасини айтиб берди ва ундан ҳеч нарсани яширмади. Элий эса: ― У Раббийдир. Унга нима маъқул бўлса, шуни қилсин, ― деди.
19. Шомуил улғайди. Раббий у билан бирга эди ва у айтган биронта сўзи амалга ошмасдан қолмади.
20. Шунда Дандан то Беершебагача бутун Исроил Шомуил Раббийнинг пайғамбари бўлишга тайинланганини билди.
21. Раббий Шилоҳда Ўзини Шомуилга сўзи орқали очганидан кейин, Раббий Шилоҳда зоҳир бўлишда давом этди.
Жавоблар:
1)
2)
3)
4)
5)
6)
Ибодат: Раббий, борлигинг, Сўзинг учун раҳмат. Дуо қил, Шомуилдек овозингни тинглайлик ва Сен билан суҳбатлаша олайлик. Бизларга ҳам пайғамбарчилик инъомини бергин. Муқаддас яшашимизга ёрдам бер. Исо Масиҳ номи билан: Омин.
16.ДОВУД
16.а.Довуднинг Голиётни енгиши
Муқаддас Руҳ маъносини очишини сўраб, ўқиб, саволларга жавоб беринг.
1) Довудга Голиётнинг нима қилгани ёқмади?
2)Довуд Голиётдан олдин кимлар билан курашиб енгган эди?
3)Довуд Голиётни қандай қилиб ўлдирди?
4)Довуд Голиётнинг Кимнинг кучи билан ўлдирди?
17-боб
1. Филистинликлар уруш учун қўшинларини тўплаб, Яҳудо ҳудудидаги Сокоҳ шаҳрида йиғилдилар. Улар Сокоҳ ва Азекаҳ шаҳарлари орасидаги Эфес-Даммимда қароргоҳ қурдилар.
2. Шоул ва исроилликлар эса тўпланиб, Элаҳ водийсида қароргоҳ қуриб, филистинликларга қарши урушга тайёрландилар.
3. Тоғнинг бир томонидан филистинликлар, бошқа томонидан исроилликлар турдилар, уларнинг орасида эса водий бор эди.
4. Филистинликлар қароргоҳидан гатлик Голиёт деган бир паҳлавон ўртага чиқди. Унинг бўйи олти тирсагу бир қарич эди.
5. Унинг бошида мис дубулға бўлиб, эгнига тангали совут кийиб олган эди; совутнинг оғирлиги беш минг шеқел эди.
6. Унинг оёқларида мис тиззабандлар, елкасида мис найза осилган эди.
7. Унинг қўлидаги найзанинг сопи худди тўқувчи дастгоҳининг ходасидай келар, найза учидаги темирнинг оғирлиги эса олти юз шеқел эди. Голиётнинг олдида қуролбардори унинг қалқонини кўтариб юрар эди.
8. Голиёт ўрнида турганича, Исроил қўшинига қараб қичқирди: “Нима учун биз билан жанг қилгани саф тортдингизлар? Мен филистинлик, сизлар эса Шоулнинг қуллари эмасмисизлар? Орангиздан бир одамни танланглар, у менинг олдимга келсин.
9. Агар у мен билан олишиб, мени ўлдира олса, унда бизлар сизларнинг қулларингиз бўламиз. Агар мен ғолиб келиб, уни ўлдирсам, унда сизлар бизларнинг қулларимиз бўласизлар ва бизларга хизмат қиласизлар”.
10. Ўша филистинлик яна: “Бугун Исроил қўшинларини шарманда қиламан. Қани, бирортасини чиқаринг олдимга! Иккаловимиз жанг қиламиз”, ― деди.
11. Шоул ва барча исроилликлар филистинликнинг бу сўзларини эшитдилар ва жуда қўрқиб, даҳшатга тушдилар.
12. Довуд Яҳудонинг Байтлаҳм шаҳридаги эфратлик Йессай деган одамнинг ўғли эди. Йессайнинг саккизта ўғли бор эди. Шоулнинг кунларида бу одам анча кексайиб қолган бўлиб, эркаклар орасида энг ёши улуғи эди.
13. Йессайнинг катта ўғилларидан учтаси Шоул билан бирга урушга кетган эди. Урушга кетган ўғилларининг исмлари: тўнғичиники – Элиёб, иккинчисиники – Абинадаб, учинчисиники – Шаммаҳ эди.
14. Довуд эса кенжа ўғил эди. Унинг учта катта акаси Шоул билан бирга кетди,
15. Довуд эса отасининг қўйларини боқиш учун Шоулнинг олдидан Байтлаҳмга қайтиб келди.
16. Ўша филистинлик эса эрталаб ва кечқурун ўртага чиқиб, қирқ кун мобайнида ўзини намойиш қилди.
17. Бир куни Йессай ўғли Довудга деди: “Мана бу қовурилган бир эфа дон билан ўнта нонни акаларинг учун ол ва тезда қароргоҳга, акаларингга олиб бор.
