Ҳамма одамлар дунёга бир хил келиб, бир хил кетади. Қаердан келиб, қаерга кетаётганини билмайди. Кимдир фақат шу дунё билан яшайди. Кимдир ҳаёт қисқалигини билиб, у дунё ҳақида ўйлайди, агар у дунё бўлса ўзини унга тайёрлашга интилади. Бундайлар икки дунёда ҳам ютадилар.
Чунки бу дунёда муҳим ишларни қилиб, иккиламчи, ўткинчи нарсаларга кўнгил боғламайдилар, шунга сарфланадиган вақт, кучни эса у дунёга муносиб бориш учун “сеп” йиғишга бағишлайдилар. Қаердан келганимиз ва қаерга боришимизни билишимиз тўғри яшашимизга ёрдам беради. Худо халқининг билимсизликда бўлишини истамаган, У Муқаддас Китоби орқали Ўз ҳақиқатини бизга очган. Шунингдек: “Художон, Менга ҳақиқатингни очгин, Сенга олиб борадиган йўлни кўрсатгин”,- деб ибодат қилганимизда, У бизни бошқаради. Келинг, ҳозир Унинг Сўзи орқали инсоният тарихига назар ташлаймиз. Буни 30кунлик ўтмиш ва келажакка саёҳат деб аташ мумкин. Ҳар куни бир тарихни шунчаки ўқиманг, балки мулоҳаза қилинг, тасаввур қилинг, тушунган нарсаларингизга кўра ибодат қилинг.
Қани кетдик:
1-кун. ДУНЁНИНГ ЯРАТИЛИШИ
Ибтидо.1:1,6,9,14,20, 24,26-28,31.
“1.Бошида Худо осмон ва ерни яратди.
6. Худо яна: “Сувларнинг ўртасида гумбаз бўлсин ва у сувларни сувлардан ажратиб турсин”, – деди.
9.Худо яна: “Осмон остидаги сувлар бир жойга тўплансин-у, қуруқлик пайдо бўлсин”, – деди ва шундай бўлди.
14. Худо яна: “Кундузни тундан ажратиш учун ҳамда аломатлар, фасллар, кунлар ва йилларни белгилаш учун осмон гумбазида ёритқичлар пайдо бўлсин.
15.Улар ер юзини ёритиш учун осмон гумбазида ёритқичлар бўлсин”, – деди ва шундай бўлди.
20. Худо яна: “Сувлар ҳаракатланувчи мўл кўл жониворларни келтириб чиқарсин ва қушлар ер устидан осмоннинг гумбазида учсинлар”, – деди.
24. Худо яна: “Ер ўз турига хос жониворларни, чорва, судралувчиларни ҳамда ердаги ўз турига хос ҳайвонларни келтириб чиқарсин”, – деди ва шундай бўлди.
26. Худо яна: “Ўз суратимизга кўра, ўзимизга ўхшаш қилиб одамни яратайлик. Улар денгиздаги балиқлар, осмондаги қушлар, чорвалар, бутун ер устидан ва ерда судралиб юрадиган барча судралувчилар устидан ҳукмронлик қилсинлар”, – деди.
27.Шундай қилиб, Худо одамни Ўз суратида, уни Худонинг суратида яратди. Уларни эркак ва аёл қилиб яратди.
28.Худо уларни дуо қилиб, уларга: “Серпушт бўлинглар ва кўпайинглар. Ер юзини тўлдириб, уни бўйсундиринглар. Денгиздаги балиқлар, осмондаги қушлар ҳамда ер юзида ҳаракатланувчи барча ҳайвонлар устидан ҳукмронлик қилинглар”, – деди.
31. Худо Ўзи яратган ҳамма нарсани кўрди, мана, булар жуда яхши эди. Оқшом бўлди ва эрталаб бўлди – бу олтинчи кун эди”.
Кўриб турганимиздек, дунё, одамзод ўз-ўзича бунёд бўлган эмас, уларни маълум мақсад билан Худо яратган! Худо одамни Ўзига ўхшаш яратди. Олдин лойдан танасини ясади, сўнгра унга руҳини пуркади, шунда одам тирик жон бўлди. Демак инсон тана, жон ва руҳдан иборат мавжудотдир.
Ибодат: Худойим. Мени Сен яратганингга ишонаман. Дуо қил, бу дунёда руҳим, жоним, танамни гуноҳдан асраб пок, Сенга маъқул яшаб ўтайин, токи икки дунёда ҳам Сен менга ҳамроҳ бўлгин. Омин.
2-кун.
ОДАМ АТОНИНГ ВАЗИФАСИ
Ибтидо 2:15-25.
“15.Раббий Худо одамни олиб, Адан боғига ишлов бериш ва уни қўриқлаш учун уни ушбу ерда жойлаштирди.
16. Раббий Худо инсонга шундай амр берди: “Боғнинг ҳар бир дарахтидан бемалол еявергин.
17. Фақат яхшилик ва ёмонликни билиш дарахтидан емагин. Чунки ундан еган куниёқ аниқ ўласан”.
18. Кейин Раббий Худо: “Одамнинг ёлғиз бўлиши яхши эмас, унга муносиб ёрдамчи яратаман”, – деди.
19. Раббий Худо тупроқдан барча даладаги ҳайвонларни, барча осмондаги қушларни ясаб, одам уларга қандай ном беришини кўриш учун унинг олдига олиб келди. Одам ҳар бир тирик жонни қандай атаса, унинг номи шундай бўлди.
20. Одам барча чорваларга, барча осмондаги қушларга ва барча даладаги ҳайвонларга ном берди, лекин одамга муносиб ёрдамчи топилмади.
21. Шунда Раббий Худо одамни қаттиқ уйқуга солди. У ухлаб қолгач, унинг қовурғаларидан биттасини олиб, ўрнини эт билан қоплади.
22. Раббий Худо одамдан олган қовурғадан хотинни яратди ва уни одамнинг олдига олиб келди.
23. Одам эса: “Бу – менинг суякларимдан суяк ва менинг этимдан этдир. У хотин деб аталади, чунки эрдан олинган”, – деди.
24. Шунинг учун эркак ўз ота-онасини қолдириб, ўз хотинига ёпишади ва улар бир тан бўладилар.
25. Одам билан хотини иккаловлари ҳам яланғоч эдилар, аммо уялмас эдилар”.
Худо олдин Адан боғини яратди, кейин Одам Атони, кейин эса Момо Ҳавони яратди. Бу Одам Атонинг яралганидан яшаш жойи, иш жойи, оила билан таъминланганини билдиради, бу ҳар бир одам оила қуришидан олдин яшаш жойи ва иш жойига эга бўлиши кераклигининг тимсолидир. Одам Ато ўз ҳудудини қўриқлаши ва унга ишлов бериши лозим эди. Яна Одам Ато риоя қилиши шарт бўлган бир нарса: боғдаги яхшилик ва ёмонлик дарахтидан емаслик эди. Худо унга: “Ундан еган куниёқ аниқ ўласан”,-деб қатъий огоҳлантирди. Бу ўлим одамнинг уччала қисмига ҳам: руҳ, жон, танага ҳам келиши керак эди.
Ибодат: ХУдойим, борлигинг учун раҳмат. Сен Одам Атога ерни қўриқлаш ва парваришлашни буюрган экансан. Бу орқали мен қалбимни ва онгимни, ҳаётимни қўриқлашим ва парваришлашим кераклигини билиб олдим. Дуо қилгин, мен юрагимни, онгимни, ҳаётимни парваришлай ва қўриқлай, унга Сенга яқинлаштирадиган нарсаларни: Сўзингни, покликни, эзгу ишларни экай, Сендан узоқлаштирадиган нарсалардан: гуноҳ, шайтон васвасасидан ҳимоя қилай. Ҳаётимда, ишимда масъулиятли бўлай ва бунинг баракаси сифатида муваффақиятли бўлай. Шахсий ҳаётим учун қарғуймай, балки Сен имонли одам беришингга ишонай ва ўзимни оилага тайёрлай. Бор оиламни юритишга эса донолик ва меҳр бергин. Омин.
3-кун.
ОДАМЗОДНИНГ ГУНОҲДАН ҚУЛАШИ
Ибтидо 3:1-13.
11. Худо: –Ким сенга яланғочсан, деб айтди? Мен сенга: «Ема», деб буюрган дарахтдан едингми? – деб сўради ундан.
12. Одам: –Сен менга берган хотин шу дарахт мевасидан менга берди, мен эса едим, – деди.
13. Раббий Худо хотинга: –Бу нима қилганинг? – деди. Хотин эса: –Илон мени авради ва мен едим, – деди”.
Одам Атонинг вазифаси Адан боғини парваришлаш ва қўриқлаш эди. У кераклича қўриқламади ва натижада шайтон илон ичида келиб Момо Ҳавони авради. Момо Ҳаво тақиқланган мевани еди ва Одам Атога ҳам берди ва улар тақиқланган мевани еб гуноҳ қилишди. Уларни Худонинг Руҳи, Худонинг шуҳрати тарк этди ва улар яланғоч бўлиб қолдилар. Шунда яланғочликларини яшириш учун анжир баргидан ўзларига белбоғ қила бошладилар. Одамзоднинг гуноҳ қилиб, гуноҳини тан олиш, ундан кечиш ўрнига уни ёпишга ҳаракат қилиши, яна Худо қаршисидаги гуноҳ муаммосини инсоний ҳатти-ҳаракатлар билан ҳал қилишга ҳаракат қилиши ўша жойдан бошланган.
Адан боғининг яна бир аҳамиятли жиҳати шунда эдики, Худо тушиб келиб, одамзод билан суҳбатлашар эди. Гуноҳ қилганидан сўнг эса одамзод Худодан яширинди. Худо уни суҳбатга чорлаганида ҳам, тавбага чорлаганида ҳам Одам Ато айбни Момо Ҳавога, Момо Ҳаво илонга қўйди. Бу одамнинг ўз айбини тан олишни истамаслиги, лекин бу билан муаммо ҳал бўлмаслиги рамзидир.
Ибодат: Художон, мен Ёзувдан одам қалбини, ўзига тегишли нарсаларни парвариш қилмаса ва қўриқламаса ундан ажралиши мумкинлигини билдим. Дуо қил, юрагимни, онгимни, оиламни гуноҳдан асрай, парваришлай ва қўриқлай, токи шайтон қалбимни ва менга тегишли нарсаларни ўғирлай олмасин. Гуноҳимни қаршингда тан олишга мардлик бер, токи бошқаларга тўнкамай, ё инсоний кучим билан бартараф қилишга интилмай. Аксинча, Сенга ошкор қилиб, Сендан жавоб кутай. Чунки одам гуноҳини эътироф этса ва бошқа қилмасликка қарор қилса Сен кечиргувчи Худосан. Раҳмат кечирувинг учун. Ҳозир ҳам ҳар куни билмай гуноҳ қилиб қўйсам фош қил, токи билиб тавба қилай, билиб қилаётган гуноҳларимдан кечишга куч бер. Мен кўнглим ўрганган гуноҳларим учун, заифликларим учун Сендан, жаннатдан маҳрум бўлишни истамайман. Кечир мени ва Сени гуноҳдан Сен учун кечиш даражасида севишга ёрдам бер. Худо қаршисида қўрқувни кўнглимга солгин, токи гуноҳдан озод, пок яшайин. Омин.
ГУНОҲНИНГ ЖАЗОСИ
Ибтидо 3:14-24.
14. Шунда Раббий Худо илонга деди: “Сен шундай қилганинг учун ҳамма чорвалар, барча дала ҳайвонлари орасида лаънатисан. Умринг бўйи қорнинг билан юриб тупроқ ейсан.
15. Сен билан хотин орасига, сенинг уруғинг билан унинг уруғи орасига душманлик соламан. У сенинг бошингни шикастлайди, сен эса унинг товонини чақасан”.
16. Хотинга эса: “Сенинг ҳомиладорлигингда азобларингни ўта кўпайтираман. Фарзандларингни азобда туғасан. Иштиёқинг эрингга бўлади, у эса сенинг устингдан ҳукмронлик қилади”, – деди.
17. Одамга эса деди: “Сен хотинингнинг сўзига қулоқ солганинг учун, Мен сенга: “Ема”, –деб буюрган дарахтдан еганинг учун ер юзи сен туфайли лаънатланди. Бутун умринг бўйи ундан азобланиб озиқланасан.
18. Ер сенга тикану янтоқ ўстиради, сен эса дала ўтлари билан озиқланасан.
19. Сен ўзинг олинган ерга қайтгунингча пешана теринг билан нон ейсан, чунки тупроқдирсан ва тупроққа қайтасан”.
20. Одам ўз хотинининг исмини Ҳавва қўйди, чунки у ҳамма яшовчиларнинг онаси бўлди.
21. Раббий Худо одамга ва унинг хотинига теридан кийим ясаб, уларни кийинтирди.
22. Сўнгра Раббий Худо: “Мана, одам яхшилик ва ёмонликни билиб, Бизларнинг биримиздек бўлди. Энди қўлини чўзиб, ҳаёт дарахтининг мевасидан ҳам олмасин ва уни еб, абадий яшамасин!” – деди.
23. Шундай қилиб, Раббий Худо, одамни ўзи олинган ерга ишлов бериши учун Адан боғидан чиқариб юборди.
24. У одамни ҳайдаб юборгач, ҳаёт дарахтига борадиган йўлни қўриқлаш учун Адан боғининг шарқ томонига карубни ва айланадиган алангали қилични қўйди.
Бу ерда гуноҳ туфайли лаънат келганини, яна башорат сўзини кўришимиз мумкин: “Сен билан хотин орасига, сенинг уруғинг билан унинг уруғи орасига душманлик соламан. У сенинг бошингни шикастлайди, сен эса унинг товонини чақасан”. Аёл зотидан бир зот келиши лозимки, у шайтоннинг бошини шикастлайди, шайтон эса унинг товонини чақади, яъни енгил талофат етказади. Бу инсониятни шайтоннинг ҳукмронлигидан қутқариш учун келиши лозим бўлган Нажоткор ҳақидаги илк башоратдир.
Одам Ато ва Момо Ҳаво гуноҳ қилишди, Худо тақиқланган мевани ейишса ўлишлари ҳақида огоҳлантирган эди. Худонинг Руҳи уларни тарк этиб, улар ўша лаҳзада руҳан ўлишди. Энди таналарига ўлим кирган эди, улар олдин абадий яшаш учун яратилган бўлсалар, энди маълум вақтдан сўнг ўлишлари лозим эди. Жонлари эса абадий нарса бўлгани учун дўзахга маҳкум эди. Худо уларнинг анжир баргларидан қилинган кийимларини қабул қилмади, балки бир жониворни қурбон қилиб, терисини уларга кийинтирди. Бу уларнинг гуноҳларини қоплаш учун қон тўкилиши кераклиги ва инсон Худонинг қаршисида ўзи гуноҳини ўз ҳатти- ҳаракатлари билан қоплай олмаслиги, гуноҳидан қутула олмаслигининг тимсоли эди.
Бу ерда яна бир дарахт ҳақида гап кетяпти: Ҳаёт дарахти. Ундан еган одам абадий яшар эди. Гуноҳ туфайли одамзод абадий ҳаёт берувчи ҳаёт дарахтидан тотишдан маҳрум бўлди. Шу учун одамзоднинг абадий ҳаётга эга бўлиш учун қилаётган ҳамма ишлари бефойдадир.
Ибодат: Худойим. Сенинг Сўзингга ишонмаслик ва итоат қилмаслик гуноҳни келтириб чиқаришини билдим. Ер юзига лаънат одамнинг гуноҳи туфайли келганини ўқидим. Бир гуноҳимиз туфайли ҳаётимизнинг кўп соҳалари лаънатланиши мумкинлигини, асосийси, гуноҳ Сендан, Сен билан мулоқотдан, Сенинг ҳузуринг, баракаларинг ва ҳимоянгдан маҳрум қилишини тушундим. Сен бор бўлган жой жаннатдир, Сенсиз жой саҳродир. Ота боболаримиз гуноҳи туфайли саҳрога тушган эканмиз, бизларга шафқат қил, истак ва ҳаракат бер, токи Сенга қайтайлик. Ҳамма нарсадан Сени яхши кўриб, Сенга ишониш ва итоат қилиш йўлида юрайлик, ҳар кунимиз ўзимизни гуноҳдан тийиб Сенга қайтишга бир қадам қўйишдан иборат бўлсин, токи абадиятда Сен билан жаннатингда бўлайлик. Омин.
5-кун.
НУҲ ПАЙҒАМБАР ВА СУВ ТОШҚИНИ
Ибтидо.6:5-22. “5.Худо ер юзида одамларнинг бузуқлиги буюк эканини ва уларнинг юрагидаги ҳамма ўй-фикрлари доимо фақат ёмонлик эканини кўрди.
6. Раббий ерда инсонни яратганидан афсусланиб, юрагида қайғурди.
7.Шунда Раббий деди: “Ўзим яратган инсонларни ер юзидан қириб ташлайман. Инсондан тортиб чорвагача, судралиб юрувчилар ва осмондаги қушларгача қириб ташлайман, чунки уларни яратганимдан афсусдаман”.
Бироқ Нуҳ Раббийнинг нигоҳида илтифот топди.
9.Мана бу Нуҳнинг насабномаси: Нуҳ ўз авлодида ҳақ ва бенуқсон одам бўлиб, Худонинг қаршисида юрар эди.
10.Нуҳ Шем, Хам ва Йафет исмли учта ўғилни дунёга келтирди.
Ер эса Худонинг кўз ўнгида бузилиб борар эди, бор замин зўравонликка тўлган эди.
Худо ер юзига назар ташлади – мана, у бузилган эди, чунки ердаги ҳар бир вужуд ўз йўлини бузган эди.
