1)Ўқиш, иш ёки бизнес бошлаб моддий эркинликка эришиш учун масъулият олиш. Ҳозир аксарият оилаларимизда вазият шунақа: Эр-хотинда иш йўқ, муҳтожликда яшашяпти. Ёки эр ишлайди, хотин ишламайди, эрнинг топгани катта нарсаларга, масалан иморат қуришга сарфланади, оила барибир ярим очликда яшамоқда. Ёшлар эса ўқишга, яхши касб олишга кўзлари етмайди, шу учун ҳаракат ҳам қилишмайди.
Масиҳ айтяпти: Мен сизларга ҳаёт, тўкис ҳаёт бергани келдим(Юҳанно 10:10). У бизларнинг фаровонликда яшашимизни истайди. Лекин буни қўл меҳнатимиз орқали қилади. Аюб 1:10.Сен унинг қўлларининг ишларини дуо қилгансан.
Шу учун ҳар биримизнинг меҳнат даламиз бўлиши лозим. Кимдир кўпроқ хизмат қилишга даъват этилгандир. Булар хизматда ёриб ўтишлари лозим. Токи хизматларининг ҳосили уларни боқсин. Кимдир ишлаб хизмат қилишга даъват этилгандир. Ибодат қилиб, Худодан айни вақтда, айнан жойингизда нима билан шуғулланиб маблағ топишингиз мумкин шу ҳақида сўраб, ғоя олиб, ҳаракат қилиб натижага эришиш лозим.
Мақсад: ҳар бир ёш иложи борича ўз қизиқиши, иқтидорига кўра яхши жойларда ўқиб, яхши билим олсин ва келажакда моддий эркинликда яшаб, хизмат қила олсин. Ҳар бир катта одам, эркак ва аёллар ўз иши ё бизнесига эга бўлсин, токи хаёти ва хизматини ўзи маблағ билан таъминлай олсин. Шунда моддий эркинликда сиқилмай ҳаёт кечира олади.
Ибодат: Худойим, шароитим, турар жойимни ҳисобга олган ҳолда нима иш билан машғул бўлиб моддий эркинликка эришишим мумкинлигини кўрсат. Шундай иш ё бизнес бергинки, мен ишлаб хизмат қила олай. Эрта маблағим кўпайганда эса Сени ва хизматингни унутиб қўймай, қайтанга кўпроқ бағишланиш ва чанқоқлик билан Сенга хизмат қилай. Ҳеч қачон маммона Сенинг ўрнингни қалбимда эгалламасин. Исо Масиҳ номи билан: Омин.
2)Ёзувни мустақил ўрганишга масъулият олиш. Ҳозир сохта дин руҳи ва сохта таълимотлар фаоллашган. Менга 3киши аллақачон доктор Найк деганларининг сохта таълимотини юборди. У Муқаддас Китобни бузиб таълим бериб, ўзи Ёзувни мустақил ўрганмайдиган масиҳийларни йўлдан уряпти. Бизнинг 2опамиз шунинг воизликлари натижасида имондан қайтди. Бу опаларимиз 1ярим йил олдин имонга келган эдилар. Мен уларга Яратилишдан Масиҳгачани ўтишни таклиф қилдим. Улар Муқаддас Ёзувни бир бошидан ўқиб боравераман, дедилар. Мен: “Майли сиз ҳар куни 1бобдан ўқиб бораверинг, фақат бу катта китоб 1кунда 3бобдан ўқисангиз 1йилда ҳаммасини ўқиб чиқасиз. Шу билан бирга Яратилишдан Масиҳгачани мен билан ўтсангиз 1ой ичида Ёзувдаги асосий воқеларни ўрганиб оламиз”,-дедим. Унашмади. Ярим йил Ёзув ўқиб юрганларидан сўнг ўғиллари Россиядан келиб, Муқаддас Китоб ўқиётганларини кўриб, доктор Найкнинг воизликларини тиқиштирган. Натижада, Ёзувни ўзлари тўлиқ ўқиб чиқиб билмаган опа имондан қайтдилар. Худога шукур, ҳозир у киши яна имонга қайтяптлар.
Ўзимиз, бўлса шогирдларимизни ҳар куни Ёзувни мустақил ўқиб бажаришга руҳлантирайлик. Акс ҳолда, сохта таълимот келганида қарши туришга руҳий кучимиз ҳам, билимимиз ҳам бўлмайди.
