Kategoriya

Книги и статьи

Идейные соображения высшего порядка, а также рамки и место обучения кадров требуют определения и уточнения существенных финансовых и административных условий.

ЧЎПОНЛИК ХИЗМАТИ

Кириш:  Бу мақолада биз чўпон атамасининг маъноси ҳақида суҳбатлашамиз, Масиҳнинг чўпоннинг тимсоли сифатида ҳамда замонавий чўпон суратини кўздан кечирамиз; шунингдек, чўпоннинг хулқ-атвори қандай бўлиши лозимлиги ҳамда вазифаларига тўхталиб ўтамиз.

1.ЧЎПОН АТАМАСИНИНГ КЕЛИБ ЧИҚИШИ

Чўпон атамасини – халқини бошқарувчиларни номлаш учун Худонинг Ўзи Сўзи орқали берган. Чўпон бу қўйларга ғамхўрлик қилувчи, уларни ҳимоя қилувчи, яхши яйловларга етакловчи одамдир.  Худонинг Ўзи Чўпонлик вазифасини олган(Йез.34:15-16) ва халқини бошқарадиганлар ҳам айнан уларга ғамхўрлик қилувчилар бўлишлари лозимлигига урғу бериб, бу вазифани бажарувчиларни чўпон деб атаган. Йермияҳ 3:15. Мен сизларга кўнглимдагидек чўпонларни бераман, улар сизларни билим ва идрок билан боқадилар.  Эфесликларга 4:11.У баъзиларни ҳаворийлар, баъзиларни пайғамбарлар, баъзиларни хушхабарчилар, баъзиларни чўпонлар ва муаллимлар қилиб тайинлади,

12 токи Масиҳнинг танасини барпо этишга хизмат қилишлари учун муқаддасларни камолотга эриштирсинлар (Яна қаранг: 2Шом.5:2; Йер.3:15; Йер.23:4; Йез.34:23).

Чўпон бўлишга ҳаракат қилган хизматчи яхши нарсани истаган бўлади(1Тимотий3:1), ХУдога севгисини амалда кўрсатишга бел боғлаган(Юҳанно 21:15-17) ва Худонинг чўпонлик қиррасини намоён қилиб(Сан.22-боб), ҳаёти ва хизмати орқали Худони улуғлашни истаган бўлади(Юҳ.17:4). Фақат ҳар жиддий иш каби чўпонлик ҳам маълум фазилатлар ва уқувларни ривожлантиришни талаб қилади. Шунда Худойимиз биносининг қурувчиси сифатида ҳаётимизни абадий ишга бағишлаган бўламиз ва Отамиздан мукофот оламиз!

2.ЧЎПОННИНГ СУРАТИ

Чўпон сифатида бизларга Масиҳ асосий намунадир. Қуйида биз Масиҳнинг чўпонлиги намунасини кўриб чиқамиз. Масиҳ қандай чўпонлик қилган?

 Бизнинг хизматимиз ҳам асосан шундан иборат бўлиши, қолган ишлар ёрдамчи бўлиши лозим.

Замонавий чўпон қандай бўлиши керак деганда, менинг кўз олдимга шундай одам келади:

3.ЧЎПОННИНГ ХУЛҚ-АТВОРИ

Масъул хизматчиларнинг хулқ атвори қандай бўлиши лозимлиги ҳақида 1-Тимотий 3бобда батафсил баён этилган. (Шунингдек Титус  1-бобни қаранг).

ҚАНДАЙ БЎЛИШЛАРИ КЕРАК? 
1Бенуқсон (2) 
2Битта хотиннинг эри(2,12) 
3Ҳушёр (2) 
4Ақли соғлом(2) 
5Одобли(2) 
6Меҳмондўст(2) 
7Таълим беришга қобилиятли(2) 
8Мулойим(3) 
9Ўз хонадонини яхши бошқарадиган(4,12) 
10Фарзандларини бутун обрўйи билан итоатда сақлайдиган киши(4) 
11Ташқаридагилардан ҳам яхши гувоҳликка эга(7). 
12Обрўли(8). 
13Беғараз(8). 
14Имон сирини пок виждонда сақлай оладиган(9). 
 Хотинлари ҳам: 
15Обрўли(11). 
16Ҳамма нарсада садоқатли(11). 
17Туҳмат қилмайдиган(11). 
 ҚАНДАЙ БЎЛМАСЛИКЛАРИ КЕРАК? 
18Майхўр эмас(3) 
19Урушқоқ эмас(3) 
20Ғаразгўй эмас(3) 
21Жанжалкаш эмас(3) 
22Пулпараст бўлмаган(3) 
23Эндигина имонга келганлардан бўлмаслиги керак(6) 
24Иккиюзламачи бўлмаган(8). 

Ҳозир сиз шу рўйхатни олиб, ўзингизни таҳлил қилинг. Қандай фазилатлар сизда бор, қайсиларини ривожлантириш керак? Борлари қаршисига плюс белгисини қўйинг, йўқларига минус қўйиб, шунинг устида ишлай бошланг.

 Бу аввало, Худо белгилаган хизматчи стандартига тўғри келишингизга ёрдам берса, бошқа жиҳатдан, ҳар кучли жиҳатимиз хизматга ёрдам берганидек, заиф жиҳатимиз бир куни қайсидир соҳада панд беради. Шу учун хизмат йўлига киришдек жиддий ишга қарор қилдикми, аввало хулқ-атвор устида Муқаддас РУҳ кучи билан ишлаш лозим.

4.ЧЎПОННИНГ ВАЗИФАЛАРИ

Масиҳ хизмати орқали чўпоннинг асосий вазифалари Худонинг халқига ғамхўрлик қилиш, бу учун хушхабарчилик, шогирдчилик, хизматчилик билан шуғулланиш ҳамда қўл остидагиларни шу хизматларни бажаришга ўргатиш эканини кўриб чиқдик. Қуйидаги фаолиятлар бу нарсаларда муваффақиятли бўлишда ёрдам беради. 

1)Сўз ўрганиш, бажариш  ва ибодат орқали Муқаддас Руҳга тўла бўлиб юриш. Чунки Раббийсиз ҳеч нима қила олмаймиз. Юҳ.15:5. Мен токман сизлар эса новдасизлар. Ким Менда жо бўлиб ва Мен унда жо бўлсам, у кўп ҳосил келтиради, чунки Менсиз ҳеч нарса қила олмайсизлар.

2)Ўзига нисбатан, жамоатга нисбатан Худонинг иродасини билиб, жамоатни шу мақсад сари етаклаш. Ҳикматлар 4:26-27.Оёқларинг юрадиган йўлни пухта ўйла ва барча йўлларинг мустаҳкам бўлсин,

27.ўнгга ҳам, чапга ҳам ўгирилмагин; оёқларингни ёвузликдан йироқ қилгин.

Фақат моҳир, мойланган чўпонларгина жамоат мақсадига эга бўлиб, уни ҳар бир жамоат аъзосига етказа олади ва уларни мақсад сари ҳаракат қилдира олади. Аксарият ҳолатларда, жамоат мақсадини чўпоннинг ўзи ва 4,5 фаол хизматчилар билишади ва бажаришга ҳаракат қилишади. Қолганлар шунчаки эшитувчи бўлишади. Лекин жамоат мақсадига эга бўлиш ва уни ҳар бир жамоат аъзосига етказа олиш, уларни шу йўналишда ҳаракат қилдириш – катта оқим келтириб чиқаради ва катта ижобий натижаларга олиб келади. Мусонинг одамлари унинг мақсадини билишса-да, эргашмадилар, шу учун саҳрода қирилиб кетдилар.

Йешуанинг одамлари эса мақсад атрофида бирлашдилар ва ваъда қилинган ерга кира олдилар.

Масиҳнинг шогирдлари Унинг мақсадини қабул қилдилар ва Ёзувда айтилганидек Шоҳлик таълимоти билан ҳамма жойни тўлдирдилар.

Рик Воррен айтишича, жамоат мақсади ҳар бир киши тушуна оладидган даражада оддий, иложи бўлса кўргазмали бўлиши лозим. Масалан, бизнинг жамоатимиз мақсади: Буюк Амр ва БУюк Топшириқни бажариб яшаш. Унинг тимсоли: Учаётган бургут.

Бунинг маъноси: бургутнинг танаси: Имонлининг руҳи, жони танаси. Бургут уча олиши учун ўсиши ва соғлом бўлиши лозим.  Демак, имонли парвоз қила олиши учун руҳ, жон, танада ўсиши ва соғлом бўлиши лозим.

Ўнг қаноти – Ёзув ўрганиш, бажариб яшаш, ибодат, ҳамду-сано орқали Худо билан муносабат қуриш.