18. Мана бу ўн бўлак пишлоқни эса мингбошига олиб бор. Акаларингнинг соғлиғидан хабар ол ва уларнинг эҳтиёжларини билиб кел”.
19. Шоул ва барча исроилликлар Элаҳ водийсида филистинликлар билан жанг қилар эдилар.
20. Эртаси куни Довуд эрта тонгда турди ва қўйларни қоровулга топширди. Йессай буюрганидай, юкни олиб йўлга чиқди. У қароргоҳга келганида, қўшинлар сафда туриб, қичқириқ билан жангга тайёрланар эдилар.
21. Исроилликлар билан филистинликлар бир-бирларига қарши саф тортдилар.
22. Довуд келтирган нарсаларини қароргоҳнинг қўриқчисига қолдириб, саф томон югурди. Акаларининг ёнига бориб, уларнинг соғлиғини сўради.
23. Довуд улар билан гаплашиб турганида, Гат шаҳридан бўлган филистинлик, паҳлавон Голиёт филистинликларнинг сафидан чиқиб, ўша сўзларини гапирди ва Довуд буни эшитди.
24. Барча исроилликлар бу одамни кўрганларида ундан қочар эдилар ва жуда қўрқар эдилар.
25. Исроилликлар бир-бирларига: “Бу олдинга чиққан одамни кўряпсизларми? У Исроилни ҳақорат қилиш учун чиқмоқда. Ким уни ўлдирса, подшоҳ ўша одамга катта бойлик ҳадя қилади, унга қизини ҳам беради ва Исроилда унинг отаси хонадонини озод қилади”, ― дер эдилар.
26. Довуд ёнида турган одамлардан сўради: ―Бу филистинликни ўлдириб, Исроилни шармандаликдан халос қилган одамга подшоҳ нима беради? Зеро бу хатнасиз филистинлик ким бўлибдики, Барҳаёт Худонинг қўшинини бундай ҳақорат қилади?!
27. Халқ эса ўша сўзларни айтиб: ―Уни ўлдирадиган одамга мана бу нарсалар қилинади, ― деди.
28. Довуднинг катта акаси Элиёб унинг одамлар билан гаплашаётганини эшитиб, Довуддан аччиқланди ва деди: ―Бу ерга нима учун келдинг? Чўлдаги ўша бир нечагина қўйимизни кимга қолдирдинг? Сенинг қанчалик манманлигингни ва юрагингнинг бузуқлигини биламан. Сен урушни томоша қилгани келгансан.
29. Довуд: ―Мен нима қилибман?! Булар қуруқ гап эмасми?! ― деди.
30. Сўнгра ундан бурилиб, бошқага қараб, яна ўша гапни сўради. Халқ эса аввалгидай жавоб берди.
31. Шундай қилиб, Довуднинг гапларини эшитиб, Шоулга етказишди ва Шоул уни чақиртирди.
32. Довуд Шоулга: ―У сабабли ҳеч кимнинг руҳи тушмасин. Қулингиз бориб, бу филистинлик билан жанг қилади, ― деди.
33. Шоул эса Довудга: ―Сен бу филистинлик билан жанг қилиш учун унга қарши бора олмайсан, чунки сен ҳали ёшсан, у эса ёшлигидан бери жангчи, ― деди.
34. Довуд Шоулга жавобан деди: ―Қулингиз ўз отасининг қўйларини боқар эди. Борди‑ю, шер ёки айиқ келиб, подадан бирорта қўзини олиб қочса,
35. унда мен унинг орқасидан қувиб, унга ҳужум қилар эдим ва қўзини ҳайвоннинг оғзидан тортиб олар эдим. Агарда ҳайвон менга ташланса, ёлидан ушлардим ва уриб ўлдирар эдим.
36. Қулингиз шерни ҳам, айиқни ҳам ўлдирган. Бу хатнасиз филистинликнинг тақдири ҳам худди шундай бўлади, чунки у Барҳаёт Худонинг қўшинини ҳақорат қилмоқда.
37. Довуд яна: ―Мени шер ва айиқдан халос қилган Раббий бу филистинликнинг қўлидан ҳам халос қилади, ― деди. Шунда Шоул Довудга: ―Майли бор, Раббий сен билан бўлсин, ― деди.
38. Шоул Довудга ўз кийимини кийдирди, бошига мис дубулға ва эгнига совут кийдирди.
39. Довуд кийимлар устидан унинг қиличини боғлаб, юришга ҳаракат қилди, чунки у бунга кўникмаган эди. Сўнг Довуд Шоулга: ―Мен буларда юра олмаяпман, кўникмаганман, ― деди. Шундай қилиб, Довуд буларнинг ҳаммасини ечиб ташлади.
