Масиҳийлик эътиқоди – Исо Масиҳ одамларнинг гуноҳлари учун қурбон бўлгани шарофати билан Унга эътиқод қилган одамлар гуноҳкорона ҳаёт жазоси бўлмиш дўзах азобидан нажот топиб, абадий Осмон Шоҳлигида ҳаёт кечиришларига эътиқоддир.
Муқаддас Ёзувда баён қилинишича, Худо Одам Ато ва Момо Ҳавони яратганида, уларга Адан боғидаги ҳамма мевалардан ейишга рухсат бериб, бир дарахт мевасига тегмасликни буюрган. “Агар шундан есангиз, ўласизлар”, – деган(Ибтидо 2:16-17). Лекин Момо Ҳаво ва Одам Ато шайтоннинг аврашига берилиб, таъқиқланган мевадан ейишган. Шу лаҳзадан одамзод гуноҳга, шайтонга, ўлимга қулликка маҳкум бўлган(Ибтидо 3:1-21).
Лекин Худо одамзодни жуда яхши кўрган. Шунинг учун Адан боғидаёқ, шайтонга аёл наслидан бир Уруғ дунёга келишини, шу Уруғ унинг бошини янчишини айтган(Ибтидо 3:14-15). Тўрт минг йил ўтиб, ерга инсон қиёфасида Худонинг Руҳидан бунёд бўлган Исо Масиҳ келган ва одамзоднинг гуноҳи учун ўлиб, уни гуноҳ, шайтон ва ўлимга қулликдан озод қилган.
Энди Исо Масиҳ унинг гуноҳлари учун ўлганига ишонган ҳар бир киши ўз гуноҳлари учун тавба қилиб, ҳаётига Худонинг Руҳини чақирса, Исо Масиҳнинг қони унинг гуноҳларини ювади ва Муқаддас Руҳ унга кириб гуноҳга, шайтонга қарши туришга куч беради. Бу одам Худонинг қудратидан муқаддас яшаш учун куч олиб, бу оламни тарк этгач Осмон Шоҳлигига киришга муяссар бўлади.
Дунёда миллиондан ортиқ динлар бор. Уларнинг талаблари ва ваъдалари фарқ қилиши, кўпинча ҳатто бир‑бирига қарама‑қарши эканлиги ҳам уларнинг ҳаммаси бир манбаъдан эмаслигини, яъни ҳар бир дин ҳам Худодан эмаслигини исботлайди. Шундай динлар борки, одамлар ўз болаларини гўдаклигидан оловда ёқишади, шундай динлар борки, унинг асосчилари издошлари бўлмиш ҳар бир қиз турмушга чиқаётганида олдин ўзлари қиз билан жинсий алоқа қилиб кейин куёвга беришади; шундай динлар борки, издошлари ўзларини унга қурбон келтирадилар, шундай динлар борки, издошлари Худоларига ўзга одамларни қурбон келтирадилар ва ҳок.
Шундай экан, ҳар бир одам ҳам бу дунё, ҳам у дунёда Худо билан бирга бўлишга, нажотга элтадиган ҳақиқий йўлни ўзи излаши лозим. Дин –бу йўл, Худо эса –мақсаддир. Биз динни эмас, Худони излашимиз, Унга талпинишимиз, Уни маҳкам тутишимиз лозим, шунда Худо Ўзига олиб келадиган йўлни очади. Ишаъё.55:6 “Раббийни Уни топиш мумкин бўлганида, изланглар; У яқин бўлганида, Уни чақиринглар”.
НАЖОТГА БЕФАРҚ БЎЛИШГА ОЛИБ КЕЛАДИГАН ФИКРЛАР
1)Кўпчилик: “Бугун ўтсин, у дунёда бир гап бўлар”, ақидаси билан яшашади.