Чап қаноти – хушхабарчилик, шогирдчилик, етакчилик билан Худога хизмат қилиш. Имонли кўкларга кўтарилишни исташи мумкин, лекин ўсмаса ва соғлом бўлмаса кўтарила олмайди. Парвоз қилишни исташи мумкин, лекин Худо билан муносабати бўлмаса, ёки хизмат қилмаса бир қанотни қоқиб ердан кўтарила олмайди. Парвоз қилиш учун ҳаммасини қилиш лозим. Сиз ҳам жамоат мақсадини билиб, бу мақсадни ҳар бир жамоат аъзосига етказиб, ҳаракатга рағбатлантиришингиз лозим бўлади. Ўшанда кўплар ҳаракатда келиб, кўплар барака оладилар ва натижадан ҳамма қувонади!   

3)Иложи борича масиҳийликни содда тушунтириш.

Агар одамларга қийин нарсани содда тушунтирсак, улар бажарадилар ва муваффақиятли бўладилар; агар оддий нарсани қийин тушунтирсак одамлар тушунмайдилар ва бажармайдилар. Ҳамма нарсани: Масиҳийликни, хушхабарчиликни, шогирдчиликни, хизматчиликни, жамоат, чўпонликни содда ва мураккаб қилиб кўрсатиш мумкин. Масалан: Сизда минг кишилик жамоат кўтариш иқтидори бор. Сиздеклар кам. Шу учун одамларингизга 30кишилик жамоат кўтариш минимал талаблар: 1)Доимий сўз атрофида учрашувлар, 2)Хизматчилар командаси, 3)Жамоатнинг 10 вазифасини ривожлантириш, 4)Ўсиш ва кўпайишни истаган камида 10одам бўлиши деб тушунтирсангиз, 1000кишингиздан ҳеч қурса 10нафари мустақил жамоат кўтаришни орзу қилар ва сизнинг бошқарувингиз остида ўз жамоатини руҳий ўстириш ва ноҳиясини хушхабар билан қамрашни бўйин олар. Шунда сиз 10нафар хизматчи ўрнига яна ўн нафар шогирд олишингиз, улар эса сизга камида 100нафар янги шогирд келтиришлари мумкин.

АСОСИЙ ВАЗИФАЛАР:

1)ХУШХАБАРЧИЛИК. Марка 1:38. У эса уларга: –Яқин атрофдаги қишлоғу шаҳарларга борайлик, Мен у ерларда ҳам воизлик қилайин, чунки Мен ана шу учун келганман, – деди.

Чўпон ҳам ўзи хушхабарчилик қилиш, ҳам жамоати аъзоларига хушхабарчиликни ўргатиши лозим. Чўпон хушхабарчилик билан шуғулланмаган ё фақат жамоат аъзоларига хушхабарчиликни юклаган жамоатларда одатда жамоат аъзолари ҳам хушхабарчилик билан шуғулланишмайди. Биз ўзимиз нима истак билан ёнсак, шу истакнигина ўтказа оламиз! 

ХУШХАБАРЧИЛИКДА ЁРДАМ БЕРАДИГАН ВОСИТАЛАР:

А)ИБОДАТ СТРАТЕГИЯСИ

Хушхабарчиликда кўпчилик қўллаётган йўл ҳозир Ибодат стратегияси юритиш ва одамларга Инсоният тарихини айтиб беришдир. Ибодат стратегиясида ибодат билан амалга ошириладиган бир неча қадам мавжуд:

1)Кимларга хушхабар айтишини исташини Худодан сўраш ва юрагига келган одамларнинг исмларини рўйхат қилиб ёзиш.

2)Улар учун 1ҳафта давомида ибодат қилиш ва рўза тутиш, Худодан қачон, нима дейиши лозимлигини очишини, йўналтиришини сўраш.

3)1ҳафтадан сўнг илк бора суҳбатлашишга бориш лозим ё қўнғироқ қилиш лозим.

4)Бу қадам қўйилгач, рўйхатга борилган одамлар қаршисига +белгиси қўйилади ва ибодат қилишда давом этилади.

5)Яна бир ҳафта уларнинг қалбларида Худо ишлашини сўраб ибодат қилингач, яна борилади ё қўнғироқ қилинади. БУ дафъа Худо ҳақида гапириб кўрилади. Бирор муҳтожлиги учун ибодат қилишни ва Ёзувдан маслаҳатни тавсия қилиш мумкин. Агар Худога очиқ бўлса Инсоният тарихини ўтиш таклиф қилинади. Бу одам Худони излаётган одам бўлса жон деб кўнади. Агар Худога ёпиқ бўлса, у учун ибодат қилиб, бошқа очиқларни топишга вақтни сарфлаш мумкин. Ҳар биримиз ўртача 30000-50000одам истиқомат қиладиган жойларда яшаймиз. Ҳар биримиз ўз жойимда ҳар бир киши хушхабарни эшитиши учун мен масъулман деган дунёқараш билан яшаб, хизмат қилсак, одамларнинг хушхабарга бефарқлиги бизларни тўхтата олмайди, ёпиқларга вақт сарфлаб ўтирмаймиз, балки сортировщик каби ўз ишимизни пухта бажариб, еримизда бирор киши Хушхабарни эшитмагани учунгина дўзахга кетишига йўл қўймаймиз.

Б)ИНСОНИЯТ ТАРИХИ

Албатта, бизлар Худо йўналтирган вақтда хушхабар айтишимиз мумкин. Лекин асосан одамларга инсоният тарихини айтиш билан бошласак 2устунликка эга бўламиз:

1)Одамлар Муқаддас Китоб орқали инсоният тарихини билиб, имонлари пойдеворига эга бўладилар.

2)Худонинг Сўзи уруғ бўлиб, юракларини тўлдиради ва пайти келганида юқоридан туғилади.

(Инсоният тарихи материали “Худони изловчилар учун” рукнида берилган. Ҳар учрашганда бир дарсдан ўтиш мумкин).  

2)ШОГИРДЧИЛИК

Бир жиҳатдан шогирдчилик бутун ҳаётимизни қамраб олса-да Масиҳнинг шогирди бўлиш учун нималар қилиш кераклигини билиш ва бажариш қийин эмас. Бизнинг ўзимиз буни тушунтиришни қийинлаштирмасак бас.

1.Масиҳнинг шогирди – Буюк Амрни ва Буюк Топшириқни бажариб яшашга қарор қилган одамдир. Буни амалга оширишга ёрдам берадиган фаолиятлар шогирдчилик ДНКси деб аталган. ДНК – бу бирор мавжудотнинг ирсий маълумотларини ўзида сақловчи ва авлоддан авлодга ўтказувчи оқсил ҳисобланади. ДНК шарофати билан ўсимликдан ўсимлик, ҳайвондан ҳайвон, одамдан одам туғилади. Шунингдек, ДНК туфайли одамнинг қобилиятлари ва касалликлари наслига ўтади. Бизнинг вазифамиз – ўзимиз Масиҳнинг номига эмас, ҳақиқий шогирди бўлишимиз ва бу ДНКни шогирдларимизга ўтказишдир.  

ШОГИРДЧИЛИКДА МУВАФФАҚИЯТЛИ БЎЛИШИМИЗГА ЁРДАМ БЕРАДИГАН ВОСИТАЛАР:

А)ШОГИРДЧИЛИК ДНКСИ

1.Ибодатга тўла ҳаёт. 

2.Ёзувни мунтазам, мустақил ўрганиш.

3. Зудлик билан бажариш.

4.Доим шогирд орттиришга йўналганлик.

5.Ҳисобдорлик.

Шогирдчилик ДНКсининг аҳамияти:

1)Ибодатга тўла ҳаётга йўналтириб, одамни Худо билан боғлаб қўямиз. Бунга шахсий муносабатлар, шафоат, руҳий жанг ва б.ибодатлар киради.

2)Ёзувни мунтазам ва мустақил ўрганишга урғу бериб, одамни Худонинг Сўзига боғлаймиз, айнан Сўзни ҳар куни ўрганиб, бажарадиганларга Худо муваффақият, донолик(Йешуа 1:8), узоқ умр, ер, кўпайиш(Қонунлар 8:1) ваъда берган.

3)Урғу билим олишга эмас, бажаришга. Чунки бажарувчиларга ХУдонинг баракалари ваъда берилган.

4)Доим шогирд орттиришга йўналганлик – дунёда одамлар оила қуриб, насл қолдиришни исташининг сабаби оила орқали бу қадрият ўтказилишидир. Агар бизлар руҳий фарзандларимизга руҳий насл қолдириш муҳимлигини тушунтира ва ўтказа олсак – улар руҳий бепушт ва ҳосилсиз бўлмайдилар, аксинча, кўпайиб, серҳосил бўлиб ерни тўлдирадилар.

5)Ҳисобдорлик. Муваффақият учун бирга қувониб янада ҳаракат қилишга руҳлантиришга, заиф жойларини кўриб, ибодат қилишга, чиқиш йўли кўрсатишга ёрдам беради.