40. Довуд ўзининг таёғини олиб, ирмоқдан бешта силлиқ тош териб олди ва тошларни ўзидаги чўпон халтасига солди; сўнгра халтаси ва қўлидаги сопқони билан филистинликка қарши чиқди.
41. Филистинлик ҳам чиқиб, Довудга яқинлаша бошлади, унинг қуролбардори унинг олдидан келар эди.
42. Филистинлик назар ташлаб, Довудни кўрди ва унга менсимасдан қаради, чунки у ёш, малла сочли, кўриниши кўркам йигит эди.
43. Филистинлик Довудга: ―Нима учун менга қарши таёқ билан келяпсан? Ахир мен итманми? ― деди ва ўз худоларининг номи билан Довудни лаънатлади.
44. Кейин Довудга: ―Менинг олдимга кел, мен сенинг танангни кўкдаги қушларга ва дала ҳайвонларига бераман, ― деди.
45. Довуд эса филистинликка жавобан шундай деди: ―Сен қилич, найза ва қалқон билан менга қарши чиқяпсан. Мен эса сен ҳақоратлаган Исроил қўшинининг Худоси, Қўшинлар Худовандининг номи билан сенга қарши чиқяпман.
46. Ҳозир Раббий сени менинг қўлимга топширади ва мен сени ўлдириб, бошингни танангдан жудо қиламан. Сўнгра филистин қўшинининг жасадларини кўкдаги қушларга ва ердаги ҳайвонларга бераман. Шунда Исроилда Худо борлигини бутун ер билиб олади.
47. Шунингдек, мана бу бутун йиғин ― Раббий на қилич, на найза билан қутқаришини билиб олади, зеро бу уруш Раббийникидир ва У сизларни қўлимизга топширади.
48. Филистинлик кўтарилиб, Довудга яқинлашаётганида, Довуд ҳам филистинликка рўпара келиш учун филистинликлар сафи томон тез югуриб кетди.
49. Довуд қўлини халтасига солиб, ундан тош олди ва сопқонга солиб отди. Тош филистинликнинг қоқ пешанасига тегиб ўйиб кирди ва у ерга юз тубан йиқилди.
50. Шу йўсинда, Довуд филистинликни сопқон ва тош билан мағлуб қилди ва филистинликни яралаб, ўлдирди; лекин унинг қўлида қилич йўқ эди.
51. Шунинг учун Довуд югуриб келди‑ю, филистинликни босиб, унинг қиличини қинидан суғуриб олди ва унинг бошини кесиб ташлади. Филистинликлар паҳлавонларининг ўлганини кўриб қочиб кетдилар.
52. Исроил билан Яҳудо эркаклари кўтарилиб, ҳайқирдилар ва филистинликларни водийнинг кириш қисмигача ва Эқрон дарвозаларигача таъқиб қилдилар. Шарайимнинг йўли бўйлаб, то Гат ва Эқронгача яраланган филистинликлар қуладилар.
53. Исроил фарзандлари филистинликларни таъқиб қилиб, қайтиб келгач, уларнинг қароргоҳларини талон-тарож қилдилар.
54. Довуд филистинликнинг бошини олиб, Йерусалимга келтирди, унинг қуролини эса ўз чайласига қўйди.
Жавоблар:
Хулоса: Довудга Раббийнинг қўшинини камситганлари ёқмади, биз ҳам Раббийнинг жамоатини камситишларини ёқтирмаслигимиз керак. Довуд Раббий номи учун курашди, биз ҳам Раббий номини оқлашимиз керак. Довуд Раббийга имон билан жангга кирди ва ғалаба қозонди. Биз ҳам руҳий жанг ибодат ва хизмат қилишда фаол бўлишимиз керак, шунда натижа бўлади. Исо Масиҳ номи билан: Омин.
16.б. ДОВУДНИ ПОДШОҲЛИККА МОЙЛАНИШИ
Муқаддас Руҳ маъносини очишини сўраб, ўқиб, саволларга жавоб беринг.
1)Нима учун Шомуил Довудни яширинча мойлади?
2)Одам юзига, РАббий қаерга қарар экан?
3) Шомуил Довудни подшоҳликка мойлаганида Довудга қандай руҳ жо бўлди?
4)Қачон Шоулдан ёвуз руҳ кетар эди?
16-боб
1. Раббий Шомуилга: ―Сен қачонгача Шоул учун қайғурасан?! Шоул Исроилнинг подшоҳи бўлмаслиги учун Мен уни рад этдим. Қани, энди ўз шохингни мой билан тўлдириб, йўлга туш. Мен сени байтлаҳмлик Йессайнинг олдига юбораман, чунки унинг ўғиллари орасидан Ўзимга подшоҳни танладим, ― деди.
2. ―Қандай қилиб бораман?! Шоул эшитиб қолса мени ўлдиради-ку! ― деди Шомуил. Раббий эса деди: ―Қўлингга подадан битта бузоқчани олиб: “Раббийга қурбонлик келтириш учун келдим”, ― дегин.
