ПАЙҒАМБАРЧИЛИК ИНЪОМИ

Янги Аҳдда пайғамбарчилик инъоми беш хизмат инъомидан биридир. Раббий пайғамбарчилик қилишимизни рашк қилишимизни истайди. Биз бу учун ибодат қилишимиз ва Муқаддас Руҳ бошқарувида пайғамбарчилик қилишга ҳаракат қилишимиз мумкин.

Эски Аҳдда пайғамбарчилик қилиш намунаси:

2Шоҳликлар 3:15.  Энди эса чанг чалувчини чақиринглар.Чанг чалувчи чангни чалаётганида, Раббийнинг қўли Элишага тегди 16.

ва у деди: ―Раббий шундай дейди: “Ушбу водийда чуқур ортидан чуқур қазинглар. 17.Зеро Раббий шундай дейди: Шамолни кўрмайсизлар, ёмғирни ҳам кўрмайсизлар, лекин бу водий сув билан тўлади, токи сизлар ва сизларнинг кичик ҳамда катта қорамолларингиз ичинглар. 17.

 Зеро Раббий шундай дейди: Шамолни кўрмайсизлар, ёмғирни ҳам кўрмайсизлар, лекин бу водий сув билан тўлади, токи сизлар ва сизларнинг кичик ҳамда катта қорамолларингиз ичинглар. 18.

 Лекин бу ҳам Раббийнинг нигоҳида камдир, У Моабни ҳам сизларнинг қўлларингизга топширади. 19.

 Шунда сизлар барча мустаҳкамланган шаҳарларни, барча сара шаҳарларни қирғин қиласизлар, энг яхши дарахтларни кесиб ташлайсизлар, барча сув булоқларини ёпасизлар ва ернинг энг яхши далаларини тошларга тўлдирасизлар”. 20.

 Эрталаб, тақдим этиш нонлари келтириладиган вақтда, бирданига Эдом йўли билан сув қуйилди ва ер сувга тўлди.

Кўриб турганимиздек, пайғамбар чолғу асбоби билан Раббийга сажда қила бошлади ва шу вақтда Муқаддас Руҳ тушиб башорат берди. Эртаси куни бу башорат амалга ошди!

Янги Аҳдда пайғамбарчилик қилиш намунаси:

Бизлар Масиҳ номи билан тўпланганимизда, Масиҳ РУҳи билан орамизда бўлади ва пайғамбарчилик сўрасак, У Муқаддас РУҳи билан бизларга сўзлайди.

1Коринфликларга 14:26. Шунинг учун биродарлар, нима қилсак экан? Сизлар тўпланганингизда, ҳар бирингизда бирор қўшиқ борми ёки таълимот, ёки тил борми, ёки ваҳий, ёки бирор талқин қилиш борми – буларнинг ҳаммаси жамоатни барпо қилиш учун бўлсин. …29.

 Пайғамбарчилик қилувчилардан ҳам икки ёки уч киши гапирсин, қолганлар эса муҳокама қилсинлар. 30.

 Агар ўтирганларнинг бошқасига ваҳий келса, унда биринчиси жим турсин. 31.

 Чунки ҳамма таълим олиши ва юпаниши учун ҳаммангиз бирин-кетин пайғамбарчилик қилишингиз мумкин.

32. Пайғамбарчилик руҳлари эса пайғамбарчилик қилувчиларга бўйсунадилар. 33.

 Чунки Худо тартибсизлик Худоси эмас, балки тинчлик Худосидир. Муқаддасларнинг ҳамма жамоатларида тартиб шундайдир.

Нима билдим?

1)Тўпланишимиз керак(26).

2)Йиғинга қуруқ қўл билан эмас, балки Раббийни излаб, Ундан руҳий инъом: қўшиқ, таълимот, тил, ваҳий, талқин қилиш олиб келиш лозим(26).

3)Бу ваҳийларни жамоатни барпо қилиш учун эълон қилишимиз керак(26).

4)Кимдир пайғамбарчилик қилиши, бошқалар муҳокама қилиши лозим29).

5)Бир-бирига ўрин бериш лозим(30).

Хулоса: Агар руҳий тайёрганлик билан тўплансак, Раббий доим ваҳийлари билан дуо қилади. Ўзимизни мақташ учун эмас, балки жамоатни барпо қилиш учун ваҳий олишга ва айтишга интилишимиз лозим.Баъзан одамлар тана истаги ёки қалб истагини пайғамбарчилик деб айта бошлайдилар, жим бўл деса, мени Муқаддас Руҳ бошқаряпти, дейишади. Шундай тартибсизликлар олди олиниши учун ҳатто Муқаддас Руҳ ҳам одамга бўйсуниши, чунки Худо тартиб Худоси экани айтилган. 

Пайғамбарчилик инъомида ҳаракат қилиш учун Муқаддас РУҳ овозига сезгир ва бошқарувига бўйсунадиган, муқаддас, камтар, итоатли бўлишга ҳаракат қилишимиз керак. ўшанда Муқаддас Руҳ бизлар орқали имонлилар, жамоат, халқ ҳаётида пайғамбарчилик сўзи бера бошлайди.

Бизнинг тажрибамиз:

Бизлар йиғилганда, Муқаддас Руҳни чақириб, ибодат қилдик, ҳамду -сано куйладик. Сўнгра ҳар бир оила навбат билан ўртага чиқди. Бошқалар эса улар учун ибодат қилиб, башорат айта бошладилар. Илк бора, бу тунги ибодатда қилинганида, мен унчалик сўз ола олмаган эдим. Бу дафъа, менга ҳам бошқалар учун сўз келди. Ишончлилиги шунда эдики, мен кўнглимга келган нарсаларни билмас эдим, айтганимда эса тасдиқлашди.

1-жуфтлик. ҲАм ишлаб, ҳам хизмат қиладиган чўпонлар оиласи: Сизларнинг юракларингда Худонинг муҳри бор. шу сизларни Раббийга бағишланишда сақлайди. Сизлар ҳам ишда, ҳам хизматда ўта муваффақиятли бўлишингиз учун Раббийнинг инояти ва тинчлиги керак. сўнгра мен Раббий инояти ва тинчлиги билан тўлдириши учун ибодат қилдим.