13.Шунда Худо Нуҳга деди: “Менинг кўз олдимда ҳар бир вужуднинг охирати келди, чунки ер улардан зўравонликка тўлди. Энди Мен уларни ер юзидан қириб ташлайман.
14.Сен шамшод дарахтидан кема яса, кеманинг ичида хоналар қил ва кемага ичкаридан ҳамда ташқаридан қатрон суртгин.
15.Уни шундай яса: кеманинг узунлиги уч юз тирсак, кенглиги эллик тирсак, баландлиги эса ўттиз тирсак бўлсин.
16.Кемада туйнук ясаб, уни кеманинг тепасида бир тирсак қилиб тугат. Кеманинг эшигини унинг ён томонидан қил. Кемани пастки, иккинчи ва учинчи қаватли қилиб қур.
17.Мана, Мен осмон остидаги ҳаёт нафасига эга бўлган ҳар бир вужудни ҳалок қилиш учун ер юзига сув тошқинини юбораман. Ердаги бор мавжудот ҳалок бўлади.
18.Аммо сен билан аҳд тузаман ва сен билан бирга ўғилларинг, хотининг, ўғилларингнинг хотинлари кемага кирасизлар.
19.Шунингдек, тирик қолишлари учун ўзинг билан бирга ҳамма жонзоддан, ҳар бир вужуддан кемага бир жуфтдан олиб киргин; улардан бири эркак, бири урғочи бўлсин.
20.Ўз турига кўра қушлардан, ўз турига кўра чорвалардан, ўз турига кўра судралиб юрувчилардан – ҳаммасидан бир жуфтдан тирик қолишлари учун сенинг ёнингга кирсин.
21.Сен ўзинг билан егуликка ҳар хил овқатдан олиб, уларни ғамла. У сенга ва уларга озиқ бўлади”.
22.Нуҳ худди шундай қилди. У ҳаммасини Худо буюрганидек бажарди”.
Одамзод Худодан узоқлашганидан сўнг, шайтон уларни бошқара бошлади ва уларнинг фикрлари ҳам, ишлари ҳам кундан кунга гуноҳкорона бўлди. Уларнинг гуноҳларининг косаси тўлди ва Худо уларни сув тошқинида йўқ қилишни режалаштирди. Лекин Нуҳ гуноҳкорлар ичра Худонинг қаршисида юрадиган, яъни Худони излайдиган, Худога маъқул ишларни қилиб, номаъқулини қилмайдиган одам эди. Худо уни оиласи билан сақлаб қолиб, улар орқали одамзод наслини сақлаб қолди. Биз баъзан: “Кўпчилик нима бўлса шу, Худо ҳаммани дўзахга юбормайди-ку”, ёки кўпчилик бир хил фикрласа: “Шунча одам адашмайди-ку”, деб ўйлаймиз. Лекин мазкур тарихий воқеа ҳамма гуноҳ қилиб юрса ҳамма дўзахга кетиши мумкинлигини, кўпчилик хато қилиши мумкинлигини исботлайди.
Нуҳ эса ҳамма одамлар яшаганидек яшамади, Худонинг овозига қулоқ солди ва ҳамма нарсани Худо айтганидек қилди. Ҳозир ҳам баъзилар: “Ҳамма гуноҳ қиляпти-ку”, – деб ҳаммадек яшашга ҳаракат қилади, лекин Худодан қўрқадиганлар бошқаларга эмас, Худога қараб яшашади ва Худо буни кўриб, уларни тақдирлайди. Худо билан суҳбатлашиб, покликда яшагани учун Нуҳ нафақат ўзини, балки оиласини ҳам ўлимдан сақлаб қолди.
Ибодат: Худойим. Гуноҳ одамларнинг қалби ва онгини эгаллагани, шу учун улар гуноҳ қилиб яшайдиган бўлганларини кўрдим. Мен НУҳдек Худони излаб Худо қаршисида пок яшашни истайман. Дуо қил, истак ва ҳаракат, куч бер, токи ўзим ҳам, оилам ҳам Сенга маъқул ҳаёт кечирайлик ва жаннатингга сазовор бўлайлик. Омин.
6-кун.
ХУДОНИНГ ИЛК АҲДИ ВА АҲДНИНГ АЛОМАТИ
Ибтидо 8:20. Нуҳ эса Раббийга қурбонгоҳ қурди ва ҳар бир ҳалол ҳайвондан, ҳар бир ҳалол қушдан олиб, улардан қурбонгоҳда тамоман ёндириш қурбонлиги келтирди.
Раббий хушбўй ҳидни ҳидлади. Шунда Раббий Ўз юрагида деди: “Энди Мен ерни инсон туфайли бошқа лаънатламайман, чунки инсоннинг юрагидаги фикру хаёли ёшлигидан бузуқдир. Мен энди қилганимдек, ҳамма жонзодни бошқа нобуд қилмайман.
Ибтидо 9:11-17. “11.Мен сизлар билан шундай аҳд тузаман: энди бошқа тошқин сувлари туфайли бор мавжудот қирилмайди, ерни барбод қилиш учун бошқа тошқин ҳам бўлмайди”.
12.Сўнгра Худо деди: “Мен сизлар билан ҳамда сизлар билан бирга бўлган ҳар бир тирик жон билан тузаётган, авлодлардан-авлодларга ўтадиган аҳднинг аломати шундай: 13.Мен булутларда камалак ўрнатаман ва у Менинг ер билан аҳдимнинг аломати бўлади. 14.Ер юзига булут келтирганимда, булутларда камалак кўринади.
15.Шунда Мен сизлар билан ва ҳар бир вужуддаги барча тирик жонзод билан қилган аҳдимни эслайман. Яна барча мавжудотни қириш учун сув тошқини бўлмайди.
16.Камалак булутларда бўлади. Мен уни кўрганимда, Худо ва ердаги ҳар бир вужуддаги барча мавжудот орасидаги абадий аҳдни эсга оламан”. Шу тариқа, Худо Нуҳга деди: “Менинг ердаги ҳар бир мавжудот билан тузган аҳдимнинг аломати ана шу бўлади”.
Худо одамзодга ҳеч қачон бефарқ бўлмаган. У доимо одамзод билан йўқотилган муносабатни тиклашга ҳаракат қилган. Лекин гуноҳ таъсир қилган одамзод тобора гуноҳкорона фикрлаб, гуноҳкорона яшаб Худодан узоқлашиб бораверган. Шунда Худо одамзодни гуноҳи учун жазолашга мажбур бўлди, шунда ҳам қаршисида ҳақ яшашга ҳаракат қилган Нуҳни оиласи билан сақлаб қолди, кейин эса янада муносабатларда олға борди: ОДАМЗОД ВА ТИРИК ЖОНЛАР БИЛАН АҲД ТУЗДИ!
Нуҳ ҳайвон қурбонлик келтирди. Бу Худонинг ОДам Ато ва Момо Ҳавони кийинтириш учун ҳайвонни сўйиб, терисини кийдирганига ўхшар эди.
Бу Ҳобилнинг ХУдога ҳайвон қурбон қилганига ўхшар эди.
Нуҳ Худога ўзи истаганидек эмас, Худо истаганидек қурбонлик келтирди. Бу Худога маъқул бўлди. Кейин одамзод билан аҳд тузди: Бошқа сув тошқинидан бор мавжудот қирилмайди! Бу аҳднинг аломати кўкдаги камалак бўлди. Ҳар дафъа, бизлар кўкда камалакни кўрганимизда Худонинг мавжудот билан тузган аҳдини, бошқа бутун ер сув тошқини билан ҳалок қилинмаслигини эслашимиз мумкин.
Бу Худонинг одамзод билан тузган илк, шартсиз аҳди эди.
Ибодат. Худойим. Аҳд сўзини, аҳд муносабатларини илк бора Сен таклиф қилдинг. Сен Парвардигори Олам бўла туриб, Ўзингни арзимас бандаларинг билан Аҳд муносабатлари билан боғладинг, Ўзингга бошқа ер юзини сув тошқинида ҳалок қилмаслик қадар масъулият олдинг. Неча асрлардан буён, одамзод Сенинг назарингда жирканч ишлар қилса ҳам, Сенинг номинг билан золимликлар қилса ҳам, ҳатто Сенинг борлигингни инкор қилса ҳам, Сенга шаккоклик қилса ҳам Сўзингда барқарор турибсан. Бу учун ташаккур. Дуо қил, мен ҳам аҳд муносабатларини қадрлайдиган, барқарор одам бўлай ва миннатдор юракка эга бўлай. Омин.
7-кун.
БОБИЛ МИНОРАСИ
Ибтидо 11:1.
“1.Бутун ер юзида бир тил ва бир шева эди.
2.Улар шарқдан кўчиб, Шинар ерида текислик топиб, у ерда жойлашдилар.
Улар бир-бирларига: “Келинглар, ғишт ясаб оловда куйдирамиз”, – дедилар. Шундай
қилиб, улар тош ўрнига ғишт, оҳак ўрнига қатрон ишлата бошладилар.
4.Улар: “Келинглар, ўзимизга шаҳар ҳамда боши осмонга етар минора қурамиз. Шу тариқа, бутун ер юзига тарқалиб кетишдан аввал, ном чиқарамиз”, – дедилар.
5. Раббий эса инсон ўғиллари қураётган шаҳар ва минорани кўриш учун тушиб келди.
6 Шунда Раббий деди: “Мана, ҳаммаси битта халқ, ҳаммаларининг тили ҳам бир. Улар буни қилишни бошладилар, ният қилган ишларини тамомлашдан уларни ҳеч нарса тўхтата олмайди.
7. Энди пастга тушайлик-да, уларнинг тилини аралаштириб ташлайлик, токи бир-бирларининг гапларини тушунмасинлар”.
8. Шундай қилиб, Раббий одамларни у жойдан бутун ер юзига тарқатиб юборди ва улар шаҳар қуришни тўхтатишди”.
Худо Одам Атога “ер юзини тўлдиринглар”, – деб амр берган эди. Бу ерда эса одамларнинг бир жойда минора қуриб ўзларига ном чиқаришни режалаштиришларини кўришимиз мумкин. Нуҳ даврида одамлар кўплаб гуноҳлар ортидан юрган бўлсалар, бу ерда мағрурлик ортидан ҳам юрганлари, ўз истакларини Худонинг истагидан олдинга қўйганлари кўринмоқда. Гуноҳ ортидан юриш ҳам, мағрурлик ҳам Худога маъқул эмас. Одамзод гуноҳ кетидан юрганида Худо сув тошқинида гуноҳкорларни нобуд қилганидек, бу ерда мағрурликлари маҳсули минорани бузишини кўришимиз мумкин. Бу воқеа одамларнинг Худони билсалар ҳам, Худонинг иродасини билсалар ҳам Худонинг истаги билан яшамасликлари мумкинлигини кўрсатади. Яна кўряпмизки, кўпчилик бир ишни қилса бу албатта тўғри иш эканлигини билдирмайди, кўпчилик адашиши мумкин.
Ибодат: Худойим. Борлигинг учун раҳмат. Менга ҳам Ўз иродангни очгин, қандай яшашимни истайсан, нима қилишимни истайсан? Дуо қил, мен ўзим истаганимдек эмас Сен истагандек яшайин ва Сен истаган ишларни қилайин, зеро Сен фақат эзгуликни сўрайсан. Кўпчиликка ёқиш учун улар истаган ишни қилмай, балки иродангни билиб, Сен истаган ишларни қилай, токи ҳаётимга ҳузуринг, бараканг, ҳимоянг ҳамроҳ бўлсин. Омин.
8-кун.
ИБРОҲИМ ПАЙҒАМБАР
Ибтидо 12:1-8. Раббий Ибромга деди: “Ўз ерингдан, она юртингдан, ўз отангнинг уйидан чиқиб, Мен сенга кўрсатадиган ерга боргин.
2 Мен сендан буюк халқ яратаман. Сени дуо қилиб, номингни улуғлайман. Сен дуо-баракали бўласан.
3 Сени дуо қилганларни Мен дуо қиламан, сени лаънатлаганларни Мен лаънатлайман. Ер юзидаги барча қабилалар сенда барака топадилар”.
4 Раббий айтганидек, Ибром чиқиб кетди. Лут ҳам у билан бирга кетди. Ибром Харандан чиқиб кетганида етмиш беш ёшда эди.
5 Ибром ўз хотини Сорайни, ўз биродарининг ўғли Лутни, тўплаган бор мол-мулкларини ҳамда Харанда эга бўлган одамларини ўзи билан бирга олиб, Канъон ерига бориш учун йўлга тушди. Ниҳоят, улар Канъон ерига етиб келишди.
6 Ибром у ердан ўтиб, Шеқем деган жойдаги Мореҳ текислигига келди. Ўша вақтда бу ерда канъонликлар яшар эдилар.
7 Раббий Ибромга зоҳир бўлиб: “Мен бу ерни сенинг уруғингга бераман”, – деди. Ибром эса ўша ерда унга намоён бўлган Раббийга қурбонгоҳ қурди.
8 Сўнгра Ибром у ердан Бетелнинг шарқ томонидаги тоққа кўчди. Шундай қилиб, у ғарб томони Бетел, шарқ томони Гай бўлган жойда чодир тикди. Ўша ерда у Раббийга қурбонгоҳ қуриб, Раббийнинг номини чақирди.
Одамзод юқори бобларда таърифланганидек, гуноҳга, мағрурликка, бутпарастликка берилиб борар эди ва ҳамма ўз йўлини тўғри деб ҳисоблар эди. Шунда Худо одамзод ичра Иброҳим бобони танлади ва ўз еридан кетишини буюрди. Бу ўз ери, халқини қўйиб Худонинг ортидан боришини билдирар эди, чунки ери ва халқи Худонинг ортидан юрмас, унга ҳам боргани қўймас эди. Ибром ўз еридан оиласи ва мулки билан чиқиб кетди, бу ўтмиши билан хайрлашиб, янги ҳаётда бор-буди билан боришининг тимсоли эди. Худо унинг қурбонлигини кўрди ва унга намоён бўлиб унга уруғ ва мерос ер ваъда берди. Аҳамиятлиси шунда эдики, Ибромнинг ўз ерида ҳамма нарсаси бор эди, лекин фарзанди йўқ эди. Худонинг ортидан юрганидан сўнг у наслга ва наслига қолдирадиган ерга эга бўлди!
У уйидан чиқиб кетиб, шунчаки дарбадар юрмади, балки ҳар бир қадамида Худони излар эди, қурбонгоҳ қуриб, қурбонликлар келтириб Худонинг номини чақирар эди. Худо эса унга жавоб берар ва унга йўл кўрсатар эди. Биз ҳам Худонинг ортидан боришга қарор қилсак ва ҳар қадамимизда Уни изласак, Уни чорласак, У бизларни ҳам бошқаради ва йўл кўрсатади!
Ибодат: Худойим, Иброҳим бобони бошқарганингдек мени ҳам бошқаргин. ҲАмма нарсадан кўра Сени кўпроқ севиш, Сенинг ортингдан юришни ўргат. Қадамимда Сени излай, Сендан йўл-йўриқ сўрай, Сен эса мени ҳузурингга бошлаб, жамолингни кўрсат. Қурбонлик келтиришни севадиган юрак, очиқ қўлларга эга қилгин. Барча эҳтиёжларимни Ўзинг биласан, уларни ўзинг қондир. Омин.
МУСО ПАЙҒАМБАР ВА ПЕСАҲ ҚУРБОНЛИГИ
Чиқ.12:21-28.
21.Шундан кейин Мусо Исроилнинг ҳамма оқсоқолларини чақиртириб, уларга шундай деди: “Оилангиз учун қўзи танлаб олиб, Песаҳ байрамига қурбонликни сўйинглар.
22.Кейин ҳиссоп ўтидан бир тутам олиб, идишдаги қонга ботириб олинглар. Шундай қилиб, уйларингиз эшикларининг иккала ёндорига ва тепасига идишдаги қондан суртинглар. Тонггача бирортангиз уйингиздан чиқманглар.
23.Чунки Раббий Мисрни шикастлаш учун чиқади ва эшикларингизнинг тепасидаги ҳамда иккала ёндоридаги қонни кўриб, уйларингизни четлаб ўтади, ҳалок қилувчи шикастлаш учун сизларнинг уйларингизга киришига йўл қўймайди.
24.Бунга ўзларингиз учун ва авлодларингиз учун абадий қонун деб риоя қилишингиз лозим.
25.Раббий сизларга беришни ваъда қилган ерга кирганларингиздан кейин ҳам бу хизматга риоя қилаверинглар.
26.Болаларингиз сизлардан: “Бу хизматнинг маъноси нима?” – деб сўраганларида, шундай жавоб беринглар:
27.“Бу Раббийга бағишланган Песаҳ қурбонлигидир. Раббий мисрликларни шикастлаётганида, Мисрдаги Исроил ўғилларининг уйларини четлаб ўтди ва бизнинг хонадонларимизни омон сақлаб қолди”. Шунда Исроил халқи таъзим қилиб, тиз чўкдилар.
28.Сўнгра Исроил ўғиллари бориб, Раббий Мусо билан Аҳаронга берган амр бўйича иш тутдилар.
Иброҳим пайғамбарнинг насли очарчилик туфайли Мисрга бориб қолади. Иброҳим пайғамбарнинг ўғиллари Ёқуб бобонинг ўғли Юсуф бобо Мисрга қулликка сотилади ва Худога бўйсуниб яшагани учун ғайритабиий ақлга эга бўлиб, фиръавн давлатида фиръавндан сўнг 2-шахс бўлиш даражасига кўтарилади. Ўшанда бутун ер узра очарчилик бўлади ва Юсуф бобо қариндошларини Мисрга чақиртириб келади. Улар у ерда шоҳона иззатда яшай бошлайдилар.