Ёдда тутинг: Худо Одам Атони лойдан яратиб, унга Руҳини пуркади ва у тирик жонга айланди. Гуноҳ қилма ўласан, деди. У гуноҳ қилиб ўлди. Яъни гуноҳ қилган лаҳзаси Муқаддас Руҳ уни тарк этди ва у руҳан ўлди. Танаси касаллик ва ўлимга маҳкум бўлди. Жони эса дўзахга маҳкум бўлди. Шу учун адан боғидан қувилди. Худо Руҳ. Худонинг олдига қайтишнинг ягона йўли – гуноҳдан озод бўлиб, яна Руҳдан туғилиш. Шу учун Исо Масиҳ одамларнинг гуноҳи учун қурбон бўлди. Одам Масиҳнинг қурбонлигига имон келтириб тавба қилганида Масиҳнинг қони гуноҳларини ювади ва Худонинг Руҳи унга киради. Шундагина Сўз билан яшаб у Осмон Шоҳлигига тобора яқинлашиб бораверади. Лекин гуноҳи ўзида бўлиб, Руҳдан туғилмаган одам Худо Шоҳлигига кирмайди(Юҳанно 3-боб). Шу учун ҳеч ким сизларни инсоний донолик билан аврамасин. Агар гуноҳ ибодатнинг ўзи билан ювилганида эди, Худо Масиҳни азобли ўлимга топширмаган бўлар эди. Акнсинча, Ёзувда: “Гуноҳкорни Худо эшитмайди”,-дейилган. Демак, бизларнинг гуноҳларимиз Масиҳ қони билан ювилиб, бизлар Муқаддас Руҳ кучи билан муқаддас яшай бошлаганимиздагина Худо ибодатларимизни эшита бошлайди. Шу учун масиҳга келгунча қанча илтижо қилмайлик, Худо бизни, биз Худони эшитмас эдик, ҳаётимиз ўзгармас эди. Масиҳга келгач эса Худо бизни ва биз Худони эшитяпмиз ва ҳаётимиз ўзгаряпти. Буни фаҳмланг ва ёдда тутинг! Дин эмас, Худо қутқаради, динга эмас, Худога талпиниш керак. Кўрларнингг кўр йўлбошловчиларига ишониб нажотни ва Раббийни йўқотиб қўйманг!!!
Ибодат: Раббий, Сўзингизга, ҳақиқатга ёпишишга ёрдам беринг. Ўзимиз ҳам, шогирдларимиз ҳам ҳар куни Сўзни севиб мустақил ўрганадиган ва қўллайдиган бўлайлик, токи кўрларнинг кўр йўлбошловчиларига алданиб нажотни йўқотмайлик. Бизни тўғри йўлдан адаштирмагин, адашганларнинг руҳий кўзларини оч, уларга ҳам ҳақиқатни очгин, токи нажот йўлини англашсин. Исо Масиҳ номи билан: Омин.
3)Ибодат қилишга масъулият олиш. Худо халқларни ва ерларни сўра ва Мен сенга бераман, демоқда. Бизнинг территориямизда сохта дин руҳи сохта таълимот билан ҳужум қилмоқда. Агар ҳозир бизлар руҳий жангга чиқиб уни енгмасак, эрта у бизнинг уйимизга келади ва бизни унинг таълимотини қабул қилишга зўравонлик билан мажбур қилади. Шу учун бизлар руҳий жанг қилишга масъулият олишимиз лозим.
Римликларга 1:18. Ҳақиқатни ноҳақлик билан эзаётган инсонларнинг барча бетавфиқлигига ва ноҳақлигига эса осмондан Худонинг ғазаби ошкор бўлмоқда.
Ибодат: Худойим, сўра халқларни бераман, сўра ерларни бераман, дегансан. Исо Масиҳ номи билан сўраймиз, бизга еримиз ва халқимизни бергин, токи еримиз ва халқимизга нажот, руҳий уйғониш ва Худонинг Шоҳлиги келсин. Исо Масиҳ номи билан сохта дин руҳини ва сохта таълимотларни боғлайман ва зимистонга улоқтираман. Исо Масиҳ номи билан ҳақиқатни ноҳақлик билан эзаётган Найк ва шунга ўхшаганлар ноҳақлигига осмондан Худонинг ғазаби ошкор бўлишини эълон қиламан. Ёки ўзгартир ёки олиб ташлагин.
4)Хизмат қилишга масъулият олиш. Ўрганиш ва қўллашга фаол, чаққон, чанқоқ бўлайлик.