Б)ШАХСИЙ ШОГИРДЧИЛИК ДАСТУРИ

1)Масиҳийлик эътиқоди нима?

2)Шогирд қалбига эга бўлиш.

3)Ёзувни ўрганиш ва бажариб яшаш.

4)Худони излаш ибодати

5)Шогирдлар учрашувининг муҳимлиги

6)Руҳий жанг.

7)Шогирдчиликда кейинги қадам.

8)Хизматни нимадан бошлаш керак?

Шахсий шогирдчилик дастури – шогирддан амалий, руҳий машғулотларни бажарадиган шогирд кўтаришга йўналтирилган. Масиҳийлик эътиқоди нима мавзуида шогирд масиҳийлик асоси, талаблари ва б.билан танишади. Шогирд қалбига эга бўлиш мавзуида шогирд сифатида ўзида қандай фазилатларни ривожлантириш лозимлигини билиб олади. Ёзувни ўрганиш ва бажариб яшашда шуларни ва бундан оладиган баракаларни ўрганса, ХУдони излаш ибодатида Худо одамзодни яратишидан мақсади Худони излаши эканлигини билиб олади ва буни амалга ошириш намунаси билан танишади. Шогирдлар учрашуви муҳимлиги мавзуида бунинг камида тўрт сабабини ўрганади, руҳий жангда эса имонига ҳужум қиладиган шайтонга қарши туришни ўрганади. Сўнгги 2дарс хизматга йўналтирувчи дарслар ҳисобланади.

В) МАСИҲИЙЛИК ТАЪЛИМОТИ АСОСЛАРИ

Ҳар бир имонли Масиҳийлик таълимоти асосларини билиши мақсадга мувофиқдир. Бу унга имони пойдеворида мустаҳкаланишига ёрдам беради, бундай имонлини авраш осон бўлмайди. Шу учун ҳар бир чўпоннинг вазифаси ўз қарамоғидаги одамларга масиҳийлик таълимоти асосларини ўргатишдир . Бу 30мавзуни ўз ичига олган дастур бўлиб, сиз уни “Шогирдлар учун” рукнидан топишингиз мумкин.  

3)ХИЗМАТЧИЛИК

Чўпоннинг қўл остидагиларига нисбатан қиладиган ишларидан бири – уларга ғамхўрлик, юпатиш, йўналтириш ва бошқалар билан хизмат қилиш билан бирга уларни ҳам хизматга тайёрлашдир. Бу ишда унга бошқа дастурлар билан биргаликда “Ким руҳий етакчи бўла олади”, дастури ёрдам бериши мумкин. “Ким руҳий етакчи бўла олади?” дастурини сиз сайтимизнинг “Хизматчилар учун” рукнидан олишингиз мумкин.  

Хулоса: Чўпонлик хизмати ҳам имтиёз, ҳам масъулиятдир. Агар чўпон жамоатни ҳам боқиш, ҳам ўстириш ва кўпайтириш масъулиятини олса, одамлар ўсиб, даъватларига кириб муваффақиятли бўладилар. Бундан чўпон ҳам, имонлилар ҳам хурсанд бўладилар. Шу учун бизлар ХУдо истаганидек доно чўпонлар бўлишга ҳаракат қилишимиз лозим, токи бу орқали ХУдонинг Шоҳлиги кенгайсин ва  ҳосиллари абадиятда қолсин.  

ДУНЁНИ СЕВМАНГ

Кириш: Мен кўплаб руҳий уйғонишларни кўриб чиқдим. Ҳаммасини бирлаштириб турадиган нарса одамларнинг ўзларини ХУдога: Худони излашга, руҳий машғулотлар ва хизматга бағишлаганлари эканини кўрдим.

Хўш, Худога бағишланиш руҳий уйғониш калити экан, нима учун кўпчилик ўзларини бунга бағишламайди?

1.Раббийни ё дунёни севиш

Афсуски, азизлар, бугунги кунларда масиҳийларда ўзини дунёни севишдан тийиш кам.

Келинг, аслида масиҳий қанақа бўлиши лозимлигини ёдга оламиз:

1)Аввало Худонинг Шоҳлигини излайди.

Матто 6:33. Сизлар аввало Худонинг Шоҳлиги ва унинг ҳақлигини изланглар, буларнинг ҳаммаси эса сизларга қўшиб берилади.

2)Егулик ва кийгуликка эга бўлиб, қониқади.

1Тимотий 6:6-14. 6. Художўйлик эса қаноат билан бирга буюк даромаддир.

7 Чунки биз бу дунёга ҳеч нарса олиб келмадик, ундан ҳеч нарса олиб кета олмаслигимиз ҳам аниқдир.

8 Шунинг учун озиқ-овқат ва кийим-кечакка эга бўлсак, шу билан қаноатланайлик.

9 Бой бўлишни истаганлар эса васвасага, тузоққа ҳамда одамларни вайроналикка ва ҳалокатга ботирадиган кўп фаросатсиз, зарарли ҳирсларга йўлиқадилар.

10 Чунки ҳамма ёвузликларнинг томири – пулпарастликдир. Баъзилар бунга берилиб, имондан оғиб кетдилар ва ўз-ўзларини кўп азобларга дучор қилдилар.

11 Сен эса, эй, Худонинг одами, булардан қочгин, аксинча, ҳақлик, художўйлик, имон, севги, сабр-тоқат ва мулойимликнинг пайидан бўлгин.

12 Имоннинг яхши жанги билан жанг қилгин. Абадий ҳаётни ушлаб тургин, чунки сен шунга даъват этилгансан ва яхши эътирофни кўп гувоҳлар олдида эътироф этгансан.

13 Ҳамма нарсага ҳаёт берувчи Худонинг олдида ва Понтий Пилат ҳузурида яхши эътироф билан гувоҳлик берган Исо Масиҳнинг олдида сенга буюраман:

14 Бизнинг Раббимиз Исо Масиҳ зоҳир бўлгунича, амрни бенуқсон ва беғубор сақлагин.

Парчани таҳлил қилиш:

1)Художўйлик ва қаноатлилик – буюк бойлик.

Художўйлик нима? Худони билиш ва Сўзи билан яшаш, ўзини гуноҳдан тийин ва бева, етимларга ёрдам бериш.

Қаноатлилик – фақат егулик ва кийимга қаноатланиш.

2)Бой бўлишни истаганлар васвасага тушадилар.

3)Ҳамма ёвузликнинг илдизи – пулпарастликдир!

4)Баъзилар бунга берилиб имондан оғдилар.

5)Худонинг одами пулпарастликдан қочиши керак.

6)Аксинча ҳақлик, художўйлик, имон, севги, сабр-тоқат ва мулойимлик пайидан бўлиш лозим.

7)Имон жанги билан жанг қилиш лозим.

8)Абадий ҳаётни тутиб туриш лозим.

9)Масиҳ келгунича амрни бенуқсон ва беғубор сақлагин. Буюк амр ва Буюк Топшириқ.

2. Худо ва дунё рақиб

Ҳозирги масиҳийлар шунақами? Афсуски, ҳар бир жамоатда бундайлар 1,2та учрайди, қолганларимиз Раббийдан кўра кўпроқ дунёни севамиз. Дунёвийлардек яхши яшаш, яхши кийиниш ва бошқа нарсалар бизларда биринчи ўринда туради.

1)Худонинг Сўзи дунё Худонинг 1-рақиби эканини айтади. Ёқуб 4:4-10.

4 Зинокорлар ва фоҳишалар! Дунё билан дўстлик – Худога душманлик эканлигини билмайсизларми?! Шундай қилиб, ким дунё билан дўст бўлишни хоҳласа, у Худога душман бўлади.

5 Наҳотки сизлар Ёзувда: “Бизнинг ичимизда яшаётган Руҳ рашк қадар севади”, – дейилгани бекор деб ўйласангиз?

6 Лекин У янада кўпроқ иноят ато қилади. Шунинг учун айтилган: “Худо мағрурларга қарши туради, лекин камтарларга иноят ато этади”.

7 Шунинг учун Худога бўйсунинглар, иблисга қарши туринглар ва у сизлардан қочиб кетади.

8 Худога яқинлашинглар ва У сизларга яқинлашади. Эй, гуноҳкорлар, қўлларингизни тозаланглар! Эй, фикрида иккиланаётганлар, юракларингизни покланглар!

9 Қайғуринглар, йиғланглар ва нола қилинглар! Кулгингиз йиғига, қувончингиз маъюсликка айлансин.

10 Раббий олдида камтар бўлинглар ва У сизларни юксалтиради.

2)Худонинг Сўзи баъзилар дунёни севиб Худонинг хизматини ташлаб кетганини айтади. 2-Тимотий 4:9-11.  Менинг олдимга тезроқ келишга ҳаракат қилгин.