Асрлар ўтиб, Юсуф бобони билмайдиган фиръавн кўтарилганида, мисрликлар ўз ихтиёри билан келган яҳудий халқини қул қилиб оладилар. Шунда яҳудий халқи ота-боболарининг Худосига илтижо қилади. Худо халқи орасидан Мусони пайғамбар қилиб кўтаради. У халқини озодликка қўйиб юборишини сўраб фиръавннинг олдига юборади. Лекин фиръвн қўйиб юборишни истамайди. Шунда Худо Мисрга ўн жазони юборади. Ўнинчи жазо мисрликларнинг тўнғичлари ҳалок бўлиши бўлиб, Худонинг халқи бундан ўзини қуйидагича ҳимоя қилиши мумкин эди. Улар қўзи олиб сўйишлари ва қўзининг қонини эшикларига суртишлари лозим эди. Тунда ўлим фариштаси тушиб келиши, қайси эшикда қонни кўрса, у эшикка кирмаслиги, қон суртилмаган эшикка кириб тўнғичларни ҳалок қилиши лозим эди. Худонинг халқи Худонинг сўзига риоя қилгани учун омон қолди, мисрликларнинг эса ҳаммасининг уйида тўнғичлар ҳалок бўлди. Мана шуни Худо халқига авлодлар оша нишонлашни буюрди. Унинг номи Песаҳ байрами бўлиб, Песаҳ сўзи – ўлим четлаб ўтди, деган маънони билдиради.
Ибодат: Худойим, Сенинн Сўзингни билиб, амал қилганимизда бизларни ҳар қандай ўлим четлаб ўтади. Дуо қилгин, Сенга бўйсуниб яшайлик, токи коронавирус ҳам, бошқа офатлар ҳам бизларга зарар етказа олмасин. Омин.
10-кун.
ЎНТА АМР
Чиқиш 20:1-17.
Худо халқини Миср қуллигидан олиб чиқди ва уларга 10та амрни берди. Одам шу ўнта амрни бажаришга ҳаракат қилиб яшаса – гуноҳларидан, абадий ўлимдан нажот топар, агар бирортасини бузиб қўйса ҳаммасини бузган ҳисобланар эди. Худо амрни берганидан сабаб – одамзодга қандай яшаб Унга маъқул бўлиш мумкинлигини кўрсатиш эди, лекин бирор одам ўз кучи билан бу амрларнинг ҳаммасини, ҳамма вақт бажара олмайди. Бу бизларга Худонинг талабини, ҳамда бу талабларни бажариш учун Худога муҳтожлигимизни кўрсатади. Худонинг олдига, жаннатга, яъни Осмон Шоҳлигига ўз кучимиз билан бора олмаймиз, ҳаммамиз Худонинг оқлашига, нажот беришига умид қилишимиз лозим. Келинг, ўзимизни имтиҳон қилайлик. Юрагимизда Худодан бошқани кўпроқ севмаймизми, унга умид қилмаймизми, у учун яшамаймизми? Худога яқинлашиш учун ажратилган кунимиз борми? Ота-онамизга сўзда ва амалда ҳурмат кўрсатамизми? Қалбимизда бировдан нафратланиб ўлимини тиламаймизми, қалбимизда номаҳрамларга истак билан қарамаймизми, амалда-чи? Бировнинг нарсани чап турган бўлса илиб кетмаймизми, йўқотилган, эгасининг номери ёзилган телефонни-чи? Фойдамизга бўлса ёлғон гувоҳлик бермаймизми, бировнинг ҳеч нарсасини истамаймизми?
Ибодат: Худойим. Юрагимни поклашга, Сен истагандек одам бўлишимга ёрдам бергин. Амрларингга амал қилиб ярашга истак ва куч бергин, токи илтифотинг ва баракаларингни мерос қилиб олай.
ХУДО БИЛАН СУҲБАТЛАШИШ ТАРТИБИ
Левит 4:13-21. 13.”Агар бутун Исроил жамоаси билимсизлик туфайли гуноҳ қилиб қўйса ва бу жамоа кўзидан яширин қолса, қилиши мумкин бўлмаган ишни қилиб, Раббийнинг амрларига қарши бирор нима қилишса ва айбдор бўлишса, 14. унда, улар қилган гуноҳ аён бўлгач, бутун жамоадан гуноҳ учун қурбонликка катта қорамолдан ҳўкизни тақдим қилишсин ва уни йиғин чодири қаршисига келтиришсин. 15. Жамоанинг оқсоқоллари Раббийнинг қаршисида қўлларини ҳўкизнинг бошига қўйиб, уни Раббийнинг қаршисида сўйсинлар. 16. Мойланган руҳоний эса ҳўкизнинг қонини йиғин чодирига киритсин.17. Руҳоний бармоғини қонга ботириб, Раббий қаршисида муқаддасгоҳ пардаси қаршисида етти марта қонни пуркасин. 18. Сўнг руҳоний қондан олиб Раббий қаршисида турган, йиғин чодири ичидаги қурбонгоҳ шохига суртсин, қолган қонни эса йиғин чодири эшиги олдидаги тамоман ёндириш қурбонгоҳи этагига тўксин, 19. ҳамда буқанинг бор ёғини чиқариб олиб қурбонгоҳда ёқиб юборсин.20. У гуноҳ учун келтирилган ҳўкизни нима қилишса, бу ҳўкизни ҳам шундай қилсин; уни шундай қилиш лозим ва шу тарзда, руҳоний жамоани поклайди ва улар кечирилади. 21. Ҳўкизни эса қароргоҳдан ташқарига чиқариб, аввалги ҳўкизни ёндиргани каби, ёқиб юборсин. Бу – жамоа гуноҳи учун қурбонликдир”.
Одам Ато гуноҳ қилгунича Худо билан тўғридан –тўғри суҳбатлашар эди. Гуноҳ қилганидан сўнг эса гуноҳ ораларида тўсиқ бўлди. Энди одамлар Худо билан руҳонийлар ва пайғамбарлар орқалигина суҳбатлаша олар эдилар. Яна шунчаки, “кечир”, “тавба” етарли эмас. Одам ҳар дафъа келганида, қайтадан ҳайвон қурбонлик қилиши керак бўлган. Чунки гуноҳнинг жазоси ўлим. Одам қўлини ҳайвоннинг бошига қўйиб, ибодат қилиб гуноҳини ҳайвонга ўтказади. Гуноҳ ҳайвонга ўтади, бу ҳайвон сўйилади, бегуноҳ ҳайвоннинг қони одамнинг гуноҳини устидан қоплайди. Руҳоний ҳайвоннинг қони билан Худонинг маъбадига киради, халқнинг арзини Худога айтади, Худодан Сўз олиб, Уни халққа етказади. Бу ерда жамоа гуноҳи учун қурбонлик ҳақида гап кетар экан, яна бир бора бизлар кўпчилик билиб ёки билмай гуноҳ қилиб яшаши мумкинлигини кўришимиз мумкин.
Ибодат: Худойим. Ҳайвонлар гуноҳ қопланиши учун қурбонлик қилинишини буюрганинг маъносини Ўзинг яққол тушунтиргин. Омин.
12-кун.
МУСО ПАЙҒАМБАРГА ХУДОНИНГ ВАЪДАСИ
Мусо пайғамбар Худонинг қудрати билан ўз халқини Миср қуллигидан олиб чиқди. Бу жараёнда Миср фиръавни ва халқига 10жазо келди, Қизил денгиз иккига бўлиниб, Худонинг халқи омон ўтди, фиръавн ва унинг қўшини эса ҳалок бўлди. Худо Мусо пайғамбар билан тоғда юзма-юз гаплашди, 10та қонун берди. Мусо пайғамбар ХУдо билан суҳбатлашиш учун чодир ўрнатди, ўзи чодирда Худо билан суҳбатлашди, унинг шогирди Йешуа Бин Нун кўтарилди ва у ҳам чодирда Худони излайдиган бўлди. Хизмати хотимасида Худо Мусога буюк Шахс келиши ҳақида башорат қилди. Халқ Унга қулоқ солиши керак, кулоқ солмайдиганлардан Худо жавоб талаб қилади! “Мен уларга биродарларининг орасидан худди сенга ўхшаган Пайғамбарни кўтараман, Ўз сўзларимни Унинг оғзига соламан ва Мен Унга буюрган ҳамма нарсани У уларга айтади.
Шунинг учун Раббийнинг Ўзи сизларга аломат беради: мана, бокира қиз ҳомиладор бўлади ва ўғил туғади. Унга Иммануэл, деб исм қўйишади(Ишайё 7:14).
Ўтган давр Забулун ерини ва Нафтали ерини камситди. Лекин кейинги давр денгиз бўйидаги йўлни, Йордан ортидаги мамлакатни, мажусийларнинг Галилиясини юксалтиради. 2 Зулматда юрган халқ буюк нур кўради. Ўлим соясининг ерида яшаганларга нур порлайди. 3Сен халқни кўпайтирдинг, унинг қувончини оширдинг. Бу халқ йиғим-терим вақтида қувонгандек ва ўлжани бўлишаётганда шодлангандек Сенинг олдингда қувонади.
4.Чунки Сен унга оғир юк бўлган бўйинтуруқни, уни урган ҳассани ва унинг зулмкорининг таёғини мидианликлар билан жанг кунидагидек яксон қилдинг.
5.Зеро урушдаги жангчиларнинг пойафзали ва қонга булғанган кийимининг барчаси оловга озуқа қилиб ёндирилишга берилади.
…6 Зеро бизга Чақалоқ туғилди, бизга Ўғил берилди. Ҳукмронлик Унинг елкаларидадир ва Унга: Ажойиб, Маслаҳатчи, Қудратли Худо, мангу Ота, тинчлик Ҳокими деб ном берилади. 7 Довуднинг тахтида ва унинг шоҳлигида Унинг ҳукмронлиги ҳамда тинчлигининг чеки бўлмайди. У буни бугундан тоабад адолат ва ҳақиқат билан ўрнатади ва мустаҳкамлайди. Қўшинлар Худовандининг рашки буни амалга оширади(Ишайё 9:1).
Мана, Мен қўллайдиган Менинг қулим, жоним илтифот қиладиган Менинг танлаганим. Ўз Руҳимни Унга қуйдим ва У халқларга ҳукмни эълон қилади. 2 У қичқирмайди, овозини кўтармайди ҳам ва уни кўчаларда эшитишга қўймайди. 3 У синиқ қамишни синдирмайди ва тутаётган зиғир пиликни ўчирмайди. У ҳақиқат бўйича ҳукм қилади. …8 Мен Раббийман, бу – Менинг исмимдир. Мен Ўз шуҳратимни ўзгага ва мақтовларимни бутларга бермайман. 9 Мана, аввалгилари бажо бўлди ва сизларга янгисини эълон қиламан. У содир бўлишидан олдин, Мен сизларга хабар қиламан(Ишайё 42:1-3,8).
Эй, Бетлеҳем Эфратаҳ, сен Яҳудонинг минглаб авлодлари аро кичикмисан? Исроилда Ҳукмдор бўлиши керак бўлган Шахс Менга айни сендан келиб чиқади. Унинг келиб чиқиши азалдан, абадият кунларидандир(Микаҳ 5:2).
Бу башоратларга кўра халқ Машиаҳни, яъни мойланганни кута бошлади. Мойланган –бу Худо томонидан маълум вазифани бажариш учун ваколатланган деган маънони билдириб, уУдонинг халқига бу сўз таниш эди. Худо халқи орасида 3тоифа одамлар хизматга мойланар эди: РУҳонийлар, пайғамбарлар, подшоҳлар. Кутилган Машиаҳ уларни азоблардан, ноҳақликлардан қутқариши, қувонч, тинчлик бериши лозим эди.
Ибодат: Худойим. Инсоният тарихида бўлган бу воқеларнинг бизларга қандай алоқаси борлигини очгин ва алоқаси бўлса тушунтиргин. Омин.
13-кун.
МАСИҲНИНГ ДУНЁГА КЕЛИШИ
Луқо хушхабари 2:8-20.
8.”Ўша ўлкада чўпонлар бор эдилар. Улар ўз подаларини қўриқлаб, далада тунар эдилар.
9.Бирданига Худонинг фариштаси уларга зоҳир бўлди ва Раббийнинг шуҳрати уларни ёритиб юборди, шунда уларни ваҳима босди.
10.Фаришта уларга хитоб қилди: “Қўрқманглар! Мен сизларга барча одамларга бўладиган буюк қувонч ҳақидаги хушхабарни келтирмоқдаман.
11.Чунки бугун Довуднинг шаҳрида сизлар учун Нажоткор туғилди. У – Раббий Масиҳдир.
12.Мана, бу сизларга аломат: сизлар йўргакка ўралган, охурда ётган чақалоқни топасизлар”.
13.Тўсатдан фаришта билан бирга Худони улуғлаётган саноқсиз самовий қўшинлар зоҳир бўлиб, бундай хитоб қила бошладилар:
14.“Юксакликда Худога шуҳрат ва ер юзида тинчлик, инсонларга илтифотдир!”
15.Фаришталар уларнинг олдидан осмонга кўтарилганларида, чўпонлар бир -бирларига: “Қани, юринглар, Бетлеҳемга бориб, Раббий бизга билдирганича, у ерда нима содир бўлганини кўрайлик!” – дедилар.
16.Улар шошилиб келгач, Марям, Юсуф ва охурда ётган Чақалоқни топдилар.
17.Буни кўрганларида, уларга бу Чақалоқ ҳақида нима хабар қилинганини айтиб бердилар.
18.Барча эшитганлар чўпонларнинг уларга айтган гапларига ҳайрон бўлдилар.
19.Аммо Марям бу ҳамма сўзларни юрагида тутиб, улар ҳақида мулоҳаза қилар эди.
20.Чўпонлар ҳамма нарсани айнан уларга айтилганидек эшитганлари ва кўрганлари учун Худони улуғлаб, мадҳ этиб орқаларига қайтдилар”.
Масиҳ туғилганида бутун руҳий дунё қўзғалиб, буни одамзодга хабар қилди: Худонинг фариштаси чўпонларга зоҳир бўлди, Раббийнинг шуҳрати уларни ёритди. Фаришталарнинг хабари “ер юзида тинчлик, инсонларга илтифот”,-эди.
Ибодат: Исо Масиҳнинг туғилишининг одамзодга нима аҳамияти бор, Ўзинг тушунтиргин. Омин.
14-кун.
МАСИҲНИНГ ВАЗИФАСИ
Юҳанно хушхабари 1:29-34.
29.Эртаси куни Яҳё унинг олдига келаётган Исони кўриб деди: “Мана, дунёнинг гуноҳини Ўзига оладиган Худонинг Қўзиси.
30 Мен: “Ортимдан бир Киши келмоқда, У мендан олдинга ўтди, чунки мендан олдин У бор эди”, –деган Одам Шудир.
31 Мен Уни билмас эдим, аммо У Исроилга намоён бўлиши учун мен сувга чўмдиргани келдим”.
32 Яҳё гувоҳлик бериб деди: “Мен осмондан кабутардек тушиб келаётган ва Унга қўнган Муқаддас Руҳни кўрдим.
33 Мен Уни билмас эдим, аммо сувга чўмдириш учун мени Юборган менга деди: “Кимга Руҳ тушиб келаётганини ва Унга қўнганини кўрсанг, Ўша Муқаддас Руҳга Чўмдирувчидир”.
34 Мен эса кўрдим ва гувоҳлик бердим: Мана, Шу – Худонинг Ўғлидир”.
Ҳар бир пайғамбарнинг ўз вазифаси бўлган. Исо Масиҳнинг вазифаси – одамзоднинг гуноҳи учун ўлиб, уларни гуноҳдан поклаш бўлган. Нима учун? Чунки Одам Ато гуноҳ қилгани туфайли, одамзод абадий ўлимга маҳкум бўлди, энди ҳамма дўзахга боришга маҳкум. Лекин Худо одамларни яхши кўради, улар билан суҳбатлашишни, уларни жаннатга қайтариб олиб келишни истайди. Одамзод билан суҳбатлашиш масаласи ҳайвон сўйиб, қонини пуркаш билан вақтинчалик ҳал қилинди, чунки ҳайвоннинг қони гуноҳни қоплар, лекин ювиб юбормас эди. Одам ҳайвон қурбонлик қилиб қайтгач, яна гуноҳ қилади, яна Худо билан суҳбатлашиш учун ҳайвон қурбонлик қилиш керак. Бу қурбонлик гуноҳни ювмагани учун одам гуноҳдан қутула олмайди. Шу учун Худо Одам Ато наслидан бўлмаган, яъни қони гуноҳдан зарарланмаган шахсни одамларнинг гуноҳлари учун қурбон қилишни лозим топди. Лекин бундай одам ерда йўқ эди.Чунки ҳамма одам Одам Ато наслидан бўлган, Одам Ато эса гуноҳ қилганида қонига гуноҳ кириб, энди бутун одамзодга авлодма -авлод ўтиб келаётган эди. Шу учун Муқаддас Руҳини бокира қиз биби Марямга юборди. Ундан ҳомила пайдо бўлиб, дунёга Исо Масиҳ инсон шаклида келди. У ташқи қиёфадан инсон эди, лекин ичида Худонинг Руҳи эди. Худонинг Руҳидан бино бўлгани учун Худонинг Ўғли деб аталди. Нажоткор дунёга келганини Худо яна бир пайғамбари Яҳё Чўмдирувчига ҳам аён қилиб, унга гувоҳлик берди.
Ибодат: Яҳё Чўмдирувчига очган нарсаларингни оддий халқ вакили бўлмиш менга ҳам очгин. Омин.
Юҳанно хушхабари 3:13-17.
13. Ўшанда Исо Яҳёдан сувга чўмиш учун Галилиядан унинг олдига, Йордан дарёсига келди.
14 Лекин Яҳё Исони тўхтатиб: –Сен мени сувга чўмдиришинг керак, Сен менинг олдимга келяпсанми? – деди.