2-жуфтлик. Чекка жойдан бағишланган чўпонлар оиласи. Сизлар ақлий жиҳатдан ўзларингни бизларга ўхшамаганингиз учун тортинар экансиз. Сизлар оддий одамсизлар, халқингиз ҳам оддий одамлар. Мураккаб ақлий хушхабарни улар тушунмайдилар, шу учун уларга оддий хушхабар айтинглар. Сизларнинг кучларинг Муқаддас Руҳга бўйсуниб, У билан ҳаракат қилишда бўлади.

Бу жуфтликдан сизларда шундай ҳиссиёт борми?-деб сўраганимда тасдиқлашди. Буни мен билмас эдим.

3-жуфтлик. Она -бола. Сизларда бахтли ва кучли бўлишингиз учун кимгадир таяниш эҳтиёжи бор экан. Раббий Унга таянишингизни истайди, шунда сиз кучли ва бахтли бўласиз.

Кейин аёл фикримни тасдиқлади.

4-жуфтлик. Ёши улуғ чўпонлар. Сизларда мен жуда кўп иш ташвиши остида қолганлик кўряпман. Ҳатто ҳаммасини қилиб улгураманми?-деган хавотирингиз ҳам бор. Раббий ҳозир сизга қувват, қувват, қувват бермоқда.

Кейин бу киши жамоатда муаммолар бўлиб, чарчаганларини айтдилар. Раббийдан қувват қабул қилдик.

5-жуфтлик. Катта жамоат чўпонлари. Мен катта дарахтни кўрдим. У соғлом, бақувват, катта, яшил эди. Лекин бор иқтидорини чиқариб бўлган эди. Бошқа ўсиш иқтидори йўқ эди. Бирдан унга янги, бир неча баргли новда пайдо бўлди. У ёш, чиройли эди, лекин ўсишга умид берар эди.

Кейин бу жуфтлик, бу жамоатларидаги ҳаракат эканини айтишди. Янги новда шогирдчиликда ҳаракат қилишни бошлаганларини билдиришини айтишди.

Бизга башорат қилишганда:

1-жуфтлик.  Худонинг паноҳида яшовчи Унинг ҳимояси баракаси остида яшайди, сизлар шундайсизлар, деб 90-санони башорат қилишди.

2-жуфтлик ҳам. Атрофингизда 10минглаб қулайди, сизларга яқинлашмайди, деб шу санодан башорат қилишди.

3-жуфтлик. Сендан кўплаб халқлар кўтарилади, деган башоратни айтишди, фақат бу руҳий фарзандлар эмас, моддий фарзандларни кўряпман, деди. Яна қўшиб қўйди: Қуриётган дарахтни кўрдим. Унинг илдизлари Масиҳда томир отган эди. Масиҳ қони кўтарилиб, бу дарахтга жон берди ва кўплаб ҳосиллар пайдо бўлди.

4-жуфтлик. Юлдузнинг шуҳрати юлдузникидан фарқ қилади, деган сўз келди. Бошида эр-хотинларнинг инъомлари фарқ қилиши ҳақида гап кетяптими, деб ўйладим, кейин ўйлаб шу хулосага келдимки, Раббий сизларга фарзандлар бермоқчи…

Ҳаммамиз барпо қилиндик, куч, имон, қувончга тўлдик. Менимча, бизлар ҳам ҳаётимиздаги, хизматимиздаги вазиятларнинг ечимини топиш учун, қариндошларимиз, халқимиз қандай юқоридан туғилиши, ҳақиқатни англаши, жаннати бўлишини йўлини сўраб башорат қилишимиз керак. ўшанда Муқаддас Руҳ очиб, аниқроқ мўлжалга оламиз ва муваффақиятли бўламиз!!!

Хулоса қилиб шуни айтмоқчиманки, Эски Аҳдда ҳам, Янги Аҳдда ҳам Худонинг халқи пайғамбарчилик учун Раббийга мурожаат қилган. Раббий пайғамбарчилик сўзи берган. Баъзилар тана изми, жон изми билан башорат қилиши учун руҳий етакчи бўлмаганида бу билан шуғулланиш тавсия қилинмайди. Лекин руҳда ўсаётган, итоатда, камтарликда бўлган Масиҳийлар бирга йиғилганларида турли вазиятларга нисбатан ёки ўзлари барпо қилинишлари учун Раббийдан пайғамбарчилик сўрашлари ва юир-бирларига юракларига келган сўзни айтиб имонларини барпо қилишлари мумкин.

Ибодат: Раббий, борлигингиз, Сўзингиз учун раҳмат. Дуо қилинг. Бизларда ҳам пайғамбарчилик инъоми ишласин. Бу жамоатни, ҳар бир имонлининг имонини барпо қилсин. Пайғамбарчилик қилишда руҳ изми билан ҳаракат қилайлик ва ҳаммаси тартибли бўлсин. Исо Масиҳ номи билан: омин.

Рухшона Иноят

17.07.21.

УЙИМНИ ҚУРСАНГЛАР УЛУҒЛАНАМАН…

18.07.21. Ҳаггай 1-боб. Ўқидим. 2.Қўшинлар Худованди шундай дейди: Бу халқ: “Ҳали вақти келгани йўқ, ҳозир Раббийнинг Уйини қуриш вақти эмас”,-деб айтаяпти. 3.Шунда Ҳаггай пайғамбар орқали Раббийнинг Сўзи келди: 4.”Бу уй хароба бўлиб ётганида, сизларнинг ўзларингиз учун безатилган уйларингизда яшаш вақтими? 5.Шунинг учун энди Қўшинлар Худованди шундай дейди: Ўзингизнинг аввалги йўлларингизни синчиклаб кўриб чиқинглар. 6.Сизлар кўп экдингизлар, аммо кам йиғиб олдингизлар. Сизлар еяпсизлар, аммо тўймаяпсизлар. Сизлар ичяпсизлар, аммо чанқоғингиз босилмаяпти. 8.Тоққа чиқиб ёғоч ташинглар ва маъбад қуринглар. Мен эса бу уйдан рози бўламан ва улуғланаман,-дейди Раббий.

