Кириш: БУ воизликда ибодат ва шафоатнинг нақадар муҳимлиги ҳақида суҳбатлашамиз.
1.Раббий ерни баракалаш учун ибодатларимизни ишлатади:
Азизлар, ҳаммамиз Худога муҳтожмиз ва Ундан ёрдам сўраб мурожаат қиламиз. Худо ҳам бизга муҳтожлиги, У ҳам биздан ёрдам сўрашини биласизми?
Ерда Худо одамни ҳоким қилиб қўйган. Шу учун ерда одамнинг ибодати билангина ҳаракат қила олади. Шу учун Худо ерда Унинг иродасига кўра шафоат қиладиганларни излайди.
Эзекил 22:30. Мен уларнинг орасида ушбу ерни вайрон қилмаслигим учун тўсиқ қўядиган ва Менинг қаршимда мазкур ер учун ёриқда турадиган одамни изладим, лекин топа олмадим. 31.
Шундай қилиб, уларга Ўз қаҳр-ғазабимни қуяман, уларни Ўз қаҳримнинг олови билан қириб ташлайман, уларнинг қилмишларини ўзларининг бошларига соламан”, –дейди Раббий Худо.
Шаҳар, халқ гуноҳда яшаган. Раббий шафоатчи излаган. Агар шафоатчи шафоат қилса, унинг шафоатига кўра одамларни ўзгартириш, нажот бериш ва дуо қилишни истаган. Лекин шафоатчи бўлмагани учун бу шаҳар ва халққа гуноҳлари учун жазосини беришга мажбур бўлган.
Сизнинг шафоатингиз кимларнидир Худонинг ғазабидан, гуноҳдан, ўлимдан, дўзахдан асрашини биласизми? Унда қайноқ шафоат қилинг, бошқалар қилмаса-да сиз қилинг! Раббий ҳар бир кишини ўз бағишланишига кўра тақдирлайди! Шу учун сиз масъулият олинг!
Раббий Унга бағишланган шафоатчи хизматчиларни топса, хизматида ишлатади ва дуо қилади.
Йилнома 16:9. Зеро Раббийнинг кўзлари Унга юраги тўлиқ бағишланганларни қўллаб-қувватлаш учун бутун заминни кузатиб туради…
Бир йили халқаро ташкилотда ишлаган эдим. Шундай вазият юз бердики, бухгалтер бизлар билан қўшни давлатга чиқиб кетиши эҳтиёжи пайдо бўлди. У бошлиғига қараб: “Хўп, бор десангиз, бораман, ҳозир уйга бир оғиз телефон қилиб қўяман…”,-деди. У кишининг эмизикли боласи бор эди. Баъзан ишига бағишланганликни дунёвийлардан ўрганаман. У яхши она, лекин оила учун масъулият олаётганида иши учун масъулиятни сақлаб қолган ва иккисига ҳам улгуришга ҳаракат қилади.
2.Хизмат қилсак-да, қилмасак-да, бугун ўтади, мукофоти ҳар хил бўлади:
Масиҳ туғилган вақтда ҳам ҳамма ўз ҳаёти билан яшаётган эди. Фақат Анна ибодат қилди ва келажак Масиҳ ҳақида сўзлади. Луқо 2:36.У ерда Ашер қабиласидан Фануэлнинг қизи Ҳанна исмли жуда кекса бир пайғамбар аёл ҳам бор эди. У қизлигидан эри билан фақатгина етти йил яшаган эди.
37. У саксон тўрт ёшлик бева эди. Ҳанна маъбаддан кетмасдан, рўза ва ибодат билан туну кун Худога хизмат қилар эди. 38.
У ўша вақтда келиб, Раббийни улуғлар эди ва Йерусалимдаги нажотни кутаётганларнинг барчасига бу бола ҳақида гапирар эди.
Аннанинг фазилатлари:
1)Кекса пайғамбар аёл. Кекса ёшида ҳам Раббийга хизматни қолдирмаган. Кекса бўлса-да Раббий унга сўзлайди, уни ишлатади. У Раббийнинг овозини эшитадиган Унинг пайғамбари.
2)Эри билан фақат 7йил бирга яшаган. Демак, 19ёшда турмушга чиққан бўлса 26ёшида бева қолган. Оила, эр, фарзанд, турмуш изламаган, Раббийга ёпишган.
3)84ёшли бева. 84-26=58йил Раббийга буткул бағишланган ҳаёт.
4)Маъбаддан кетмас эди. Раббий уйини севган. Биз ҳам уйимиздаги сирли ибодат хонамиздан, хизмат жойимиздан жилмай Худога хизмат қилишимиз мумкин.
5)Рўза ва ибодат билан Худога хизмат қилар эди(37). Рўза ва ибодат ҳам Худога хизмат. Худо ишлатадиган, пайқайдиган, қабул қиладиган, қайд қиладиган, дуо қиладиган ва мукофот берадиган хизмат!!! Шундай барака келтирувчи хизмат турганида дунё телеграммдаги дунёвий гуруҳлар, гап ва бошқа нарсалар билан қимматбаҳо вақтимизни ўғирлашига йўл қўймайлик. Ибодат қилиш бу даласига уруғлар экиш дегани! Бугун ҳаёт, хизмат даласига ибодат, сўз эккан одам эртага мўл-кўл ҳосил йиғиб олади, бугун экишдан қочган эрта саҳрода ўтиради!!!
6)У РАббийни улуғлар эди(38). У Раббийга ёпишгани учун Раббий ҳам уни дуо қилар эди, унга Ўзини очар эди. Шунда Ҳанна Раббийни сўзи ва ҳаёти билан улуғлар эди. Бизчи? Раббийни улуғлаяпмизми?
7)Нажотни кутаётганларга бола ҳақида сўзлар эди(38). Бизлар ҳам Худодан нажот топаётганларни излаяпмизми? Нажоткор ҳақида сўзлаяпмизми?
Сизни билмадим, мен Аннадек бўлишни истар эдим! Ҳаётим Раббийга рўза ва ибодатлар қилиб, овозини эшитиб, пайғамбарчилик қилиб, Раббийни улуғлаб, Нажоткор ҳақида ҳаммага сўзлаб ўтишини истар эдим ва шунга ҳаракат қиламан!!!
Раббий Аннанинг ибодатларини қабул қилди, унинг номини Муқаддас Ёзувда муҳрлади ва у мукофотга сазовор бўлади.
Хулоса қилиб, шуни айтмоқчи эдимки, келинглар, бизлар ҳам Анна каби ибодат ва рўзаларда Раббийга хизмат қилайлик ва Унинг нажоти келишига ҳиссамизни қўшиб, мукофотга сазовор бўлайлик.
Ибодат: РАббий, бизларга ҳам Аннадагидек шафоатчилик, пайғамбарчилик инъомини бергин, токи биз ҳам маъбадингдан узоқлашмай, рўза ва ибодатлар билан хизмат қилайлик; Раббийни улуғлайлик ва Нажоткор ҳақида ҳаммага айтиб берайлик. ҳар баҳямиз Сен билан ва Сен учун ўтиб, қалбингни қувонтирайлик ва мукофотингга сазовор бўлайлик. Исо Масиҳ номи билан: Омин.
Рухшона Иноят
11.07.21