15 Исо унга жавоб бериб деди: –Қўй энди, чунки биз бор ҳақиқатни шу йўсинда амалга оширишимиз лозим.
16 Сувга чўмдирилгач, Исо ўша заҳоти сувдан чиқди. Мана, Унга осмон очилди ва Яҳё Худонинг Руҳи Исонинг устига кабутардек тушиб келганини кўрди.
17 Осмондан эса: “Бу Менинг севимли Ўғлимдир. Менинг илтифотим Ундадир”, – деган овоз келди.
Сохта пайғамбарлар ҳам бўлган. Шу учун Худо: “2 ё 3киши гувоҳлик бермаса сўзни қабул қилманглар”, –деган. Исо Масиҳ – Эски Аҳд ҳам, Янги Аҳд ҳам, фаришталар, пайғамбарлар, мўъжизалар, аломатлар, ҳатто шахсан Худонинг Ўзининг овози гувоҳлик берган ер юзида яшаган ягона Шахсдир! Масиҳийлар одам айтгани учун эмас, Худо айтгани учун, У Худонинг Руҳидан барпо бўлгани учун Исо Масиҳни Нажоткор деб тан олишади ва Худонинг Руҳидан бунёд бўлгани учун Худонинг Ўғли деб тан олишади ва Худонинг сўзига қарши бораётган ҳар бир сўзни Худога нисбатан шаккоклик деб ҳисоблашади. Сувга чўмиш – гуноҳлар ва худбинлик учун ўлиш ва Худо учун яшашнинг тимсоли бўлиб, бегуноҳ бўлса-да, Худо шу тартибни ўрнатгани туфайли Исо Масиҳ ҳам шу маросимдан ўтди. Яҳё Чўмдирувчи билан суҳбати Унинг нақадар бўйсунувчан, камтарин бўлганининг исботидир. Айнан шундан сўнг Муқаддас Руҳ Унга тушиб, Худодан У ҳақида гувоҳлик сўзи келди. Худога, Унинг Сўзига итоатимиз ҳар доим устимиздан самони очади ва ҳаётимизга илоҳий баракаларни ёғдиради!
Ибодат: Худога итоатда кун кечирай, ҳаётимга Худонинг ҳузурини, баракасини, ҳимоясини келтирадиган ишларни қилай. Омин.
16-кун.
ОСМОН ШОҲЛИГИГА КИРИШ ШАРТИ
Юҳанно хушхабари 3:1-15.1.Фарзийлар орасида Никодим исмли бир одам бор эди, у яҳудийларнинг бошлиқларидан бири эди.2 У Исонинг олдига тунда келиб, Унга: – Раввий, Сен Худодан келган Устоз эканингни биз биламиз. Чунки ҳеч ким, агар Худо у билан бирга бўлмаса, Сен қилаётган мўъжизаларни қила олмайди, – деди. 3 Исо унга жавобан: – Ростини, сенга ростини айтаман, агар ким юқоридан туғилмаса, Худонинг Шоҳлигини кўра олмайди, – деди. 4 Никодим эса Унга: – Одам қари бўла туриб қандай яна туғилиши мумкин? Наҳотки, у онасининг қорнига иккинчи гал кириб, туғилиши мумкин? – деди. 5 Исо жавоб берди: – Ростини, сенга ростини айтаман, агар ким сувдан ва Руҳдан туғилмаса, Худонинг Шоҳлигига кира олмайди. 6 Танадан туғилган тана, Руҳдан туғилган эса руҳдир. 7 «Юқоридан туғилишингиз керак»,– деганимга ҳайрон қолма. 8 Руҳ қаерда истаса, ўша ерда нафас олади. Унинг овозини эшитасан, бироқ қаердан елаётганини ва қаерга кетаётганини билмайсан. Руҳдан туғилган ҳар бир одам билан ҳам шундай бўлади. 9 Никодим унга жавобан: –Бу қандай бўлиши мумкин? – деди. 10 Исо эса жавоб бериб, деди: –Сен Исроилнинг устозисану, шуни билмайсанми? 11 Ростини, сенга ростини айтаман, бизлар билган нарсамиз ҳақида сўзлаяпмиз ва кўрган нарсамиз ҳақида гувоҳлик бераяпмиз, сизлар эса Бизнинг гувоҳлигимизни қабул қилмаяпсизлар. 12 Агар сизларга ердаги нарсалар ҳақида гапирган сўзларимга ишонмасангизлар, самовий нарсалар ҳақида сўзласам қандай ишонасизлар? 13 Осмонда бор бўлган ва осмондан тушган Инсон Ўғлидан ташқари ҳеч ким осмонга чиққан эмас. 14 Мусо илонни саҳрода баланд кўтарганидек, Инсон Ўғли баланд кўтарилиши керак,15 токи Унга ишонган ҳар бир киши ҳалок бўлмасин, балки абадий ҳаётга эга бўлсин.
Исо Масиҳнинг ерлик ҳаёти ва хизмати қарама-қарши фикрларга тўла эди. Унинг қилган мўъжизалари туфайли халқ Уни Худодан келган деса, Унинг халқ ичида обрўйига ҳасад қилган дин уламолари Унга қарши гапирар эдилар. Шундай зиддият даврида Никодим, фарзий одам, фарзийлар Худо қонунини рашк қиладиган диний оқим эди, яна бошлиқлардан бири бўлган шахс Масиҳ ҳақида ўз фикрига эга бўлди: “Агар Худо У билан бўлмаса сиз қилаётган мўъжизаларни қила олмайди”. Яна шахсан Масиҳнинг олдига, ҳақиқатни Ўзидан эшитиш учун келди. Шунда Масиҳ Худонинг Шоҳлигига кириш калитини берди: “Юқоридан туғилиш”. Никодим бунинг нима эканини тушунмаганида Масиҳ аниқлаштирди: “Руҳдан ва сувдан туғилиш”. Никодим яна тушунмади. Шунда Масиҳ Мусо пайғамбарнинг саҳрода илонни баланд кўтариши Исо Масиҳнинг баланд кўтарилиши тимсоли бўлганини очди. Яъни гуноҳ чақаётган, ўлдираётган дунёда Исо Масиҳ номи баланд кўтарилиши керак. Нажоткорнинг вазифаси- гуноҳкор одамзоднинг гуноҳини Ўзига олиб ўлиш, одамзодга эса Ўз ҳақлигини бериш эди. Ҳар бир одам гуноҳкорлигини тан олганда, гуноҳнинг жазоси ўлим эканини билганида, гуноҳи учун абадий ўлимга маҳкум эканини билганида, лекин Худо одамларнинг ўлишини, дўзахга кетиши истамаслигини, шу учун Масиҳни одамларнинг гуноҳи учун қурбон қилганини билганида Масиҳга қарайди, гуноҳини эътироф этиб, тавба қилади, Масиҳ қилган қурбонликка ишонади ва шу туфайли ўлмасдан абадий ҳаётга эга бўлади. Гуноҳларига тавба қилганидан Масиҳнинг қони гуноҳларини ювади ва Унинг ичига Муқаддас Руҳ кириб келади, мана шу Руҳдан туғилиш дейилади. Кейин гуноҳкорона ҳаёт учун ўлгани, ўзини Худога бағишлагани тимсоли сифатида сувга чўмади. Сув яна Худонинг Сўзининг ҳам тимсолидир. Одам Худонинг Сўзи билан яшаб гуноҳкорона ҳаёт тарзини тарк этганида сувдан туғилган ҳисобланади. Шу нарса Осмон Шоҳлигига кириш калити ҳисобланади.
Ибодат: Худойим, жаннатга кириш йўлини ўзинг кўрсат, Ўзинг бошқар, мен шундай яшайки жаннатда Сен билан бирга бўлай. Омин.
17-кун.
ҲАЁТБАХШ СЕВГИ ҚУРБОНЛИГИ
Юҳанно хушхабари 3:16-21,36. 16.Чунки Худо дунёни шунчалик севдики, Ўзининг Ягона Ўғлини берди, токи Унга ишонган ҳар бир киши ҳалок бўлмасин, балки абадий ҳаётга эга бўлсин.
17 Зеро Худо дунёни ҳукм қилиш учун эмас, балки Ўз Ўғли орқали қутқариш учун Уни дунёга юборди.
18 Унга ишонган одам ҳукм қилинмайди, ишонмаган одам эса аллақачон ҳукм қилинган, чунки Худонинг Ягона Ўғлининг номига имон келтирмади.
19 Ҳукм эса шундан иборатки – Нур дунёга келди, лекин одамлар Нурдан кўра зулматни кўпроқ севдилар, чунки уларнинг ишлари ёвуз эди.
20 Чунки ёвузлик қиладиган ҳар бир киши Нурдан нафратланади ва Нур томонга бормайди, токи унинг ишлари фош бўлмасин, чунки унинг ишлари ёвузликдир.
21 Ҳақиқат бўйича ҳаракат қилувчи эса Нур томонга боради, токи унинг ишлари ошкор бўлсин, чунки улар Худода амалга оширилгандир.
Агар одамзодни қутқаришнинг бошқа йўли бўлганида эди, Худо Исо Масиҳга хочда ўлиш каби азобли ўлимни раво кўрмаган бўлар эди. Биров энг қадрли кишиси учунгина бошқа яқинини қурбон қилиши мумкин. Бу Худонинг одамзодни нақадар севишининг аломатидир. Нима учун Масиҳга ишонган киши ҳалок бўлмайди? Чунки у гуноҳлари учун Масиҳ ўлгани, шу туфайли, у гуноҳларидан фориғ бўлиб осмон Шоҳлигига боришига ишонади ва бу имони унга жаннатда абадий ҳаёт беради. Масиҳга ишонмаган нима учун маҳкум? Чунки уни гуноҳ вирусидан қутқаришга қодир ягона воситани қабул қилмади ва гуноҳлари ўзида қолди. Бир киши айтган экан: “Сиз дўзахга Масиҳни қабул қилмаганингиз учун эмас, балки гуноҳларингиз ўзингизда қолгани учун, шу гуноҳларингиз учун борасиз”.
Ибодат: Худойим, гуноҳларимдан фориғ бўлишга ёрдам бер. Шундай яшайки, ҳукм кунида оқланиб чиқай. Омин.
18-кун.
ЯҲЁ ЧЎМДИРУВЧИНИНГ ГУВОҲЛИГИ
Юҳанно хушхабари 3:28-36.
28. «Мен Масиҳ эмасман, аммо мен Унинг олдидан юборилганман», –деганимга сизларнинг ўзларингиз гувоҳсизлар.
29 Келинга эга бўлган – куёвдир, куёвнинг ёнида туриб унга қулоқ солаётган эса куёвнинг жўрасидир, у куёвнинг овозини эшитиб, қувонч билан қувонади. Менинг мана шу қувончим амалга ошди.
30 У ўсиши, мен эса кичрайишим керак.
31 Юқоридан Келадиган ҳаммадан юқоридир. Ердан бўлган эса ерликдир ва ерга хос гапиради. Осмондан Келадиган ҳаммадан юқоридир.
32 У нимани кўрган-у эшитган бўлса, шу ҳақида гувоҳлик беради ва ҳеч ким Унинг гувоҳлигини қабул қилмайди.
33 Унинг гувоҳлигини қабул қилган эса шу билан Худонинг ҳақиқат эканини муҳрлаб тасдиқлайди,
34 чунки Худо юборган Шахс Худонинг сўзларини сўзлайди, зеро Худо Руҳини ўлчовсиз беради.
35 Ота Ўғлини севади ва ҳамма нарсани Унинг қўлига топширди.
36 Ўғилга ишонган абадий ҳаётга эгадир, Ўғилга ишонмаган эса ҳаётни кўрмайди, аммо Худонинг ғазаби унинг устида бўлади.
Ҳамма пайғамбарлар ерлик одамлар бўлганлар, шу учун ерга хос гапирганлар ва ерликлар уларни тушунганлар. Исо Масиҳ эса осмондан тушган, шу учун осмонга хос гапирган, шу учун одамларнинг чекланган онги у кишининг илоҳий, руҳий, юксак фикрларини тушунмаган. Одамзоднинг гуноҳи учун Исо Масиҳ азоб тортиб қурбон бўлганлари учун одамзодни ҳукм қилишни ҳам Худо у Кишига топширган. У кишига ишонган ва Сўзларига биноан муқаддас яшаган одамлар гуноҳларидан фориғ, абадий ҳаётга эга яшайдилар, у кишига ишонмаганларнинг гуноҳлари ўзларида тургани туфайли улар Осмон Шоҳлигига ҳам кира олмайдилар, гуноҳкорликлари туфайли Худонинг ғазаби ҳам уларнинг устида бўлади.
Ибодат: Худойим, гуноҳлари кечирилганлар сафига кирит. Омин.
19-кун
КУТИЛГАН ШАХС
Матто 11:2-6,10.1. Исо Ўзининг ўн икки шогирдларига йўл-йўриқ кўрсатишни тугатганидан сўнг, у ердан уларнинг шаҳарларига ўқитиш ва воизлик қилиш учун кетди.
2.Яҳё эса зиндонда Масиҳнинг қилаётган ишларини эшитгач, ўзининг шогирдларидан иккитасини юбориб:
3.»Ўша келадиган Сенмисан ёки биз бошқасини кутайликми?» – деб Ундан сўраттирди.
4.Исо уларга жавоб бериб деди: “Боринглар, кўраётган ва эшитаётган нарсаларингизни Яҳёга айтиб беринглар:
5.Кўрлар кўряпти ва чўлоқлар юряпти, моховлар тозаланяпти ва карлар эшитяпти, ўликлар тириляпти ва қашшоқларга хушхабар воизлик қилиняпти.
6.Мен ҳақимда васвасага тушмаган бахтлидир”. …Чунки у ҳақида шундай ёзилган: “Мана, Мен Сендан олдин Ўз элчимни юборяпман, У Сенинг олдингда йўл тайёрлайди”.
Мусо пайғамбар ва бошқа пайғамбарлар Масиҳ келиши, У одамларни зўравонликлардан, азоблардан қутқаришини башорат қилган эдилар. Шу учун халқ Масиҳни кутар эди. Яҳё Чўмдирувчи шу кутганлардан бири эди. У Масиҳ ҳақида чўмдираётган вақтида гувоҳлик олди, сўнгра шогирдларига ўзи гувоҳлик берди. Энди ўзи Масиҳдан: “Биз кутган Сенми?”-деб сўрагани юбормоқда? Нима учун? Чунки Яҳё Чўмдирувчи ҳақиқат учун қамоқда эди. Агар Масиҳ одамлар тасаввур қилганидек келганида, инсоний зўравонликка барҳам берилиши керак эди. Масиҳ эса касалликларга, ёвуз руҳларга қарши курашар, ўликларни тирилтирар, муаммоларни ҳал қилар, лекин заифларни зўравонлардан халос қилмас эди. Бу одамларда: “Бу ўшами?”-деган саволларни келтириб чиқарган эди. Масиҳ эса Худонинг кучи билан амалга оширилаётган мўъжизаларни санаб ўтиб, “Мен ҳақимда васвасага тушмаган бахтлидир”,-деди.
Гап нимада эди? Гап шунда эдики, ёвузликнинг манбаи шайтон бўлгани учун, шайтон одамларни ёвузликка бошлаб ёвузлик қилдириши учун Масиҳ одамлар билан эмас, шайтон билан курашгани келган эди: 1Юҳанно 3:8.Ким гуноҳ қилиб юрса, бундай одам иблисдандир, чунки бошида иблис гуноҳ қилди. Шунинг учун Худонинг Ўғли иблиснинг ишларини барбод қилиш учун зоҳир бўлди.
Шайтоннинг таъсиридан халос бўлган одамлар эса зўравонликдан ўзлари кечадилар.
Масиҳ яна бир жойда кутилган Шахс Ўзи эканини айтди: Юҳанно 5:39. Сизлар Ёзувларни синчиклаб текширасизлар, чунки улар орқали сизлар абадий ҳаётга эга бўлишни ўйлайсизлар. Ёзувлар эса Мен ҳақимда гувоҳлик берадилар.
Хўш, Мусо пайғамбар ва Исо Масиҳнинг ҳаётида қандай ғайритабиий ўхшашлик борки уларни барча одамлардан ажратиб туради, Мусо пайғамбар башорат қилган Шахс айнан Масиҳ эканини кўрсатади?
1)Мусо пайғамбар яҳудий халқидан эди ва “биродарларинг орасидан Худо кўтаради”,-деб айтган эди. Исо Масиҳ ҳам яҳудий оилада туғилди.
2)МУсо пайғамбарнинг гўдаклиги Мисрда ўтди, Исо Масиҳниг гўдаклиги ҳам Мисрда ўтди.
3)МУсо пайғамбар туғилган вақтларида ўғил чақалоқлар ўлдирилиши буюрилган эди. Исо Масиҳ туғилганларида ҳам чақалоқлар ўлдирилиши буюрилди.
4)Мусо пайғамбар ўз халқини Миср қуллигидан олиб чиқди. Исо Масиҳ Ўз халқини, Унга ишонганларни гуноҳ қуллигидан олиб чиқди.
Шунингдек, Масиҳ ҳаётида башоратлар ғайритабиий тарзда амалга ошди.
Масиҳ 30тангага сотилди. Бу ҳақида Эски Аҳд(ТАврот)нинг Йермияҳ 32:9, Закариё 11:13китобларида башорат қилинган эди. Янги Аҳд(инжилнинг) Матто 26:15, Матто 27:9-10оятларида бажо бўлгани ёзилган.
Масиҳ ўлимга ҳукм қилинди. БУ ҳақида Эски Аҳдда Дониёр 10:26да башорат қилинган эди, Матто 26:24да амалга ошгани ёзилган.
Кийимини бўлишиб олдилар. ЗАбур 21:19да башорат қилинган, Матто 27:35да амалга ошган.
Икки томонига қароқчи осилган. Ишайё 53:12да башорат қилинган, Матто 27:38да амалга ошган.