10.Чунки Димас бу дунёни севиб қолиб, мени тарк этди ва Фессалоника шаҳрига кетди. Крискен Галатияга, Титус Далматияга кетди. 11.

Ёнимда эса фақат Луқо бор. Маркни ўзинг билан бирга олиб келгин, чунки у менга хизмат учун керак.

3) Худонинг Сўзи дунёни севманглар, деб огоҳлантиради. 1Юҳанно 2:15-17.  Дунёни ҳамда дунёдаги нарсаларни севманглар. Кимки дунёни севса, унда Отанинг севгиси йўқдир.

16. Чунки дунёда бор бўлган ҳамма нарса – тананинг ҳирси, кўзнинг ҳирси ва турмуш тарзидан мағрурланиш Отадан эмас, балки шу дунёдандир. 17.

 Дунё ҳам, унинг ҳирси ҳам ўтиб кетади, лекин Худонинг иродасини бажарадиган киши абадий яшайди.

3.Энг яхши ҳимоя бу ҳужумдир

Руҳий жиҳатдан қараганда ҳам, жисмоний жиҳатдан қараганда ҳам бизлар руҳан, ақлан ўсиб атрофдагиларга таъсир қиладиган масиҳийларга айлансак ўзимизга фойда.

Руҳий жиҳатдан: Агар руҳий жанг қилиб юрсак, ёвуз руҳлар территориямизга яқинлаша олмайди, бизларга зарар етказмайди ва одамлар хушхабарга тезроқ очилади. Биз маҳсулдор хизмат қиламиз ва эртага ҳосиллар, мукофотлар оламиз.

Жисмоний жиҳатдан: Биз шундай жойда яшаймизки, номига масиҳий бўла олмаймиз. Агар биз таъсир қилиб, атрофимизни ўзгартирмасак, эрта атрофимиз бизни ўзгартиришга ҳаракат қилади. Бугун хушхабарчилик учун жон койитмасак, эртага улар бизнинг танамизга озор беради.

Биз йиллаб қурган уйимизни жоҳиллар бир лаҳзада бузишларини кўришни истамасак, биз руҳий меҳнат қилишимиз керак: руҳий уйғониш келиши учун ҳар куни соатлаб ибодат қилишимиз, ҳамду-сано куйлашимиз, Худонинг сўзини эълон қилишимиз керак.

Хулоса: Доно одам дунёни севишдан ўзини тияди, Раббийга ўзини бағишлайди, Раббий учун яшайди, ҳар куни Худо Шоҳлигини яқинлаштириш учун нимадир қилади. Ёвуз руҳларга қарши курашиб, хушхабар айтиб, одамларни нажотга келтириб яшайди.

Ибодат: Раббий, дуо қилгин, бизлар дунёни севмайлик, Худони севайлик. Худони, Унинг иродасини билиш учун руҳий машғулотларда нарх тўлайлик. Худо нима учун яратганини билиб, даъватимизга кириб, Раббийнинг ҳамкори бўлиш имтиёзидан фойдаланайлик, Раббий учун буюк ишлар қилиб, Раббийнинг буюклигини намоён қилайлик. Исо Масиҳ номи билан: Омин.

РУХШОНА ИНОЯТ

05.07.21.

МУҚАДДАС РУҲ ҚУЙИЛИШИ ВА КУЧ-ҚУДРАТИ ТЎЛДИРИШИ ВАЪДАСИ

04.07.Ҳаворийлар 1-боб. Ўқидим. 4.Сўнгра уларни йиғиб, уларга буюрди: -Йерусалимдан кетиб қолманглар, лекин Мендан эшитганларинг, Отам ваъда қилганни кутиб туринглар. 5.Зеро Яҳё сувга чўмдирган эди, аммо сизлар бир неча кундан кейин Муқаддас Руҳга чўмдириласизлар. 8.Аммо Муқаддас Руҳ сизларнинг устиларингизга тушиб келганида, сизлар куч-қудрат оласизлар ва Йерусалимда, бутун Яҳудияда, Самарияда ҳамда ернинг ҳудудларигача Менинг гувоҳларим бўласизлар. 13.Улар келиб, болохонага чиқдилар. Шундай қилиб, Петьор, Ёқуб, Юҳанно ва Андер, Филип ва Томаҳ, Бартолмей ва Матто, Алфей ўғли Ёқуб, Зилот Шимон ва Ёқуб ўғли Яҳудо ўша ерда эдилар. 14.Уларнинг ҳаммалари бир неча аёллар ва Исонинг онаси Марям ҳамда Унинг укалари билан якдилликда тинимсиз ибодату илтижолар қилар эдилар.

Нима билдим? Худо ҳақида: 1)Масиҳ Муқаддас Руҳни кутинглар, деди(4). 2)Муқаддас Руҳга чўмасизлар, деди(5). 3)Муқаддас Руҳ келганда куч-қудрат  оласизлар ва Йерусалимда, бутун Яҳудияда, Самарияда ҳамда ернинг ҳудудларигача гувоҳларим бўласизлар, деди(8).

Одамлар ҳақида: 1)Шогирдлар болохонага йиғилдилар(13). 2)Биргаликда якдилликда тинимсиз ибодату илтижолар қилдилар(14).

Хулоса:  Масиҳ Муқаддас Руҳ қуйилмагунича Йерусалимдан узоқлашманглар, деди. Биз буни Муқаддас РУҳ қудрати қуйилгунича ибодат хоналарингдан узоқлашманглар, деб қабул қилишимиз лозим. Хизмат, иш, ўқишчи? Уларни ҳам қўлдан келгунча қилиб туриш керак, асосий диққатни Худони ва Унинг қудратини излашга бериш керак.  Муқаддас Руҳ қуйилганида куч-қудрат оламиз. Бу куч қудрат ҳамма жойда муваффақиятли гувоҳ бўлишимизга ёрдам беради. Шу учун агар куч-қудратда хизмат қилишни истасак, куч-қудрат қуйилгунича бир қўлимиз хизматда, бир қўлимиз ибодатда ХУдони излашда бўлиши лозим. Масиҳ вақт белгилади. Бир неча кундан сўнг, деди. Улар Муқаддас Руҳ қуйилиши ҳақида хабарни қалбларига қабул қилганларидан бир неча кундан сўнг У қуйилиши керак эди. Биз ҳам қалбимизга қабул қилганимиздан сўнг бир неча кундан кейин(йил эмас) У қуйилади. Имон билан кутишимиз керак. шогирдлар ишониб, итоат қилиб ибодатга йиғилдилар. 120дан ортиқ одам якдилликда, тинимсиз ибодат қилдилар. Биз ҳам шундай қилсак натижасини кўрамиз!!!

2қарор: 1)МУқаддас Руҳ яна қуйилиб, куч-қудратига тўлдиргунича имон билан ибодатда сўрайвераман. 2)Бу ҳақида фарзандларимга айтиб бераман.

Ибодат:  Раббий, борлигингиз, Сўзингиз учун раҳмат. Дуо қилинг, бизларга ҳам яқин кунларда Муқаддас Руҳ яна бир бор қуйилсин ва бизлар куч-қудратга тўлиб, шаҳримиз, вилоятимиз, давлатимиз, ҳатто дунёнинг чеккаларигача Масиҳнинг гувоҳлари бўлайлик. Дуо қилинг, жамоат якдилликда ибодатга йиғилсин ва нарх тўласин. Ва биз буюк руҳий уйғонишни кўрайлик. Исо Масиҳ номи билан: Омин.

Сиз қандай қўллайсиз ва ким билан бўлишасиз?

Уэльсдаги руҳий уйғониш

Англиянинг Уэлс деган жойида шахтёр имонлилар оиласида Эван Робертс деган бола туғилади. 13ёшида Масиҳга имон келтиради. У Худони яхши кўради ва бошидан Худо билан жиддий муносабатларда бўлади. Бир куни воиз хизмат йиғинида:”Муқаддас Руҳ келсаю, сен бу ерда бўлмасанг, нима бўлади?”-дейди. Бу ўсмир шу сўзни маҳкам тутади. “МУқаддас РУҳ жамоатга келганида, мен жамоатда бўлишим керак”,-дейди ва ҳамма хизматларга қатнай бошлайди. Булар якшанба кунги умумий йиғин, душанба, сешанба кечки ибодат йиғинлари, чоршанба кунги Сўз ўрганиш йиғинлари бўлади.

Баъзан жамоатга бораётганида қайиқда сузиб юрган ўртоқларини кўради. Лекин у қарорини ёдга олади ва ҳар куни жамоатга қатнайди. Уни Масиҳийликнинг ҳолати қониқтирмас эди, у кўпроқ, ажойиброқ масиҳийликни истар эди ва шу учун узоқ муддатли ибодатлар қила бошлайди. Сўнгра хизматчи бўлиш учун Библия мактабига ўқишга боради.