3. Кейин Йессайни қурбонликка таклиф қил. Ўшанда нима қилишинг кераклигини Мен сенга кўрсатаман. Мен сенга айтадиган одамни Мен учун мойлайсан.
4. Шомуил Раббий унга айтганидек қилди. У Байтлаҳм шаҳрига келганида, шаҳар оқсоқоллари титроқ билан уни қарши олиб: ―Тинчлик билан келдингизми? ― деб сўрадилар.
5. У жавоб бериб: ―Ҳа, тинчлик билан, Раббийга қурбонлик келтириш учун келдим. Ўзларингизни покланглар, мен билан қурбонлик маросимига боринглар, ― деди. Сўнг Йессайни ва унинг ўғилларини ҳам поклаб, қурбонликка таклиф қилди.
6. Улар келганларида, Шомуил Элиёбни кўриб: “Аминманки, Раббий олдида мана шу Унинг мойланган одамидир”, ― деб айтди.
7. Аммо Раббий Шомуилга деди: “Унинг чиройи ва бўйининг баландлигига қарама. Мен уни рад этдим, чунки Мен одам қараганидек қарамайман, чунки одам юзга қарайди, Мен эса юракка қарайман”.
8. Сўнг Йессай Абинадабни чақириб, Шомуилнинг олдидан ўтказди. Лекин Шомуил: “Раббий уни ҳам танламади”, ― деди.
9. Йессай Шаммаҳни Шомуилнинг олдидан ўтказди. Лекин у: “Раббий уни ҳам танламади”, ― деди.
10. Шу тариқа, Йессай еттита ўғлини Шомуилнинг олдидан ўтказди. Аммо Шомуил Йессайга: “Раббий улардан биронтасини ҳам танламади”, ― деди.
11. Ниҳоят Шомуил Йессайдан: ―Фарзандларингнинг ҳаммаси шу ердами? ― деб сўради. Йессай эса жавоб бериб: ―Яна энг кенжаси бор, қўй боқяпти, ― деди. Шунда Шомуил Йессайга: ―Одам юбориб уни келтиргин. У бу ерга келмагунича, таом ейишга ўтирмаймиз, ― деди.
12. Йессай одам юборди ва уни олиб келишди. У малла сочли, кўзлари чиройли ва кўриниши хушсурат йигит эди. Шунда Раббий: “Қани, уни мойла, чунки бу ўша!” ― деди.
13. Шомуил ёғ солинган шохни олиб, акаларининг орасидан уни мойлади. Ўша кундан бошлаб Раббийнинг Руҳи Довудда жо бўлди. Сўнг Шомуил Рамаҳга қайтиб кетди.
14. Шоулдан эса Раббийнинг руҳи узоқлашди ва Раббийдан бўлган ёвуз руҳ уни қийнай бошлади.
15. Шунда Шоулнинг хизматкорлари унга: ―Мана, Худодан бўлган ёвуз руҳ сизни қийнамоқда.
16. Эгамиз унинг олдида турган ўз хизматкорларига буюрсин, улар киннорни яхши чаладиган одамни топсинлар. Худодан бўлган ёвуз руҳ сизни тутганида, у ўз қўли билан киннор чалиб, сизни тинчлантиради, ― дедилар.
17. Шоул хизматкорларига жавобан: ―Киннорни яхши чаладиган одамни топиб, менинг ҳузуримга олиб келинглар, ― деди.
18. Шунда унинг хизматкорларидан бири: ―Мана, мен байтлаҳмлик Йессайнинг киннорни яхши чала оладиган ўғлини кўрган эдим. У жасур жангчи, гаплари маъноли, ўзи ҳам келишган йигит ва Раббий у билан! ― деди.
19. Шоул Йессайга: “Қўй боқиб юрган ўғлинг Довудни менинг ҳузуримга юбор”, ― деб хабарчи жўнатди.
20. Йессай нон, бир меш шароб ва битта улоқчани эшакка юклаб, ўғли Довудни Шоулнинг ҳузурига юборди.
21. Довуд Шоулнинг ҳузурига келиб, унга хизмат қила бошлади. Довуд Шоулга жуда ёқиб қолди. Шунинг учун Шоул уни ўзига қуролбардор қилиб олди.
22. Шоул Йессайга: “Ижозат берсанг, Довуд менинг хизматимда қолсин, чунки у менинг назаримда илтифотни топди”, ― деб хабар жўнатди.
23. Худодан бўлган ёвуз руҳ Шоулни тутганида, Довуд киннорни олиб чалар, шунда Шоул ўзига келиб ўзини яхши ҳис қилар, ёвуз руҳ эса Шоулдан чекинар эди.