Нима билдим? Худо ҳақида: 1)Раббий халқнинг “Худонинг уйини қуриш вақти эмас”,деганини эшитган(2). 2)Раббий пайғамбари орқали жавоб берган: Менинг Уйим хароба бўлиб ётганида ўзларингнинг уйларингда яшаш вақтими (3,4). 3)Йўлларингни синчиклар кўриб чиқинглар, деди(5). 4)Тоққа чиқиб ёғоч ташинглар ва маъбад қуринглар(8). 5)Мен бу уйдан рози бўламан ва улуғланаман(8).

Одамлар ҳақида: 1)Кўп экдилар, кам ўриб олдилар; 2)едилар, аммо тўймадилар; 3)ичдилар, чанқоқлари босилмади;

Хулоса: Худонинг халқи “ҳали Худога хизмат қилиш вақти эмас”, -деб баҳона қилиб, ўзи учун яшаб юрар эди. Улар учун оиласи, боласи, иши муҳим эди. Буларни биринчи ўринда қўяр эди, Худо эса фақатгина дуо қилиши учун керак эди.

Худони излашни, Унга хизмат қилишни четга суриб қўйганлари учун Худо ҳам уларнинг устидан осмонни ёпиб қўйди. Барака бермади, шу учун чарчаб ишласалар ҳам бирлари икки бўлмади. Ҳозир ҳам бизнинг жамоатда кўпларда  шу нарса кузатиляпти. 

Агар Раббийга маъқул бўлай десак, аввало руҳий машғулотларни қилиб Худони излашимиз керак, кейин руҳий жамоатни кўтаришга масъулият олишимиз, ибодат қилиб хушхабарчилик, шогирдчилик, етакчилик билан шуғулланишимиз керак. Агар буларни четлаб фақат ўзимизнинг ғамимизни еб яшасак муҳтожликдан бошимиз чиқмайди. Ўзимиз учун жон куйдиргандек Раббий учун ҳам жон куйдириб меҳнат қилишимиз керак. Шунда Раббий хизматимиздан рози бўлади, улуғланади ва бизларни дуо қилади, ўшанда осмон очилиб баракалар қуйилади. Бугун кўп имонлиларнинг юраги Худонинг фош қилишига кўр бўлиб қолган. Эрта шундай бўлиб қолмаслик учун бугун ҳали уйғоқлар, ўлгунимча Раббийни излаб, Унга хизмат қилиб яшашга масъулият оламан, деб қарор қилишимиз керак ва қароримизда туришимиз керак. Ўшанда ўлгунча кимгадир керак бўламиз, бўлмаса, баракасиз, хор бўламиз.  

2қарор: 1)Ҳаётим охиригача Раббийни излаб, Унга хизмат қиламан. 2)Бу ҳақида фарзандларимга айтиб бераман.

Ибодат:  Раббий, борлигингиз, Сўзингиз учун раҳмат. Дуо қилинг, Сўзингиз юракларда ўз ишини амалга оширсин. Бугун қайноқлар абадий хизмат қилишга қарор қилсин. Бугун илиқлар уйғонсин. Баракасизлигининг сабабиби билиб руҳий ялқовлиги, қайсарлиги учун тавба қилсин, руҳий машғулотлар ва хизмат қилишга масъулият олсин. Дуо қилинг, жамоатимизга юрагида ўти борларни кўтаринг: болалар, ўсмирлар, ёшлар, аёллар, эркаклар орасида ҳақиқий руҳий, ақлий меҳнаткашлар кўтарилсин. Раббийнинг жамоатини кўтаришсин, Раббий рози бўлиб, улуғлансин ва баракаларини қуйсин. Исо Масиҳ номи билан: Омин.

Сиз қандай қўллайсиз ва ким билан бўлишасиз?

РЎЗА ВА ИБОДАТ ОРҚАЛИ ХУДОГА ХИЗМАТ ҚИЛИШ ИМТИЁЗИДАН ФОЙДАЛАНИШ

Кириш: БУ воизликда ибодат ва шафоатнинг нақадар муҳимлиги ҳақида суҳбатлашамиз.

1.Раббий ерни баракалаш учун ибодатларимизни ишлатади:

Азизлар, ҳаммамиз Худога муҳтожмиз ва Ундан ёрдам сўраб мурожаат қиламиз. Худо ҳам бизга муҳтожлиги, У ҳам биздан ёрдам сўрашини биласизми?

Ерда Худо одамни ҳоким қилиб қўйган. Шу учун ерда одамнинг ибодати билангина ҳаракат қила олади. Шу учун Худо ерда Унинг иродасига кўра шафоат қиладиганларни излайди.

Эзекил 22:30. Мен уларнинг орасида ушбу ерни вайрон қилмаслигим учун тўсиқ қўядиган ва Менинг қаршимда мазкур ер учун ёриқда турадиган одамни изладим, лекин топа олмадим. 31.

Шундай қилиб, уларга Ўз қаҳр-ғазабимни қуяман, уларни Ўз қаҳримнинг олови билан қириб ташлайман, уларнинг қилмишларини ўзларининг бошларига соламан”, –дейди Раббий Худо.

Шаҳар, халқ гуноҳда яшаган. Раббий шафоатчи излаган. Агар шафоатчи шафоат қилса, унинг шафоатига кўра одамларни ўзгартириш, нажот бериш ва дуо қилишни истаган. Лекин шафоатчи бўлмагани учун бу шаҳар ва халққа гуноҳлари учун жазосини беришга мажбур бўлган.

Сизнинг шафоатингиз кимларнидир Худонинг ғазабидан, гуноҳдан, ўлимдан, дўзахдан асрашини биласизми? Унда қайноқ шафоат қилинг, бошқалар қилмаса-да сиз қилинг! Раббий ҳар бир кишини ўз бағишланишига кўра тақдирлайди! Шу учун сиз масъулият олинг!

Раббий Унга бағишланган шафоатчи хизматчиларни топса, хизматида ишлатади ва дуо қилади.