Бу шаҳарда бир хизматчи 4йилдан буён ибодат қилаётган бўлади: Раббий, шахтёрлар орасидан маълумотсиз хизматчини кўтаргин. У ўз халқини нажотга олиб келсин ва бор шуҳрат Сенга бўлсин. У Библия мактаби устозлари ёки талабалари орасидан бўлмасан, токи билими туфайли мақтанишига сабаб бўлмасин”  Эван Робертс  шаҳарда Худога чанқоқ масиҳийлар йиғинларига қатнай бошлайди. Шундай йиғинлардан бирида шу хизматчи шундай ибодат қилаётганини гувоҳлик берганида юраги ёниб кетади.

Бошқа дафъа воиз: “РАббий бизни эгдирсин”, дейди, бу жумла тилида қолади ва: “РАббий, мени эгдир”,-деб юради. Бир куни ибодат хизмати вақтида шу ибодат билан баланд овозда ибодат қилади ва  МУқаддас Руҳ унга қуйилади. Бу бир неча кеча давом этади. Натижада у тинчликка тўлади ва иноятни ҳис қилади. Унинг дунёқараши ўзгаради. Одамлар жонининг нажоти орзуйи бўлиб қолади!!!

У дўстига ёзади: 1)Асабийлашмайдиган бўлдим. 2)Куни билан куйлай оламан, олдин жисмоний етишмовчилик халақит берар эди.  3)Мен жуда қаттиқ одам эдим, энди миннатдорлик билдириш мен учун осон.

Бир руҳий уйғониш йиғинига бориб, хизматлар қандай ўтказилишини кўради ва ўзи ҳам Раббийга оташин хизмат қилиш ҳақида сўз айтади. У ерда эшитувчилар ёшлар бўлади.

У ҳар нарсада РАббийга итоат қила бошлайди, ҳамма нарса итоатдан бошланишини тушунади. Бир куни жамоат йиғини пайтида ваҳий кўради. Бу ваҳийда мактабидаги ёшларни кўради ва юрагида аниқ даъват эшитади: “Бориб уларни қутқаргин”. У кўнгунича бу даъват давом этади, мураббийсига айтганида, мураббийси буни Раббийдан эканини тасдиқлайди. У қишлоғига қайтади. Ибодат йиғинига қатнаб, кейин ёшларни ибодат қилиб, хушхабарчиликка даъват қилади. У буюк баракаларга олиб келадиган 4нарсани айтди:

1)Ўтган гуноҳлари учун тўлиқ кечирим олиш. Агар ўтмишингизда муаммо бўлса тўғирланг. Ҳар бир гуноҳингизни ХУдо қаршисида сидқидилдан тан олинг.

2)ҲАётингизда шубҳали нарса борми? Бўлса, уни ҳал қилиш керак. шубҳали одатларингиз бўлса улардан халос бўлинг. Агар шунбаҳи одатларингиздан кечмасангиз қалбингизда қувонч бўлмайди. Ўзидан кечиш – Масиҳийликда муҳим нарсалардан бири.

3)Муқаддас РУҳга тўлиқ ва зудлик билан итоат қилиш. Бизни нимадир ибодат қилишга руҳлантирмайди. Бу МУқаддас Руҳ. У сиздан нимани сўраса зудлик билан бажаринг. Дунё устингиздан кулиши мумкин. Сиз эса МУқаддас Руҳ қаршисида тиз чўкинг.  Биров ибодат қилаётганида “жим бўл” деманг, МУқаддас РУҳга қаршилик қилманг.  

4)Масиҳни шахсан ва омма олдида тан олинг.

Хизматининг 2-ҳафтасини Эван Робертс тўхтовсиз ибодат деб атаган. Эван Робертс кўпроқ ва кучлироқ баракалар олиш учун керак бўлса эрталабгача ибодат қилиш, ёриб ўтишга чорлаган. У деган: “Биз МУқаддас РУҳ қуйилади деб ўйлашимиз керак эмас, умид қилишимиз керак эмас, биз қуйилишига ишонишимиз керак! Ҳиссиёт излашимиз, тавба қилишимиз эмас, ибодат қилишимиз керак! ибодат қилишимиз, ишонишимиз ва МУқаддас Руҳ қуйилишини исташимиз керак! Ибодатимиз шундай бўлиши керак: “Исо Масиҳ ҳақи ҳозир МУқаддас РУҳингни юборгин!”

Эван Роберст Раббийдан бутун Уэльс бўйлаб 100 000киши нажотга келишини сўраган.

Ҳар бир киши Муқаддас Руҳ қуйилишини сўраб ибодат қилишни бошлашган. Йиғинлар эрталабки 3,4ларгача борган.

Ундан интервью олган журналист, тунлари кам ухлашини билганида, чарчамаяпсизми? БУ соғлигингизга ёмон таъсир қилмайдими?-деб сўрайди. Эван Робертс эса шундай жавоб беради: “Йўқ, МУқаддас РУҳ мени қўллаб-қувватламоқда. Мен 13йилдан буён Муқаддас Руҳ келишини орзу қилганман. Ахийри У келди. Мен одамзодга имонли бўлиш Қувончини етказмоқчиман!

Бу руҳий уйғониш натижасида:

1)Бутун Уэльс хушхабарни эшитиб, 100000дан ортиқ одам нажотга келган.

2)Барлар, стадионлар бўшаб қолган, чунки одамлар жамоатга қатнаган.

3)Қамоқхоналар бўшаб қолган.

4йилдан сўнг ҳам ҳиссий, ҳам жисмоний толиқиш натижасида Эван Роберст хизматни қолдиришга мажбур бўлади. Шу билан руҳий уйғониш тўхтайди, лекин ҳосили қолади. Бир неча йил ўзига келган шафоатчилик билан хизмат қилади.

Биз учун сабоқ шу бўлиши мумкинки, Эван Робертс каби жон жаҳдимиз билан Худони излаб, бағишланиб хизмат қилайлик, фақат танага дам беришни ҳам унутмайлик. ҒАйрат билан хизмат қилсак, командада ишласак, имон, итоат, муқаддасликни сақласак, соғлом яшаб, овқатланиб, дам олсак узоқ ва маҳсулдор хизматга эга бўлишимиз мумкин!!!

Рухшона Иноят.

04.07.21.

АЗУЗА СТРИТДАГИ РУҲИЙ УЙҒОНИШ

20асрнинг бошида, 1900йилларда  жамоатлар номаълум тилларда гапирмас эдилар. Америкада Чарльз Пархем деган одам Ҳаворийлар 2-бобидан воизлик қилиб, Муқаддас Руҳга тўлишиш ва бунинг аломати сифатида номаълум тилларда гапириш ҳақида воизлик қила бошлайди.

Сеймур деган одам унинг Библия мактабида ўқийди. Кейин Американинг Лос Анжелес деган шаҳрига хизматга боради. Бир имонлининг уйида яшаб, куни билан ибодат қилиб, Ёзув ўрганади. Сеймур унга ибодат руҳи тушганини, шу учун қийналмай соатлаб ибодат қилишини айтади. Кейин шу шаҳарда бошқа имонлининг уйида ибодат йиғини ташкиллаштиради. Бу йиғинга Худога чанқоқлар соатлаб Худога Муқаддас РУҳга чўмдиришини сўраб ибодат қиладилар.

Муқаддас РУҳ имонлиларни гуноҳлари учун бир-бирларидан кечирим сўрашга йўналтиради. Бу ибодат йиғинларида кўп гуноҳларга тавба қилишлар, ўзаро кечирим сўрашлар, кўз ёшлар бўлади. Натижада Сеймур ва бошқалар Муқаддас Руҳга чўмиб, номаълум тилларда сўзлай бошлайдилар. Одамлар кўп бўлиб, уйга сиғмай қолганида Азуза Стрит кўчасида бир жамоат биносини олишади ва ўша ерда хизмат ўта бошлайдилар.

Хизмат ҳар куни 3марта бўлади, одамлар ибодат қилишади, ҳамду-сано куйлашади, сўз эшитишади, касаллар учун ибодат қилишади ва улар шифо топадилар.

Бутун дунёдан одамлар бу йиғинларга бора бошлайдилар, Руҳга чўмиб, номаълум тилларда сўзлай бошлайдилар. Бу Ҳаворийлар китобида баён қилинишича, илк бора элликлик кунида содир бўлгани учун, бу уйғониш натижасида пайдо бўлган жамоатлар Элликлик жамоатлари деб атала бошлайдилар.     

Вилям Сеймур ўз воизликларида Худонинг Уч бирлигининг учинчи Шахси – Муқаддас Руҳнинг муҳимлиги ҳақида воизлик қилган: “Ҳозирги даврда кўп сонли Худонинг одамларининг ҳаётида Худонинг кучи йўқлигининг сабаби – уларнинг Муқаддас Руҳни танимасликларидир. Улар Муқаддас Руҳни Ўз Устозлари ва Юпатувчилари сифатида қабул қилишлари лозим. Сесил Ребек”.