Хулоса: Худо Шоулни итоатсизлиги учун рад қилди. Биз ҳам ХУдо томонидан рад этилишдан қўрқиб, итоатда юришимиз керак. Раббий Ўзига Довудни танлади. Довудни юрагига қараб танлади, Довуднинг юраги Раббийга маъқул бўлди. Биз ҳам юрагимизни Раббий қаршисида тўғри қилиб юришимиз керак, шунда Раббий бизни шарафли хизматларига танлайди. Шомуил Довудни мойлаганидан Худонинг Руҳи уни тўлдирди ва унга ҳамроҳ бўлди. Биз ҳам мойланиш ва Муқаддас Руҳга тўлишишни рашк қилишимиз керак.
ИБОДАТ: Раббий, борлигинг, Сўзинг учун раҳмат. Дуо қилгин, Довуддек юрагимиз Сенга маъқул бўлсин. БИзда ҳам ёвуз руҳларни қувувчи руғ бўлсин. Исо Масиҳ номи билан: Омин.
16.В. ДОВУДНИНГ КОМАНДАСИ
Муқаддас Руҳ маъносини очишини сўраб, ўқиб, саволларга жавоб беринг.
Саволлар:
1)Нима учун Довуд юксалар эди?
2) Яшобеам нима иши билан машхур эди?
3)Элеазар нима иши билан машхур эди?
1Йилнома 11‑боб
9. Шундай қилиб, Довуд янада ва янада юксалиб борар эди, зеро Қўшинлар Худованди у билан бирга эди.
10. Раббийнинг Исроил ҳақидаги сўзи бўйича уни подшоҳ қилиш учун бутун Исроил билан бирга, у билан бирга унинг шоҳлигида кучли ҳаракат қилган Довуднинг кучли кишиларининг бошлиқлари мана булардир ва
11. булар ― Довуднинг жасур кишиларининг сонидир: Ўттиз нафар жасурларнинг бошлиғи Ҳахмоннинг ўғли Яшобеам. У ўз найзасини уч юз кишига қарши улоқтириб, уларни бир зарбада шикастлади.
12. Ундан кейин уч нафар жасурлардан бири аҳоҳлик Додонинг ўғли Элеазар.
13. Филистинликлар урушга йиғилган жойда, Пасдаммимда у Довуд билан бирга эди. Ўша ердаги даланинг бир қисмига арпа экилган эди. Халқ филистинликлардан қочиб кетди.
14. Аммо улар ўша даланинг ўртасида турдилар, уни ҳимоя қилдилар ва филистинликларни қириб ташладилар. Раббий уларни буюк нажот билан қутқарди.
15. Филистинликларнинг қўшини Рефаим водийсида қароргоҳ қурганида, ўттиз нафар бошлиқлардан ушбу уч нафар бошлиқлар Адуллам ғорига, Довуднинг олдига қояга чиқдилар.
16. Ўша вақтда Довуд мустаҳкамланган жойда эди, филистинликларнинг қўшини эса Байтлаҳмда эди.
17. Довуд ўртанди ва у: “Эҳ, қани эди, кимдир менга Байтлаҳм дарвозаси олдидаги қудуқдан сув ичирса эди!” – деди.
18. Шунда бу уччалови филистинликлар қароргоҳини ёриб ўтдилар ва дарвоза ёнидаги Байтлаҳм қудуғидан сув тортиб олиб, Довудга келтирдилар. Аммо Довуд уни ичишни хоҳламади ва уни Раббийнинг шарафига тўкиб ташлади.
19. У: “Мен бундай қилишимдан мени Худо асрасин! Ўз жонларини хавфга қўйган бу кишиларнинг қонини ичаманми? Зеро улар сувни ўз жонларини хавф остига қўйиб келтирдилар”, – деди. Шунинг учун у сувни ичишни хоҳламади. Мана, бу уч нафар жасурлар нима қилдилар.
20. Уччаласининг ичида Йоабнинг биродари Абишай бошлиқ эди. У ўз найзаси билан уч юз кишини ўлдирди ва у уччаласининг орасида шуҳратга эга эди.
21. У уччаласининг орасида иккаласидан кўра ҳурматлироқ эди ва уларнинг бошлиғи эди, лекин у биринчи уч кишига тенг келмас эди.
22. Кабзеэлдан жасур кишининг ўғли, Йеҳояданинг ўғли Бенаяҳ кўп буюк ишлар қилган эди. У моаблик арслондек икки кишини шикастлади; шунингдек, у қорли кунда ўрага тушиб шерни ўлдирди.
23. У бўйи беш тирсак бўлган улкан мисрлик кишини ўлдирди. Мисрликнинг қўлида тўқувчининг асбоби каби найза бор эди. У эса таёқ билан унга яқин келди ва мисрликнинг қўлидан найзани тортиб олиб, уни ўзининг найзаси билан ўлдирди.
24. Мана, Йеҳояданинг ўғли Бенаяҳ нималар қилди. У ўша уччала ботир кишилар орасида шуҳратга эга эди.
