Уйимизда ибодат қилишни имкони йўқ эди, чунки онам буни тушунмас эдилар, шунинг учун мен Худодан ибодат учун жой сўрадим. Эртаси куни онамнинг яқин дугоналари уйларини калитини бизникига қолдириб: “Хабар олиб туринглар, биз кўчаяпмиз”,- дедилар. Шунда мен Худо жавоб берганини тушундим. Ҳар куни эрталаб тонгдан бориб, Худога ибодат қила бошладим. Унга нима дейишни билмаганим учун, аввалдан тайёрлаб қўйилган Пануэл китоби ёрдамида ибодат қила бошладим. Пануэл сўзи – қадимги арамей тилидан -Худо шахс – ёки -Худонинг юзи- деб таржима қилинади. Бу китобни ёзган муаллиф, бир ой давомида Худони излаб, Уни синаб кўринглар, албатта ҳаётингизда Худо билан яқин муносабатларга эришасиз, деб айтган. Шунда мен кунларни ҳисоблаб бордим. Худони излашни бошлаганим, 2005 йил ноябрь охири эди. Бошида ҳар куни 1 соатдан Худо билан шахсий муносабатлар, яъни суҳбат қурдим. Сўнг бир ҳафтадан кейин 1,30 соат, икки ҳафтадан сўнг 2 соат қилдим. Мен биринчи кунданоқ ичимда қандайдир тинчлик ҳис қилдим. Икки ҳафта ўтгач, мен ўзимни, худди елкамдан қанот ўсиб чиққан одам сингари ҳис қила бошладим. Мени босиб турган барча юклар устимдан тушиб кетди. Роппа роса 2006 йил 1 январь куни эрталаб уйғотувчи қўнғироқ чалинди. Ҳеч ҳам тургим келмади, чунки тўшагим иссиқ, турсам ҳаво совуқ, боз устига, уйқуга умуман тўймаётган эдим. Чунки ҳар куни ишга бораман. Бироқ турмасам бўлмайди, чунки мен Худога ваъда қилдим, У билан ҳар куни 2 соат вақт ўтказишни. Шунинг учун туриб бордим. Кўчага чиқсам, ҳамма жойда қалин қор, кўча совуқ, қоп қоронғу, қора тўқ кўк осмонда юлдузлар ярқираб турибди, ҳамма ухлаяпти, фақат битта мен телбага ўхшаб юриб, қорни ғирчиллатиб онамнинг дугонасининг уйига бордим. Уларнинг уйи биздан 10 дақиқа масофада жойлашган эди. Ҳар доимгидай тиз чўкиб Худога ибодат қила бошладим. Аввалига жуда уйқум келиб қийналдим, деярли кўп ҳолларда уйқум келиб қийналар эдим. Лекин буни енгиб ўтиш керак эди. 30 дақиқалар ўтгач, уйқусираган ҳолим, худди қўл билан ечилгандек йўқ бўлиб қолди. Сўнг мен яна ҳам кучли ибодат қила бошладим. Шунда Худо билан Сулаймон пайғамбар ўртасидаги гапларни ўқидим: «менинг Севгилим менга тегишли ва мен унга, У мени базм уйига олиб кирди ва севги билан менга шундай дейди: Менинг кабутарим қоянинг ёриғи орасида, қоятош учининг остида турибди. Менга юзингни кўрсат ва овозингни эшиттир, чунки овозинг ширин ва юзинг ёқимли.» Бу сўзларни ўқиганимда, бирданига кучли севгини ҳис қила бошладим. Ёнимга Муқаддас Руҳ келганини англадим. Бундай севгини авваллари ҳеч қачон ҳис қилмаганман. Лекин ўша куни мен буни ҳис қилдим. Бу Худонинг севгиси эди. Ҳаяжонланганимдан ҳатто қўлимдаги туклар тиккайиб қолди. Бизлар Худо билан романтик муносабатларга эга бўлсак бўлар экан. Худди йигит қизлар ўртасидаги романтик севги муносабатлари каби, лекин бу Худо билан муносабатлар миллион маротаба зўрроқ ва реалроқ, руҳий ва пок, эҳтиромли. Бу йигит қизнинг ерлик севгисидан фарқ қилади, ўта юксак ва ўта кучли. Ўша кундан бошлаб, ҳар куни хурсанд юрадиган бўлдим. Авваллари мен ўзим билмаган ҳолда хомуш бўлиб қолар эдим. Энди эса ўзим билмаган ҳолда юзим кулиб турадиган бўлди. Ўзимни дунёдаги энг бахтли ва энг бой одам каби ҳис қила бошладим. Чунки буюк Худо мендек ҳеч нарсага арзимас, бир гуноҳкор инсонни севар экан. Тасаввур қилингда, сиз дунёда ўзингиз энг кучли хурмат қиладиган инсонингиз билан бирга вақт ўтказмоқчисиз. Масалан, бу Ўзбекистоннинг эстрада юлдузларидан бири, ёки АҚШнинг юлдузларидан бири, ёки бирон бир подшоҳ. Аммо биз уларнинг олдига шунчаки сухбатлашиш учун борсак, уларнинг бизга вақти бўлармикин? Менимча уларнинг олдиларига аввалдан ёзилиб боришимиз керак. Бундан ташқари бизни уларнинг олдиларига киритишармикан? Улар ажойиб инсонлар, лекин уларнинг қўриқчилари бизларни, оддий одамларни киритишмаса ҳам керак.