Йилнома 16:9. Зеро Раббийнинг кўзлари Унга юраги тўлиқ бағишланганларни қўллаб-қувватлаш учун бутун заминни кузатиб туради…

 Бир йили халқаро ташкилотда ишлаган эдим. Шундай вазият юз бердики, бухгалтер бизлар билан қўшни давлатга чиқиб кетиши эҳтиёжи пайдо бўлди. У бошлиғига қараб: “Хўп, бор десангиз, бораман, ҳозир уйга бир оғиз телефон қилиб қўяман…”,-деди.   У кишининг эмизикли боласи бор эди. Баъзан ишига бағишланганликни дунёвийлардан ўрганаман. У яхши она, лекин оила учун масъулият олаётганида иши учун масъулиятни сақлаб қолган ва иккисига ҳам улгуришга ҳаракат қилади.

2.Хизмат қилсак-да, қилмасак-да, бугун ўтади, мукофоти ҳар хил бўлади:

Масиҳ туғилган вақтда ҳам ҳамма ўз ҳаёти билан яшаётган эди. Фақат Анна ибодат қилди ва келажак Масиҳ ҳақида сўзлади.  Луқо 2:36.У ерда Ашер қабиласидан Фануэлнинг қизи Ҳанна исмли жуда кекса бир пайғамбар аёл ҳам бор эди. У қизлигидан эри билан фақатгина етти йил яшаган эди.

37. У саксон тўрт ёшлик бева эди. Ҳанна маъбаддан кетмасдан, рўза ва ибодат билан туну кун Худога хизмат қилар эди. 38.

 У ўша вақтда келиб, Раббийни улуғлар эди ва Йерусалимдаги нажотни кутаётганларнинг барчасига бу бола ҳақида гапирар эди.

Аннанинг фазилатлари:

1)Кекса пайғамбар аёл. Кекса ёшида ҳам Раббийга хизматни қолдирмаган. Кекса бўлса-да Раббий унга сўзлайди, уни ишлатади. У Раббийнинг овозини эшитадиган Унинг пайғамбари.

2)Эри билан фақат 7йил бирга яшаган. Демак, 19ёшда турмушга чиққан бўлса 26ёшида бева қолган. Оила, эр, фарзанд, турмуш изламаган, Раббийга ёпишган.

3)84ёшли бева. 84-26=58йил Раббийга буткул бағишланган ҳаёт.

4)Маъбаддан кетмас эди. Раббий уйини севган. Биз ҳам уйимиздаги сирли ибодат хонамиздан, хизмат жойимиздан жилмай Худога хизмат қилишимиз мумкин.

5)Рўза ва ибодат билан Худога хизмат қилар эди(37). Рўза ва ибодат ҳам Худога хизмат. Худо ишлатадиган, пайқайдиган, қабул қиладиган, қайд қиладиган, дуо қиладиган ва мукофот берадиган хизмат!!! Шундай барака келтирувчи хизмат турганида дунё телеграммдаги дунёвий гуруҳлар, гап ва бошқа нарсалар билан қимматбаҳо вақтимизни ўғирлашига йўл қўймайлик. Ибодат қилиш бу даласига уруғлар экиш дегани! Бугун ҳаёт, хизмат даласига ибодат, сўз эккан одам эртага мўл-кўл ҳосил йиғиб олади, бугун экишдан қочган эрта саҳрода ўтиради!!!

6)У РАббийни улуғлар эди(38). У Раббийга ёпишгани учун Раббий ҳам уни дуо қилар эди, унга Ўзини очар эди. Шунда Ҳанна Раббийни сўзи ва ҳаёти билан улуғлар эди. Бизчи? Раббийни улуғлаяпмизми?  

7)Нажотни кутаётганларга бола ҳақида сўзлар эди(38). Бизлар ҳам Худодан нажот топаётганларни излаяпмизми? Нажоткор ҳақида сўзлаяпмизми?

Сизни билмадим, мен Аннадек бўлишни истар эдим! Ҳаётим Раббийга рўза ва ибодатлар қилиб, овозини эшитиб, пайғамбарчилик қилиб, Раббийни улуғлаб, Нажоткор ҳақида ҳаммага сўзлаб ўтишини истар эдим ва шунга ҳаракат қиламан!!!

Раббий Аннанинг ибодатларини қабул қилди, унинг номини Муқаддас Ёзувда муҳрлади ва у мукофотга сазовор бўлади.

Хулоса қилиб, шуни айтмоқчи эдимки, келинглар, бизлар ҳам Анна каби ибодат ва рўзаларда Раббийга хизмат қилайлик ва Унинг нажоти келишига ҳиссамизни қўшиб, мукофотга сазовор бўлайлик.

Ибодат: РАббий, бизларга ҳам Аннадагидек шафоатчилик, пайғамбарчилик инъомини бергин, токи биз ҳам маъбадингдан узоқлашмай,   рўза ва ибодатлар билан хизмат қилайлик; Раббийни улуғлайлик ва Нажоткор ҳақида ҳаммага айтиб берайлик. ҳар баҳямиз Сен билан ва Сен учун ўтиб, қалбингни қувонтирайлик ва мукофотингга сазовор бўлайлик. Исо Масиҳ номи билан: Омин.

Рухшона Иноят

11.07.21

МАСИҲНИНГ АСКАРИ СИФАТИДА ҚИЙИНЧИЛИКЛАРГА БАРДОШ БЕР

08.07. 2Тимотий 2-боб. Ўқидим. 1.Шундай қилиб, ўғлим, Исо Масиҳдаги иноятда кучли бўлгин. 2.Кўп гувоҳлар олдида сен мендан нималарни эшитган бўлсанг, буларни бошқаларга ҳам таълим беришга қобилиятли бўлган ишончли одамларга топширгин. 3.Шундай қилиб, Исо Масиҳнинг яхши бир аскари сифатида қийинчиликларга бардош бергин. 4.Ҳарбий хизматдаги ҳеч қандай аскар ўз қўмондонини мамнун қилиш учун ўзини тирикчилик ишлари билан боғламайди. 5.Шунингдек, мусобақада қатнашаётган ҳам агар қоидага риоя қилмасдан интилса ғалаба тожини киймайди. 6.Меҳнат қилаётган деҳқон ҳосилдан биринчи бўлиб улуш олиши керак.

Нима билдим? ХУдо ҳақида: 1)Исо Масиҳдаги иноятда кучли бўлгин(1). 2)Исо Масиҳнинг яхши аскари сифатида қийинчиликларга бардош бер(3). 3)ҲЕч қандай аскар қўмондонини мамнун қилиш учун ўзини тирикчилик ишлари билан боғламайди(4).

