20асрнинг бошида, 1900йилларда жамоатлар номаълум тилларда гапирмас эдилар. Америкада Чарльз Пархем деган одам Ҳаворийлар 2-бобидан воизлик қилиб, Муқаддас Руҳга тўлишиш ва бунинг аломати сифатида номаълум тилларда гапириш ҳақида воизлик қила бошлайди.
Сеймур деган одам унинг Библия мактабида ўқийди. Кейин Американинг Лос Анжелес деган шаҳрига хизматга боради. Бир имонлининг уйида яшаб, куни билан ибодат қилиб, Ёзув ўрганади. Сеймур унга ибодат руҳи тушганини, шу учун қийналмай соатлаб ибодат қилишини айтади. Кейин шу шаҳарда бошқа имонлининг уйида ибодат йиғини ташкиллаштиради. Бу йиғинга Худога чанқоқлар соатлаб Худога Муқаддас РУҳга чўмдиришини сўраб ибодат қиладилар.
Муқаддас РУҳ имонлиларни гуноҳлари учун бир-бирларидан кечирим сўрашга йўналтиради. Бу ибодат йиғинларида кўп гуноҳларга тавба қилишлар, ўзаро кечирим сўрашлар, кўз ёшлар бўлади. Натижада Сеймур ва бошқалар Муқаддас Руҳга чўмиб, номаълум тилларда сўзлай бошлайдилар. Одамлар кўп бўлиб, уйга сиғмай қолганида Азуза Стрит кўчасида бир жамоат биносини олишади ва ўша ерда хизмат ўта бошлайдилар.
Хизмат ҳар куни 3марта бўлади, одамлар ибодат қилишади, ҳамду-сано куйлашади, сўз эшитишади, касаллар учун ибодат қилишади ва улар шифо топадилар.
Бутун дунёдан одамлар бу йиғинларга бора бошлайдилар, Руҳга чўмиб, номаълум тилларда сўзлай бошлайдилар. Бу Ҳаворийлар китобида баён қилинишича, илк бора элликлик кунида содир бўлгани учун, бу уйғониш натижасида пайдо бўлган жамоатлар Элликлик жамоатлари деб атала бошлайдилар.
Вилям Сеймур ўз воизликларида Худонинг Уч бирлигининг учинчи Шахси – Муқаддас Руҳнинг муҳимлиги ҳақида воизлик қилган: “Ҳозирги даврда кўп сонли Худонинг одамларининг ҳаётида Худонинг кучи йўқлигининг сабаби – уларнинг Муқаддас Руҳни танимасликларидир. Улар Муқаддас Руҳни Ўз Устозлари ва Юпатувчилари сифатида қабул қилишлари лозим. Сесил Ребек”.
Азуза Стритдаги руҳий уйғонишнинг сабаблари ва ҳосиллари:
1)Ибодат. Жозеф Смел деган чўпон Англияда руҳий уйғониш бўлаётганини эшитиб, ўз кўзи билан кўргани боради. Бориб келгач ҳар кунлик шаҳар учун ибодатни уюштириб, ўзи ва бошқалар шаҳар учун ибодат қила бошлайдилар.
2)Вилям Сеймур Руҳга чўмиш ва номаълум тилларда сўзлаш ҳақида воизлик қила бошлайди.
3)Тенглик ва бирлик. Америкада бу вақтда қора танлилар ва оқ танлилар, бойлар ва камбағаллар, эркаклар ва аёллар орасида бўлиниш бўлган. Айнан жамоатда Муқаддас Руҳ қуйилганида, оқ ва қора танлилар, бой ва камбағаллар бир хонада Худони излашган, эркаклар ва аёллар ҳам Сўз билан бўлишиб хизмат қила бошлашган.
4)Элликлик йўналиши бутун дунё бўйлаб тарқалди.
5)Юз минглаб одамлар имонга келди.
Муқаддас Руҳга чўмган одамлар бутун дунё бўйлаб юриб, Хушхабар тарқата бошладилар ва жамоатлар кўтара бошладилар. Улар имон билан йўлга чиқар ва Муқаддас РУҳ кучи улар орқали намоён бўлар эди.