Азуза Стритдаги руҳий уйғонишнинг сабаблари ва ҳосиллари:

1)Ибодат. Жозеф Смел деган чўпон Англияда руҳий уйғониш бўлаётганини эшитиб, ўз кўзи билан кўргани боради. Бориб келгач ҳар кунлик шаҳар учун ибодатни уюштириб, ўзи ва бошқалар шаҳар учун ибодат қила бошлайдилар.

2)Вилям Сеймур Руҳга чўмиш ва номаълум тилларда сўзлаш ҳақида воизлик қила бошлайди.

3)Тенглик ва бирлик. Америкада бу вақтда қора танлилар ва оқ танлилар, бойлар ва камбағаллар, эркаклар ва аёллар орасида бўлиниш бўлган. Айнан жамоатда Муқаддас Руҳ қуйилганида, оқ ва қора танлилар, бой ва камбағаллар бир хонада Худони излашган, эркаклар ва аёллар ҳам Сўз билан бўлишиб хизмат қила бошлашган.

4)Элликлик йўналиши бутун дунё бўйлаб тарқалди.

5)Юз минглаб одамлар имонга келди.

Муқаддас Руҳга чўмган одамлар бутун дунё бўйлаб юриб, Хушхабар тарқата бошладилар ва жамоатлар кўтара бошладилар. Улар имон билан йўлга чиқар ва Муқаддас РУҳ кучи улар орқали намоён бўлар эди.

Нима бу руҳий уйғонишни тўхтатди?

Ички бўлиниш. Жамоат ичида бир таълимот устида баҳслар пайдо бўлган.

Руҳий уйғониш хизматчилари “Иккинчи барака” таълимоти устида 2га бўлинганлар.

Сеймур бошчилигидаги 1-гуруҳ Масиҳий ҳаётида 3босқич бўлиши керак деб ҳисоблашган. Булар 1)тавба қилиш, 2)муқаддасланиш, 3)Руҳга чўмиш.  Вилям Дурҳам бошчилигидаги 2-гуруҳ 2босқич бор, деб ҳисоблаган: 1)Тавба қилиш, 2)Руҳга чўмиш.

Сеймурнинг муқаддасланишни алоҳида кўрсатганига сабаб, Сеймур ва унинг одамлари 1-тавбадан сўнг, имонли бўлиб юрганларида, ХУдони чуқур излашни бошлаганларида, МУқаддас Руҳ ҳозирги гуноҳкорона ҳаётлари учун тавба қилишга чорлагани, улар гуноҳдан кечиб, муқаддаслашганларидан сўнг Муқаддас Руҳ қуйилгани  бўлиши мумкин.

В.Дурхам гуруҳи эса муқаддасланишни тавба қилиш ва Руҳга чўмиш ҳосили деб қараб, уни алоҳида ажратмаган бўлиши мумкин.

Умуман олганда, икки гуруҳ бир-бирининг фикрини ҳурмат қилиб, назарларини янада кўпроқ Муқаддас Руҳга тикишлари, Унга бўйсуниб, Унга боғлиқ бўлишлари мумкин эди, Муқаддас РУҳ янада кўпроқ қуйилиши учун ҳар бирлари олган ваҳийларини қўллаб, янада кўпроқ Буюк Амр ва Буюк Топшириқни бажаришга диққатларини қаратишлари мумкин эди.      

Шу баҳсларга берилганларида руҳий уйғониш тўхтаган. Шайтон бизни ташқаридан енга олмаса ичкаридан енгади. Шу учун бир-биримизга бўйсуниб, бирликни сақлашимиз керак!!!

Қарор:

Ҳар ўқиган нарсамиз ҳақида фикр юритиб, ниманидир ўрганишимиз, қарор қилишимиз лозим. Шунда ўқиган нарсамиз бизга фойда келтиради.

Мен ҳозир руҳий уйғонишлар ҳақида ўқияпман, руҳий уйғонишни ўз давримизда кўришни орзу қиламан. Бу учун ҳар кунлик руҳий машғулотларимни оширишга қарор қилдим.

1)Ҳар кунлик 2соат тонгги ибодат, ярим соат ҳамду -сано, ярим соат номаълум тилларда ибодатга вақт қўшаман. Яъни ҳар куни тонгда 2соат ибодат, кейин 1соат ҳамду сано, 1соат номаълум тилларда ибодат қиламан.

2)Бир соатлик Ёзув ўрганишни ҳам кўпайтираман. Бир соат Ёзув ўрганаман, 1соат ўрганаётган мавзуйимга оид  қўшимча материалларни ўрганаман.

3)Ўрганганларимни ёзаман ва имонлилар билан бўлишаман.

4)Ҳар доим очиқ эшикларга бориб, ҳақиқат билан бўлишаман.

Ибодат: Раббий, биз ҳам руҳий уйғониш учун нарх тўлаб ибодат қилайлик ва уни ҳаётимизда кўрайлик. Ўзинг бизларга рашк, бағишланиш бер, Муқаддас Руҳ қудратини қуйгин, халқимизнинг руҳий кўзлари ва қулоқларини оч, қалб кўзларини оч, токи халқ нажотга келиб, ҳақиқатни англасин, муқаддас яшаб, жаннати бўлсин. Исо Масиҳ номи билан: Омин.

Рухшона Иноят.

02.07.21.

РУҲИЙ УЙҒОНИШ

Кириш: Бу мавзуда руҳий уйғониш нима, унинг белгилари қанақа, у қандай келади каби саволларга жавоб топишга ҳаракат қиламиз.

Руҳий уйғониш нима?

Дунёда руҳий уйғониш деган тушунча бор. Бу қалбларнинг ХУдо учун уйғонишидир.

Бунинг яққол намунасини Савл мисолида кўришимиз мумкин.  Ҳаворийлар фаолияти 9:5-6. 5.У: –Сен кимсан, ё, Раббий? – деди. Раббий эса: –Мен – сен қувғин қилаётган Исоман. Нишга қарши тепишинг қийин, – деди.

6.Шунда Шоул даҳшатга тушиб ва титраб: –Ё, Раббий, нима қилишимни буюрасан? –деди. Раббий унга: –Ўрнингдан туриб, шаҳарга бор ва сенга нима қилишинг кераклиги айтилади, – деди.

Демак, руҳий уйғонишда қалбда пайдо бўладиган саволлар:

1)Сен кимсан Раббий?

2)Нима қилишимни истайсан?

Руҳий уйғонишнинг натижаси сифатида инсонда қуйидаги ҳолатлар юзага келади:

1)Худони билишга, Унга яқинлашишга чанқоқлик.

2)Руҳий машғулотлар: Сўз ўрганиш ва қўллаш, ибодат, ҳамду-сано, рўзаларга чанқоқлик.

3)МУқаддас ҳаётга чанқоқлик.

4)Муқаддас Руҳ ишларига, қудратига, инъомларига чанқоқлик.

5)Худонинг Шоҳлиги кенгайиши учун хизмат қилишга бағишланганлик.

Биз шундай имонли бўлишга ҳаракат қилишимиз ва шогирдларимизни ҳам бунга руҳлантиришимиз лозим, шунда ҳар биримиз рухий уйғониш бошида туришимиз мумкин.

Руҳий уйғониш қандай келади?

 Бу Ҳаворийлар 9-бобда баён этилган, Повулнинг ҳаётида бўлганидек, имонсизнинг ҳаётига Худонинг бирдан кириб келиши туфайли кутилмаганда содир бўлиши мумкин.

Бу  Ҳаворийлар 2-бобда баён этилганидек, имонлилар ўзларини итоат билан ибодатга бағишлаганларида кутилган ҳолда режалаштирилгандек содир бўлиши мумкин.

Асосийси, имонлилар руҳий уйғониш ҳақида билишса ва у учун ибодат, рўзаларда нарх тўлашса ҳар бир имонли, жамоат ҳаётида содир бўлиши мумкин.

Руҳий уйғонишнинг ҳосили

Руҳий уйғониш – МУқаддас Руҳ қуйилишининг ҳосилидир. Аввало, Ҳаворийлар китобида Муқаддас Руҳ қуйилиши ва бунинг ҳосилини таҳлил қилишдан бошлаймиз:

Ҳаворийлар 2:1-4, 38-42. 1 “Элликлик” куни келганида, уларнинг ҳаммалари якдиллик билан бирга эдилар.

2 Тўсатдан осмондан худди кучли шамол бўлгандек шовқин келди ва улар ўтирган уйни бутунлай тўлдирди.

3 Уларга олов каби бўлинаётган тиллар зоҳир бўлиб, уларнинг ҳар бирининг устига биттадан қўнди.

4 Шунда уларнинг ҳаммалари Муқаддас Руҳга тўлдилар ва Руҳ уларга бераётган иборалар билан бошқа тилларда гапира бошладилар.