Худо эса барча президентларнинг Президенти ва подшоҳларнинг Подшоҳидир. Шундай бўлсада, У бизлар билан шунчаки сухбатлашиш учун ҳар доим тайёр. Ахир бу ажойиб эмасми?
Муқаддас Руҳга келадиган бўлсак, шуни айтиб ўтмоқчиманки, Худо ҳозир Осмон Шоҳлигида, Исо Масиҳ ҳам ўша жойда, лекин Худо бу дунёда бизлар етим каби бўлмаслигимиз учун бизларнинг юрагимизга Муқаддас Руҳни юборган. Исо Масиҳни тан олган ҳар бир одамнинг юрагига Муқаддас Руҳ кириб келади. Ҳозирги вақтда Муқаддас Руҳ барча инсонларни Худога томон тортмоқда. У бор кучи билан одамларни Худо томон тортмоқда. Муқаддас Руҳ – Худонинг ичидаги Руҳидир. Худо бизларни шунчалик севдики, бизларга берган ваъдаси аниқ эканлигини исботлаш учун юрагимизга кафолат сифатида Ўзининг Руҳини юборди. Муқаддас Руҳ – Худонинг ва Исо Масиҳнинг энг қадрли, қимматбаҳо Гавҳари, Ягона Марваридидир. Худо Муқаддас Руҳини ҳаммага ҳам беравермайди. Фақатгина Худони астойдил қидирганларга беради. Бу жуда ҳам ажойиб муносабатлар.
Биз ўз кучимиз билан яхши томонга ўзгара олмаймиз. Ҳа, ҳаракат қиламиз, лекин бу жуда қийин масала. Чунки Муқаддас Ёзувда айтилишича (Янги Аҳд. Галатликларга 5:19) «Тананинг, яъни гуноҳкор инсоний табиатнинг изми бўйича қилинаётган ишлари маълум – булар: Зино, хиёнаткорлик, нопоклик, аҳлоқсизлик, бутпарастлик, сеҳргарлик, душманлик, жанжал, нафрат, ғазаб, низо, ихтилофчилик, бидъат, ҳасад, қотиллик, ичкиликбозлик, айш-ишрат ва шуларга ўхшаган ишлардир. Сизларни олдин огоҳлантирганимдек, яна огоҳлантираяпман, бундай ишларни қилувчилар, Худонинг Шоҳлигини мерос қилиб олмайдилар.»
Демак биз ўз кучимиз билан яхши бўла олмаймиз. Лекин Муқаддас Руҳ билан суҳбатлашсак, унда Ундан юқтириб оламиз. Чунки қозонга яқин юрсак, қорасини юқтириб оламиз, Худога яқин юрсак, Худодан муқаддасликни юқтириб оламиз.
Галатликларга 5:22 «Руҳнинг ҳосили эса: Севги, қувонч, тинчлик, узоқ сабр тоқатлик, эзгулик, меҳрибонлик, имон, камтарлик, мулойимлик ва ўзини тийишдир.» Муқаддас Руҳ билан яқин бўлсак, Ундан шу хислатларни юқтириб оламиз ва ўзга инсонларга айланамиз. Чунки Худо билан учрашган одам, ҳеч қачон аввалгидай қолмайди.