Одамлар ҳақида: 1)Эшитганларимизни бошқаларга ўргатишга қодир бўлган ишончлиларга топширишимиз керак(2).

Хулоса:  Иноятда кучли бўлиш одамнинг ўзига боғлиқ экан. Демак қайси соҳада Худонинг кўмаги керак бўлса, ўша соҳада иноят сўраб, иноятга таянишимиз мумкин ва у қуйилади. Раббий эшитганларимизни бошқаларга ўргатишга қодир бўлган ишончлиларга етказишимизни истаяптими, бунга амрдек қарашимиз керак. эрта олдига борганимизда У биздан итоат қилдикми, йўқми, талаб қилади. Бажариш учун шундайлар учун ибодат қилишимиз, уларни излашимиз, топиб топширишимиз керак.  бизга Исо Масиҳнинг аскари бўлиш имтиёзи берилган. Аскар сифатида Муқаддас Руҳ кучи, фаришталар кўмаги билан таъминланганмиз. Шунда ҳам масъулият олишимизга қараб яхши ё ёмон аскар бўлишимиз мумкин. Яхши аскар қийинчиликлардан қўрқмайдиган, Раббийга таяниб руҳий жанг қилиб, ғалабага эришишни кўзлайдиган аскардир. Жасурлар – жангдан, қийинчиликлардан қўрқмайдилар, балки бу ғалаба орқали Ўз Раббийлари номини улуғлаш имкони деб қарайдилар! Аксинча, жангдан қочадиганлар, қўрқадиганлар қулликда, йўқотишларда яшайдилар. Чунки шайтон ҳамма нарсаларини тортиб олиб яшайди. Орамизда кўплар оиласини мамнун қилиш ортидан юрганига кўра қўмондонидан қўрқмаслиги ва уялмаслигини кўришимиз мумкин. Ҳақиқий аскарнинг эса кўз олдида биринчи ўринда Қўмондони туради ва У учун ўзини дунёвий ишлар билан боғламайди. Ҳақиқий аскарлар сафимизда кўпайсин. Спортда ўйин қоидаси бўлганидек, Масиҳийликда ҳаёт ва хизмат қоидаси бор: бу муқаддас, имонли ва итоатли бўлиш. Агар шу нарсалар одамда бўлмаса имонлилиги ҳам, хизмати ҳам бир тийин. У ғалаба тожини киймайди. Шу учун ўзимизда шу фазилатларни ривожлантиришимиз керак.   Раббийга хизмат ҳам тақдимотсиз эмас. Раббий хизматчиларини Ўзи тақдирлайди. Кўпчиликда бунга имон етишмайди, шу учун хизматни менсимай ўзларини кўпроқ дунёвий ишга урадилар. Албатта, хизматга масъулият олиб, дунёвий ишларини ҳам қилсалар ҳеч қандай эътироз йўқ. Лекин хизматга масъулият олмаслик Худо тақдирлашига имон етишмаслиги натижасидир. Раббий эса Унга хизмат қилувчиларни тақдирлайди. Шу учун сидқидилдан Унга хизмат қилиб яшашни бўйин олишимиз ва хизмат учун тобора кўпроқ масъулиятлар олишимиз икки дунёда бизга барака келтиради.

2қарор: 1)Ўзимни Масиҳ аскари деб биламан ва қийинчиликлардан қўрқмайман. 2)Бу ҳақида фарзандларимга айтиб бераман.

Ибодат: Раббий, борлигингиз, Сўзингиз учун раҳмат. Дуо қилинг, Исо Масиҳдаги иноятда кучли бўлайлик. Эшитганларимизни бошқаларга ўргатишга қодир бўлган ишончлиларга етказишга масъулият олайлик. Масиҳнинг яхши аскари бўлайлик ва қийинчиликларга бардош берайлик.  ўз қўмондонимизни мамнун қилиш учун ўзимизни тирикчилик ишлари билан боғламайлик. Қоидага риоя қилиб яшаб ва хизмат қилиб ғалаба тожини олайлик.  Деҳқондек меҳнат қилайлик ва ҳосилини ейлик. Исо Масиҳ номи билан: Омин.

Сиз қандай қўллайсиз ва ким билан бўлишасиз?

ЁШЛАР ЙЎЛИДАГИ ТЎСИҚЛАР

Кириш: Бу воизликда, нима учун ёшлар руҳий машғулотлар қилиш ва Худога хизмат қилишга чанқоқ эмас, деган саволга жавоб топишга ҳаракат қиламиз.

Менимча, бунинг биринчи сабаби нотўғри дунёқараш. Дунёқарашни кўзойнакка қиёсласа бўлади. Агар дунёга қора кўзойнок орқали қарасангиз, дунё қора тусда кўринади, қизил кўзнойнак орқали қарасангиз қизғиш кўринади. Дунёга тўғри дунёқараш билан қараш учун ўз дунёқарашимизни сўзга биноан тўғирлашимиз керак, ўшанда тўғри яшаб барака топамиз!

1.Уч хил дунёқараш

Имонлиларда 3 хил дунёқараш бўлиши мумкин.

Биринчи дунёқараш –  дунёвий дунёқараш. Бунда ёшлар дунёвий қадриятларга интилади: уйим бўлса, тўйим бўлса, оилам бўлса, пулим бўлса, обрўйим бўлса бас, мен бахтли, муваффақиятли одамман. Бу дунёқарашли ёшлар шуларга эришишга интилиб умрларини ўтказишади, ахийри ҳеч нарсага эриша олмай, бу дунёда Раббийнинг баракаларини йўқотишади, у дунёда эса жазо олишади.    Луқо 12:47. Хўжайинининг иродасини била туриб тайёр бўлмаган, хўжайинининг иродаси бўйича иш тутмаган қул кўп таёқ ейди.

