Масиҳ одамларни гуноҳидан поклаб, нажот бериш учун мойлангандир. Масиҳий дегани – Масиҳга, мойланганга эргашувчилар деганидир. Яъни улар Масиҳ ортидан юриб, Масиҳ каби бўлишлари лозим. Шу учун Масиҳ издошлари шогирдлар деб аталади. Юҳанно 8:31-32.Шунда Исо Унга имон келтирган яҳудийларга деди: –Агар Менинг сўзимда жо бўлсангизлар, сизлар Менинг ҳақиқий шогирдларимсизлар.
32. Сизлар ҳақиқатни билиб оласизлар, ҳақиқат эса сизларни озод қилади.
Номига масиҳий ва асл масиҳийнинг фарқи – масъулиятлилиги ва интизомлигидадир.
Номига масиҳий руҳий машғулотларга: ибодат, Ёзув ўрганиб бажариш, ҳамду -санога суст; хизматга қатнаш ва хизмат қилишга сустдир. Унинг характери ўсмирникига ўхшайди: менга бер, мен айтганимдек бўлсин дунёқараши билан яшайди, айтганидек бўлмаса хафа бўлади.
Асл масиҳий руҳий машғулотларга чанқоқ, хизматларга фаолдир. У етук ёшли одамга ўхшайди, бошқаларга ғамхўр бўлади, муқаддас бўлишга ҳаракат қилади.
Бир чўпоннинг гувоҳлиги: “Менинг 3фарзандим бор.
Кичик ўғлим: -Дада, мени яхши кўрасизми? -дейди.
Мен: -Ҳа, -десам,
-Менга телефон олиб беринг, -дейди.
Мен: -Йўқ, ўғлим, сенинг телефонинг бор, -десам,
-Унда мени яхши кўрмас экансиз,-деб кетиб қолади.
Катта қизим эса, у 28ёшда, телефон қилиб:
-Дада, мен сизга овқат буюртирдим,-дейди.
Мен: -Керак эмас, қизим, уйда ҳамма нарса бор,-дейман.
У:-Барибир, дада, қабул қилиб олинг,-дейди.
Мана бу етук фарзанд билан гўдак фарзанднинг фарқи. Етук масиҳий бўлсак, фақат ўзимизни ўйламаймиз, бошқаларни ўйлаймиз ва бу учун кўпроқ барака топамиз”.
Масиҳийликдаги шогирдчиликни дурадгорга шогирдлик билан таққосласа бўлади.
Масалан 2шогирд бор: Бири истаганда келиб, истамаса келмайди. Устози кўрсатганини истаса қилади, истамаса қилмайди. Йиллар ўтиб, у билим ва уқувга эга бўлмайди. Иккинчиси эса интизомли: вақтида келиб, вақтида кетади. Айтилган ишларни масъулият билан қилади. Вақт ўтиб у устозидек дурадгор бўлади ва бунинг ортидан барака топа бошлайди.
Асл масиҳий – руҳий машғулотларда барқарор бўлишга, ўз характери устида ишлаб ўзгаришга, Худога хизмат қилишга масъулият олади ва уларни интизом билан бажаради.
Демак, хулоса қилиб шуни айтсак бўладики, номига масиҳий билан асл масиҳийнинг фарқи масъулиятлилиги ва интизомлигидадир. Асл масиҳий бўлишни истасак, ҳаётимизни интизомга солиб, масъулият билан руҳий машғулотларни бажаришимиз, тобора муқаддаслашишимиз ва хизмат қилишимиз лозим. Шунда имондан имонга, кучдан кучга ва шарафдан шарафга ўсиб ҳаётимиз ва хизматимизда Раббийнинг баракаларини кўра бошлаймиз.
Сиз ўзингизни асл масиҳийми ёки номига масиҳийми қуйидаги тест ёрдамида таҳлил қилишингиз мумкин. Ҳар бир “ҳа” жавоби учун 1баллдан қўйинг.
1.ҲАр куни ибодат қиламан.
Ҳа, йўқ.
2.Ибодатларимга жавоб оляпман.
ҲА, йўқ.
3.Ҳар куни Ёзув ўқиб, ўқиганимни бажараман.
Ҳа, йўқ.
4.Ёзувда ваъда берилган баракалар ҳаётимга келмоқда.
Ҳа, Йўқ.
5.Ҳар куни ҳамду сано билан Раббийни улуғлайман.
Ҳа, йўқ.
6.ҲАмду сано куйлаётганимда вазиятлар ўзгаряпти.
Ҳа, йўқ.
7.Ёзув ўрганаётганимга ўзим учун хулосалар қиламан ва хулқим устидан ишлайман.
Ҳа, йўқ.
8.Характерим ўзгараётганини яқиндагиларим ҳам айтишмоқда.
Ҳа, йўқ.
9. Менинг хизмат далам бор, хизмат қиляпман.
Ҳа, йўқ.
10. Хизматимда ўсиш бор.
Ҳа, йўқ.
Умумий балл. 10балл. 0-3балл номига масиҳий. 4-7 заиф масиҳий. 8-10асл масиҳий.
Кайфиятингиз тушмасин. Агар сидқидилдан тўғри белгилаган бўлсангиз. қаерда эканингизни аниқлаб оласиз. Бу эса қаерга бориш кераклигини кўрсатади. Ҳаммаси олдинда! ҲАракат қилсак бас!
Рухшона Иноят