Муқаддас Руҳнинг яна бир хислатларидан бири, У Юпатувчи деб аталган. Бизнинг қийин кунларимизда У бизни Юпатади ва ёрдам беради. Агарда бутун дунё бизлардан юз ўгирса ҳам, У бизлардан ҳеч қачон юз ўгирмайди ва бизларни абадул абад ҳеч қачон тарк этмайди. Тасаввур қилиб кўринг: агар тарози палласининг бир томонига дунёдаги барча олтинларни, олмосларни, кумушларни, барча долларларни, барча бойликларни қўйсак ва барча шу вақтгача яшаб ўтган одамларни, ҳозир яшаётган одамларни ва келажакда туғиладиган барча одамзодни қўйсак, орзуингизда нималар бўлса барчасини минг баробар қўйсак, тарозининг нариги палласига эса битта Муқаддас Руҳни қўйсак, унда Муқаддас Руҳ буларнинг барчасини, худди катта гигант тоғ, кичкинагина чангни, йўқ нарсани, микробни кўтаргани сингари, кўтариб юборади. Шунчалик Муқаддас Руҳ қадрли, шунчалик Худо қадрлидир. Шу сабабли, Худо билан дўстлик, Муқаддас Руҳ билан дўстлик бизларни автоматик равишда энг бахтли одамларга айлантиради. Чунки агар сиз У билан шахсий муносабатларга эга бўлсангиз, унда сиз ҳамма нарсага эгасиз. Агар сиз У билан муносабатларга эга бўлмасангиз, унда сиз эга бўлган бошқа барча бойлигингиз бекор нарсадир, маъносиз нарсадир. Чунки асосий Бойлик, Ягона Бойлик – Худодир. Бемаъни нарсалар эса бизларга бут бўлиб қолмоқда. Ким учун бу карьера, ким учун Туркиянинг 1755- серияси бўлмиш сериал, ким учун бу пул. Ким учун мансаб. Пул учун одамлар бир бирларини ҳатто жонларини олишмоқда. Ким учун бу ароқ. Ҳаммада ҳар хил.
Лекин Худо айтмоқда: Йеремияҳ пайғамбар китоби 29:11-14 «Фақат Мен сизлар ҳақингиздаги мақсадларимни биламан, – дейди Раббий, – булар сизларга келажак ва умид бериш учун ёвузликка эмас, эзгуликка бўлган мақсадлардир. Сизлар келиб Мени чорлайсизлар ва ибодат қиласизлар, шунда Мен сизларни эшитаман. Сизлар Мени излайсизлар ва агарда бутун юрагингиз билан изласангизлар, Мени топасизлар. Шунингдек Мен сизлар томонингиздан топиламан,- дейди Раббий.
Худони чин юракдан қидирган инсон, албатта Уни топади. Худо юзхотирчилик қилмайди. Унинг қаршисида ҳар бир одам тенг ва қадрлидир. Худо бизлар билан суҳбатлашишни, ҳали бизлар йўқ бўлганимизда, ҳатто дунё яралмасидан аввал орзу қилган экан.
Худо Исроил халқини Мусо пайғамбар билан Мисрдан, қулликдан олиб чиққанидан сўнг, улар чўлда, саҳрода анча вақт юрадилар. Худо уларни ваъда қилинган ерга олиб кетаётган вақтда, улар саҳродан ўтадилар. Ваъда қилинган ерда ҳамма нарса бор бўлади, у ер сут ва асал оқадиган ердир. У ерда уй- жойлар, жониворлар, далалар, узумзорлар, боғи роғлар, хуллас ҳамма бойлиги бор ер бўлади. Лекин халқ йўлда Худога ва Мусога нолий бошлайди ва қайсарлик қилади. Бир куни: “Бизга пиёз бер”,- деб жанжал қилади, бошқа куни: “Гўшт бер”,- деб жанжал қилади. Охир оқибат Худо Мусога шундай дейди: “Мусо, Мен сизларга қўшиб Фариштамни юбораман, У сизларни Ваъда қилинган ерга олиб киради, йўлда барча душманларни У қириб ташлайди. Фақат Мен сизлар билан бирга бормайман.»
Шунда Мусо: “Эй Худойим, агар Сен бизлар билан бирга бормасанг, унда бизларни бу саҳродан чиқармагин, чунки бизлар билан бормасанг бошқа ҳаммаси бемаънилик. Фақат Сен бизлар билан бирга борсанг, унда биз барча халқлар ичида шарафли бўламиз, чунки Сен биз билан биргасан ва Сенинг шарафинг бизни қоплайди”, -дейди.
Бошқача қилиб айтганда, халқ еб -ичишни, роҳатни, бойликни истайди. Мусода эса бошқача қизиқиш бор эди. У Худони севиб қолган эди. У 40 кун рўза тутиб тоққа чиқиб Худони қидиради. Қайтиб келиб яна тоққа чиқиб кетади ва 40 кун яна ҳеч нима емасдан, ҳатто сув ичмасдан Худони қидиради. Ҳатто бутун умр саҳродан чиқмасликка рози эди. Фақат Худо у билан бирга бўлса бас. Авваллари мен бу ҳақда ўқиганимда, жуда Мусога ачинар эдим. Чунки у 40 йил саҳрони кезиб юради. Наҳот Мусо шунча Худони қидириб, шундай саҳрода умри ўтиб кетади, деб ўйлар эдим. Энди билсам, у ҳар куни Худо билан шахсий муносабатларга эга бўлган экан. Ташқаридан саҳрода бўлсада, юрагида худди жаннатда каби яшаган. Чунки Худо билан суҳбатлашган одам, қаерда бўлишидан қатъий назар, қанчалик оғир шароитларда бўлмасин, юрагида бахтли бўлади. Худо билан сухбатлашган одам, бу дунёга албатта қандайдир катта мерос қолдиради. Мусо Худодан 10 та амрни олди. Бу амрларга итоат туфайли миллионлаб одамларнинг жони сақланиб келмоқда.