Баъзилар 1тренингга келди. Кейин ўчиб қолди. Вазифаларни бажариб, 2-поғонага келишса яна ўсишар эди. Олов пув этиб ёниб ўчиб қолади. Кўмир эса узоқ вақт ёнади. Биз ҳам кўмирдек бўлайлик, ибодат ва Муқаддас Ёзувни ўқиб ўрганиб Худодан куч олиб доим ёниб турайлик.
Баъзилар тушунмаганларини баҳона қилишди. Одам мактабда тушунмай синфдан синфга 3билан ўтиб юраверади. Олийгоҳда эса ўқишдан ҳайдалади. Демак диплом олиш, шу диплом орқали барака топиш имконини қўлдан бой беради. Биз ҳам руҳий нарсаларни тушунмасак қайта қайта ўқиб тушунишимиз керак. Чунки тушунмасак ва қўлламасак баракани йўқотамиз.
Баъзилар ҳосил йўқлигини баҳона қилишади. Ибодат қилиб, қайта-қайта қилиб кўравериш керак. Ахир ерга уруғ эксангиз униб чиқмай қолмайдику? Худодан нима учун ҳосил йўқлигининг сабабини сўраб, хизматчилар билан маслаҳатлашиб ҳаракат қилишда давом этиш керак. Шунда бир куни натижа келади. Ахир Раббий айтмоқда: “Мен сизларни танладим, токи бориб ҳосил келтиринглар, ҳосилларинг боқий қолсин”. Бу Раббийнинг иродасими У амалга ошишига ҳам ёрдам беради.
Баъзилар жуда суст. Бир ойда ўтиш мумкин бўлган манзилни йиллаб ўтадилар. Одам қанча кўп маълумот олиб, қўлласа, шунча кўп ва тез ўсади. Шу учун бизлар бир поғонадан бошқа поғонага ўтадиган дастурлар берамиз. Улар 1дастурни узоқ ўрганишади. 2-сига янада узоқ киришишади. Иложи бўлса, киришмасам дейишади. Бу билан бирга ўзларини яхши масиҳий ҳисоблашади. Лекин кўп баракаларни йўқотаётганларини билишмайди. Аввало, суст одамлар билан фаол одамлар ҳамкорлик қилмайдилар. Масалан, мен олдин ишлаган бошлиғим билан кўпчилик ишлашни орзу қилар эди, у киши эса 3киши билангина ишлар эдилар. Чунки бошқалар у кишининг тезликларини кўтара олмас эдилар. Кўтара олганлар эса тенг меҳнат қилиб катта натижаларга эришар эдилар. Ҳозирги бошлиғимнинг тезликлари ҳам катта. Мен ўзимникилар билан Ёқуб каби ишлайман. Ёдларингда борми, Ёқубнинг акаси Эсов унинг олдига келганида: “сиз олдиндан бораверинг, мен болаларимнинг қадамига қараб бораман. Чунки улар тез юра олмайди”,-деган эди. Мен ҳам ҳар бирларинг билан тезликларингга қараб ишлайман. Лекин ўзимнинг тезлигим катта. Сизлар ҳам тезликларингни оширсанглар, бошқача даражада ҳамкорлик қилган бўлар эдик. Шунда хизматда кўпроқ ҳосилларга эга бўлган бўлар эдик. Тезликни ошириш учун ҳар куни руҳий машғулотларни бажаришда, янги даражага кўтарувчи дастурларни ўрганиш ва қўллашда фаол бўлиш лозим. Мен сизларга эмас, сизлар менга: “Ўсишим ва қўллашим учун яна нима қилай?”- Деб мурожаат қилишларинг ва олган билимларингни амалда қўллаб хизмат ҳосиллари келтиришингиз лозим.
Ибодат: Худойим, дуо қил, сустлигимни ўзимга оч ва ўз-ўзини руҳлантирувчи, фаол хизматчи бўлишимга ёрдам бер. Тезлигимни шундай оширки, раҳбарларим мен билан ишлашдан, менинг ҳосилларимдан хурсанд бўлишсин. Руҳий дунёга таъсир қилиб, ўзгартира олай ва кўпларни қулликдан озод этай. Менинг хизматим орқали кўплар нажотга келиб, ҳақиқатни англасин, Сенинг шогирдинг ва хизматчинг бўлсин, гуруҳлар ва жамоатлар кўтарсин. Исо Масиҳ номи билан:Омин.
Хулоса: Ҳозир масъулият олиш даври. Барака -масъулият даражасига боғлиқ. Келинг, масъулият олайлик ва ҳосилларга эга бўлайлик.