Жавоблар:
1)
2)
3)
Ибодат: Раббий, борлигинг, Сўзинг учун раҳмат. Дуо қил, биз ҳам Довуднинг кучлилари каби кучли бўлайлик. Сенинг номингни улуғлайлик. Исо Масиҳ номи билан: Омин.
16.г ДОВУДНИНГ ГУНОҲИГА ТАВБА ҚИЛИБ ХУДОДАН РУҲИНИ ТОРТИБ ОЛМАСЛИГИНИ ЎТИНИШИ
Муқаддас Руҳ маъносини очишини сўраб, ўқиб, саволларга жавоб беринг.
Саволлар:
1)Олдинги бобларни ҳисобга олганда Довуд шу тавбасига олиб келган нима гуноҳ қилган эди? Эслаб айтиб беринг.
2)Довуд гуноҳнимни нима қил, деяпти?
3)ДОвуд қонунбузарликларимни нима қиламан, деяпти?
4)Ўз Муқаддас Руҳингни нима қилма деяпти?
5)Довуд Худога қурбонлик нима деяти?
50-сано
1. Раҳбарга. Довуднинг саноси –
2. Довуд Батшебанинг олдига кирганидан сўнг, пайғамбар Натан унинг олдига келганида.
3. Ё, Худо, меҳрибонлик бўйича менга шафқат қилгин ва Сенинг буюк раҳм-шафқатинг бўйича қонунбузарликларимни ўчириб юборгин.
4. Мени бетавфиқлигимдан кўп марта ювгин ва гуноҳимдан поклагин.
5. Чунки мен қонунбузарликларимни тан оламан ва гуноҳим доимо менинг қаршимдадир.
6. Мен Сенга, фақат Сенга қарши гуноҳ қилдим ва Сенинг кўз олдингда ёвузлик қилдим. Шунинг учун Сен Ўз сўзингда ҳақсан ва Ўз ҳукмингда поксан.
7. Мана, мен бетавфиқликда ҳомила бўлганман ва мени онам гуноҳда туққан.
8. Мана, Сен юракдаги ҳақиқатни севдинг ва менинг ичимга доноликни маълум қилдинг.
9. Мени ҳиссоп билан тозалагин ва мен пок бўламан, мени ювгин ва мен қордан ҳам оппоқ бўламан.
10. Менга қувонч ва шодликни эшиттиргин, токи Сен шикастлаган суякларим қувонсинлар.
11. Менинг гуноҳларимдан юзингни яширгин ва бетавфиқликларимнинг барчасини ўчириб юборгин.
12. Ё, Худо, менда тоза юрак яратгин ва менинг ичимда тўғри руҳни янгилагин.
13. Мени юзинг олдидан рад қилма ва мендан Ўз Муқаддас Руҳингни тортиб олмагин.
14. Менга нажотингнинг қувончини қайтаргин ва ҳукмрон Руҳинг билан мени мустаҳкамлагин.
15. Шунда қонунбузарларга Сенинг йўлларингни ўргатаман ва гуноҳкорлар Сенга ўгириладилар.
16. Ё, Худо, менинг нажотимнинг Худоси, мени тўкилган қондан халос қил ва тилим Сенинг ҳақлигингни тантанавор куйлайди.
17. Ё, Раббий! Менинг лабларимни оч ва менинг оғзим Сенга ҳамду сано куйлайди.
18. Зеро Сен қурбонликни истамайсан, мен уни берган бўлар эдим; тамоман ёндириш қурбонлигини хуш кўрмайсан.
19. Худога қурбонлик – синиқ руҳдир. Ё, Худо, синиқ ва эзилган юракни Сен рад қилмайсан.
20. Ўз илтифотинг бўйича Сионга яхшилик қилгин, Йерусалимнинг деворларини кўтаргин.
21. Шунда Сенга ҳақлик қурбонликлари, бағишловлар ва тамоман ёндириш қурбонлиги манзур бўлади. Ўшанда Сенинг қурбонгоҳингга буқаларни келтирадилар.
Жавоблар:
1)
2)
3)
4)
5)
Ибодат: Раббий, борлигинг, Сўзинг учун раҳмат. Дуо қил, аввало муқаддас яшайлик. Гуноҳ қилиб қўйсак эса, тан олиб астойдил тавба қилайлик. Сенинг қаршингда эҳтиромда яшашни ўргат. Исо Масиҳ номи билан: Омин.
17. СУЛАЙМОН
Муқаддас Руҳ маъносини очишини сўраб, ўқиб, саволларга жавоб беринг.
Саволлар:
1)Сулаймон Гибонда қанча қурбонлик келтирган?
2)Сулаймон Раббийдан нимани сўради?
3)РАббий Сулаймонга нималарни берди?
3 Шоҳликлар 3‑боб
1. Сулаймон Миср подшоҳи фиръавни билан қариндош бўлди, у фиръавннинг қизини хотинликка олди; у ўзининг уйини, Раббийнинг уйини ва Йерусалимнинг атрофидаги деворларни қуриб битирмагунича, уни Довуднинг шаҳрига жойлаштирди.