Ўлиб тирилиши ҳақида башорат қилиши Матто 12:40да айтилган: Зеро Йонаҳ уч куну уч тун денгиз махлуқининг қорнида бўлгани каби, Инсон Ўғли ҳам уч куну уч тун ернинг бағрида бўлади.
Луқо 24:6-7да амалга ошган:У бу ерда йўқ, У тирилди. У ҳали Галилияда бўлган вақтида:
7.“Инсон Ўғли гуноҳкор одамларнинг қўлига топширилади, хочга михланади, учинчи куни эса тирилади”, –деб айтган сўзларини эсланглар».
Ибодат: Худойим. Ҳақиқатингни очгин, мўъжизаларингни кўрсат. Омин.
20-кун.
МАСИҲНИНГ ХОЧГА МИХЛАНИШИ
Луқо хушхабари 23:32-34,39-46. Исо билан бирга иккита жиноятчини ҳам ўлимга олиб борар эдилар.
33 «Бош суяги» деган жойга келганларида, Исони ҳамда унинг ўнг ва чап томонида иккала жиноятчини хочга михладилар.
34 Исо эса: “Отам! Уларни кечиргин, чунки улар нима қилаётганларини билмайдилар”, – деди. Шу орада, аскарлар қуръа ташлаб, Исонинг кийимларини ўзаро бўлишиб олар эдилар. 39. Осилган жиноятчилардан бири Исони ҳақорат қилиб унга: –Агар Сен Масиҳ бўлсанг, қани Ўзингни ҳам, бизларни ҳам қутқар, – деди.
40 Иккинчиси эса уни койиб: –Сен ўзинг ҳам шу жазога маҳкум бўла туриб, Худодан қўрқмайсанми?
41 Мана бизлар қилмишимизга яраша адолатли жазо олдик. У эса ҳеч қандай ёмонлик қилган эмас, – деди.
42 Сўнг у Исога: –Ҳазратим, Шоҳлигингга келганингда, мени ёдга ол, – деди.
43 Исо эса унга: –Сенга ростини айтаманки, бугун сен Мен билан бирга жаннатда бўласан, – деди.
44 Соат чамаси олтилар эди, тўсатдан соат тўққизгача бутун ер юзини зулмат қоплади.
45 Қуёш қорайди ва маъбаддаги парда ўртасидан йиртилиб кетди.
46 Исо баланд овоз билан фарёд қилиб деди: “Отам! Руҳимни Сенинг қўлларингга топшираяпман”. Шундай деб жон берди.
Масиҳ одамларни гуноҳидан қутқариш учун келди. Уларнинг кечирилиши шарти – кимдир Бегуноҳ улар учун ўлиши эди. Масиҳ охиригача Ўз даъватига содиқ қолди. Ҳатто Уни азоблаб ўлдирганларни азоб устида кечирди. Буни нақадар оғирлигини ҳис қилиш учун сизга озор бераётганларни кечиришга ҳаракат қилинг. Хочда михлаб ўлдириш энг оғир жазо бўлиб, фақат қароқчи ва Рим ҳокимиятига қарши исён қилганларгина шу усулда ўлдирилар эдилар. Масиҳ одамзод учун шундай оғир ва оғриқли ўлимни бошидан кечирди. У билан бир вақтда хочга михланган жиноятчилардан бири масхара қилиш юрагига, бошқаси эса тавба юрагига эга эди. Иккинчиси ўша лаҳза тавба қилиб улгурди ва Масиҳ билан жаннатга кетишга улгурди. Биз ҳам илоҳий нарсаларга нисбатан юрагимизда эҳтиромни шакллантиришни ўрганишимиз лозим. Чунки биз билмаган ҳақиқат эрта рўпарамиздан чиқиши ва унга бўлган муносабатимиз тақдиримизни ҳал қилиши мумкин.
Ибодат: Худойим, ҳамма гуноҳларимни пайқаб, тан олиб, тавба қилишга ёрдам бер. Омин.
УЙДА ҚОЛИНГ: ҲАР КУНИ 5ДАҚИҚАДАН 30КУНЛИК САФАР: ЎТМИШ, ҲОЗИР, КЕЛАЖАК
МАСИҲНИНГ КЎМИЛИШИ
Юҳанно 19:30. 30.Исо сиркани татиб кўргач: “Амалга ошди!” – деди-ю, бошини эгиб жон берди.
31 Яҳудийлар эса ўша куни Песаҳга тайёргарлик куни бўлгани туфайли (зеро бу шаббат куни улуғ кун эди), таналар шаббат кунига хочда қолмаслиги учун Пилатдан уларнинг оёқларини синдириб, уларни хочдан тушириб олишни сўрадилар.
32 Шунда аскарлар келиб, Исо билан бирга хочга михланганларнинг бирини ва бошқасининг оёқларини синдирдилар.
33 Лекин улар Исонинг ёнига келиб, Унинг аллақачон ўлганини кўришгач, Унинг оёқларини синдирмадилар.
34 Аммо аскарлардан бири найза билан Исонинг биқинини тешди ва шу заҳоти сув ҳамда қон оқиб чиқди.
35 Буни кўрган одам гувоҳлик берди ва унинг гувоҳлиги ҳақиқийдир. У ҳақиқатни гапираётганини билади, токи сизлар ишонинглар.
36 Зеро булар Ёзувда: “Унинг суяги синмайди”, – дейилгани амалга ошиши учун содир бўлди.
37 Шунингдек, бошқа оятда Ёзув: “Биқинини тешганга қарайдилар”, –демоқда.
38 Шундан сўнг, Ариматея шаҳридан бўлган Юсуф Пилатдан Исонинг танасини хочдан тушириб олишни сўради, у яҳудийлардан қўрққанлиги сабабли Исонинг яширин шогирди эди. Пилат рухсат берди. У эса бориб, Исонинг танасини хочдан тушириб олди.
39 Шунингдек, Исонинг олдига илгари тунда келган Никодим ҳам келди. У чамаси юз литрас келадиган мирра ва алоэ қоришмасини олиб келди.
40 Кейин улар Исонинг танасини олиб, яҳудийларнинг кўмиш одати бўйича уни хушбўйликлар билан зиғирпоя матосига ўрадилар.
41 У хочга михланган жойда боғ бўлиб, боғнинг ичида ҳали ҳеч ким қўйилмаган қабр бор эди.
42 Яҳудийларнинг Песаҳга тайёргарлик куни бўлгани учун, улар Исони ўша жойга қўйдилар, чунки бу қабр яқин эди.
Гуноҳнинг жазоси ўлим бўлгани учун Исо Масиҳ одамларнинг гуноҳлари учун ўринбосар қурбонлик бўлиб ўлиб, уларни гуноҳ, шайтон, ўлим, дўзахдан қутқариш учун келган эди. БУ ўлими билан гуноҳнинг кучини, гуноҳ туфайли одамлар устидан ҳукм сураётган шайтоннинг ҳокимиятини барбод қилган эди. Бу руҳий дунёда Масиҳ ва шайтон орасидаги жанг эди. Ташқи жиҳатдат Масиҳ ўлиб, ютқазаётгандек туюлсада, аслида руҳий дунёда охиригача жанг қилиб ғалаба қозонаётган эди. Шу ғалабани “амалга ошди!” деб жон берди. Хочга михланган одамнинг оёғи синдирилса, у нафас олиш учун танасини кўтара олмаган, шу учун тез ўлган, шу учун уларнинг оёқлари синдирилган. Масиҳ ҳақида эса Эски Аҳдда “суяги синдирилмайди” деган, ҳамда “биқинини тешганга қарайдилар”, деган башоратлар бор. ШУлар амалга ошиб, Унинг оёғи синдирилмади, балки биқини тешилди. Сув ва қон оққани аллақачон ўлиб бўлгани, қондан плазманинг ажралганини билдиради. Қон ивий бошлаганида ундан плазмаси ажралиб чиқади.
Баъзиларни: “Мен ўлсам ким кўмади?”- деган савол қийнайди. Ўлганимизда жасадимиз қайга бориши эмас, балки жонимиз қаерга бориши муҳимроқ бўлиб қолади. Чунки тирноқ кесилганидан, соч олинганидан сўнг қаерга бориши аҳамиятсиз бўлгани каби жонимиз танамиздан чиққанидан сўнг, танамиз қаерга боришини эмас, жон қаерга боришини ўйлаб ҳалак бўлади. Муқаддас Ёзувда ёзилишича, ҳақ одамларнинг ва гуноҳида ўлган одамларнинг ҳукм кунини кутиш маскани бошқа- бошқа. Албатта, ҳар бир жон ҳақ одамлар кутадиган жойга боришни истайди. Чунки у ерда умид, тинчлик бор. Гуноҳкорлар жони борадиган жой эса умидсизлик, зимистон бўлган жойдир. Танамиз қаерда кўмилишига келсак, Масиҳ ўлганида гўё У ёлғиз қолган эди, лекин Худо келиб Унинг жасадини оладиган ва бойларга хос кўмадиган одамларни топди. Биз ҳам Худога ишонишимиз керак, Худо руҳимиз ва жонимиз қаерга боришини ҳам таъминлайди, танамиз ҳақида ҳам ғамхўрлик қилади.
Ибодат: Худойим, истак ва ҳаракат бериб Ўзинг бошқаргин, ерлик ҳаётимда шундай яшайки жоним чиққанида тўғри жойга борсин. Омин.
22-кун
МАСИҲНИНГ ТИРИЛИШИ
Марк хушхабари16:1-20.
2 Сўнг ҳафтанинг биринчи куни эрта тонгда, қуёш чиқаётганида, қабрга келиб,
3 бир-бирларига: “Биз учун ким қабр оғзидаги тошни олиб ташлайди?” – дедилар.
4 Шунда қарашсаки, мана, тош олиб ташланган эди. У эса жуда катта эди.
5 Улар ғорга кириб, ўнг томонда ўтирган оппоқ кийимли йигитни кўрдилар ва қўрқиб кетдилар.
6 У эса уларга: “Қўрқманглар, – деди, – сизлар хочга михланган назорий Исони қидиряпсизларми? У тирилди, У бу ерда йўқ. Мана У қўйилган жой!
7 Шунинг учун боринглар, Унинг шогирдларига ва Петъорга: «Исо сизларга айтганидек, сизлардан олдин Галилияга боради. Ўша ерда Уни кўрасизлар»,– деб айтинглар”.
8 Аёллар тезда ташқарига чиқиб, қабрдан югуриб кетдилар. Уларни қалтироқ ва даҳшат босган эди. Улар қўрққанлари учун ҳеч кимга бирон нарса айтмадилар.
9 Ҳафтанинг биринчи куни эрта тонгда, тирилган Исо биринчи бўлиб ичидан еттита жинни қувган магдалалик Марямга зоҳир бўлди.
10 У эса бориб, илгари Исо билан бирга бўлган, энди эса мотам тутиб йиғлаётган кишиларга хабар етказди.
11 Бироқ улар Марям Исони кўрганини эшитиб, Унинг тирик эканига ишонмадилар.
12 Шундан сўнг Исо йўлда қишлоққа кетаётган икки нафар шогирдига бошқа қиёфада зоҳир бўлди.
13 Улар эса қайтиб келиб, буни бошқаларга етказдилар, лекин уларга ҳам ишонмадилар.
14 Ниҳоят, дастурхон атрофида ёнбошлаб ўтирган ўн бир шогирдига зоҳир бўлди. Уни тирилган ҳолда кўрганларга ишонмаганлари учун, яъни уларнинг имонсизликлари ва юраклари қаттиқлиги учун уларни койиди.
15 Сўнг Исо шогирдларига деди: “Бутун дунё бўйлаб юринглар. Ҳамма тирик жонга Хушхабарни воизлик қилинглар.
16 Ким имон келтириб сувга чўмса, нажот топади, ишонмаган эса маҳкум бўлади.
17 Имон келтирганларга бундай аломатлар ҳамроҳ бўлади: Менинг номим билан жинларни қувиб чиқарадилар, янги тилларда сўзлайдилар.
18 Илонларни ушлайдилар, заҳарли нарса ичсалар ҳам уларга зиён етказмайди. Беморларга қўлларини қўйганларида, улар шифо топадилар”.
19 Шундай қилиб, Раббий улар билан суҳбатлашганидан кейин, осмонга кўтарилди ва Худонинг ўнг томонида ўтирди.
20 Улар эса кетдилар ва ҳар ерда воизлик қилиб юрдилар. Раббий уларга кўмаклашар ва мўъжизалар орқали Ўз сўзини тасдиқлар эди. Омин”.
Масиҳнинг туғилиши ҳам, ҳаёти ҳам, ўлиб, тирилиши ҳам руҳий дунё ўзини намоён қилиши ҳамроҳлигида бўлди: фаришталар сўзлайдилар, ҳаракат қиладилар, зилзила ва бошқалар. Шундан сўнг У кўплаб шогирдларига намоён бўлди, У уларнинг олдиларида ғайритабиий равишда девор оша пайдо бўлар, йўлда учраб сўнгра Ўзини очар эди.
Кейин уларга сўнгги топшириқларини берди ва уларнинг кўз олдиларида осмонга кўтарилди.
Ибодат: Худойим, бизлар ҳам Сенинг ғайритабиий мўъжизаларингни кўрайлик. Омин.
23-кун.
ОХИР ЗАМОН ВА ЎЛИКЛАР ТИРИЛИШИ
Матто 24:6. Шунингдек, уруш ва уруш хабарларини эшитасизлар. Қаранглар, қўрқманглар, чунки буларнинг ҳаммаси бўлиши лозим, лекин бу ҳали охири эмас.
7 Зеро халқ халққа, шоҳлик шоҳликка қарши кўтарилади. Айрим жойларда очарчиликлар, ўлатлар ва зилзилалар бўлади.
8 Буларнинг ҳаммаси – ҳали азобларнинг бошланишидир. 29. Ўша кунлардаги қайғудан сўнг бирданига қуёш хиралашади ва ой ўз нурини бермай қолади, юлдузлар осмондан тўкилади ва само кучлари ларзага келади.
30 Шунда Инсон Ўғлининг аломати осмонда зоҳир бўлади. Барча қабилалар эса йиғлаб, Инсон Ўғлининг буюк шуҳрат ва куч билан самовий булутларда келаётганини кўрадилар.
31 У карнайнинг баланд овози билан Ўз фаришталарини жўнатади. Улар эса дунёнинг тўрт шамолидан, осмоннинг бир четидан бошқа четигача Унинг танланганларини йиғадилар.
Худонинг Сўзи охир замон аломатларини кўрсатган: урушлар, очарчиликлар, ўлатлар, зилзилалар… Сўнгра Исо Масиҳ осмондан буюк шуҳрат ва куч билан тушиб келади. Шунда ўликлар тирилади, тириклар ўзгаради.
1Фессалоникаликларга 4:13-18. 13.Энди, биродарлар, мен сизларни ўлганлар ҳақида билимсиз қолдиришни истамайман, токи умидга эга бўлмаган бошқа одамларга ўхшаб, сизлар ғамгин бўлманглар.14 Агар биз Исонинг ўлиб тирилганига ишонсак, худди шундай, Худо Исода ўлганларни ҳам У билан бирга олиб келади. 15 Буни сизларга Раббийнинг Сўзи билан айтаяпмиз: биз тириклар, яъни Раббийнинг келишига қадар қолганлар, ўлганлардан олдин бормаймиз. 16 Чунки Раббийнинг Ўзи буюк нидо пайтида, бош фариштанинг садоси ва Худонинг карнайи овози билан осмондан тушади, шунда Масиҳда ўлганлар биздан олдин тириладилар. 17 Кейин эса биз, тирик қолганлар улар билан Раббийни ҳавода кутиб олиш учун булутларда олиб кетиламиз. Шундай қилиб, ҳамиша Раббий билан бирга бўламиз.18 Шунинг учун ана шу сўзлар билан бир-бирингизни юпатинглар.
Жисмоний ўлимдан сўнг тирилиш ва абадий ҳаёт бор.
Ибодат: Худойим, жаннатингга борадиган тарзда яшашга ёрдам бер. Охир замон аломатларидан қўрқмасликка ёрдам бергин. Жаннатингга киришга танланганлар қаторида бўлишга ёрдам бер.
24-кун.
ҲУКМ КУНИ
Ҳар бир кишига ўлиш, кейин ҳукм қилиниш тайинланган.
Ибронийларга 9:27. Инсонларга бир марта ўлиш ва ундан кейин ҳукм қилиниш тайинланганидай…
Ёзув ҳукм қандай бўлишини баён қилади.
Одамзод 3нарса учун ҳукм қилинади:
1)Эзгу иш қилмаганлик. Матто 25:31. Инсон Ўғли муқаддас фаришталари билан Ўз шуҳратида келганида, У Ўзининг шуҳрат тахтига ўтиради.
32 Унинг олдида ҳамма халқлар тўпланадилар. У эса чўпон қўйларни эчкилардан ажратганидек, бирини бошқасидан ажратади.
33 Шундай қилиб, қўйларни Ўзининг ўнг томонига, эчкиларни эса чап томонига қўяди.
34 Шунда Подшоҳ Ўзининг ўнг томонидагиларга дейди: “Келинглар, эй, Отамдан барака топганлар! Сизларга дунё яратилишидан тайёрлаб қўйилган Шоҳликни мерос қилиб олинглар.
35 Чунки Мен оч эдим, сизлар Менга овқат бердингизлар. Мен чанқаган эдим, сизлар Менга сув бердингизлар. Мен мусофир эдим, сизлар Мени қабул қилдингизлар.
36 Мен яланғоч эдим, сизлар Мени кийинтирдингизлар. Мен касал эдим, сизлар Мендан хабар олдингизлар. Мен қамоқхонада эдим, сизлар Менинг олдимга келдингизлар”.