Худо бизларни севади ва бизга ҳамма нарсани бериши мумкин. Лекин У шуни жуда ҳам истар эдики, биз биринчи ўринга Уни қўяйлик. Худони баракалари, бойлигини топиш учун қидирмайлик, Худони – Уни Ўзини топиш учун қидирайлик.
Ҳозирги вақтда Худо бутун қонунни иккита сўз ичига мужассамлаштирган: 1 Раббий Худойингни бутун қалбинг, бутун онгинг, бутун қувватинг билан севгин. 2 Ўзга одамларни ўзингни севганинг каби севгин. Тавротдаги барча қонунлар ва пайғамбарлар – шу иккита амрга асосланган. Демак сиз Худони севсангиз, У билан вақт ўтказасиз. Ахир кимни севсак, у билан бирга вақт ўтказишни истаймиз. Вақт қурбонлиги – бу севгимизнинг асосий кўрсаткичидир. Буни одамларнинг кўриши учун қилишимиз ҳам керак эмас. Чунки баъзилар ҳаммага кўргазма қилиб Худога ибодат қилишади. Агар биз бошқалардан мақтов олиш учун, бошқаларга яхши кўриниш учун ибодат қилсак, унда Худодан мукофот олмаймиз. Бизнинг мукофотимиз шу одамларнинг мақтови бўлиб қолаверади. Лекин биз айнан Худога маъқул келиш учун ибодат қилсак, яширин, сирли хонамизга кириб олиб Худони қидирсак, Унда Худо бизларга шуни ваъда қилмоқдаки, биз Уни албатта топамиз ва У бизларни ошкора мукофотлайди. Агар биз Худони севсак ва одамларни севсак, унда барча Худонинг қонунларини бажарган бўламиз.
Хулоса қилиб шуни айтмоқчи эдимки, мен оддий бахтсиз йигит эдим. Худо мени севиб, Ўзи билан суҳбатга чорлади. Мен жон дедим. Кейин бу жисмимга қийинлик қила бошлади, чунки тонг саҳарнинг уйқуси ширин. Мен РАббийни жисмимдан ортиқ севишга қарор қилдим ва уйқу аралаш ибодат қилгани боравердим. Шунда Худо қурбонлигимни кўрди ва ҳузурини қуйди. Мен ХУдонинг тинчлигини, қувончини, севгисини ҳис қилдим ва борлигига амин бўлдим. Тушкунлик кетиб, ҳаётимга кўтаринки руҳда юриш келди. Кейин ибодатларимга жавоб бериб, муҳтожликларимни қондира бошлади. Аста секин ҳаётда ўз ўрнимга, ишимга, оиламга, уйимга эга бўлдим. Лекин ҳаётимда энг қимматбаҳо – бу Худо, У билан шахсий муносабатлар ва Унга хизмат қилиш деб қарор қилдим, шу қарор билан яшаяпман. Ҳар куни тонгдан Раббийни излаб, У билан суҳбат қуриб, Ундан донолик, куч, қувонч олиб кунимни бошлайман. У менга янги ғоялар беради, истак ва куч беради, мен кундалик ишларимни Раббийнинг кучи, донолиги билан қилиб, ғайритабиий муваффақиятга эгаман. Шу учун ҳар бир кишига, аввало, ҳаётда энг муҳим ишни қилишни: Худони излашни, Уни топгунча тўхтамай излашни, топгач эса қўйиб юбормасликни тавсия қиламан. Биз Худода ҳамма нарсага эгамиз. Худони топсак ва Ундан йироқлашмасак, икки дунёда ҳам У бизлар билан бирга бўлади. Бу дунёда барака беради, у дунёда жаннатига олиб киради. Асосийси, Ўзи бизлар билан бирга бўлади. Худо билан бирга бўлишдек бахт йўқ бу дунёда. Чунки Худо бирга бўлган одамга Унинг ҳузури, баракаси, ҳимояси ҳамроҳ бўлади!
Дониёр Иброҳимов
10.2020.