Асосий оят: Юҳанно 15:8. Сизлар Менинг шогирдларим бўлиб, кўп ҳосил келтирсангиз, шу орқали Менинг Отам улуғланади.
Саволлар:
1.Бу оятни қандай тушундингиз?
Жавоб: Масиҳнинг шогирди бўлиш ва кўп ҳосил келтириш Худони улуғлайди.
2.Масиҳнинг шогирди бўлиш сизнингча нима дегани?
Ҳаворийлар – ҳаворий аталишларидан олдин, масиҳийлар ҳам масиҳийлар деб аталишларидан олдин шогирдлар деб аталган эдилар, яъни шогирдлар ҳаворийларга айландилар, шогирдлар масиҳийлар деб атала бошладилар. Бу ҳақида Янги Аҳдда шогирдлар деб қидирув бериб кўришимиз мумкин.
Келинглар, сўз орқали шогирд кимлигини аниқлаб оламиз. Ёзувда шогирднинг 5фазилати баён қилинган:
Масиҳ шогирдлар фазилатини айтган. Қуйидаги парчани ўқиб, шу фазилатларни топайлик. Матто 16:24.Шунда Исо Ўз шогирдларига деди: –Агар ким Менинг ортимдан юришни истаса, ўзидан воз кечсин ва ўз хочини кўтариб, Менга эргашсин.
25.Чунки ким жонини сақлаб қолмоқчи бўлса, уни йўқотади. Лекин ким Мен учун жонини йўқотса, уни топади.
26.Зеро агар одам бутун дунёни қўлга киритса-ю, аммо ўзининг жонини йўқотса, унга нима фойда? Ёки одам ўзининг жони учун қандай тўлов беради? 27.
Чунки Инсон Ўғли Ўз Отасининг шуҳратида Ўз фаришталари билан келиб, ҳар кимнинг қилмишига яраша тақдирлайди.
1)Ўзидан воз кечсин.
2)хочини кўтарсин.
3)менга эргашсин.
Булар нима дегани, қандай тушунасиз?
1)Ўзидан воз кечсин. – ўз мақсадлари ва режаларидан кечиш.
2)хочини кўтарсин. – гуноҳларини доимо ўлдирсин.
3)менга эргашсин. –имонда ва хизматда ҳаракатда бўлсин.
Ҳамма ҳам Масиҳнинг шогирди бўла олмайди. Луқо 14:25. “Агар ким Менинг олдимга келса ва ўзининг ота-онаси, хотини, болалари, ака-укаси, опа-сингиллари, ҳатто ўз ҳаётидан ҳам нафратланмаса, у Менинг шогирдим бўла олмайди.
27.Кимки Менинг орқамдан бориб, ўз хочини кўтариб олмаса, Менинг шогирдим бўла олмайди.
28.Масалан, сизлардан қайси бирингиз минора қурмоқчи бўлсангиз, уни тугатиш учун унинг нарсаси етарлими, деб олдиндан қийматини ҳисоблаб чиқмайсиз?
29. Акс ҳолда, у пойдевор солиб, минорани тугата олмаса, шунда буни кўрганларнинг барчаси:
30.“Бу одам қуришни бошлади-ю тугата олмади”, – деб уни масхара қиладилар.
31.Ёки қайси бир подшоҳ бошқа бир подшоҳга қарши урушга бораётиб, ўзимнинг ўн минг аскарим билан йигирма минг аскарга қарши чиқишга қодирманми, деб олдиндан ўтириб маслаҳатлашмас экан?
32 Акс ҳолда, душман ҳали узоқдалигидаёқ, унинг олдига элчи юбориб сулҳ сўрайди.
33 Шундай қилиб, сизларнинг ҳар бирингиз ўзингизда бор бўлган ҳамма нарсадан кечмасангиз, Менинг шогирдим бўла олмайсизлар.
34 Туз – яхши нарса. Лекин туз ўз кучини йўқотса, уни қандай тузатиш мумкин?
35 Ерга ҳам, гўнгга ҳам ярамайди. Уни ахлатга ташлаб юборадилар. Кимнинг эшитишга қулоғи бўлса, эшитсин!”
Демак, Масиҳнинг шогирди бўлиш учун қалб тайёрланиши керак. Одам ҳаёти охиригача Масиҳ ортидан боришга қарор қилиши керак, шунда у шогирд бўла олади.
4)Масиҳнинг Сўзига амал қилиб яшайдиганлар. Юҳанно 8:31-32. Шунда Исо Унга имон келтирган яҳудийларга деди: –Агар Менинг сўзимда жо бўлсангизлар, сизлар Менинг ҳақиқий шогирдларимсизлар.
32.Сизлар ҳақиқатни билиб оласизлар, ҳақиқат эса сизларни озод қилади.
5)Масиҳ ҳақи бир-бирларини севувчилар. Юҳанно 13:34-35. Сизларга янги амрни бераяпман: Бир-бирингизни севинглар. Мен сизларни севганимдек, сизлар ҳам бир-бирингизни севинглар.