37 Шунда ҳақ одамлар Унга жавоб бериб: “Ё, Раббий! Қачон биз Сени оч қолганингни кўриб, Сени тўйғиздик ёки чанқаганингни кўриб, Сенга сув бердик?
38 Қачон биз Сени мусофир эканингни кўриб, Сени қабул қилдик ёки яланғочлигингни кўриб, кийинтирдик?
39 Қачон биз Сенинг касал ёки қамоқхонада эканингни кўриб, Сенинг ёнингга келдик?” – деб айтадилар.
40 Шунда Подшоҳ уларга жавоб бериб: “Сизларга ростини айтаман, Менинг шу кичик биродарларимдан бирига нимаики қилган бўлсангиз, шуни Менга қилдингизлар,” – дейди.
41 Шунда Унинг чап томонида турганларга ҳам сўзлайди: “Эй, лаънатланганлар! Менинг олдимдан шайтон ва унинг фаришталарига тайёрлаб қўйилган абадий оловга кетинглар.
42 Чунки Мен оч эдим, сизлар Менга ейишга бермадингиз. Мен чанқаган эдим, сизлар Менга ичишга бермадингиз.
43 Мен мусофир эдим, сизлар Мени қабул қилмадингиз. Мен яланғоч эдим, сизлар Мени кийинтирмадингиз. Мен касал ва қамоқхонада эдим, сизлар Менинг олдимга келмадингиз”.
44 Шунда улар Унга жавоб бериб: “Ё, Раббий! Қачон биз Сенинг оч ёки чанқаган, мусофир ёки яланғоч, касал ёки қамоқхонада эканингни кўриб, Сенга хизмат қилмадик?” – дейдилар.
45 У эса уларга жавобан: “Сизларга ростини айтаман, бу кичиклардан бирига нимаики қилмаган бўлсангиз, шуни Менга қилмадингиз,” – дейди.
46 Шунда булар абадий жазога, ҳақ одамлар эса абадий ҳаётга борадилар.
2)Гуноҳда яшаганлик. Шунингдек, одамлар дин амалларини бажарсаларда, гуноҳ қилиб яшаганлари учун ҳукм қилинадилар. Матто 7:21. Менга: “Ё, Раббий! Ё, Раббий!” – деганларнинг ҳар бири ҳам Осмон Шоҳлигига кирмайди, аммо Осмондаги Отамнинг иродасини бажарадиган киши киради.
22 Ўша кунда кўпчилик Менга: “Ё, Раббий, ё, Раббий, биз Сенинг номинг билан башорат қилмадикми? Сенинг номинг билан жинларни қувиб чиқармадикми? Сенинг номинг билан кўпгина мўъжизаларни яратмадикми?” – дейдилар.
23 Мен эса уларга эълон қиламан: “Мен сизларни ҳеч қачон билганим йўқ. Менинг олдимдан кетинглар, эй, қонунбузарлик қилувчилар!”
3)Масиҳнинг қурбонлигига ишонмаганлик учун ҳукм қилинадилар.
Юҳанно 3: 16-17. Чунки Худо дунёни шунчалик севдики, Ўзининг Ягона Ўғлини берди, токи Унга ишонган ҳар бир киши ҳалок бўлмасин, балки абадий ҳаётга эга бўлсин.
17 Зеро Худо дунёни ҳукм қилиш учун эмас, балки Ўз Ўғли орқали қутқариш учун Уни дунёга юборди.
18 Унга ишонган одам ҳукм қилинмайди, ишонмаган одам эса аллақачон ҳукм қилинган, чунки Худонинг Ягона Ўғлининг номига имон келтирмади.
Исо Масиҳ ерга 1-марта одамзодга нажот бериш учун келган эди, 2-марта эса ҳукм қилиш учун келади. Ҳукм кунида Исо Масиҳ ҳар бир кишининг гуноҳларини кўрсатиб айбдорлигини исботлаб беради. Масиҳга ишонганларнинг гуноҳи эса Унинг қони билан ювилгани учун бу одамлар судга келмайди, балки тўғридан тўғри абадий ҳаётга ўтади. Сўнг кимдир абадий Худонинг Шоҳлигида Худо билан яшайди, кимдир эса абадий дўзахга кетади.
Ибодат: Худойим, дуо қил, ҳукм кунида абадиятда ХУдо билан бўладиган ҳаёт кечирай. Омин.
25-кун.
ОСМОН ШОҲЛИГИНИНГ КЎРИНИШИ
Ваҳий 21:1. Сўнгра мен янги осмон ва янги ерни кўрдим, зеро олдинги осмон ва олдинги ер ўтиб кетди, энди денгиз ҳам йўқдир.
2 Мен, Юҳанно, осмондан, Худодан тушиб келаётган, ўз куёви учун безатилган келиндек тайёрланган янги шаҳарни, муқаддас Йерусалимни кўрдим.
3 Мен осмондан гапираётган кучли бир овоз эшитдим: «Мана, Худонинг Чодири одамлар орасидадир! У улар орасида яшайди, улар Унинг халқи бўладилар! Худонинг Ўзи уларнинг орасида бўлади ва уларнинг Худоси бўлади!
4 Худо уларнинг кўзларидаги ҳар бир кўз ёшини артади. Ўлим бошқа бўлмайди. Йиғи-сиғи ҳам, фарёд ҳам, оғриқ ҳам бошқа бўлмайди, чунки олдингилари ўтиб кетди”.
5 Тахтда Ўтирган: “Мана, ҳамма нарсани янги яратаяпман ”, – деди. У менга: “Ёзиб олгин, зеро бу сўзлар ҳақиқий ва ишончлидир”, – деди.
6 Кейин У менга яна деди: “Амалга ошди! Мен Алфа ва Омега, Бошланиш ва Тугашдирман. Чанқаганга тирик сув манбаидан текин бераман.
10 Шунда у мени руҳда буюк ва баланд тоққа кўтариб, менга осмондан, Худодан тушиб келаётган буюк шаҳарни, муқаддас Йерусалимни кўрсатди.
11 У Худонинг шуҳратига эгадир. Унинг ёғдуси жуда қимматбаҳо тошга, биллур олмосга ўхшайди.
12 У катта ва баланд деворга эга бўлиб, унда ўн иккита дарвоза ва дарвозалар устида ўн иккита фаришта бор. Дарвозаларда эса Исроил ўғилларининг ўн икки қабиласининг исмлари ёзилган.
13 Шарқда учта дарвоза, шимолда учта дарвоза, жанубда учта дарвоза ва ғарбда учта дарвоза бор.
14 Шаҳарнинг девори ўн икки пойдеворга эга ва уларда Қўзининг ўн икки ҳаворийсининг исмлари ёзилган.
18 Унинг девори олмосдан қурилган эди, шаҳарнинг ўзи эса тиниқ шишага ўхшаш соф олтин эди.
19 Шаҳар деворининг пойдеворлари ҳар хил қимматбаҳо тошлар билан безатилган. Биринчи пойдевор – олмос, иккинчиси – зангори ёқут, учинчиси – ақиқ, тўртинчиси – зумрад,
20 бешинчиси – тарғил ақиқ, олтинчиси – лаъл, еттинчиси – забаржад, саккизинчиси – фируза, тўққизинчиси – топаз, ўнинчиси – яшил ақиқ, ўн биринчиси – ложувард, ўн иккинчиси – сафсар ёқут эди.
21 Ўн иккита дарвоза эса – ўн иккита марвариддир. Ҳар бир дарвоза бир марвариддан иборат эди. Шаҳарнинг кўчалари тиниқ шишадек соф олтин эди.
22 Мен ушбу шаҳарда маъбад кўрмадим, чунки Раббий Қодир Худо ва Қўзи – унинг маъбадидир.
23 Шаҳар ёритилиш учун қуёшга ҳам, ойга ҳам муҳтож эмас, чунки Худонинг шуҳрати уни ёритади, Қўзининг Ўзи – унинг чироғидир.
24 Нажот топган халқлар унинг нурида юрадилар. Ер юзидаги подшоҳлар ўз шуҳрату иззат-икромини унга олиб келадилар.
25 Унинг дарвозалари кун бўйи қулфланмайди, тун эса у ерда бўлмайди.
26 Ушбу шаҳарга халқларнинг шуҳрату иззат-икромини олиб келадилар.
27 Ҳеч бир нопок нарса ва жирканчлик ҳамда ёлғонга берилган ҳеч ким унга кирмайди. Фақатгина Қўзининг ҳаёт китобида ёзилганлар кирадилар.
Хулоса: Бу дунё ўтиб кетади. У дунё бошқа бўлади. У дунёда яшайдиган жойимиз ери соф олтиндан, деворлари қимматбаҳо тошлардан қурилган. У ерда кўз ёш, азоб, қийинчиликлар бўлмайди. У ерда Худо халқи билан бирга бўлади.Одамнинг зарра гуноҳи бўлса у ерга кира олмайди. Одам Атонинг гуноҳи биргина таъқиқланган мевани егани эди, шу учун Худонинг ҳузуридан, Адан боғидан қувилди. Бизлар буни кичик гуноҳ деб атаган бўлар эдик. Лекин Худонинг наразида гуноҳнинг катта –кичиги йўқ. Гуноҳ бу доғдек, Худо олов қадар пок, олов каби куйдирувчи, У зарра гуноҳга дош бермайди. Лекин ҳамма одамлар гуноҳкор. Одам билиб ва билмай кўп гуноҳлар қилади. Худонинг талаби билиб гуноҳ қилмаслик, билмай қилиб қўйганда эса тавба қилиб, бошқа қилмасликка қарор қилиш, яна васваса келганида ибодат билан курашиб озодликка чиқиш. Агар одам шу тарзда қилган гуноҳларига тавба қилса, Масиҳдан гуноҳини қони билан ювишини сўраса, кейин гуноҳларига қарши курашиб яшаса, Масиҳнинг қони гуноҳларини ювади ва одам тоза варақдек топ-тоза бўлади. Нима учун Масиҳнинг қони? Чунки Масиҳ Худонинг Руҳидан барпо бўлиб, ерга келиб, гуноҳ қилмай яшаб, одамларнинг гуноҳи учун ўринбосар қурбонлик бўлди ва Унинг қурбонлигига ишонадиган одамларга Ўзининг ҳақлиги, поклигини берди. Шу учун гуноҳига тавба қилганларнинг гуноҳини Унинг қони ювади, улар муқаддаслар сифатида Масиҳнинг ҳаёт китобига киритилади ва улар ҳукмсиз Осмон Шоҳлигига киритилади.
Ибодат: Худойим, Сенинг қаршингда гуноҳларимга тавба қилиб, гуноҳларим билан курашиб яшашга ёрдам бер. Жаннатга киришим учун яна нима қилиш керак, Ўзинг очгин. Сен бўлган жой мен учун жаннатдир. Сен бўлган жойда бўлиш насиб қилсин. Омин.
УЙДА ҚОЛИНГ: ҲАР КУНИ 5ДАҚИҚАДАН 30КУНЛИК САФАР: ЎТМИШ, ҲОЗИР, КЕЛАЖАК
26-кун
ШАЙТОН, ДЎЗАХ ВА ОЛОВ КЎЛИ
1)Дўзах гуноҳкорларнинг жони ҳукм кунигача сақланадиган жой. Бу жой зимистон ва умидсиз жой. А)Шайтон гуноҳдан қулаганида учдан бир фаришталарни ўзи билан олиб кетган эди. Шу қулаган фаришталар ҳукм кунида шу зулматда тутилмоқдалар. Яҳудо 1:6.Шунингдек, ўз юксак мартабасини сақламасдан, ўзларининг маконларини ташлаб кетган фаришталарни ҳам буюк ҳукм кунигача абадий занжирбанд қилиб, зулматнинг энг чуқур жойига қамаб қўйган.
Б)Масиҳ ҳам ўлганида одамзоднинг гуноҳи Унда бўлгани учун Унинг жони дўхазга тушди. Лекин унинг Ўзининг гуноҳи бўлмагани учун ўлим ва дўзах Уни сақлаб қола олмади, Худо Уни тирилтирди.1Петьор 3:17-20.Агарда бунга Худонинг иродаси бўлса, ёвузлик қилиб азоб чекишдан кўра, яхшилик қилиб азоб чекиш афзалроқдир.
18 Чунки Масиҳ ҳам бизни Худога олиб келиш учун, бир марта бизнинг гуноҳларимиз учун азоб чекди. Ўзи Ҳақ бўла туриб, ноҳақлар учун қурбон бўлди. Масиҳ танаси билан ўлдирилган эди, лекин руҳи билан тирилди.
19 У бориб, руҳи билан зиндонда бўлган руҳларга воизлик қилди.
20 Булар Нуҳ кунларида, кема қурилаёган вақтда, уларни кутаётган Худонинг узоқ сабр-тоқатига бўйсунмаган эдилар. Кемада эса оз киши, яъни фақат саккиз жон сувдан қутулиб қолган эди.
2)Олов кўли – ҳукм кунида иблис, имонсизлар, гуноҳкорлар ташланиб, абадий ёнадиган жой: Ваҳий 20:10-15. Уларни васвасага солган иблис эса, ҳайвон ва сохта пайғамбар олтингугуртли ҳамда оловли кўлга ташланди. Улар абадулабад туну кун азобланадилар.
11 Мен буюк оппоқ тахт ва тахтда Ўтирганни кўрдим. Унинг ҳузуридан еру осмон қочар эди, аммо уларга жой топилмади.
12 Мен Худонинг олдида турган катта ва кичик ўликларни кўрдим. Китоблар очилди. Ҳаёт китоби деган бошқа бир китоб ҳам очилди. Шунда ўликлар ўз ишларига кўра китобларда ёзилгани бўйича ҳукм қилиндилар.
13 Шу тариқа, денгиз ўзида бўлган ўликларни берди, ўлим ҳам, дўзах ҳам ўзларида бўлган ўликларни берди. Шунда ҳар бир киши ўз ишига кўра ҳукм қилинди.
14 Ўлим ҳам, дўзах ҳам оловли кўлга ташланди. Бу иккинчи ўлимдир.
15 Кимки ҳаёт китобида ёзилмаган бўлса оловли кўлга ташланди.
3)Юрагида гуноҳ қилаётганлар олов кўлида абадий ёнадилар:
Матто 5:27-30. Сизлар қадимгиларга: “Зино қилма”, – дейилганини эшитгансизлар.
28 Аммо Мен сизларга айтаман: ким аёлга ҳирс билан қараса, аллақачон у билан юрагида зино қилган бўлади.
29 Агар ўнг кўзинг сени васвасага солса, уни суғуриб олиб, ўзингдан улоқтириб ташла, чунки бутун тананг олов кўлига ташланишидан кўра, аъзоларингдан бирининг ҳалок бўлгани сен учун афзалроқдир.
30 Агар ўнг қўлинг сени васвасага солса, уни кесиб, ўзингдан улоқтириб ташла, чунки бутун тананг олов кўлига ташланишидан кўра, аъзоларингдан бирининг ҳалок бўлгани сен учун афзалроқдир.
4)Имонсизлар ва танаси билан гуноҳ қилаётганлар ҳам олов кўлида абадий ёнадилар:
Ваҳий 21:8. Аммо қўрқоқлар, имонсизлар, жирканчлар, қотиллар, зинокорлар, сеҳргарлар, бутпарастлар ва барча ёлғончиларнинг қисмати олтингугурт ва олов билан ёнаётган кўлдадир. Бу иккинчи ўлимдир.
5)Жаҳаннамнинг олови ҳеч қачон ўчмайди, у ерга тушганлар абадий азоб тортадилар:
Марк 9:43-48. Агар қўлинг сени васвасага солса, уни кесиб ташла. Икки қўлинг билан жаҳаннамга, ўчмас оловга борганингдан кўра, майиб бўлиб ҳаётга кирганинг афзалроқдир.
44 Жаҳаннамда уларнинг қурти ўлмайди ва олов ҳам ўчмайди.
45 Агар оёғинг сени васвасага солса, уни чопиб ташла. Икки оёғинг билан жаҳаннамга, ўчмас оловга ташланганингдан кўра, чўлоқ бўлиб ҳаётга кирганинг афзалроқдир.
46 Жаҳаннамда уларнинг қурти ўлмайди ва олов ҳам ўчмайди.
47 Агар кўзинг сени васвасага солса, уни ўйиб олгин. Икки кўзинг билан оловли жаҳаннамга ташланганингдан кўра, бир кўз билан Худонинг Шоҳлигига кирганинг афзалроқдир.
48 Жаҳаннамда уларнинг қурти ўлмайди ва олов ҳам ўчмайди.
Хулоса: Худо одамзоднинг дўзахга боришини истамайди. Шу учун одамлар у ерга бормаслиги учун қўлидан келган ҳамма ишни қилган. Энди одамларнинг Унга шундай севги билан жавоб бериши қолди. Баъзилар қийин қилиб кўрсатганлари учун одамларга Худо билан яшаш қийин туюлади. Аслида Худо эзгу Худо, Унинг амрлари қийин эмас. Ҳар бир киши Сўзини ўқиб, бажариб яшаса, бу дунёда баранаси, ҳузури, ҳимояси ҳамроҳ бўлади, у дунёда эса Ўз Шоҳлигига олади.
Ибодат: Худойим, абадиятдан қочиб яшамай. Агар ҳукм куни, жаннат ва жаҳаннам реал экан, мен шундай яшайки, имтиҳондан яхши ўтишга тайёр бўлай. Ўзинг бошқар, қўллаб қувватлагин. Омин.