38 Петъор эса уларга деди: –Тавба қилинглар ва гуноҳларингиз кечирилиши учун ҳар бирингиз Исо Масиҳ номига чўмдирилинглар ва Муқаддас Руҳ инъомини оласизлар.

39 Чунки бу ваъда сизларга, фарзандларингизга ва бизнинг Раббий Худойимиз даъват этган барча узоқдагиларга тегишлидир .

40 У яна бошқа кўп сўзлар билан гувоҳлик берар ва огоҳлантириб: –Бу бузуқ авлоддан қутулинглар! – дер эди.

41 Шунда унинг сўзини қувонч билан қабул қилганлар чўмдирилдилар. Ўша куни ҳаворийларга уч мингга яқин жон қўшилди.

42 Шундай қилиб, улар доимо ҳаворийларнинг таълимотида, мулоқотда, нон синдиришда ва ибодатларда бўлар эдилар.

Парчадан хулоса:

1)Якдилликда, бир жойда ибодатда эдилар(1).

2) Муқаддас РУҳ шамолдек келди, уйни тўлдирди, уларнинг ҳар бирига оловли тиллар қўнди(2,3).

3)Муқаддас РУҳга тўлдилар ва Руҳ берганидек номаълум тилларда сўзлай бошладилар(4).

4)Петьор гуноҳларга тавба қилишга чорлади, шунда Муқаддас Руҳни олишларини айтди(38).

5)Бир кунда уч мингга яқин киши тавба қилиб сувга чўмди(41).

6)Янги имонлилар ҳар куни таълимотда, мулоқотда, нон синдириш ва ибодатларга қатнаша бошладилар(42).

Мана, МУқаддас Руҳ қуйилишига чанқоқлик билан якдилликда қилган ибодатнинг ҳосили!!!

Биз ҳам рашк қилиб, ўзимизни ибодатлар ва рўзаларга бағишлайлик ва шундай натижаларни кўрамиз!!!

БОШҚА РУҲИЙ УЙҒОНИШЛАР

Тарих кўпдан кўп яна руҳий уйғонишларнинг гувоҳи бўлган. Уларнинг баъзилари ёзиб қолдирилган, баъзилари йўқ. Ҳар бир руҳий уйғонишнинг жамоатнинг одатий ҳаётидаги ҳосилларидан фарқи қуйидагилардан иборат бўлган:

1)Кўплаб одамларнинг бирдан имонга келиши.

2)Кўплаб имонлилар ўзларини Худога, руҳий машғулотларга, хизматга бағишлашлари.

3)Муқаддаслик ошиши.

4)Кўплаб янги шогирдлар ва жамоатлар кўтарилиши.

5)Муқаддас Руҳ қудрати, инъомлари ишлаши, кўплаб шифолар, мўъжизалар, аломатлар содир бўлиши.

Агар биз ҳам шундай натижаларни истасак, жамоатимиз, қишлоғимиз, шаҳримиз, еримиз ва халқимизга руҳий уйғониш келишини сўраб, ўзимизни ибодат ва рўзаларга бағишлашимиз керак.

Ҳар бир руҳий уйғонишдан олдин ибодатга мойланиш ва бағишлашин тушган, ибодат ва шафоат руҳи имонлиларни қамраган ва улар соатлаб халқлари, ерлари учун сидқидилдан шафоат қилишган.  

Уйғоқ одам уйғоқлигини билади, ухлаётган ухлаётганини билмайди. Ҳатто, туш кўраётганида у ўзини бедор деб ўйлайди.

Бу рукнда биз шу давргача содир бўлган руҳий уйғонишларни ўрганиб, уларнинг тажрибасини ҳаётимизда қўллашга ҳаракат қиламиз.

Рухшона Иноят.

02.07.21.

ЖАМОАТЛАР КЎПАЙТИРИШ 2

2. Жамоатлар кўпайтиришда 2-қадам: Хушхабарчилик

Биз нимани олдимизга мақсад қилиб қўйиб, шунга интилсак ўшанга эришамиз. Жамоатлар кўпайтиришни мақсад қилсак, ибодат қилсак ва  масъулият олиб хизмат қилсак натижага эришамиз. 

Ҳаворийлар 8:31. Шу орада, бутун Яҳудия, Галилия ва Самария юртлари бўйлаб жамоатлар барпо бўлиб ва Раббийнинг қўрқувида юриб тинчликка эга эдилар ҳамда Муқаддас Руҳнинг юпанчида кўпаяр эдилар.

Ўтган дарсда жамоатлар кўпайтиши учун 1-қадам ибодат эканини ўтган эдик. Бугун 2-қадамни ўтамиз. Бу хушхабарчиликдир. Келинг, Ёзувдан парча ўрганиш билан бошлаймиз:

Ҳаворийлар 13-боб. 1.Антиохия шаҳридаги жамоатда баъзи пайғамбарлар ва муаллимлар: Барнабо, Нигер деб аталган Симеон, киринеялик Луций, вилоят ҳокими Ҳирод билан бирга тарбияланган Манаен ва Шоул бор эдилар. 2.Улар Худога хизмат қилиб, рўза тутаётганларида, Муқаддас Руҳ уларга: “Менга Барнабо билан Шоулни Мен уларни даъват этган иш учун ажратиб беринглар!”-деди. 3.Шунда улар рўза тутиб, ибодат қилдилар ва уларга қўлларини қўйиб, уларни жўнатиб юбордилар.   4.Улар эса Муқаддас Руҳ томонидан юборилиб, Селевкия шаҳрига келдилар ва у ердан Кипрга сузиб кетдилар. 5.саламис шаҳига келиб, яҳудийларнинг синагогаларида Худонинг сўзини воизлик қилдилар. Юҳаннони ҳам хизмат учун ўзлари билан бирга олган эдилар. 44.Кейинги шаббат куни қарийб бутун шаҳар Худонинг Сўзини эшитиш учун йиғилди. 49.Раббийнинг сўзи эса бутун юрт бўйлаб тарқалар эди. 52.Шогирдлар эса қувончга ва Муқаддас Руҳга тўлар эдилар.

Нима билдик? Қандай қўллаймиз?

Жамоатлар кўпайтириш учун жамоат ичида жамоат кўпайтиришга ҳаракат қилиш муҳити яратилиши лозим. Яъни ҳар доим 2фронтда ишлаймиз: 1)Бор шогирдлар билан шогирдчилик ва етакчилик,

2)дунёвийлар билан хушхабарчилик.

Эътибор берайлик:

1)Охирги марта кимга хушхабар айтдик? Қачон охирги марта кимдир тавба қилди?

2)Шогирдимиз борми? Уни ўстириш учун у билан шуғулланяпмизми?

3)Хизматчилар кўтаряпмизми? У билан шуғулланяпмизми?

4)Янги жамоада ишлаяпмизми?

Қандай қилиб хушхабар айтишимиз керак? 

1)Хушхабарни Муқаддас РУҳ ҳузури ва қудрати намойиши билан етказиш. 1Кор.2:4-5. Менинг сўзим ҳамда воизлигим инсоний доноликнинг ишонтирарли сўзларидан эмас, балки руҳ ва куч-қудратнинг намоён бўлишидан иборат эди,

5.токи имонингиз инсоннинг донолигига эмас, балки Худонинг куч-қудратига асосланган бўлсин.

Биз доим бунга интилишимиз ва бу учун ибодат қилишимиз керак.

2)Хушхабар воизлиги. Одамлар қулоқ солиши ва биз дадиллик билан айта олишимизни сўрашимиз лозим. Эфес.6:18-20. 18. Ҳар доим барча ибодат ва илтижолар билан Руҳда ибодат қилиб, бутун сабот билан ҳамма муқаддаслар учун бўлган илтижоларда ҳушёр бўлинглар.

19.Мен учун ҳам ибодат қилинглар, токи Хушхабарнинг сирини маълум қилишимга оғзимни дадиллик билан очишим учун менга сўз берилсин

20ва сўзлашим керак бўлганидек, жасорат билан воизлик қила олайин. Шу Хушхабар учун мен кишандаги элчиман.

3)Баъзан мўўъжизалар содир бўлмайди, одамлар хушхабарни эшитишни исташмайди. Бундай вақтда 3-йўл асқотади. Бу -Масиҳни кўрсатишдир. Танишиш, дўстлашиш, ғамхўрлик қилиш. Ёзувдан мисоллар: Марк 5.жинга чалган одамнинг мисоли; Юҳанно 4.Самарияликлар. Масалан: Қариндошлар.

Масиҳни ҳаёти билан кўрсатиш -ШМА ҳаётидир.

Кимнинг ёдида бор: ШМА ҳаёти нима?

Шма – ивритдан “эшит ва бажар” демакдир.