35 Агар орангизда севгига эга бўлсангиз, сизлар Менинг шогирдларим эканингизни ҳамма одамлар ана шундан билиб оладилар.
Демак, шогирд бу: 1)ўзидан кечган, 2)хочини олган, 3)Масиҳ ортидан юраётган одам, 4)масиҳнинг Сўзига амал қилиб яшаётган, 5)Масиҳ ҳақи бир-бирини севувчилар.
Келинг, ибодат қиламиз, бу фазилатлар ҳар биримизда чуқур ўрнашсин ва ўзимиз шундай бўлиб, шогирдларимизни ҳам шунга йўналтира олайлик.
2. …КЎП ҲОСИЛ КЕЛТИРСАНГЛАР.
Юҳанно 15:16. Сизлар Мени танлаган эмассизлар, балки Мен сизларни танладим ва тайинладим, токи сизлар бориб ҳосил келтиринглар. Ҳосилингиз эса боқий бўлсин, токи Отамдан нимаики сўрасангиз, У сизларга берсин.
1)Бориб ҳосил келтиринглар. Бизлар ҳосил келтиргани чиқишимиз керак. Масалан, балиқ овлайдиганлар, қайси балиқни ушлашни ҳал қиладилар, у қаерларда, қачон бўлишини аниқлайдилар, қандай хўракка илинишини аниқлайдилар. Шунда ҳам вақт, куч, пул сарфлаб бориб ўтирадилар. Шундагина натижага эга бўладилар. Бизлар ҳам инсон овчиларига айланишимиз керак. Кимларни Масиҳга келтирмоқчимиз ўйлашимиз керак, ибодат қилишимиз керак, қандай юрагига қўл солишни билишимиз керак, боришимиз керак, яна боришимиз керак ва ҳок. Агар бормасак итоатсизлик қилган бўламиз.
Рик Воррен жамоатида бунинг мисолини кўрганман. Улар ишлаётган районлари учун ибодат қиладилар, одамларнинг қизиқишларини ёзиб чиқадилар, айнан қалбига тўғри келадиган калитни топиб хизмат қилишга ҳаракат қилишади ва бу ишда жуда муваффақиятли. Биз ҳам шундай прагматик бўлишимиз лозим. Прагматик бўлиш – юз фоиз муваффақиятга йўналган бўлишдир. Бизлар Раббийга имон билан хизмат қилишимиз керак, Унинг бошқаруви остида ҳаракат қилиб, қўлимиздан келган ҳамма ишни қилиб тўлиқ муваффақиятни кутишимиз керак.
2)Ҳосилингиз боқий бўлсин. Биз шундай шогирд кўтаришимиз керакки, биз кетгандан кейин бу одам мустақил равишда ХУдонинг Сўзини ўқиб, Унга биноан яшасин; Худо билан шахсий муносабатлар орқали алоқада бўлсин; Шайтонга руҳий жанг орқали қарши тура олсин; жамоат билан шогирдлар учрашуви воситасида алоқада бўлсин; дунёга нур ва туз бўлиб хизмат қилсин; ўзи ҳам шогирдлар кўтариб руҳий насл қолдира олсин. Шундагина ҳосилимиз боқий бўлади ва Отамиздан нима сўрасак беради. Бу учун шогирдларимизни шахсий шогирдчилик мактабидан ўтказишимиз, МТАни ўргатишимиз керак. Уларни “Шогирдлар” бўлимида олиш мумкин.
Демак, Худонинг иродаси бизлар бориб, ҳосил келтиришимиз ва ҳосилимиз боқий бўлишидир.
Келинг, ўйлаб кўрамиз: қачон, қаерга бора оламиз?
Энди ибодат қиламиз: ХУдойим дуо қил, бизлар бориб кўп ҳосил келтирайлик ва ҳосилимиз боқий бўлсин. Исо Масиҳ номи билан омин.
Олган билимларингиз барака келтириши учун қуйидагиларни қилишга қарор қилинг: ўзидан кечиб, хочини олиб, Масиҳ ортидан юриш, Сўзга амал қилиш, бир-бирини севиш; бориб ҳосил келтириш ва ҳосили барқарор қолишига ҳаракат қилиш, яъни ўзи руҳий машғулотларни мустақил бажарадиган шогирд бўлишга ҳаракат қилиш ва шогирдини мустақил масиҳийликка ўргатиш.
Хулоса: Билиб олдикки, шогирдчилик бизлардан баъзи нарсаларни талаб қилади, шу билан бирга бошқа ҳаётга бошлайди. Келинг, уларни қўллаймиз ва ҳақиқий шогирд бўламиз, бу орқали ҳаётимиз ва хизматимизда Худонинг шуҳрати ва баракасини кўрамиз!
РУХШОНА ИНОЯТ 28.04.2020.