27-кун
ХУДОНИНГ СЎЗИ ХУДОНИНГ ҲИМОЯСИДА
Худо Мусо пайғамбарга халқ бажариши учун амрлар бериш билан бирга, маъбад қурилиши, Худонинг сўзини сақлаш учун сандиқ қурилиши ҳақида ҳам амр беради. Маъбад 3қисмдан иборат бўлган. 1)Маъбад ҳовлиси – бу ерга Худонинг халқи кириши мумкин бўлган, 2)МУқаддасгоҳ – бу ерга фақат руҳонийлар кириши мумкин бўлган, 3)Муқаддаслар Муқаддаси. Бу ерга фақат олийруҳоний кириши мумкин бўлган. Бу ерда сандиқда Худонинг Сўзи сақланган ва Худонинг ҳузури бўлган. Олийруҳоний покланиб, оёғига қўнғироқча ва занжир боғлаб кириши лозим бўлган. Чунки агар гуноҳи бўлса Муқаддаслар МУқаддасига кирган заҳоти, Худонинг ҳузурида йиқилиб ўлган, шунда қўнғироқча жарангламай қолган, уни ташқаридан занжир билан оёғидан тортиб чиқаришган. Чунки ҳатто руҳонийларнинг Муқаддаслар Муқаддасига киришга ҳаққи бўлмаган. Маъбад кўчаётган вақтда ҳам Худонинг Сўзи сақланаётган аҳд сандиғини муқаддасланган левитлар елкаларида кўтариб юришлари лозим бўлган, оддий халқнинг унга тегишга ҳаққи бўлмаган.
Шу билан бирга, ХУдо Мусо пайғамбар орқали огоҳлантирган: “Сизларга амр бераётган сўзларимга ҳеч нарса қўшманглар ва ундан олиб ташламанглар. Мен сизларга амр бераётган Раббий Худойингизнинг амрларини бажаринглар”(Қонунлар 4:2).
Йиллар ўтиб, Худонинг халқи Худога қарши гуноҳ қилиб яшайди. Шунда ХУдо душманлари уларга қарши кўтарилишига йўл қўяди. Душман халқни енга бошлайди. Шунда халқ ХУдо қаршисида тавба қилиш ўрнига: “ХУдонинг Сўзи солинган Аҳд Сандиғини жанг майдонига олиб келинглар”,-дейди(1Шоҳлар 4-боб). Улар: “Худо Ўз аҳд сандиғи ҳақи бизларга ғалаба беради”,-деб ўйлаган эдилар. Лекин ХУдо: “Агар гуноҳ қилсанглар, душманларинг қўлига топшираман”,-деган эди, шу учун ҳимоя қилмайди. Душман ХУдонинг халқини енгади ва Аҳд Сандиғини ҳам ўлжа сифатида олиб кетиб, ўз бутхоналарига қўядилар. Лекин эрталабга қарасалар бутлари ағанаб ётган бўлади. 2-куни кирсалар бутнинг боши, қўл, оёқлари Аҳд Сандиғи ёнида синиб ётган бўлади(1Шоҳлар 5-боб). РАббийнинг қўли филистимларга оғир келади ва Раббий уларни азобли ўсма яралар билан шикастлайди. ШУнда филистимликлар Аҳд Сандиғини қўшни вилоятга юборадилар, у ердагиларга ҳам ёшидан қарисигача ўсма яралар чиқади. Аҳд Сандиғини қаерга юборишса шундай бўлаверади. Шунда улар Аҳд сандиғини қурбонликлар билан Исроил халқининг ерига, Вефсамис деган жойга қайтариб юборадилар(1Шоҳлар 6-боб). Вефсамис аҳли қизиқиб Аҳд сандиғига қарайдилар, шунда халқдан эллик минг етмиш одам ўлади. Шунда Вефсамис халқи: “Ким Муқаддас Худонинг қаршисида тура олади?Буни қаерга юборайлик?”-дейди. Шундан сўнг халқ бутпарастликдан ХУдога қайтади. Аҳд сандиғини эса бир ХУдодан қўрқадиган одамнинг уйига ичини очмасдан қўйиб қўйишади ва Худо бу хонадон эгасини жуда баракалайди. Йиллар ўтиб, подшоҳ Довуд Худонинг Аҳд сандиғини Йерусалимга кўчирмоқчи бўлади. Йўлда Аҳд Сандиғи қўйилган арава эгилади ва уни қўриқлаб кетаётган йигит Аҳд Сандиғи йиқилмасин деб, қўли билан тутиб қолмоқчи бўлади. Шу лаҳзада Худо уриб у ўлади(2Шоҳлар 6:7). Шундан сўнг подшоҳ Довуд Аҳд сандиғини қоидаси билан кўчириб ўтказади: левитлар, яъни Худонинг хизматчилари елкаларида кўтариб ўтказадилар, шоҳ Довуд ҳар 6қадамда қурбонлик келтиради.
“Худонинг Сўзи самода абадий тасдиқлангандир”(Санолар 118:89). Шу учун Муқаддас Ёзувни ерда ўзгартиришнинг иложи йўқ. ХУдонинг Сўзи Худонинг ҳимоясида, Худо Уни ўзгартирилишига йўл қўйиш нари турсин, тезроқ амалга ошиши учун бедор турибди: “Шунда Раббий менга: ― Сен тўғри кўраяпсан. Зеро Мен Ўз сўзим устидан бедор турибман, токи у тезда амалга ошсин, ― деди”(Йермияҳ 1:12).
Ўзгартиришга ҳаракат қилмоқчи бўлганларни эса Раббий бошидан огоҳлантирган: “Ушбу китобнинг башорат сўзларини эшитадиган ҳар бир кишига мен ҳам гувоҳлик бераман: Кимки буларга бирор нарсани қўшса, Худо унга бу китобда ёзилган яраларни қўшади.
19.Кимки бу башорат китобининг сўзларидан бирортасини олиб ташласа, Худо уни бу китобда ёзилган ҳаёт дарахтидан ва муқаддас шаҳардан маҳрум қилади”(Ваҳий 22:18-19).
Бунда ҳам гап Муқаддас Ёзувнинг китобини ўзгартириш ҳақида эмас, балки эшитганига қўшиб айтиш ёки эшитганларидан баъзиларини айтмаслик ҳақида кетяпти. Бунинг тасдиғини қуйидаги оятларда ҳам кўриш мумкин: “Сизларга ростини айтаман, еру осмон ўтмагунича ва ҳамма нарса амалга ошмагунича, қонундан бирор йота ҳам, бирор чизиқча ҳам ўчмайди.
19.Шундай қилиб, ким шу амрлардан энг кичигини бузиб, одамларга шундай ўргатса, у Осмон Шоҳлигида энг кичик деб аталади. Аммо ким буларни бажариб, бошқаларга ҳам ўргатса, Осмон Шоҳлигида буюк деб аталади(Матто 5:18-19).
Демак, Эски Аҳд даврида Муқаддас Ёзув Муқаддаслар муқаддасида бўлган. Халқ ҳатто қарамоқчи бўлса ўлган. Янги Аҳд даврида Худо ҳар бир кишига Сўзни ўқиш имконини берган, бу учун бошидан илк мактублар кўпайтирилиб тарқатилган, фақат энди шарти Сўзни бузиб етказмасликдир. Агар Худонинг Сўзини ўқимаган бўлсак, ўзимиз билмасак, У ҳақида эшитганларимизни айтмаслигимиз керак. Унга туҳмат қилишимиз, Уни ёмонлашимиз мумкин эмас. Уни бузиб таълим беришимиз, ёзилганидан бирор нарсани олиб ташлашимиз, ёки бирор нарса қўшишимиз керак эмас. Акс ҳолда, қўшганимиз учун Худо Миср яраларини қўшади, олиб ташлаганимиз учун жаннатга киришдан маҳрум қилади. Шу учун билмаган соҳага аралашмаган яхши, бу соҳада сўзлагиси келса, яхшиси, Муқаддас Китобни шахсан ўқиб, ўрганиб билган нарсаларни тўғри таълим беришдир. Ўшанда Худонинг Шоҳлигида буюк одам аталамиз.
Ибодат: Худойим, Сўзингни нақадар эҳтиром қилишингни, бедор кузатаётганингни билмаганим учун кечир. Шу вақтгача МУқаддас Китоб ҳақида нотўғри фикрларни эшитган, қабул қилган, айтган бўлсам кечир. Дуо қил, билмаган соҳамга бундан буён аралашмай, токи жаннатингдан маҳрум бўлмай ё Сен Мисрга юборганингдек ҳалок қилувчи балоларга йўлиқмай. Ёзувинг ҳақида кимлардандир эшитганларимга асосланиб нотўғри гапирмайин, шунча гапиргим келса, ўзим ўқиб, ўрганиб, Сўзингни тўғри етказайки, Худо Шоҳлигида буюк одам бўлай. Омин.
28-кун
ҲАР КИМ ЎЗ ИМОНИ БИЛАН НАЖОТ ТОПАДИ
Матто 8:5. Исо Кафарнаҳум шаҳрига кирганида, Унинг олдига юзбоши келиб, Ундан ёлворди:
6 –Ҳазрат! Менинг хизматкорим шол бўлиб, жуда азобланиб уйда ётибди.
7 Исо унга: –Мен бориб, уни шифолайман, – деди.
8 Юзбоши эса жавоб бериб, деди: –Ҳазрат! Сен менинг томим остига киришингга мен лойиқ эмасман. Фақатгина бир сўз айтгин ва менинг хизматкорим шифо топади.
9 Зеро мен ҳам ҳокимият остидаги одамман, менинг қўл остимда ҳам аскарларим бор. Бирига: “Бор”, – десам боради, “кел”, – десам келади, бирор хизматкоримга: “Буни қилгин”, – десам бажаради.
10 Исо буни эшитганида ажабланди ва ортидан эргашганларга қараб: “Мен сизларга ростини айтаман, бундай катта имонни ҳатто Исроилда топмадим, – деди. –
11 Сизларга айтаманки, кўпчилик шарқу ғарбдан келиб, Осмон Шоҳлигида Иброҳим, Исҳоқ ва Ёқуб билан бирга ёнбошлайдилар.
12 Лекин Шоҳликнинг ўғиллари ташқи зулматга чиқариб ташланадилар, у ерда йиғи-сиғи ва тишлар ғижирлаши бўлади”.
13 Исо юзбошига: –Боравергин, сен қандай ишонган бўлсанг сенга шундай бўлсин! – деди. Унинг хизматкори шу лаҳзада шифо топди.
Исроил халқи ХУдонинг Сўзига эга эди. Улар 4000йилдан буён Масиҳни кутар эдилар. Лекин Масиҳ келганида шу китоб аҳлидан аксарияти Унга ишонмади. Юзбоши римликлардан эди. Ўшанда Исроил римликларга тобе эди. Шу римликнинг мисолида Масиҳ агар имонлиларнинг фарзандлари имонсиз бўлса дўзахга кетиши, имонсизнинг фарзанди имонли бўлса жаннатга киришини айтди. Яъни ҳар бир киши ўз имони билан нажот топади. Юрагимизни имтиҳон қилайлик: имондамимиз? Баъзи миллатимиз аҳллари билан суҳбатдаги сўзлари: 1)“Бир ака –сингил: Худо борлигига ишонмаймиз, шунчаки, ҳар эҳтимолга қарши оилада диний русумларни қилиб турамиз”. 2)Бир йигит: Шайтон йўқ, ўлим бу ўчиш. Ўлимдан кейин ҳеч нарса йўқ. 3)Ўсмир: Диний амалларга қизиқаман, лекин ХУдо борлигига ишонмайман. Кейин тавба қилиб қўяман. 4)Бир тоға: У дунёга ким бориб келибди? Борайлик, ўша куни биламиз. 5)Гуноҳим билан савобим тарозига қўйилади, қайси бири ошиб тушса ўша ерга бораман.
У дунёда ҳақиқатанам ҳаммасини биламиз. Лекин у дунёда ҳаммасини тўғирлашга кеч бўлади. Аслида бу дунё ҳаммом. Одам Ато ва Момо Ҳаво гуноҳ қилганлари учун Худо уларни тавба қилиб, гуноҳларидан ювилиб ортга, Худога қайтишлари жойи. Бу дунёда Худо томон юрмас эканмиз, у дунёда Унинг ёнида бўлмаймиз. Худо ҳар бир одамни Уни излашлари учун яратган: Ҳаворийлар 17:26. Бутун ер юзида истиқомат қилиш учун Худо бир қондан бор одам наслини яратиб, уларга олдиндан белгиланган даврларини ва истиқомат жойларини тайин этди,
27.токи улар Худони изласинлар, Уни сезмасмикинлар ва топа олмасмикинлар, чунки У ҳар биримиздан йироқ эмасдир.
Худони рози қилиш учун Худонинг Ўзини билиш керак, Унинг фазилатлари қандай, Унга нима ёқади, нима ёқмайди… Шуларни билганимизда Унга маъқул бўлиш, рози қилиш осонроқ бўлади. Аюб пайғамбар дин амалларини қилиб юрар эдилар, лекин бошларига кулфат тушди. У киши бойликларини, савлатларини, 10нафар фарзандларини, қолаверса соғлиқларини йўқотдилар. Аюб 3:25.Зеро мен нимадан даҳшатга тушган бўлсам, ўша менинг бошимга тушди ва нимадан қўрққан бўлсам, ўша менга келди.
26.Менинг тинчлигим йўқ, оромим йўқ ва менда хотиржамлик йўқдир: кулфат келди”. Лекин кулфатларида Худодан нолимадилар, аксинча, Худони қидира бошладилар. ШУнда Худо Ўзини очди ва у кишининг ҳамма саволларига жавоб берди. Аюб 42:1.Шунда Аюб Раббийга жавоб бериб деди:
2.»Мен биламан, Сен ҳамма нарса қила оласан ва Сенинг ниятингни тўхтатишнинг имкони йўқ.
3 “Ҳеч нарсани англамасдан режада бўлган ишни тундлаштираётган ким бу?” Мен ўзим тушунмаган ва билмаган, мен учун ғаройиб бўлган нарсалар ҳақида гапирган эканман
4 Ўтинаман, менга қулоқ солгин ва мен сўзлайман; мен Сендан нимани сўрасам, менга тушунтиргин.
5 Мен Сен ҳақингда қулоғимга чалинганларини эшитган эдим, энди эса менинг кўзларим Сени кўрмоқда.
6 Шунинг учун мен ўзимни рад этаман ва тупроқда ҳамда кулда тавба қиламан».
У киши қониқдилар ва муаммолар бартараф бўлди: Аюб 42:12.Худо Аюбнинг сўнгги кунларини аввалги кунларидан кўра баракалади. Унинг ўн тўрт мингта қўйи, олти мингта туяси, минг жуфт буқаси ва мингта урғочи эшаги бор эди.
13 Шунингдек, унинг етти нафар ўғли ва уч нафар қизи бор эди.
Аюб пайғамбар даврларида Худога маъқул бўлиш учун қурбонликлар келтириш ваҳийи бор эди, лекин ХУдони излаш ваҳийи йўқ эди. У кишининг тажрибаларидан кейин, бошқа пайғамбарлардан тажрибалари ва ўгитларидан кейин бу ваҳий одамзодга етиб келди. Ҳамма пайғамбарлар, ХУдонинг муқаддаслари ХУдони излашган ва ХУдо Ўзини очган,. юракларига сўзлаган. Довуд подшоҳнинг мисоли: Сан.26:7-14. 7.Ё, Раббий, овозим билан Сенга фарёд қилаётганимда мени эшит, менга шафқат қил ва жавоб бер. 8 Сен: “Менинг юзимни изланглар”, – деб айтганингда менинг юрагим Сенга деди: “Сенинг юзингни излайман, ё, Раббий!” 9 Мендан Ўз юзингни яширма, Ўз қулингни ғазабингда рад этма. Сен мен учун мадад эдинг, мени тарк этма. Мени ташлаб кетма, ё, Худойим менинг Нажоткорим! 10 Зеро мени отам ҳам, онам ҳам ташлаб кетдилар, аммо Раббий мени қабул қилади. 11 Ё, Раббий, менга Ўз йўлларингни ўргат ва душманларим ҳақи мени тўғри йўлакдан етакла. 12 Душманларимнинг ихтиёрига мени топширма, чунки сохта гувоҳлар менга қарши кўтарилиб зулм билан нафас олмоқдалар. 13 Аммо мен Раббийнинг эзгулигини тириклар ерида кўришимга ишонаман. 14 Раббийни кутгин, дадил бўлгин, юрагинг мустаҳкамлансин! Раббийни кутгин!
Мусо пайғамбарнинг мисоли: Чиқ.33:13-23. 13.Шунинг учун агар мен Сенинг нигоҳингда илтифот топган бўлсам, илтижо қиламан: Менга Ўз йўлингни очгин, токи Сенинг нигоҳингда илтифот топишим учун Сени чуқур билайин. Бу халқ Сенинг халқинг эканини ўйлагин. 14 Раббий Мусога: –Менинг Ўзим бораман ва сени оромга олиб кираман, –деди.15 Мусо эса Унга деди: –Агар Сенинг Ўзинг бизлар билан бормайдиган бўлсанг, бизни бу ердан олиб чиқмагин. 16 Акс ҳолда, мен ҳам, халқинг ҳам Сенинг нигоҳингда илтифот топганимиз қандай билинади? Сен биз билан бирга борганингдан эмасми?! Шунда мен ҳам, Сенинг халқинг ҳам ер юзидаги ҳамма халқлардан фарқ қиламиз. 17 Шунда Раббий Мусога: –Сен сўраган нарсани ҳам Мен қиламан, чунки сен Менинг нигоҳимда илтифот топдинг ва Мен сени исмингдан биламан, –деди. 18 Мусо: –Илтижо қиламан – менга шуҳратингни кўрсатгин, – деди. 19 Раббий эса деди: –Мен бутун шуҳратимни сенинг олдингдан ўтказаман ва Йаҳвеҳ исмимни сенинг олдингда эълон қиламан ҳамда илтифот қиладиганимга илтифот қиламан, шафқат қиладиганимга шафқат қиламан.