Муқаддас Ёзувда баён қилинишича, фақат бу дунё лаззатлари ва ташвишлари билан яшаётган одамлар Осмон Шоҳлигига кира олишмайди. Улар жонларининг нажоти учун қайғурмаганликлари учун оладиганларини шу дунёда олиб бўладилар, кейин эса абадий азобга кетадилар. Аюб 21:7‑16. “ 7.Нима учун фосиқлар яшайверадилар, кексайиб, кучлари ошаверади? 8.Фарзандлари ўсиб, ўз жойини топганини, невараларини кўришга муяссар бўлади. 9.Уйлари хавф-хатарсиз, Худо уларни жазоламайди. 10.Буқалари камчиликсиз кўпаяверади. Сигирлари болалаб, ҳеч қачон боласи тушиб қолмайди. 11.Болалари подадаги қўзилардай ўйнаб юрадилар. 12.Чилдирма ва лира остида қўшиқ куйлайдилар, най мусиқасига ўйин қиладилар. 13.Кунларини фаровонликда ўтказадилар, ўликлар диёрига тинчгина кетадилар. 14.Худога шундай дейдилар: “Бизни тинч қўй! Сенинг йўлларингдан юришни хоҳламаймиз. 15.Қодир Худо ким бўлибдики, биз унга хизмат қилсак? Унга ибодат қилсак бизга қандай фойда?” 16.Ахир, фаровонлик ўз қўлларининг иши эмасми? Фосиқларнинг ниятлари менга жирканчлидир.
Фақат бу дунё учун эмас, балки у дунё учун ҳам яшаш доноларга хосдир. Ахир ким ёнғин келаётган жойга маскан қуради? Муқаддас Ёзувда ёзилишича, илк одам гуноҳ қилганидан буён ҳар бир одам гуноҳлари учун дўзахга маҳкум бўлган. Рим.5:12. Битта киши орқали дунёга гуноҳ кириб, гуноҳ орқали эса ўлим кирганидай, худди шундай, ўлим ҳамма одамларга ўтди, чунки ҳамма гуноҳ қилган. Агар жонимиз дўзах азобидан нажот топишини истасак ҳаракат қилишимиз лозим. Марк 8:34‑38 “34.Сўнг Исо халқ билан Ўзининг шогирдларини чақириб, уларга деди: “Ким Менинг ортимдан бормоқчи бўлса, ўзини рад этсин ва ўз хочини олиб, Менинг ортимдан юрсин. 35.Чунки ким жонини сақлаб қолмоқчи бўлса, уни йўқотади. Лекин ким Мен ва хушхабар учун жонини йўқотса, уни сақлаб қолади. 36.Чунки агар одам бутун дунёни қўлга киритса-ю, аммо ўзининг жонини йўқотса, унга нима фойда? 37.Зеро одам ўзининг жони учун қандай тўлов беради? 38.Шунинг учун, кимки бу зинокор ва гуноҳкор авлодда Мендан ва Менинг сўзларимдан уялса, ўша одамдан Инсон Ўғли ҳам Отасининг шуҳратида муқаддас фаришталар билан келганида уялади”.
2)Баъзилар: “Агар Худонинг Сўзини билсам‑у қилмасам жазоланаман, билмасам эса жазоланмайман”, – деб ўйлашади. Қонунни билмаслик жазодан озод этмаганлиги каби, Худонинг амрини билмаслик гуноҳлар учун дўзах азобидан озод қилмайди. Ҳикматлар 15:32 “Насиҳатни рад қилувчи ўз жонидан нафратланади, фош қилишга қулоқ солувчи идрокка эга бўлади”.
3)Баъзилар эса: “Бу китобни ўқисам, Худо жазолармикин”, – деб Муқаддас Ёзувни қўлга олишга қўрқадилар. Худо эса одамзод Уни излашини истайди. Ҳаворийлар фаолияти 17:26‑27. “26.Бутун ер юзида истиқомат қилиш учун Худо бир қондан бор одам наслини яратиб, уларга олдиндан белгиланган даврларини ва истиқомат жойларини тайин этди, 27.токи улар Худони изласинлар, Уни сезмасмикинлар ва топа олмасмикинлар, чунки У ҳар биримиздан йироқ эмасдир”.