2. Халқ ҳануз тепаликларда қурбонликлар келтирар эди, чунки ўша кунларгача Раббийнинг номига уй қурилмаган эди.
3. Сулаймон отаси Довуднинг низомлари бўйича юриб Раббийни севди; лекин у ҳам тепаликларда қурбонликлар келтирар ва тутатқи тутатар эди.
4. Подшоҳ қурбонлик келтириш учун Гибонга борди, зеро у ерда асосий қурбонгоҳ бор эди. Сулаймон ўша қурбонгоҳда мингта тамоман ёндириш қурбонлиги келтирди.
5. Гибонда Раббий Сулаймонга тунда тушида намоён бўлди ва Худо: «Сўра, сенга нима берай?» – деди.
6. Сулаймон шундай деди: «Сен Ўз қулинг Довудга, менинг отамга, у Сенинг қаршингда ҳақиқатда, ҳақликда ва Сенинг қаршингда софдиллик билан юргани учун буюк шафқат кўрсатдинг. Шунингдек, Сен унга бу буюк шафқатни асраб қолиб, унинг тахтида ўтирадиган ўғилни унга ҳадя этдинг, бу эндиликда амалга ошди.
7. Энди, менинг Раббий Худойим, Сен Ўз қулингни отам Довуднинг ўрнига шоҳ қилиб қўйдинг, лекин мен ёш боламан ва мен қандай чиқиб, киришни билмайман.
8. Сенинг қулинг Сен танлаган халқнинг, сонининг кўплигидан ҳисоблаб ҳам бўлмайдиган, саноғига ҳам етиб бўлмайдиган халқнинг орасидадир.
9. Сенинг халқингни ҳукм қилиш ва нима ёмон, нима яхши эканлигини фарқлай олиш учун Ўз қулингга доно юрак ато қилгин, зеро ким Сенинг бу кўп сонли халқингни бошқара олади?»
10. Сулаймон шуни сўрагани Раббийга маъқул бўлди.
11. Худо унга деди: «Сен шуни сўраганинг ва ўзингга узоқ умр, ўзингга бойлик, ўз душманларингни жонини сўрамаганинг учун, балки тўғри ҳукм чиқариш учун донолик сўраганинг учун
12. мана, Мен сенинг сўзингни амалга ошираман: мана, Мен сенга шундай доно ва идрокли юрак бераманки, сендан олдин сенга ўхшагани бўлмаган ва сендан кейин сенга ўхшагани бўлмайди.
13. Яна Мен сенга сен сўрамаган нарсаларни: бойлик ва шуҳратни бераманки, сенинг барча кунларингда подшоҳлар орасида сенга ўхшаши бўлмайди.
14. Агар сен отанг Довуд каби Менинг низомларимни, Менинг амрларимни сақлаб, Менинг йўлларимдан юрсанг, унда Мен сенинг умрингни ҳам узайтираман».
15. Сулаймон уйғониб кетди ва мана, бу туш эди. У Йерусалимга борди, Раббийнинг Аҳд сандиғи олдида туриб, тамоман ёндириш қурбонликлари келтирди ва тинчлик қурбонликлари келтирди ҳамда ўзининг барча хизматкорлари учун катта базм уюштирди.
Саволларга жавоблар:
Ибодат: РАббий, борлигинг, Сўзинг учун раҳмат. Дуо қилгин Сулаймон каби доноликка чанқоқ бўлайлик, қурбонли юракка эга бўлайлик. Сен донолик билан, шуҳрат ва бойлик бергин. ИСо Масиҳ номи билан: Омин.
ҲИЗҚИЯҲ
Муқаддас Руҳ маъносини очишини сўраб, ўқиб, саволларга жавоб беринг.
Саволлар:
1) Яҳудия подшоҳи Ҳизқияҳ нималар қилди?
2) Ҳизқияҳнинг юраги кимга ёпишган эди?
3)Ҳизқияҳ нима учун доно ҳаракат қилар эди?
18‑боб
1. Исроилнинг подшоҳи Элаҳ ўғли Ҳошея ҳукмронлигининг учинчи йилида Яҳудия подшоҳи Аҳазнинг ўғли Ҳизқияҳ подшоҳ бўлди.
2. У подшоҳ бўлганида йигирма беш ёшда эди ва Йерусалимда йигирма тўққиз йил ҳукмронлик қилди. Унинг онасининг исми Аби бўлиб, у Зехарияҳнинг қизи эди.
3. У отаси Довуд қилгани каби Раббийнинг нигоҳида тўғри бўлган ишларни қилар эди.
