Аввало, очиқлик бўлиши лозим. Масиҳийлар нурда юриши лозим, масиҳий эканини яширмаслиги лозим.
Кўплаб ҳолатларда масиҳийнинг қариндошлари мусурмон бўлишади ва улар ўз удумимизга кўра кўмамиз, дейишади. Бу ҳолатда қариндошларининг ихтиёрига қўйиб бериш лозим. Чунки Масиҳ ҳам: “Ўликларни … кўмишига қўйиб беринглар”, деган(Матто 8:22).
Лекин шундай бўлади: масиҳийлар шов-шув бўлмаслиги учун ими-жимида мусурмонча кўмишларини исташади. Кўпинча, бу ҳолатда ҳам мусурмонча кўмилади ва муаммо юз бермайди.
Баъзан эса шундай ҳолларда баъзи одамлар кўмиш маросимида ёки ундан кейин бу одам “Масиҳий бўлган, жаноза ҳам ўқимаймиз, қабристонимизга кўммаймиз ҳам”, дейишади.
Масиҳийлар шундан қўрқади ва шайтон уларни шу қўрқуви билан қулликда ушлаб туради.
Шу учун баъзилар Масиҳдан воз кечишади, бошқа баъзилар эса Масиҳий эканлигини яшириб яшашади. НАтижада, Осмон Шоҳлигидан маҳрум бўлишади.
Ваҳий 21:5-8.
5. Тахтда Ўтирган: “Мана, ҳамма нарсани янги яратяпман”, – деди. У менга: “Ёзиб олгин, зеро бу сўзлар ҳақиқий ва ишончлидир”, – деди.
6. Кейин У менга яна деди: “Амалга ошди! Мен Алфа ва Омега, Бошланиш ва Тугашдирман. Чанқаганга тирик сув манбаидан текин бераман.
7. Ғолиб келадиган ҳамма нарсани мерос қилиб олади. Мен унинг Худоси бўламан ва у Менинг ўғлим бўлади.
8. Аммо қўрқоқлар, имонсизлар, жирканчлар, қотиллар, зинокорлар, сеҳргарлар, бутпарастлар ва барча ёлғончиларнинг қисмати олтингугурт ва олов билан ёнаётган кўлдадир. Бу иккинчи ўлимдир”.
Матто 10:28-33.
28. Танани ўлдириб, жонни ўлдира олмайдиганлардан қўрқманглар, лекин танани ҳам, жонни ҳам дўзахда ҳалок қила оладигандан кўпроқ қўрқинглар.
29. Иккита чумчуқ бир ассарийга сотилмайдими? Улардан бирортаси ҳам Отангизнинг иродасисиз ерга тушмайди.
30. Сизларнинг эса бошингиздаги сочингизнинг ҳар бир толаси ҳам саналган.
31. Шунинг учун қўрқманглар, сизлар кўпгина чумчуқлардан қадрлироқсизлар.
32. Шундай қилиб, инсонлар олдида Мени очиқ эътироф этадиган ҳар бир одамни Мен ҳам Осмондаги Отам олдида очиқ эътироф этаман.
33. Аммо инсонлар олдида Мени инкор этадиган одамни Мен ҳам Осмондаги Отам олдида инкор этаман.
ҲАҚИҚИЙ МАСИҲИЙЛАР НИМА ҚИЛИШИ ЛОЗИМ?
1)Аввало, ҳаётимиз билан ҳам, ўлимимиз билан ҳам Масиҳни улуғлаш учун ибодат қилиб яшашимиз керак.
2)НУрда юришимиз керак, Масиҳий эканимизни яширмаслигимиз керак.
Шунда оламдан ўтганимизда қавму-қариндош, элу-халқ ўз удумига кўра кўммоқчи бўлганида ҳам биз уларни алдаган бўлмаймиз.
Агар улар йўқ, биз мусурмонча кўммаймиз дейишганида, қайғуриш керак эмас, жамоатга хабар бериш керак. ЖАмоат хизматчилари келиб, қайси қабрга, қандай, ким кўмишини ташкиллаштирадилар.
3)Қаерда масиҳий оламдан ўтибди деб эшитсангиз, қайси жамоат аъзоси бўлишидан қатъий назар боришга ҳаракат қилинг. Бизнинг маданиятимизда ўлик бўлганини эшитганида халқ ўликка боради, ҳатто бегона боради. Ўликка бориш ҳам ХУдонинг амрини бажариш, ҳам маданиятни ҳурмат қилиш бўлади. Воиз 7:4да дейилган: “Доноларнинг юраги йиғи уйида”. Сиз масиҳийлар ўлигига бориб, ҳамдардлик экасиз, сиз оламдан ўтганингизда РАббий бошқа имонлиларни сизнинг маросимингизга юборади.
4)Жамоат тадбирларида иштирок этинг, хизмат қилинг. Танишинг ва танилинг.
Сизни қанча кўп имонли билса, шунча кўп одам яхши, ёмон кунингиздан хабардор бўлиб келиш эҳтимоли бор. Бир биродар оламдан ўтибди. Кўпдан буён жамоатдан, имондан узоқлашган экан. Оламдан ўтганида ҳеч ким билмабди ҳам. “Нима учун ҳеч ким келмади?”-деб сўраганларида, “у биродар қайси жамоатга тегишли эди? Ким у кишини таниб-билар эди?” -деган савол масъулларда пайдо бўлган экан.
Қаххор ака оламдан ўтганларида гўё тўйдек тумонат одам йиғилди. БУтун Ўзбекистондан одамлар келган экан. Қатор-қатор машиналарнинг охири кўринмади, одамларнинг ҳам сонини ҳисоблашнинг иложи бўлмади. У киши тирикликларида РАббийга, жамоатга, у кишига мурожаат қилган ҳар бир имонлига сидқидилдан хизмат қилиб ҳурмат қозонган эдилар.
5) ТАъзияга борганда қандай юпатиш мумкинлигини ўрганиш учун таъзия маросимини ўтказиш семинарига қатнашинг.
6)Кўмиш маросими командаси бўлади. Оятлар ўқиб турувчи, ювувчи, қабр қазувчи ва бошқалар. Агар қалбингизда шу хизматлар бўйича хизмат қилиш истаги бўлса хабар беринг, сизга керакли нарсалар берилади ва ўргатилади. Бу соҳада ҳам РАббийга, ҳам ХУдонинг халқига хизмат қилишингиз мумкин.
Хулоса қилиб шуни айтмоқчиманки, агар биз кўмиш маросимига ҳам Раббийга хизматдек қарасак, РАббий бундан шарафланади ва бизларни ҳам шарафлайди! БУ учун ибодат қилайлик ва тайёрланиб, ҳаракат қилайлик!Биз танамиз қаерга бориши ҳақида эмас, жонимиз қаерга бориши ҳақида кўпроқ қайғуришимиз керак. Исо Масиҳни кўмишга одамлар ва жой топган Худо сиз ва бизга ҳам ғамхўрлик қилади!