Тасаввур қилинг. Болангизни гўдаклигида биров авраб олиб кетди. Бола улғайди ва кўпчилик унга “Мен отангман”, –деб даъво қиляпти. Бу ҳолатда болага ҳақиқатни билишга, уни севадиган, доим излаган отасига қайтишга нима ёрдам беради? Ҳақиқатга ташналик билан изланиш! Агар сиз Худога: “Худо, Мен Сени излаяпман. Ўзингни оч, Сенга олиб борадиган йўлни кўрсат”, –деб мурожаат қилиб Ёзувни ўқисангиз – сиз гуноҳ қилмайсиз, аксинча, Худога манзур бўласиз ва У Ўзини очади.
Ҳаёт фақат бу дунёдан иборат эмас. Икки дунё фароғатда бўлишни истасак – у дунёда қаерда бўлишимиз учун бугун қайғуришимиз лозим. Масалан, ҳар доим олтин буюм олганимизда унинг ҳақиқий ёки йўқлигини текшириб кўрамиз. Чунки киройи пул сарфлаганга яраша ярқироқ темир эмас, арзирли матоҳга эга бўлишни истаймиз. Юз минглик матоҳнинг ҳақиқий ёки йўқлигини текшириб кўрамиз‑у, абадиятда қаерда бўлишимиз бизларнинг диққатимизга арзимайдими? Ахир абадият минг, миллион, миллиард йиллар, чексизлик‑ку! Дўзах азобининг бир лаҳзасини айтинг!!!
Мен у йўл нотўғри, бу йўл тўғри демоқчи эмасман. Асосийси, ҳар бир одам ўз йўлига амин бўлиши лозим. Бу эса чуқур изланиш натижасида ҳосил қилинган ишончга асосланган бўлиши лозим. Бир қизнинг ўз динига ишончи комил эди. У диний китобларни ўқир, дин амалларини бажарар эди. У бир куни Масиҳийлар билан учрашиб қолди. Улардан Муқаддас Ёзувни сўраб олди. Уни ўқиб кўриб, ҳар бир киши гуноҳ қилгани ва Худонинг шуҳратидан маҳрум эканини: “Зеро ҳамма гуноҳ қилган ва Худонинг шуҳратидан маҳрум бўлган(Римликларга 3:23)”, гуноҳнинг жазоси ўлим эканини: “23.Чунки гуноҳнинг эвази – ўлим, Худонинг инъоми эса – Раббимиз Исо Масиҳдаги абадий ҳаётдир(Римликларга 6:23)”, лекин Худо одамларнинг дўзахга кетишини истамаслиги, шу учун Муқаддас Руҳидан барпо қилиб, одамларнинг гуноҳи учун ўлишга бу заминга Исо Масиҳни юборганини, энди ҳар бир одам ўз гуноҳи учун ё ўзи дўзахга кетиши, ё Масиҳ қурбонлигига ишониб, гуноҳларини Масиҳга бериб, Масиҳнинг ҳақлигини қабул қилиши мумкинлигини, жаннатга киришнинг йўли фақатгина Исо Масиҳнинг қони билан гуноҳларнинг буткул ювилиши эканини билиб олди. Чунки зарра гуноҳи бўлган одам жаннатга кира олмайди. Ваҳий 21:27 “Ҳеч бир ифлос ҳамда жирканчлик ва ёлғонга берилган ҳеч ким унга кирмайди. Фақатгина Қўзининг ҳаёт китобида ёзилганлар кирадилар”. Ҳайвонлар қурбонлиги гуноҳни йўқ қила олмайди, улар бир куни мукаммал Қурбон келишининг тимсоли эди. Ибр.10:3 “3.Бироқ қурбонликлар билан ҳар йили гуноҳлар ҳақида эслатиб турилади”.