Ибодат: Раббий, борлигингиз, Сўзингиз учун раҳмат. Дуо қилинг, бизлар хушхабар айтайлик. Хушхабарни аломатлар ва мўъжизаларингиз билан тасдиқланг. Йиллар оша олдин қилган ишларингизни қилинг. Жамоатлар кўтарилсин ва кўпайсин. Исо Масиҳ номи билан: Омин.

РУХШОНА ИНОЯТ

ЖАМОАТЛАР КЎПАЙТИРИШ 1

Жамоатлар кўпайтиришда 1-қадам: Ибодат

Жамоатлар кўпайтиришда муваффақият хизматчиларнинг ўзига боғлиқ. Агар керакли қадамларни доимий равишда имон билан босиб юрсак албатта натижа бўлади.

Жамоатлар кўпайтиришда муваффақиятли бўлишда аввало хизматчининг ўзини англаши аҳамиятга эга. У сўраган нарсаси берилишига ишончи комил:

Санолар 2:8-9. Мендан сўра ва Мен Сенга халқларни мерос қилиб, ернинг ҳудудларини мулк қилиб бераман.

«Сен уларни темир ҳасса билан шикастлайсан, кулолнинг идишидек чилпарчин қиласан».

Мендан сўра. Раббий сўрашимизни истаяпти. Сўраётганда берса хизмат қилиш масъулиятини олиб сўраш керак.

Халқларни, ерларни мерос қилиб олиш шайтонга ё одамларга боғлиқ эмас. Улар Худоники. Худо кимга истаса ўшага беради.

Темир ҳасса – ҳокимият тимсоли. Раббий уларни бошқариш учун ҳокимият беради.

Кулолнинг идиши – мўртлик тимсоли. Худо ва У ҳокимият берган Унинг хизматкорлари қаршисида халқлар мўрт.

Рим.1:5. У орқали биз иноят ва ҳаворийликни олдик, токи Унинг номи ҳақи барча халқларни имонга бўйсундирайлик.

Иноят бепул, текин  совға. Иноят камчиликларимизни тўлдиради.

Ҳаворийлик – бирор вазифани бажариш учун юборилганлик.

Имонга бўйсундириш дейилган! Келтириш эмас, бўйсундириш. Бу ҳам ҳокимият берилгани аломати. Бизлар ибодатда бўйсундирамиз.

Шу дунёқараш билан хизматни бошлаганда қуйидаги қадамларни қўямиз:

1-қадам: Хизмат қилишга бормоқчи бўлган одамлар учун ибодат.

Ибодатда куч катта. Бир воиз бир гувоҳликни айтган эдилар. Акалари атеист бўлган. Йиллар давомида Масиҳга келмаган. Имонлининг ҳокимияти ҳақида ярим йил изланиб, ибодат қилганларида қотмаларни барбод қилиш лозимлиги ҳақида ваҳий олганлар. 2Кор.10:4-5га биноан акаларининг онгидаги қотмаларни барбод қилганлар. 2ҳафта ичида акалари келиб, хушхабарни қабул қилганлар ва нажот топганлар!

Худодан кимларга боришимизни исташини сўраймиз. Юрагимизга солганимизда бу одамлар учун қуйидаги йўналишларда ибодат қиламиз:

1)Ёвуз руҳларнинг, дунё руҳининг, сохта дин руҳининг таъсирини боғлаймиз.

Эф.2:1-2 «Сизлар ҳам жиноятлар ва гуноҳларингиз туфайли ўлик бўлиб, (2) бир вақтлар бу дунёнинг одати бўйича ўша гуноҳларда юриб, ҳавода ҳукмронлик қилаётган бош ҳукмдорнинг, яъни ҳозир бўйсунмаслик ўғилларида амал қилаётган руҳнинг иродаси бўйича яшар эдингизлар.»

Ҳавода ҳукмдорлик қилаётган бош ҳокимнинг иродаси бўйича яшар эдингизлар, яъни шайтоннинг.

2Кор. 4:3-4. Агарда Хушхабаримиз ёпиқ бўлса, у ҳалок бўлаётганлар учун ёпиқдир.

4.Худо тасвири бўлган Масиҳнинг шуҳрати ҳақидаги Хушхабарнинг нури имонсизларга порламаслиги учун бу дунёнинг худоси уларнинг онгини кўр қилиб қўйган.

Бу дунёнинг худоси, яъни шайтон онгини кўр қилиб қўйган.

Одамларни озод қилиш учун уларнинг устиларидан ёвуз руҳлар таъсирини боғлаш ва Муқаддас Руҳни ечиб юбориш керак.

2)Онгидаги диний ва дунёвий қотмаларни барбод қиламиз.

2КОр.10:4-5. 4.Чунки жангимиздаги қуроллар тана измига оид эмас, балки истеҳкомларни барбод қилиш учун Худо томонидан қудратлидир.

5.Булар билан Худони таниб -билишга қарши кўтариладиган ҳар қандай хаёл ва кеккайишни йиқитамиз ҳамда ҳар қандай фикрни Масиҳга бўйсуниши учун асир қиламиз.

Ибодатимиз онгдаги истеҳкомларни, яъни қотмаларни барбод қилишга қодир!

Қотма бу – нотўғри фикрни ҳақиқат деб қабул қилиш ва қатъий ишониш. Ибодатда уларни барбод қилсак барбод бўлади.

3)Раббийдан юрагини ёритишини сўраймиз.

2Кор.4:6. Зеро қоронғиликдан нур порлашига буюрган Худо бизнинг юракларимизда порлади, токи Исо Масиҳ сиймосидаги Унинг шуҳратини билиш учун бизларни ёритсин.

Худосиз юраклар зулмат. Худо юракни ёритганида одамлар Масиҳ сиймосида Худони кўра бошлайдилар.

Эф.1:18.  …ва фаҳмлашингизнинг кўзларини ёритсин, токи сизлар Унинг даъватининг умиди нимадан иборат эканлигини ва муқаддаслар учун бўлган Унинг мероси шуҳратининг бойлиги қандай эканлигини билиб олинглар.

Юрагингизнинг кўзини, яъни руҳий кўзларингизни очсин,токи Унинг даъватини ва мукофотини билиб олинглар.

4)Муқаддас РУҳдан фош қилишини сўраймиз.

Юҳ.16:7-11. 7.Аммо Мен сизларга ҳақиқатни айтаман: Менинг кетганим сизлар учун яхшидир, чунки агар Мен кетмасам, Юпатувчи сизларга келмайди. Агарда Мен кетсам, Уни сизларга юбораман.

8.У келганида эса, дунёни гуноҳ, ҳақиқат ва ҳукм ҳақида фош қилади.

9.Гуноҳ шундан иборатки, одамлар Менга ишонмаяптилар.

10.Ҳақиқат шуки, Мен Отамнинг олдига кетаяпман ва сизлар Мени бошқа кўрмайсизлар.

11.Ҳукм эса шуки, бу дунёнинг ҳокими ҳукм қилинган.

Муқаддас Руҳ одамларни Масиҳга ишонмаслик гуноҳ экани ҳақида, Масиҳ Осмонга кўтарилгани ҳақида, шайтон ҳукм қилингани ҳақида фош қилади.

5)Муқаддас Руҳ ҳар бир одамни тўлдиришини сўраймиз.

Ҳав. 2:17. “Мана, охирги кунларда шундай бўлади, – дейди Худо, – Мен Ўз Руҳимни ҳар бир вужуднинг устига ёғдираман. Сизларнинг ўғилларингиз ва сизларнинг қизларингиз башорат қиладилар, сизларнинг йигитларингиз ваҳий кўрадилар, сизларнинг мўйсафидларингиз туш кўрадилар.

Муқаддас Руҳ қуйилиб, тушлар ва ваҳийлар беради.

Шулар учун ибодат қилсак, албатта самарасини кўрамиз. 

Ибодат: Худойим, борлигингиз, Сўзингиз учун раҳмат. Дуо қилинг, менда хизматчининг тўғри ўзини англаши бўлсин. Дуо қилинг, кимларга боришим кераклигини юрагимга солинг. Дуо қилинг, шу одамларнинг ёвуз руҳлар таъсиридан озод бўлиши, юраги ёришиши, онгидаги қотмалари барбод бўлиши, Муқаддас РУҳ қуйилиши учун мунтазам сўраб, натижаларга эга бўлай. Исо Масиҳ номи билан: Омин. 

РУХШОНА ИНОЯТ

Господь моет ноги ученикам

ЧЎПОНЛИК ХИЗМАТИ

Бу мақолада биз чўпон атамасининг маъноси ҳақида суҳбатлашамиз, Масиҳнинг чўпоннинг тимсоли сифатида ҳамда замонавий чўпон суратини кўздан кечирамиз; шунингдек, чўпоннинг хулқ-атвори қандай бўлиши лозимлиги ҳамда вазифаларига тўхталиб ўтамиз.

Разработка сайта: BrainHayStack