Биз ҳам Уни изласак, Худони топиб, нажот йўлига кирамиз, акс ҳолда, Худо борми, йўқми; амалларимни қабул қиляптими, йўқми; амалларим Унга маъқулми, йўқми- бу саволлар доим бизга ҳамроҳ бўлади. Чунки Худони изламаганда бизлар У билан монологга эгамиз, яъни фақат биз гапирамиз, Унинг овозини эшитмаймиз, шу учун қурбонликларимиз шифтимиздан нари боряптими, йўқми, билмаймиз; агар ХУдонинг Ўзини излашни бошласак, Худо муқаддасларга Ўзини очгандек бизларга Ўзини очади ва қалбимизга жавоб бера бошлайди, бизларда диалог бўлади, яъни икки томонлама суҳбат, шунда Худонинг борлигига амин бўламиз, Унга нима ёқади, нима ёқмайди, билиб оламиз. Унга маъқул ишларни қиламиз, номаъқулини қилмаймиз. Мана шу –Худонинг борлигига, Унга яқинлашувчиларни тақдирлашига ишониш бизларга бу дунёда ХУдонинг баракаси, ҳимояси, ҳузури, юпанчи, йўналтиришини олиб келади; ҳукм кунида эса дўзахдан нажот беради. Биз Худодан Ўз Сўзимиз билан Ўзини очишини сўрашимиз, Ёзувдан Уни излашимиз мумкин, ёки подшоҳ Довуднинг, Мусо пайғамбарнинг тоат-ибодатлари намуунасидан фойдаланишимиз мумкин.
Ибодат: Худойим. Борлигинг учун раҳмат.Мен Сени таниб-билишни истайман. Нажот берувчи қалб имонига эга бўлишни истайман. Истак ва ҳаракат бергин, токи Сени излайин, Сени топиб у дунё ю бу дунё фароғатига эришайин. Омин.
29-кун.
ШАХСИЙ ТАЖРИБА
20йил олдин иш юзасидан масиҳийлар орасида бўлишимга тўғри келган эди. Дўконларда бор диний китобларни ўқиб чиққан, Муқаддас Китоб ҳақида эшитган, лекин ўзини кўрмаган эдим. Ўшанда ўзим ўқиб чиқиб, нималар ёзилганига ўзим амин бўлишни истаган эдим. Чунки бизлар Муқаддас Китоб пайғамбарларини пайғамбарларимиз ҳисоблаймиз, у ердаги эшитган воқеаларимизни айтиб бериб юрамиз. Лекин ўзини ўқиш нари турсин, қўлга олмаганмиз. Муқаддас Китобга қизиқишимнинг бир сабаби зиёли киши сифатида ўзим ўқиб чиқишни истаганим бўлса, бошқа сабаби, Уни баъзи одамлардан варағи йиртиб олинган, бошқалардан, ўзгартирилган деб эшитиб, шундайлигини ўзим кўрмоқчи эдим. Чунки ижодкор сифатида, варақ йиртиб олинса кейинги варақ боши олдинги варақ охири билан тўғри келмаслигини, ўзгартирилган бўлса маъноси тўғри келмаслигини билар эдим. Мен Муқаддас Китобни ўқиб чиқиш, шунингдек, масиҳийларнинг диний амалиёти билан танишишга муваффақ бўлдим. Аввало, мен масиҳийларни фақат якшанба куни черковга қатнаб қолган вақтлари ўзлари учун яшайдилар, уларга мазза деб ўйлар эдим. Аслида, Муқаддас Ёзувни ўқиб, амал қилиб яшайдиганлари ҳар куни тонг саҳардан кунни камида 2соат ибодат билан бошлаб, кейин 1соат Ёзув ўрганиб, бажаришга қарор қилиб, кейин куни билан қалбларида Худо билан суҳбатлашиб, эзгу ишлар қилиб, ушр, қурбонликлар, хизматлар билан, ҳар ҳафта камида 1сутка рўза олиб Худони улуғлаб яшар эканлар. Буларни Худо учун қилсалар одамлар кўрмаслиги лозим экан, одамларга кўрсатиб қилса савоби бўлмас экан. ШУ учун буни четдагилар кўрмас экан. Лекин диний амалларданда муҳими Худони излаб, суҳбатлашиб яшаш ва пок, муқаддас ҳаёт кечириш экан. Худони изламаган одам Худони била олмас экан, чунки ХУдо Уни излаганларга Ўзини очар экан; муқаддас, пок яшамаса, Худо диний амалларини ҳам қабул қилмас экан. Муқаддаслик, поклик эса – оддий одамларнинг поклигидан фарқ қилади: яни одам қалбида ҳам гуноҳ қилмаслиги: бировга ҳирс билан қарамаслиги, бировнинг нарсасига ҳасад қилмаслиги керак экан. Бунга эса одам ўз кучи билан эриша олмаслиги- фақат Муқаддас РУҳ кучи билан эришиши мумкин экан. Муқаддас Руҳ фақат пок вужудга келар экан. Ерда эса гуноҳ қилмаган, пок одам йўқ. Шу учун Исо Масиҳ одамларни ХУдо билан қайта бирлаштириш учун одамларнинг гуноҳлари учун ўринбосар қурбонлик бўлган, одамларга ҳақлигини берган экан. Ким Масиҳ қурбонлигига ишонса ва гуноҳларига тавба қилиб, Худодан Масиҳнинг қони билан гуноҳларини ювишини ва Муқаддас РУҳга тўлдиришини сўраса, гуноҳлари ювилар ва Муқаддас Руҳ тўлдириб, қалб даражасида пок яшашга куч берар экан.
Мен бунинг нақадар менга тегишли эканини тўғридан-тўғри Худодан сўрай бошладим. Чунки У бор ва фақат У тўлиқ ҳақиқатни билади. Шунда қалбимга: “Шу вақтгача Мени излаётганингни биламан, фақат орамизни гуноҳларинг бўлиб турибди. Шу гуноҳни бартараф қилиш учун Мен Масиҳни юборганман”,-деган сўз келди. Шунда мен гуноҳларимга тавба қилдим: “ХУдойим, мен гуноҳкорлигимни тан оламан. Масиҳнинг қони билан гуноҳларимни юв. Юрагимни очдим Сенга, Муқаддас РУҳинг билан кириб кел. ҲАётимда шайтоннинг барча ишлари ва режаларини барбод қил, ХУдонинг иўлари ва режалари амалга ошсин. Омин”… Қалбимни нур ёритгандек бўлди. Мен ўша вақтларда ўқишимда ҳам, ишимда ҳам, шахсий ҳаётимда ҳам йўлим очилмаганидан узоқ йиллардан буён чуқур тушкунликда эдим. Илк бора Худо юрагимга сўзлаганини эшитдим, ташқарида дарахтлар гуллаганини кўрдим, қушлар чирқиллашини эшитдим. Муқаддас Ёзувларни ўқиб, амал қилишим жараёнида тушкунликдан қутулдим, Худонинг ҳузури, ҳимояси, баракаси ҳамроҳ бўла бошлади. ХУдонинг Сўзини ибодатда ноҳақликка қарши эълон қилиб ғалаба қозонишни ўргандим. Шахсий ҳаётим, ўқишим, ишимга йўллар очилди, ҳаётим ўзгарди. Ўшанда мен Худога: “ХУдойим, Масиҳ ҳақиқат эканига амин бўлдим, фақат уйдагилар буни тушунмайди. Шу учун мен ўзим ишонаман, бошқаларга айтмайман”,-дедим. Кечроқ эса ибодат қилаётганимда ваҳий кўрдим: Ҳукм куни бўлган, Масиҳ 2-бора келган эди. Нурли пиллапоялардан У киши мени тепага олиб кета бошладилар. Мен қувониб, кулиб суҳбатлашиб бирга чиқиб кетар эдим. Шунда бирдан кўзим ўнг томонга, пастга қараб кетган пиллапояга тушди. У пиллапоядан пастга қараб тунд чеҳралари билан қариндошларим кетар эдилар. Мен қалбимдан уларнинг дўзахга кетаётганларини ҳис қилар эдим. Шунда тўхтаб турганимда, Масиҳ тепа зинадан мен турган зинага тушиб менга: “Улар дўзахга кетишса, сенга Осмон Шоҳлиги татийдими?”-деди. Шу лаҳзада ваҳий ғойиб бўлиб, қалбимга: “ҲАқиқий севги қўрқувни қувади”,-деган оят келди. Мени тушунмасликлари, ҳақорат қилишлари мумкинлиги учун мен ўзим эшитган, менинг ҳаётимни ўзгартирган хушхабарни ҳеч кимга айтмасликка қарор қилган эканман. Қабул қилиш ёки қилмаслик ҳар бир кишининг шахсий иши, лекин ҳақиқатни эшитган киши буни бошқалар билан бўлишиши лозим экан. Мен қариндошларим яхши одамлар эди, лекин шу билан бирга ҳамма қатори гуноҳлари бор одамлар эдилар. Шу дунёда гуноҳларидан фориғ бўлмаган ва хулқ-атвори ўзгармаган одамлар у дунёда жаннати бўлмасликларини билар эдим. Мен уйдагиларга айтдим, бошида тушунишмади. Ўзлари ўқиб кўриб, ибодат қилиб Худодан сўраб билиб олишди.
Ёзув “Масиҳга ишонмаган одам маҳкум бўлади”,- дейди. Юҳанно 3:16. “Чунки Худо дунёни шунчалик севдики, Ўзининг Ягона Ўғлини берди, токи Унга ишонган ҳар бир киши ҳалок бўлмасин, балки абадий ҳаётга эга бўлсин.
17.Зеро Худо дунёни ҳукм қилиш учун эмас, балки Ўз Ўғли орқали қутқариш учун Уни дунёга юборди.
18.Унга ишонган одам ҳукм қилинмайди, ишонмаган одам эса аллақачон ҳукм қилинган, чунки Худонинг Ягона Ўғлининг номига имон келтирмади”.
Ёзувни ўқиганларга эса буни одамларга етказиши лозимлигини айтади. Эзекил пайғамбар 3:18. “Мен қонунбузарга: “Сен аниқ ўласан”, ― деб айтганимда, сен уни огоҳлантирмасанг ва қонунбузар ҳаёт бўлиши учун уни қонунбузарлик йўлидан огоҳлантириш учун гапирмасанг, унда ўша қонунбузар ўз қонунбузарлигида ўлади ва Мен унинг қонини сенинг қўлларингдан талаб қиламан.
19 Лекин агарда сен қонунбузарни огоҳлантирган бўлсанг-у, у эса ўз қонунбузарлигидан ва қонунбузарлик йўлидан қайтмаган бўлса, унда у ўз қонунбузарлигида ўлади, сен эса ўзингнинг жонингни қутқардинг”.
Мен бирор танишим мен унга айтмаганим учун дўзахга боришини, ёки ҳукм кунида менга: “Сен билар экансан, нега менга айтмадинг, ўзим қарор қилишим учун имкон бермадинг?”-дейишини истамайман. Шу учун бу менинг танамга ёқмасада, сиз билан бўлишишни лозим кўрдим.
Ҳар бир киши эртага ХУдо олдида ўзи учун ўзи жавоб беради. ХУдо бор. У бизларни кўриб, эшитиб турибди. Ундан Ўзингни оч, иродангни оч, нажот йўлини кўрсат деб сидқидилдан сўраганимизда Ўзи йўл кўрсатади. Худо ҳар биримизга бу дунёда У билан тоат -ибодат орқали суҳбатда, Унинг ҳузури, баракаси, ҳимоясида яшашимизни, У дунёда Унинг ҳузурига келишимизни истайди ва таъминлайди. Ёзувга келсак, варақлар тўғри келмаслиги ҳолати ҳам йўқ, мантиқий узилиш ҳам йўқ: Муқаддас Ёзув Адан боғидан бошланади, Самовий Шаҳар билан тугайди; бир одамнинг гуноҳи туфайли одамзоднинг ХУдонинг ҳузуридан қувилиши билан бошланади, бошқа бир Одам қурбонлиги туфайли одамзод гуноҳидан оқланиб Самовий Шаҳарга қайтиши билан тугайди. Бизлар оралиқдамиз: қаерга боришимиз ҳозир қаерга қараб юришимизга боғлиқ. Худо ҳар биримизни Ўзи бошқарсин ва Ўз маконига олиб келсин.
Ибодат: ХУдойим. Мен бу дунёда тоат-ибодатлар билан Сен билан суҳбатлашиб ҳузуринг, ҳимоянг, бараканг остида яшашни истайман. У дунёда эса Сенинг олдингга келишни истайман. Менга Худони излашга чанқоқлик, бағишланганлик бер. Тўғри яшашга истак ва ҳаракат бер, куч бер, токи жаннатингга борайин. Омин.
30-кун.
МУҚАДДАС КИТОБНИНГ ВАЗИФАСИ
Худонинг Сўзи – кўринмас Худонинг кўринарли нишонасидир. Бунга ақл бовар қилмайди, лекин Худо Ўз Сўзини жуда қадрлайди, У Ўз Сўзига содиқ ва Сўзида туради:
“Сенинг муқаддас маъбадинг томонга сажда қилиб, шафқату ҳақиқатинг учун Сенинг номингни шарафлайман, чунки Сен Ўз сўзингни Ўзингнинг барча номингдан устун қўйдинг”(ЗАбур 137:2).
Қандай ҳаракат қилишни билмай турганимизда Худодан йўналтиришини сўраб Муқаддас Китобни ўқиганимизда У орқали қалбимизга маслаҳат келади. Подшоҳ Довуд шу учун қадамимга чироқ деб атаган: “Сенинг сўзинг – менинг оёғимга чироқдир, менинг қадамимга нурдир!”(Забур 118:105).
Худо Сўзини бизларни йўналтириш учун берган. Биз Уни ўқиб, амал қилиб яшасак, Худо 5баракани ваъда беряпти: 1)Донолик, 2)Муваффақият.
Йешуа 1:8. Ушбу қонун китоби оғзингдан тушмасин; балки уни туну кун ўргангин, токи унда ёзилганларни аниқ бажаргин. Шунда ўз йўлларингда муваффақиятли бўласан ва доно ҳаракат қиласан.
3)Узоқ умр, янги майдон, яъни иш, бизнес соҳасида ўз ерингиз бўлиши, кўпайиш.
Қонуннинг такрорланиши 8:1. Мен бугун сизларга буюраётган барча амрларни бажаришга ҳаракат қилинглар, токи сизлар ҳаёт бўлинглар ва кўпайинглар; бориб, Раббий сизларнинг оталарингизга қасам ичиб ваъда берган ерни эгалланглар.
Ҳаёт дарахтига йўл тикланди
Ибтидо китобида Одам Ато ва Момо Ҳаво гуноҳ қилганларида энди улар ҳаёт дарахтидан маҳрум бўлганлари баён қилинган эди.
Ибтидо 3: 22-23.
Сўнгра Раббий Худо: “Мана, одам яхшилик ва ёмонликни билиб, Бизларнинг биримиздек бўлди. Энди қўлини чўзиб, ҳаёт дарахтининг мевасидан ҳам олмасин ва уни еб, абадий яшамасин!” – деди. 23 Шундай қилиб, Раббий Худо, одамни ўзи олинган ерга ишлов бериши учун Адан боғидан чиқариб юборди. 24 У одамни ҳайдаб юборгач, ҳаёт дарахтига борадиган йўлни қўриқлаш учун Адан боғининг шарқ томонига карубни ва айланадиган алангали қилични қўйди.
Ваҳий китобида эса ҳаёт дарахтига йўл қайта очилгани баён қилинмоқда:
Ваҳий 22:10. 10 Сўнг менга деди: “Бу китобнинг башорат сўзларини муҳрлама, чунки вақт яқиндир. 11 Ноҳақ одам янада ноҳақлигини қилаверсин, нопок одам эса янада булғанаверсин, ҳақ одам янада ҳақлик қилаверсин ва муқаддас янада муқаддасланаверсин. 12 Мана, тезда келаман! Ҳар кимни қилган ишига яраша тақдирлаш учун қаримтам Ўзим билан биргадир. 13 Мен Алфа ва Омегаман, Бошланиш ва Тугашман, Биринчи ва Охиргидирман! 14 Ҳаёт дарахтидан татиш ҳуқуқини қўлга киритиш ва шаҳарга дарвозалар орқали кириш учун ўз кийимини ювадиганлар бахтлидирлар!
Худо гуноҳида яшовчиларни ўз ҳолига қўйиб қўяди, жаннат умидворларга эса Сўзни ўрганиб, амал қилиб пок яшашни маслаҳат беради. Худонинг Сўзи бу дунёда баракали бўлиш калитини беради, У дунёда жаннатга кириб олишимизга ёрдам беради.
Ибодат: Худойим, истак ва ҳаракат бергин, токи Сўзингни ўрганиб, амал қилиб яшайлик. Токи аввало Сенинг ҳузуринг, бараканг ва ҳимоянг, кейин муваффақият, донолик, узоқ умр, майдон ва кўпайиш доимо бизларга ҳамроҳ бўлсин. Омин.
Азизлар! Шу билан яратилишдан инсоният тарихига сафаримиз ниҳоясига етди. Саволларингиз, фикрларингиз бўлса айтишингиз мумкин. Кўрдикки, Худонинг жазолаши бу ҳали ёмон эмас экан, Худо қолдирган бўлиш – мана ҳақиқий офат нима! Худо барчамизни гуноҳида қолдирилганликдан асрасин. Агар истасангиз кейинчалик “Муаммолар илдизи ва ечимлари” бўйлаб сафарга қўшилишга таклиф қиламан. У ерда инсоният ҳаётида юз берган муаммолар, буларнинг бизнинг ҳаётимизга таъсири, уларнинг сабаблари ва бартараф қилиш йўллари таҳлил қилинган. Худо ҳар биримизни ҳар куни У билан яшаш, тобора покланиш ва жаннати бўлиш бахтига муяссар қилсин. Омин.