Бир ўсмир имонга келди. У шўх бола эди. Жанжаллашиб, ичиб юрар эди. Масиҳга келгач ҳаёти ўзгарди. Унга машина ҳайдашни ишониб топширишди. Хизматда ўса бошлади. Шунда шайтон пул билан васваса қилди. Опаси пул бераман, бизнес бошла деди. Хизматчи унга: “Бу васваса, аввало Худонинг ортидан юр, кейин ўқишга кир. Сенинг руҳий, ақлий ўсиш давринг. Бизнес ҳам, пул ҳам қочмайди. Худони маҳкам тут”,-деди. У йигит қулоқ солмай, бизнес бошлагани кетди. Йиллар ўтиб, бизнеси ҳам бўлмади, руҳий ўсмагани учун имондан қайтиб кетди, бузуқ ҳаётига қайтиб касаллик орттирди, 3марта уйланди. Ҳозир фарзандсиз, уйсиз, бизнессиз, пулсиз, бемор, ҳаётини 40ёшида бошқатдан бошламоқчи.

Ёшлар, ёдда тутинг, шайтон дунё орқали алдайди. Дунё сувингизни сиқиб олиб, тупуриб ташлайди. Шу учун дунёга алданмай, аввало руҳий ўсиш, кейин ақлий ўсиш ортидан бўлсангиз ҳаётингизга ҳамма нарса: оила, иш, бизнес ўз вақтида келади ва улар Худодан келганида уларни йўқотмайсиз!

Иккинчи дунёқараш – диний дунёқараш. Бунда ёшлар диний амаллар қилсам бас, Худо мени баракалайди, у дунёга жаннатга кираман, деб ўйлашади. Диний амалларнинг вазифаси – бизларни Худога яқинлаштириш. Улар мақсад эмас, мақсадга элтувчи йўл. Диний амаллар ўз-ўзича қутқармайди, диний амаллар барака, нажот келтиришига ишониш- ўз кучига ишониш ҳисобланади. Ҳеч ким ўз кучи билан жаннатга кира олмайди.  Матто 15:8-9. «Бу халқ Менга оғизлари билан яқинлашади ва Мени тили билан ҳурмат қилади, лекин унинг юраги Мендан узоқдир.

9.Бироқ одамларнинг таълимоти ва амрларини ўргатиб, улар Мени беҳудага эҳтиром қиладилар».

Одам қалби Худони излашига олиб келмайдиган ҳар қандай диний амаллар бизларни алдайди ва Худодан узоқлаштиради. Худони билмайдиган одамлар бундай таълимотларни чиқарган ва уларнинг таълимоти билан яшаш одам кучини беҳуда нарсага сарфлашига олиб келади.

Учинчи дунёқараш – илоҳий дунёқараш. Худони излаб, Худога маъқул бўлиб яшашга ҳаракат қилади.  Бундайлар қалби Худо учун уйғоқ бўлади, руҳий уйғонишда бўлади. Уларнинг қалбларининг сўрови: 1)Сен кимсан Раббий? 2)Сен учун нима қилишимни истайсан?-бўлади.   Ҳаворий Павлуснинг ёшлигидаги тажрибаси бунга мисол. Ҳаворийлар 9:5-6. 5. У: –Сен кимсан, ё, Раббий? – деди. Раббий эса: –Мен – сен қувғин қилаётган Исоман. Нишга қарши тепишинг қийин, – деди.

6. Шунда Шоул даҳшатга тушиб ва титраб: –Ё, Раббий, нима қилишимни буюрасан? –деди. Раббий унга: –Ўрнингдан туриб, шаҳарга бор ва сенга нима қилишинг кераклиги айтилади, – деди.

Бундайларни Раббий бошқаруви осон бўлади ва Ўз чўққиларига олиб чиқади.

2.Эски ҳаёт яхшироқ туюлиши

Ёшларнинг Худони била туриб, Уни излашга, Унга хизмат қилишга чанқоқ бўлмасликларининг иккинчи сабаби шу вақтгача дунёвий яшаганлари учун дунёвий ҳаёт яхшироқ, кўпроқ озодлик берадигандек кўринишидир. Луқо  5:39. Ҳеч ким эски шаробни ичиб, ўша заҳоти янгисини истаб қолмайди. Лекин у: “Эскиси яхшироқ”, – деб айтади.

Аслида, ҳар кунини Худо билан бошлаш ҳаётига баракаларга, Худонинг кучига эшик очади. Фақат Худо берадиган гуноҳ кучидан озодлик бизларга ҳақиқий озодлик беради!

Шу учун ўз келажагини ўйлаган ҳолда,  ақл билан иш кўриш ёшларнинг ўзига фойда бўлади. Одам руҳ, жон танадан иборат экан, ҳам руҳан, ҳам ақлан, ҳам жисмонан ўсаётган одам эртага тўлақонли бахтли бўлади. Руҳан ва ақлан ўсишни ўйламаган эртага очқолади, юпун, ночор бўлади. Атрофингизга қаранг: қанча одамлар ночорликда. Сиз эртага шундай бўлишни истайсизми? Ёки ўзига тўқ, бундайларга ёрдам берувчи бўлишни истайсизми?

Ҳаворий Повулнинг намунаси: Повул ёки Савл ёшлигидан Худога бағишланган эди. Раббий Ўзини очганида, диний дунёқарашдан кечди, Раббий ортидан кетди. У танаси билан маслаҳатлашмади, дунёни хочга осди. Раббийга мутлақ бағишланиш учун ҳатто оила қурмади. Раббий унинг қурбонликларини ҳисобга олди ва дунё халқлари ва шоҳлари олдида Раббий ҳақида гувоҳлик беришга танлади. Раббий у билан шахсан суҳбатлашди ва унинг Сўзи ва хизмати орқали ғайритабиий мўъжизалар қилди. Улар ичида касаллар шифоланиши, ёвуз руҳлар қувилиши, ўликлар тирилиши ҳам бор эди. У орқали кўплаб шогирдлар, гуруҳлар, жамоатлар кўтарди, масиҳийликни бутун дунё бўйлаб ёйди. Муқаддас Китобнинг ярмини ёзди, Масиҳ учун жон беришни ўзи учун шараф билди! Энди унга Раббийнинг ўнг қўлида ўтириш, ҳукм суриш ва тож кийиш бахти берилган!

Сиз ҳам Повулдек бўлишни истайсизми? Бунинг имкони бор! Бизга ҳам ўша Руҳ ва ўша Муқаддас Китоб берилган. Руҳ кучида Сўз бўйича яшасак, Раббий қадамба қадам чўққиларига кўтаради!   