У иккилана бошлади. Шунда Худога: “Сенга олиб борадиган, менга у дунёда савол‑жавобдан ўтишга ёрдам берадиган Шахсни кўрсат”, деб ибодат қилди. Шунда юрагига: “Шу дунёда Ким сенга ёрдам берса, у дунёда ҳам сенга Ўшагина ёрдам бера олади”, – деган фикр келди. У Муқаддас Ёзувни олиб, Худонинг ваъдаларига кўра айнан Исо Масиҳ номи билан сўраганидагина ҳаётида мўъжизалар содир бўла бошлади. Бир аёл тери сили хасталигидан шифо топди, кўр қизнинг кўзи очилди, гунг ва кар қизалоқ эшитиб, сўзлай бошлади, ғилай кўз тўғирланди ва ҳок. Бу қиз яхши пул топса‑да доим муҳтожликда яшар эди, чунки пулининг баракаси йўқ эди, у маблағига барака сўрай бошлади, шунда еган овқатидан қониқадиган, кийган кийими эса иситадиган бўлди.
Кўплар бошқаларнинг фикри билан яшашади. Лекин бу дунёда ҳам, у дунёда ҳам қийинчиликлардан ўтаётганингизда сизга одамлар ёрдам бермайди, фақат Худо ёрдам беради. Шунинг учун Худони шахсан изланг ва У билан шахсан муносабат қуринг. Бир йигит эл қатори кун кечирар эди. У ёш, бутун келажаги олдинда эди. Бир Масиҳий қариндоши унга Масиҳ ҳақида айтган, лекин у парво қилмаган эди. Унинг ота‑онаси оламдан ўтиб, ўзи қолди. Катта акаси хотини билан оилани бошқараётган бўлсалар‑да, унинг сирдоши, кўнглини тушунадиган кишиси йўқ эди. У бир куни бир дўстидан куртка олиб, пулини кейин беришини айтади. Лекин айтилган муддатда пул топа олмади. Дўсти сиқувга олди ва у барбош бера олмай, бориб ўзини осди. Унинг жони ҳозир қаерда экан? Ёшлик, одамлар фикри – бизларни яқин сирдошимиз Худони излашдан қайтара олмаслиги лозим. Ҳаёт нима? Бир лаҳзада пайдо бўладиган, кейин эса йўқоладиган буғдир! Ёқуб 4:14“Сизлар эртага нима содир бўлишини билмайдиган одамсизлар. Чунки сизларнинг ҳаётингиз ўзи нима? – Бирпас кўриниб, кейин эса ғойиб бўладиган буғдир”. Жон эса абадий нарса. Биз бу дунёдан кўра, у дунёда қаерда бўлишимиз ҳақида кўпроқ қайғуришимиз, тўғри йўлни топиб, муқаддас яшаб, Худога хизмат қилиб, Ўзимизни абадиятга тайёрлаб боришимиз лозим.
АСТОЙДИЛ ТАВБАНИНГ АҲАМИЯТИ
Бизлар Осмон Шоҳлигига бориш учун ўлик ишлардан тавба қилишимиз ва Масиҳ қурбонлигига ишонишимиз лозим. Абадиятга бормайдиган ишлар ўлик ишлардир. Гуноҳлар, хатолар, шайтондан келган амаллар, Худо буюрмаган амалларни бажариш- буларнинг ҳаммаси ўлик ишлардир. Тавбанинг кучи: Бир аёл 20йилдар буён сурункали саратон касаллигидан азият чекар эди. Доимий оғриқлар, доимий умид қилиб даволаниш ва натижасини кўрмаслик, уйда касаллик туфайли асабий муҳит, маблағ етишмаслиги ва ҳоказо. Бу вақтда аёл шифо илинжида Масиҳни қабул қилди, шифо сўраб ибодатлар қилди, кўплар у аёл учун ибодат қилишди. Лекин натижа бўлмади. Аёл барибир жамоатга қатнашни давом эттирди, чунки бошқа бирор жойдан умид йўқ эди. Бир куни хизмат йиғинида унга Худонинг Руҳи қуйилди. Шунда у бир манзара кўрди: Бир аёл шифохонада санитар бўлиб ишлар, беморларнинг кийимларини йиғиб олиб, ювиб келар эди. Йиғиб олинган халатлар ичидан ўша замонларда катта пул ҳисобланган 150рубль топиб олади. Олиб яшириб қўяди. Кўп вақт ўтмай бир бемор аёл югуриб келиб: “Халатимни пули билан бериб юборибман, илтимос, ичида дорига олиб қўйган сўнгги пулим бор эди, шуни топиб беринг”,-дейди. Санитар: “Мен ҳеч нарса кўрганим йўқ”,-дейди. Бу пул шу аёлники эканини сезиб турса-да, балки бу бошқа пулни сўраётгандир, деб ўзини алдайди. Пул йўқотган аёл йиғлаб, ўксиб қайтиб кетади.