Нима бу руҳий уйғонишни тўхтатди?
Ички бўлиниш. Жамоат ичида бир таълимот устида баҳслар пайдо бўлган.
Руҳий уйғониш хизматчилари “Иккинчи барака” таълимоти устида 2га бўлинганлар.
Сеймур бошчилигидаги 1-гуруҳ Масиҳий ҳаётида 3босқич бўлиши керак деб ҳисоблашган. Булар 1)тавба қилиш, 2)муқаддасланиш, 3)Руҳга чўмиш. Вилям Дурҳам бошчилигидаги 2-гуруҳ 2босқич бор, деб ҳисоблаган: 1)Тавба қилиш, 2)Руҳга чўмиш.
Сеймурнинг муқаддасланишни алоҳида кўрсатганига сабаб, Сеймур ва унинг одамлари 1-тавбадан сўнг, имонли бўлиб юрганларида, ХУдони чуқур излашни бошлаганларида, МУқаддас Руҳ ҳозирги гуноҳкорона ҳаётлари учун тавба қилишга чорлагани, улар гуноҳдан кечиб, муқаддаслашганларидан сўнг Муқаддас Руҳ қуйилгани бўлиши мумкин.
В.Дурхам гуруҳи эса муқаддасланишни тавба қилиш ва Руҳга чўмиш ҳосили деб қараб, уни алоҳида ажратмаган бўлиши мумкин.
Умуман олганда, икки гуруҳ бир-бирининг фикрини ҳурмат қилиб, назарларини янада кўпроқ Муқаддас Руҳга тикишлари, Унга бўйсуниб, Унга боғлиқ бўлишлари мумкин эди, Муқаддас РУҳ янада кўпроқ қуйилиши учун ҳар бирлари олган ваҳийларини қўллаб, янада кўпроқ Буюк Амр ва Буюк Топшириқни бажаришга диққатларини қаратишлари мумкин эди.
Шу баҳсларга берилганларида руҳий уйғониш тўхтаган. Шайтон бизни ташқаридан енга олмаса ичкаридан енгади. Шу учун бир-биримизга бўйсуниб, бирликни сақлашимиз керак!!!
Қарор:
Ҳар ўқиган нарсамиз ҳақида фикр юритиб, ниманидир ўрганишимиз, қарор қилишимиз лозим. Шунда ўқиган нарсамиз бизга фойда келтиради.
Мен ҳозир руҳий уйғонишлар ҳақида ўқияпман, руҳий уйғонишни ўз давримизда кўришни орзу қиламан. Бу учун ҳар кунлик руҳий машғулотларимни оширишга қарор қилдим.
1)Ҳар кунлик 2соат тонгги ибодат, ярим соат ҳамду -сано, ярим соат номаълум тилларда ибодатга вақт қўшаман. Яъни ҳар куни тонгда 2соат ибодат, кейин 1соат ҳамду сано, 1соат номаълум тилларда ибодат қиламан.
2)Бир соатлик Ёзув ўрганишни ҳам кўпайтираман. Бир соат Ёзув ўрганаман, 1соат ўрганаётган мавзуйимга оид қўшимча материалларни ўрганаман.
3)Ўрганганларимни ёзаман ва имонлилар билан бўлишаман.
4)Ҳар доим очиқ эшикларга бориб, ҳақиқат билан бўлишаман.
Ибодат: Раббий, биз ҳам руҳий уйғониш учун нарх тўлаб ибодат қилайлик ва уни ҳаётимизда кўрайлик. Ўзинг бизларга рашк, бағишланиш бер, Муқаддас Руҳ қудратини қуйгин, халқимизнинг руҳий кўзлари ва қулоқларини оч, қалб кўзларини оч, токи халқ нажотга келиб, ҳақиқатни англасин, муқаддас яшаб, жаннати бўлсин. Исо Масиҳ номи билан: Омин.
Рухшона Иноят.
02.07.21.