Мен сизга Худонинг ортидан боришни тавсия қиламан. Буни кичик қадамлар билан бошлаш мумкин. Масалан: 1) Ёзув ўрганиш: Ҳар куни 1бобдан Ёзув ўрганиб, нима ўқиганингиз ҳақида ўйланг, қандай қўллашингизни ўйланг ва қўллашга қарор қилиб, қўллай бошланг. Ўшанда Худонинг ҳузури, баракаси ва ҳимояси ҳаётингизга келади. 2)Ибодат борасида, Матто 6:9-13оятлардаги ибодатни тушунган ҳолда, Раббийга сўзланг. 3)Ҳамду -сано борасида интернетдан янги қўшиқларни қўйиб, Раббий Сенга куйлаяпман, деб 2-3ҳамду сано билан Раббийни улуғланг. 4)Ўқиган нарсангизни биродарларга қисқа лўнда айтишга ҳаракат қилинг, бу билан руҳий озиғингизни бўлишган бўласиз. 5)Худони билмайдиганлар учун ибодат қилиб, уларга Худонинг ажойиблигини, ҳаётингизда нималар қилаётганини айтинг. Шунда нур ва туз вазифасини бажарган бўласиз!!!

Хулоса: Бу воизликда ёшларнинг Худонинг ортидан боришига тўсиқларнинг иккисини очишга ҳаракат қилдик. Сиз ҳам бизга фикрингизни айтинг: нима ёшларнинг йўлига тўсқинлик қилмоқда? Бу борада, катталар ёшларга қандай ёрдам беришлари мумкин? Сизнинг фикрингиз биз учун муҳим, фикрингизни кутиб қоламиз. Руҳий ҳаётингизга эса омад тилаймиз!!!

Руҳшона Иноят.

09.07.21.

РЎЗАДА РУҲЛАНИШ, КУЧ ВА ЖАВОБ ОЛИШ

Руҳга экаётган руҳдан ўриб олади, танага экаётган танадан ўлим ўриб олади. Ҳар дафъа руҳий машғулотлар қилганимизда ғайрат келади. Мен бу дафъа ҳам югуриб хизмат қилишга ғайрат олдим. Менинг орзуим руҳий уйғонишни кўриш. Бу учун Ёзувда асос бор. “Сўра халқларни бераман(санолар 2-боб).

Раббий кўрсатди, ҳар дафъа руҳий машғулотлар қилганимда Муқаддас РУҳ ҳузурини, бошқарувини, ҳамкорлигини намоён қилган. Шу учун руҳий машғулотлар қилишда тўхтамаслик керак.

 Одатда, кўпчилик ибодатда Худони излаганида Муқаддас Руҳ ҳаммаларига қуйилган, 1киши излаганида, масалан, Вилкерсен, К.Хейгин шу одамларга қуйилган. Шу учун камчиликмизми, кўпчиликми рашк қилиб ХУдони излашимиз керак.

Соатлаб ибодат қилиб, Муқаддас Руҳга тўлиш.  Бу шунчаки ибодат қилиш эмас, бунинг маъноси бор. Муқаддас Руҳ бошқарувида ёпиқ эшиклар очилиши учун ибодат қиламиз. Ёзув ўқиб, ваҳийлар устида ибодат қиламиз.

Руҳий уйғониш келишини истайсизми? БУ учун шахсан сиз нималарга тайёрсиз? Келинг, ўзимизни Раббийга, Унинг хизматига бағишлаб руҳий машғулотлар ва хизматда барқарор бўламиз, ўшанда қудратини кўрамиз!!!

Рухшона Иноят

05.07.21

ДУНЁНИ СЕВМАНГ

Кириш: Мен кўплаб руҳий уйғонишларни кўриб чиқдим. Ҳаммасини бирлаштириб турадиган нарса одамларнинг ўзларини ХУдога: Худони излашга, руҳий машғулотлар ва хизматга бағишлаганлари эканини кўрдим.

Хўш, Худога бағишланиш руҳий уйғониш калити экан, нима учун кўпчилик ўзларини бунга бағишламайди?

1.Раббийни ё дунёни севиш

Афсуски, азизлар, бугунги кунларда масиҳийларда ўзини дунёни севишдан тийиш кам.

Келинг, аслида масиҳий қанақа бўлиши лозимлигини ёдга оламиз:

1)Аввало Худонинг Шоҳлигини излайди.

Матто 6:33. Сизлар аввало Худонинг Шоҳлиги ва унинг ҳақлигини изланглар, буларнинг ҳаммаси эса сизларга қўшиб берилади.

2)Егулик ва кийгуликка эга бўлиб, қониқади.

1Тимотий 6:6-14. 6. Художўйлик эса қаноат билан бирга буюк даромаддир.

7 Чунки биз бу дунёга ҳеч нарса олиб келмадик, ундан ҳеч нарса олиб кета олмаслигимиз ҳам аниқдир.

8 Шунинг учун озиқ-овқат ва кийим-кечакка эга бўлсак, шу билан қаноатланайлик.

9 Бой бўлишни истаганлар эса васвасага, тузоққа ҳамда одамларни вайроналикка ва ҳалокатга ботирадиган кўп фаросатсиз, зарарли ҳирсларга йўлиқадилар.

10 Чунки ҳамма ёвузликларнинг томири – пулпарастликдир. Баъзилар бунга берилиб, имондан оғиб кетдилар ва ўз-ўзларини кўп азобларга дучор қилдилар.

11 Сен эса, эй, Худонинг одами, булардан қочгин, аксинча, ҳақлик, художўйлик, имон, севги, сабр-тоқат ва мулойимликнинг пайидан бўлгин.

12 Имоннинг яхши жанги билан жанг қилгин. Абадий ҳаётни ушлаб тургин, чунки сен шунга даъват этилгансан ва яхши эътирофни кўп гувоҳлар олдида эътироф этгансан.

13 Ҳамма нарсага ҳаёт берувчи Худонинг олдида ва Понтий Пилат ҳузурида яхши эътироф билан гувоҳлик берган Исо Масиҳнинг олдида сенга буюраман:

14 Бизнинг Раббимиз Исо Масиҳ зоҳир бўлгунича, амрни бенуқсон ва беғубор сақлагин.