Бу шу санитар аёлнинг ўзи эди. Икки йилдан сўнг у саратон касаллигига чалинади, кўплаб пули кетади, лекин шифо топа олмайди. Шу лаҳзада МУқаддас РУҳ унинг касалланиши илдизини кўрсатди деб ҳисоблаб, у ибодатда Раббийга дейди: “Раббий, шу гуноҳим учун сидқидилдан тавба қиламан. Бу гуноҳимни ювишни истайман. Лекин у аёлни энди топа олмайман. Лекин шу миқдордан кўпроқ пулни Сенга қурбонлик қиламан. Гуноҳимни кечир, мени Масиҳ қони билан юв ва шифо бергин. Мен бошқа бундай қилмасликка қарор қиламан”. Аёл ваъда берган пулини берди ва шифо топди. Астойдил тавба инсон тақдирини ўзгартирди. Бундай мисолларни кўп келтириш мумкин. Ҳар биримиз гуноҳларимизни англаб, астойдил тавба қилсак ҳаётимизнинг барча соҳасига озодлик келади!
Вазифа: Ҳаётингизда қандай ўлик ишлар бор, шуларни ўйланг, булар учун тавба қилинг ва уларни такрорламасликка аҳд қилинг. Тавба покланишга олиб келади. Агар ўз устингизда ишласангиз ҳаётингиз ўзгаради, шунчаки ўқиб қўлламасангиз ўзгариш келмайди. Чунки олдин биз ўзгарамиз, кейин ҳаётимиз ўзгаради. Ўлик ишлар оккультик амалиёт: фолбинларга бориш, кўзмунчоқ тақиш, бўри тиши ва бошқа нарсалар; ички гуноҳлар: нафратланиш, ҳирслилик, душманлик, ғийбатчилик, жаҳлдорлик, асабийлик; ташқи гуноҳлар: ўғирлик, зўравонлик ва ҳоказолар бўлиши мумкин.
Агар шу вақтгача билиб, билмай қилган гуноҳларингиз кечирилиши ва Муқаддас Руҳ қалбингизга киришини истасангиз ҳозир тавба ибодатини Худо қаршисида такрорланг.
Тавба ибодати: Худойим. Мен гуноҳкорман. Гуноҳларимни кечир ва Масиҳ қони билан ювгин. Юрагимни Сенга очдим. Муқаддас Руҳинг билан келгин. Ҳаётимда шайтоннинг режалари ва ишлари барбод бўлсин, Худонинг ишлари ва режалари амалга ошсин. Исо Масиҳ номи билан омин.
ТЕСТЛАР
1.Масиҳийлик эътиқоди нима?
………………………………………………………………………………………………………….
2.НАжотга бефарқ бўлишга олиб келадиган фикрлар:
1)………………………………………………………………………………..
2)…………………………………………………………………………………
3)…………………………………………………………………………………
3.Осмон Шоҳлигига бориш учун нима қилиш керак?
1)………………………………………………………………………………….
2)…………………………………………………………………………………..
Рухшона Иноят