4. У тепаликларни йўқ қилди, бутларни синдирди ва Ашераҳ эманзорини кесиб ташлади. Шунингдек, у Мусо ясаган мис илонни парчалаб ташлади, чунки ўша кунларгача Исроил ўғиллари унга тутатқи тутатар эдилар ва уни Неҳуштан деб атар эдилар.
5. У Исроилнинг Худоси Раббийга таянар эди. Ундан олдин ва ундан кейин Яҳудиянинг барча подшоҳлари орасида унга ўхшаши бўлмаган эди.
6. Зеро у Раббийга ёпишган эди ва Ундан чекинмас эди ҳамда Раббий Мусога амр этган Унинг амрларига амал қилар эди.
7. Раббий у билан бирга эди. У қаерга бормасин, доно ҳаракат қилар эди. У Ассурия подшоҳидан ажралди ва унга хизмат қилмади.
8. У филистинликларни Газагача ва унинг ҳудудида қўриқчилар минорасидан мустаҳкамланган шаҳарларгача қириб ташлади.
Хулоса: Подшоҳ Ҳизқияҳ Худони, Унинг Сўзини билар эди. У Худонинг назарида тўғри бўлган ишларни қилар эди. У бутхоналарни вайрон қилди. У Худони севар, Унга таянар, қалби Худога ёпишган, Худодан чекинмас ва Худонинг Сўзига амал қиладиган киши эди. Шу учун РАббий доимо у билан бирга эди ва ишларида донолик берар эди. Биз ҳам РАббийни, Унинг Сўзини севиб, бажариб, Ундан чекинмасдан яшашимиз керак. Шунда Худо биз билан бўлади.
Ибодат: Раббий, борлигинг, Сўзинг учун раҳмат. ДУо қил, биз ҳам Ҳизқияҳ каби Сени севувчи, Сен учун нималардандир кечувчи, Сенга содиқ бўлайлик. Сен бизлар билан бирга бўлгин ва ҳар ишимида доно ҳаракат қилайлик. Исо Масиҳ номи билан: Омин.
хххх
ЙОШИЯҲ
Муқаддас Руҳ маъносини очишини сўраб, ўқиб, саволларга жавоб беринг.
Саволлар:
1) Подшоҳ Йошияҳ қайси байрамни нишонлашни буюрди?
2) Судьялар давридан подшоҳ Йошияҳ давригача қайси байрам нишонланмаган эди?
3)Подшоҳ Йошияҳ Худонинг Сўзини амалга ошириш учун Яҳудияда нималарни йўқ қилди?
4) Йошияҳ Худога нақадар ўгирилди?
4-Шоҳликлар 23-боб.
21. Подшоҳ бутун халққа амр бериб: “Ўз Худойингиз Раббийга, бу Аҳд китобида ёзилганидек Песаҳ байрамини нишонланглар», – деди.
22. Чунки Исроилни ҳукм қилган судьяларнинг кунларидан буён Исроил подшоҳларининг ва Яҳудия подшоҳларининг барча кунларида бундай Песаҳ байрами нишонланган эмас эди.
23. Подшоҳ Йошияҳ ҳукмронлигининг ўн саккизинчи йилида, ушбу Песаҳ байрами Йерусалимда Раббийга нишонланди.
24. Боз устига, Йошияҳ руҳоний Ҳилкияҳ Раббий уйида топган китобда ёзилган Қонун сўзларини амалга ошириш учун ўликларни чақирувчиларни, сеҳргарларни, терафимларни, Яҳудия ерида ва Йерусалимда пайдо бўлган барча жирканчликларни йўқ қилди.
25. Мусонинг бутун Қонунига мувофиқ Раббийга ўзининг бор юраги билан, бор жони билан ва бор кучи билан ўгирилган унга ўхшаган подшоҳ унгача бўлган эмас эди, ундан кейин ҳам унга ўхшаши чиқмади.
Хулоса:
Йошияҳ Худонинг Сўзига кўнглини қўйди. Худо буюрганидек Песаҳ байрамини халқи билан нишонлади. Яна Йошияҳ ерида бутпарастликни йўқ қилди. Йошияҳ Худога бор қалби билан ўгирилди. У Худога шундай содиқ, бағишланган эдики, ХУдо буни пайқаб уни Сўзида муҳрлаб қолдирди.
У биз учун намуна, биз ҳам Худога шундай ўгирилишимиз керак. Ўз ҳаётимиздаги бутпарастлик нарсаларини олиб ташлашимиз керак. Булар кўзмунчоқ тақиш, тумор тақиш; кимларгадир “ўқиттириш”, дуо солдириш, кинна солдириш; тўйларга, ўликларга чақиртириб дуо қилдириш, суннат қилдириш ва ҳоказо…
Ибодат: Раббий, дуо қил, биз ҳам бутпарастликдан чиқишга ўзимизда куч топайлик. Байрамларингни нишонлайлик. Бор қалбимиз билан Сенга ўгирилиб, Сўзинги бажариб яшайлик. Исо Масиҳ номи билан: Омин.