Парчани таҳлил қилиш:

1)Художўйлик ва қаноатлилик – буюк бойлик.

Художўйлик нима? Худони билиш ва Сўзи билан яшаш, ўзини гуноҳдан тийин ва бева, етимларга ёрдам бериш.

Қаноатлилик – фақат егулик ва кийимга қаноатланиш.

2)Бой бўлишни истаганлар васвасага тушадилар.

3)Ҳамма ёвузликнинг илдизи – пулпарастликдир!

4)Баъзилар бунга берилиб имондан оғдилар.

5)Худонинг одами пулпарастликдан қочиши керак.

6)Аксинча ҳақлик, художўйлик, имон, севги, сабр-тоқат ва мулойимлик пайидан бўлиш лозим.

7)Имон жанги билан жанг қилиш лозим.

8)Абадий ҳаётни тутиб туриш лозим.

9)Масиҳ келгунича амрни бенуқсон ва беғубор сақлагин. Буюк амр ва Буюк Топшириқ.

2. Худо ва дунё рақиб

Ҳозирги масиҳийлар шунақами? Афсуски, ҳар бир жамоатда бундайлар 1,2та учрайди, қолганларимиз Раббийдан кўра кўпроқ дунёни севамиз. Дунёвийлардек яхши яшаш, яхши кийиниш ва бошқа нарсалар бизларда биринчи ўринда туради.

1)Худонинг Сўзи дунё Худонинг 1-рақиби эканини айтади. Ёқуб 4:4-10.

4 Зинокорлар ва фоҳишалар! Дунё билан дўстлик – Худога душманлик эканлигини билмайсизларми?! Шундай қилиб, ким дунё билан дўст бўлишни хоҳласа, у Худога душман бўлади.

5 Наҳотки сизлар Ёзувда: “Бизнинг ичимизда яшаётган Руҳ рашк қадар севади”, – дейилгани бекор деб ўйласангиз?

6 Лекин У янада кўпроқ иноят ато қилади. Шунинг учун айтилган: “Худо мағрурларга қарши туради, лекин камтарларга иноят ато этади”.

7 Шунинг учун Худога бўйсунинглар, иблисга қарши туринглар ва у сизлардан қочиб кетади.

8 Худога яқинлашинглар ва У сизларга яқинлашади. Эй, гуноҳкорлар, қўлларингизни тозаланглар! Эй, фикрида иккиланаётганлар, юракларингизни покланглар!

9 Қайғуринглар, йиғланглар ва нола қилинглар! Кулгингиз йиғига, қувончингиз маъюсликка айлансин.

10 Раббий олдида камтар бўлинглар ва У сизларни юксалтиради.

2)Худонинг Сўзи баъзилар дунёни севиб Худонинг хизматини ташлаб кетганини айтади. 2-Тимотий 4:9-11.  Менинг олдимга тезроқ келишга ҳаракат қилгин.

10.Чунки Димас бу дунёни севиб қолиб, мени тарк этди ва Фессалоника шаҳрига кетди. Крискен Галатияга, Титус Далматияга кетди. 11.

Ёнимда эса фақат Луқо бор. Маркни ўзинг билан бирга олиб келгин, чунки у менга хизмат учун керак.

3) Худонинг Сўзи дунёни севманглар, деб огоҳлантиради. 1Юҳанно 2:15-17.  Дунёни ҳамда дунёдаги нарсаларни севманглар. Кимки дунёни севса, унда Отанинг севгиси йўқдир.

16. Чунки дунёда бор бўлган ҳамма нарса – тананинг ҳирси, кўзнинг ҳирси ва турмуш тарзидан мағрурланиш Отадан эмас, балки шу дунёдандир. 17.

 Дунё ҳам, унинг ҳирси ҳам ўтиб кетади, лекин Худонинг иродасини бажарадиган киши абадий яшайди.

3.Энг яхши ҳимоя бу ҳужумдир

Руҳий жиҳатдан қараганда ҳам, жисмоний жиҳатдан қараганда ҳам бизлар руҳан, ақлан ўсиб атрофдагиларга таъсир қиладиган масиҳийларга айлансак ўзимизга фойда.

Руҳий жиҳатдан: Агар руҳий жанг қилиб юрсак, ёвуз руҳлар территориямизга яқинлаша олмайди, бизларга зарар етказмайди ва одамлар хушхабарга тезроқ очилади. Биз маҳсулдор хизмат қиламиз ва эртага ҳосиллар, мукофотлар оламиз.

Жисмоний жиҳатдан: Биз шундай жойда яшаймизки, номига масиҳий бўла олмаймиз. Агар биз таъсир қилиб, атрофимизни ўзгартирмасак, эрта атрофимиз бизни ўзгартиришга ҳаракат қилади. Бугун хушхабарчилик учун жон койитмасак, эртага улар бизнинг танамизга озор беради.

Биз йиллаб қурган уйимизни жоҳиллар бир лаҳзада бузишларини кўришни истамасак, биз руҳий меҳнат қилишимиз керак: руҳий уйғониш келиши учун ҳар куни соатлаб ибодат қилишимиз, ҳамду-сано куйлашимиз, Худонинг сўзини эълон қилишимиз керак.

Хулоса: Доно одам дунёни севишдан ўзини тияди, Раббийга ўзини бағишлайди, Раббий учун яшайди, ҳар куни Худо Шоҳлигини яқинлаштириш учун нимадир қилади. Ёвуз руҳларга қарши курашиб, хушхабар айтиб, одамларни нажотга келтириб яшайди.

Ибодат: Раббий, дуо қилгин, бизлар дунёни севмайлик, Худони севайлик. Худони, Унинг иродасини билиш учун руҳий машғулотларда нарх тўлайлик. Худо нима учун яратганини билиб, даъватимизга кириб, Раббийнинг ҳамкори бўлиш имтиёзидан фойдаланайлик, Раббий учун буюк ишлар қилиб, Раббийнинг буюклигини намоён қилайлик. Исо Масиҳ номи билан: Омин.

РУХШОНА ИНОЯТ

05.07.21.

Разработка сайта: BrainHayStack